31.07.2020

Ўзбекистондаги хитойлар билан


Дастлабки таассурот
Хитойликлар билан ярим йилча ишладим. Уларни тиришқоқ ва меҳнаткаш, хушчақчақ ва бироз муғомбир одамлар сифатида билдим.
 “Р”ни “Л”, “Т”ни “Д” деб талаффуз қилади, ундошлар кетма-кет келса, орасига унли қўшиб айтади,  “работа”ни “лобода”, “топограф”ни “добогылаф”, “каптива”ни “кабыдива” дейди. Ёшига нисбатан 8-10 йилга кичик кўринади. Деярли ҳаммасининг сочи тиканак.
Жуда вақтли уйғонади, кўп ухламайди. Инглизчани билади, аммо тушунарсиз талаффузи сабабли англаш жуда қийин. 5-6 йилдан бери ишлаётганлари русчани ўрганиб олибди. Бўш қолгани дарҳол “Хитойча-русча сўзлашгич”ни қўлига олади. Чунки уларда тил ўрганиш рағбатлантирилади, қанча кўп тил билса, маошига фоиз қўшилади. Баъзилари ўзбекча саломлаша олади, аммо тили энди чиқаётган бола каби эшитилади: асиоломалаекум.
Ичкиликни яхши кўрса-да, маст бўлиб тўполон қилганини кўрмадим. Ўзбекча айтганда “кўтаради”. Аёллар масаласида ўзини қаттиқ тийиб юради. Ўзбекистонда ишловчи россияликлар ўйнаш орттириши, фоҳишаларга бориши, эронилар вақтинча никоҳланиб олиши мумкин, аммо хитойларда бунақасини кўрмайсиз.
Овқатлари аччиқ. Суюқ овқат, суякли гўшт, йогуртгача қўшчўп ёрдамида жуда тез ейди. Овқатланишга атиги 5 дақиқа вақт сарфлайди, мева-чевани тик туриб еб қўяқолади. Бир куни электр ўчиб қолди. Бунақа вақтда ўзбек телефони чироғини дастурхонга тутиб бамайлихотир тановулни давом эттиради. Аммо хитойлар қоронғуда овқатланишга ўрганмаган экан. Ташқарига чиқиб симёғочнинг нури остида тик турганча овқатлана бошлади.
Овқат вақтида телевизорда фақат Хитой каналини кўради. Хитой телевиденияси ўзимизникидан қолишмас экан: зерикарли тарихий кўрсатувлар, креслога ўтирволиб суҳбат қуриш, мажлислар, концертлар... Си Жинпиннинг ҳар бир қадамини, сафарга кетиши ва қайтишини, фуқаролар билан учрашувини, турли иншоотларга ташриф буюриб йўл-йўриқ кўрсатишларини, аҳолиси унга пешвоз чиқишини тинмай кўрсатади. Мамлакатнинг 70 йиллиги нишонланди, телевизор бир ой концерту тантанадан бўшамади. Номига бўлса-да, инглизча кўрсатувига кўзим тушмади. Аммо тил билмасангиз ҳам хориж хабарларида тарафкашлик ва бирёқламалик сезилиб туради: Америка, ғарб ва Туркия танқид қилинаётганини, Россия, Сурия ва Эрон ҳақида эса ижобий тасаввур бераётганини тез пайқайсиз.
Хитойларнинг ҳар бир икир-чикирни кўздан қочирмай қаттиқ ишлаши, тиришқоқлиги немисларга ўхшайди. Бироқ Ўзбекистонда қонун эмас, таниш-билиш ҳал қилишига улар дарҳол мослашиб олган ва бу жиҳатдан ўзбекларга ўхшайди. “Дастурхон дипломатияси”ни, керак бўлса, биздан ҳам ўтказиб юборади. Эҳтимол, Хитойнинг ўзида ҳам шунақадир, бекорга коррупциялашган давлат ҳисобланмайди-ку. Аммо зеҳниятидаги бу камчиликни меҳнаткашлиги билан ёпиб тараққиётга эришгани эътиборга лойиқ.
Хитойлар бошқарув вертикалига қаттиқ амал қилади, бошлиғи ўл деса ўлади, тирил деса тирилади. Бир куни эртадан кечгача тайёрланди. Хизматчиларнинг қўли-қўлига тегмади. Ҳаммаёқ тозаланди, сўйилган бутун қўй келтириб, сергўшт овқатлар пиширилди. Катта бозорлик қилиб келди. Билсам, компаниянинг бош менежери келаркан. Хитойчилик ҳам ўзбекчилик каби экан деб турсам, хушомадгўйликда биздан ўтиб тушаркан. Дарвоза олдига ўнтача хитойлик ходим текис саф тортди. Менежер деганлари бўйи бир ярим метрли юмалоққина киши “Прадо”дан тушар-тушмас саф тортганлар қаттиқ қарсак чалди. Шу бўйи қуюқ базм бўлди. Яшавор, лаганбардорлар. Аммо бой давлат фуқароларига лаганбардорлик ҳам ярашаверишига нима дейсиз?
Бир куни Хитой телевидениясида 40-50-йиллар манзарасини кўрсатди: оқ-қора тасвирлар, узун кўйлак ва зарли камзул кийган, пешонабоғ таққан қизлар рақс тушяпти, чопон-дўппидаги эркаклар қарсак чалиб куйлаяпти, тахта бортли юк машиналар тутқатор оралаб дала йўлида юрибди. Худди “Мафтунингман” киносидаги тасвирлар дейсиз. “Итс жаст узбекс” деб ўрнимдан туриб кетдим, бир хитой “уйгур” деб изоҳлади. Уйғурлар ўзбекларга шунчалик ўхшашлигидан ҳайратдаман.
Уйғурлар муаммоси Хитой телевидениесида кўрсатилмайди, оддий одамлари мутлақо бехабар. Аммо Хитой маданиятига сингишиб кетган уйғурлар ҳам бор экан. Бир куни хитойлардан бири мусиқа каналида хитойча куйлаётган қисиқкўз бир қўшиқчини кўрсатиб ўз тилида алланималар деди. Аввалига эътибор қилмадим, кейин билсам, менга қарата “қўшиқ айтаётган одам уйғур” деётган экан.
Маош ва маданият
Бир куни уларнинг биттаси билан билан анчагина гаплашдим, Хитой, унинг маданияти, сиёсати ҳақида ўзимни қизиқтирган саволларни бердим. Айрим жавоблари мени ҳайрон қолдирди, қарашларимга соя солди. Айтиб ўтишим керакки, суҳбатдошим олий маълумотли, ўрта поғонага мансуб раҳбарлардан, ёши қирқдан ошган. Рус-инглиз тилида аралаш суҳбатлашдик. Бир бошдан баён қиламан.
-                Русчани қаердан ўргангансиз?
-                Ўзбекистонга келиб ўрганганман. Ҳозир русчада (кўзини юмиб клавиатура тергандай ҳаракат қилди) мана бундоқ ҳам ёза оламан.
-                Сизларнинг компаниянгиз давлатникими ёки хусусийми?
-                Давлатники.
-                Қанча маош беради?
-                Ҳар хил олади. Масалан ёш мутахассислар 800-1000 олади (долларда).
-                Ўзингиз-чи? Хитойда қанча оласиз, бу ерда қанча?
-                Хитойда офисда 1500-2000. Айрим компаниялар ундан ҳам кўп тўлайди. 3-4 минг оладиганлар бор. Аммо дала шароитида ишласангиз яхши тўлайди. Шунинг учун ишлаймиз.
-                Чет элда ҳам нефт-газ қидирганмисизлар?
-                Албатта. Ўндан ортиқ давлатда ишлаганмиз. Араб давлатларида, Африкада, Покистонда бўлдик. Покистонда 5-6 минг долларгача маош олдик, чунки у жойлар хатарли. Ҳарбийлар кузатувида юрдик.
-                Компаниянгиз кўп жойларда ишлаганми?
-                Ҳозир дунёнинг 50та давлатида икки юздан ортиқ лойиҳалари ишлаб турибди.
-                Нимага уйғурларни жуда кўп қамашяпти?
-                Биласизми, у ерда террорчилар бор. Одамларни сўйиб ташлаган. Давлат террорчиларни ҳибс қиляпти, яхши одамлар эркин юрибди. Уруш ҳеч кимга керак эмас, Хитой тинчликпарвар давлат.
-                Гонгконгда қачондан бери намойишлар бўляпти, гонгконгликларни қамамаяптику.
-                Гонгконг – алоҳида давлат, уларнинг ички ишига аралашиб бўлмайди. Синзян эса Хитойнинг ичида.
У Хитойда яшаш жуда қимматлигини, иккита фарзандини ўқитиш харажатлари ниҳоятда юқорилигини, одамлар уй сотиб олиш учун умр бўйи ишлаб кредит тўлашини гапириб берди. Қайнона-қайнотаси билан бирга яшаркан, чунки ўзининг ота-онаси, қайнона-қайнотасининг эса бошқа фарзандлари йўқ экан. Уйининг расмини кўрсатди. Икки қаватли коттежсимон уй, панжарали девор ўралган ҳовлича бузоқнинг тилидек энсиз ва тор. Аммо иморат бежирим, ичкарисида ҳамма шароит бор, худди меҳмонхоналарга ўхшайди.
У билан Хитой раислари ҳақида ҳам гаплашдик. Си Жинпинни русчада улар президент ёки началник, деб тилга олади. Маълумки, Хитой давлатининг ўзи дунё ичидаги алоҳида дунё. Бизга яхлит монолитдек сезиладиган бу давлат ичида ҳам турли тоифалар, элатлар бор. Суҳбатдошим Ли буни тасдиқлаб, хитойликларнинг интеллектини ҳудудий фарқлаб берди. Энг ақлли хитойлар жанубда яшовчилар, шунинг учун барча “началник”лари жанубликлар экан. Шимол ва шарқдагилар ўртача, энг нофаол одамлар ва қолоқ минтақа ғарбий Хитойда экан.
Мен унинг Мао Цзедун ҳақида ҳам фикрини сўрадим. У ёки “камолотчи” ёки сир бой беришни истамайдиган одам – Мао ҳақида бирор нохуш гап айтмади. Аксинча, “началник”ларга жуда қийинлигини, улардан кўп нарса талаб қилиш эмас, уларга ёрдам бериш кераклигини, одамлар меҳнаткаш бўлса, мамлакат ривожланишини айтди. Шунда Маонинг нотўғри сиёсати сабабли миллионлаб фуқаролари ўлганлигини айтдим, бироқ бу гапларим унда таажжуб уйғотмади ва Маога нисбатан беҳурмат гап чиқишига сабаб бўлмади.
Суҳбатдошим Ли Ўзбекистонда кўп йиллар ишлаганлиги боис вилоятларимиз одамларининг характеридаги ўзига хосликларни ҳам фарқлаб олибди. Бухороликлар тадбиркор, водийликлар меҳнаткаш, тошкентликлар жуда културний, деди. Орол денгизи тарафдагилар кўп ичишади, уларни ишлатсак, алкотестер керак, Фарғона, Наманганда эса алкотестер умуман керак эмас, деб кулади.
У билан суҳбатимиз конкрет мавзуларда бўлганлиги сабабли айрим ишонувчанларни кўпроқ қизиқтирадиган “хитойлар ҳомилани ейдими?”, “одам гўштини пештахтага илиб қўйишадими?” қабилидаги саволларни бериш бутунлай ноўрин эди. Гўёки, бу саволларни берсам, у менинг даражамдан куладигандек. Чунки унинг хатти-ҳаракатлари ва ўзини тутиши бунақа саволга ўрин қолдирмаганди.
Бошқа компанияларда хитойлар билан ишлайдиган танишларим уларни жуда маданиятсиз дея таърифлади. Эҳтимол. Бир халқнинг орасида ҳар хил тоифа одам учраши мумкин. Хусусан, дунёдаги энг кўп сонли халқнинг ичида. Аммо мен таниган хитойлардан ўрганса арзийдиган жиҳатлар бор эди. Хитойларнинг тиришқоқлиги, прагматизми, тажовузкор эмаслиги, омилкорлиги, синчковлигининг гувоҳи бўлганлар бу чумолидай меҳнаткаш, қўйдек ювош одамчаларни ёмон кўра олмайди. Оқлари корейс ва японга, қорачалари ўзимизнинг қозоқ ва қирғизларга ўхшовчи бу бир ярим метрли одамлар агар маҳаллий аҳолини ишлатса, ҳақини беради ва алдамайди. Кимгадир ёлланиб ишласа, сидқидилдан ишини адо этади.
Маҳаллий база ҳудудини тозаловчи фаррош қизларга хитойлар 1,5-2 млндан (150-210$) маош тўлагани учун улар эртадан кечгача куймаланиб юришарди. Чунки хитойлар келишидан олдин маҳаллий иш берувчи бор-йўғи 500 минг сўм иш ҳақи тўларди. Ишчилар лойиҳа тугашидан ва уларга катта маош бераётган хитойлар кетиб қолишидан ташвишланарди. Озиқ-овқат, иш кийими ва ётоқ иш берувчи ҳисобидан. Аммо, хитойлар яхши тўлаганига яраша қаттиқ ишлатади. Ўзбекистондаги каби меҳнат имтиёзлари, ҳафтада 1-2 кун дам олиш, 8 соатлик иш вақти, “оғайнилар билан гап”ни эсдан чиқариш керак. Шунга қарамай, хитой компаниялари олдида ишга кирувчилар ҳамиша сероб бўлади. Чунки чекка ҳудудларда малакасиз оддий ишчига 2-3 млн сўмлик (210-310$) маош тўлайдиган ҳотамтой йўқ ҳисоб.
Таъкидлаб ўтаманки, бу мен кўрганларим. Бошқа ерда бошқача бўлиши мумкин.
Хитой ва ўзбек: фарқ ва ўхшашлик
Хўш, хитойларни ишлаб чарчатмайдиган мотивация нима? Менимча, улар кўз ўнгида давлати тараққий этаётганидан, ишлаб натижасини кўриши мумкинлигидан руҳланади. Яхши ўқисам, тиришиб ишласам роҳатини кўраман, деб ҳисоблайди. Шу боис бўлса керак, сиёсатга қизиқмайди, тизимнинг қаттиққўллигига кўзини юмади, фикри зикри яхши яшаш. 60-йилларда Хитойда миллионлаб одамни олиб кетган очлик, маданий инқилоб қурбонларини ўз кўзи билан кўрган ота боласини яхшироқ шароитда ўстиришга интилиши табиий. Набираси эса янада яхшироқ таълим олади ва яшайди. Асрлар бўйи оддий фуқаронинг илигини қуритган очлик муаммоси аллақачон ҳал этилган. Сун бобо тепкили мосламада зовурдан сув тортиб шоли етиштирган бўлса, Сун Чжан фабрикада ишлайди. Чжан Ван эса программист! Борган сари ҳаёт яхшиланаётганлигини кўришдан каттароқ мотивация бўлиши мумкинми? Улар ҳукумати тўғри йўлда кетаётганлигига шубҳа қилмайди.
Ўрни келганда айтиш керакки, бизда бундай эмас. Пулининг ҳидидан ухлай олмайдиган қатламнинг боласи “пулга сотилмайдиган нарса йўқ” ақидасида улғаяди. Қуйи қатламнинг фарзанди эса “гугурт бир тийин бўлган дориломон замонлар” ҳақида катталардан эшитиб ўсган. Энг яхши мураббий тарихдир, энг яхши мотивация ўрнакдир.
Ўзбекистон ҳақида сўз борганда кўпчилик консерваторча урф-одатларимиз, таниш-билишчилигимиз, маросимбозлигимиз, ошхўрлигимизни тараққий этишга тўсиқ дея, пессимистик хулосалар тақдим этади. Аммо мен ҳозирги ҳолатимизда ҳам дунё рақобат бозорига чиқишимиз ва тўкис яшашимиз мумкин, деб ҳисоблайман. Бунинг учун дунёда етакчи миллатлардан билимдонлик, ишбилармонлик, тиришқоқлик, пухталик сингари хусусиятларни “юқтирсак” бўлди. Ишни қойиллатиб қўйганингиздан сўнг, озгина “ўзбекчилик” бўлса, нима қилибди? Ўйланг: қойилмақом рус инженерини ишлатсак, ичкиликбозлигига кўз юмамиз; ҳиндга программа туздирганимизда унинг неча марта ювинишини сўрамаймиз; корейслар билан ҳамкорлик қилганда уларнинг итхўрлиги бизга умуман аҳамиятсиз. Шундай экан, биз ўзбекларда ҳам айрим камчиликлар бўлиши табиий, фақат дунё бозорида буюртмачи-ижрочи муносабатини сидқидилдан адо этишимиз лозим холос.
Қайсидир маънода ўзбеклар билан хитойлар ўхшаш. Улар россияликлар каби бизга юқоридан қарамайди, итоаткор ва сертакаллуф. Бироқ барибир Хитой давлатига яқинлашишга қаршиман. Аслида Хитой давлати куч-қувватга тўлиб кичик давлатлар учун тобора хавфли бўлиб бораётгани ҳақида кўп ёзишяпти. Мен ижтимоий-иқтисодий оқибатларига тўхталмоқчиман. Биласизми, улар шу юмшоқлиги билан ҳам хатарли. Улар сизга “катта оға”нинг кибри билан “чойдан қуй”, демайди, аксинча, чойни ўзи қуйиб тавозе билан узатади. Фақат иккинчи пиёлани ўзиникига узатади, кейин чойнак ҳам пиёла ҳам унга ўтиб кетади, пиёлани бўшатмасингиздан ўзингизни хитойлар қуршовида кўрасиз. Агар давлатимиз Хитойга яқинлашишда давом этса, йирик тармоқларнинг бари хитойларга ўтиб кетади. Ўтган асрдаги Малайзиядаги малайларнинг ҳолатига тушамиз. Гап, нафақат Хитойнинг иқтисодий қудратида, балки хитойларнинг туғма ишбилармонлигида. Агар маркетингда пихини ёрган хитойлар бозоримизни эгалласа, бармоғининг учида ўйнатиши мумкин. Ҳа, улар замонга мослаша олди, кирган жойидан фойда билан чиқишни ўрганди. Бунга жуда қисқа вақтда эришди. 30 йил аввал жон бошига ЯИМ бўйича биздан орқада эди, ҳозир қарийб уч баравар олдинлаб кетган. Биз анчагина кеч қолдик. Давлатимиз ҳам, одамларимиз ҳам. Келинг, мақоламни позитив руҳда тамомлай. Аммо ҳали барчаси қўлдан кетгани йўқ. Фақат билим, тиришқоқлик, ишбилармонлик бизни қутқаради.
2020 йилнинг июл ойи

Комментариев нет:

Отправить комментарий