23.12.2015

Қизғин баҳс ва танқид

Яқинда мен ишлайдиган бошқармада демократия сари бир қадам қўйилди.
Биз зиёли инсонлармиз, демократияни баъзи бировлар тушунганидек "хоҳлаган одам хоҳлаган овозда хоҳлаган гапини гапира олиши" деб тушунмаймиз. Агар кичкина одам каттакон одамни асосли танқид қилиб чиқса ва ўша кичкина одам калтак емаса - бу бошқа гап. Шу биз учун демократия тантанаси.
Бошқармамизнинг бошлиғи бир илмий китоб ёзган. Имло хатоларига қоқилиб-суқилиб у китобни ўқиб чиқишга мажбур бўлганмиз. Аслида бу китобни у эмас, кичик ходимимиз умидли аспирант Кенжаев ёзганини қоровулимизнинг ити ҳам билади. Лекин қайсидир бир журналистнинг одатда китобнинг муаллифлари кўпчиликни ташкил этса, исм-шарифи энг охирида қайд этилгани китобни ёзган ҳақиқий муаллифи бўлади деган қитмирона сўзларини бошлиғимиз қаердадир эшитган экан. Яхшиси Кенжаевнинг фамилиясини умуман муаллиф ёнига йўлатмай қўя қолибди. Энди худди шу асарнинг муҳокамаси пайшанба куни бўлиши керак. Энг қизиғи, биласизми, нима бўлди? Ташкилотимизга вазирликдан "муҳокамада албатта баҳс ва танқид бўлиши керак" деган мазмунда буйруқ келди!
Оббо, буёғи қизиқ бўлди-ку!
Йўқ. Сиз ўйлаб кўряпсизми, ка-аттакон, серсавлат, қориндор бир инсоннинг китобидан камчилик топиб, ҳамманинг олдида баралла валдираб, изза қилишни тасаввур қила оласизми?
Сирасини айтганда илгарироқ ҳам шунга ўхшаш томдан тушган тарашадек оғзаки буйруқ келганди тепадан. Мустақилликка энди эришган йилларимиз эди, чамамда. "Совет даврида соҳамизда нима ишлар қилинди?" деган мавзуда тезлик билан доклад ва мақола тайёрлашимиз лозим бўпқолди. Ёздик. Мақоладаям, докладдаям совет даврининг роса пўстагини қоқдик, соҳамизга эътибор бўлмаганлигига фактлар келтирдик, кўксимизга офтоб тегмаганини далиллар билан исботладик. Сал кейинрок билсак, совет даврида соҳамизнинг ривожи тўғрисида ижобий тарзда ёзилиши керак экан. О, ўшанда ёзганларимизнинг мазмунини бир соатдаёқ тескарисига ағдариб чиққандик. Юқоридан келган буйруқни икки қилиш яхшиликка олиб бормайди.
Ана-мана дегунча пайшанба куни келди. Катта залимизга ташкилотимизда катта-кичик лавозимда ишловчилар йиғилишди. Бизга алоқадор қўшни ташкилотдан ҳам меҳмонлар чақирилибди. Илмий ходимларнинг чумчуқдеккинасидан тортиб савлатидан от ҳуркадиганигача курсини эгаллаб ўтиришибди. Муҳокамани кузатиш учун юқоридан йўлланган вакилга сўз беришганда шундай деди:
- Марҳамат, дилингиздагини сўзланг. Очиқ-сочиқ гапиринг. Асосли танқид тўғри қабул қилинади. Қизғин баҳслашишни ва танқид қилишни ўрганайлик. Замон биздан шуни талаб қилмоқда.
Каттаконимиз барчамизга кулимсираб боқиб турибди. Худди "қани, мени танқид қиласизларми?" дегандай.
Илмий ходим Исматов сўз бошлади:
- Ҳурматли ҳамкасблар. Биласизлар, мен китоб, умуман илмий ва адабий китоблар шайдосиман. Мен мактабга кирганимда биринчи марта сеҳрли қалпоқча тўғрисидаги   китобни   катта   завқ-шавқ   билан   ўқиб   чиққанман.   Бу   китобни биласизлар - қалпоқчани кийиб олган бола йўқ бўлиб қолади. Иккинчи марта эса мен А. Қодирийнинг романини ўқиб таъсирландим, унда мен юқори синфда ўқирдим ва унча-мунчага ақлим етарди. Ва шу китоблар асосида дунёни англадим, идрок қилдим, дўстлар. Мен учинчи марта беҳад катта қизиқиш билан мутолаа қилган асар бу ҳаммамиз учун ҳурматли Ғишматулла акамизнинг барчамизга таниш илмий асарларидир. Мен анчадан бери соҳамизда шундай жиддий асар яратилишини кутиб келардим. Соҳамизни энди шу асар орқали идрок этаман. Китобда илмийлик ва шу билан бирга ўқувчига тушунарли соддалик уйғунлашган. Соҳамиз бўйича таҳсил олувчи олий ўқув юрти талабалари учун бу айни муддао булди. Барча учун ғоят керакли китоб муборак бўлсин, - дея сўзини тугатди у.
Сўз пенсия ёшидан ўтган фан номзоди Тусматовга берилди. У гапни узоқдан, яъни барча ҳужжатлар ва илмий китоблар бегона тилда ёзилган замондан бошлади. "Бизнинг она тилимизга қарата росмана ўт очишган эди", дея ўкинч билан эслади у. Бегона тилга ўрганмаган биз каби қишлоқдан келган талабалар фанни ўрганолмай домлалардан дакки ер эдик. Ҳозиргидагидек эмин-эркин ўзбек тилида соф илмий асарлар битадиган олимларимиз қаерда эди у пайтларда", деди.
-  Асарда нефть-газ пайдо бўлишига оид қимматли фаразлар баён қилинган. Масалан "эркак динозаврлар мурдаси нефтга, урғочиларининг жасади газга айланганлиги" дарҳақиқат фан оламида улкан янгилик. Асарда динозаврлар шундай тасвирланганки, мен худди қулоғим билан уларнинг қийқириғини эшитгандай бўлдим.
Китобга узоқ ҳамду санолар ўқигач, бунга тўртта диссертациянинг материали сарфланганини эътироф этиб, муаллифни бемалол академик атайвериш мумкин, деб хулоса ясади.
Ёмғирдай ёғилаётган мақтовлардан пешонаси тобора тиришиб бораётган вакил муҳокамани шартта тўхтатиб бўкирди:
- Ҳой, тили мақтовдан бошқа гапга айланмайдиган бандалар! Сиздан нимани талаб қилдим? Танқидни, эшитдингизми, танқидни!? Китобнинг камчилигини кўрсатинг. Дўст ачитиб гапиради, дўст дўстнинг камчилигини кўрсатади. Раҳбарининг камчилигини кўрсатадиган ботирлар борми? Бўлди, мақтов тамом, бундан буён фақат танқид ва баҳс бўлади. Мақтовчи сўзамолларни шу залдан ўзим қувиб чиқарганим бўлсин.
Биласизми, инсон жуда мослашувчан ва яшовчан жонзот, шундай эмасми?
Иложсиз вазиятда имкон топганлар, чорасиз жойдан тадбир билан чиқа олганлар бор. Бизга ҳазилакам шарт қўйишмади. Ўйланг: асрлар давомида қонимизга сингган қадриятга қарши чиқиш талаб этиляпти.
Лекин барибир иложи топилди. Муҳокамада фақатгина илмий асарни танқид қилибгина қолмасдан, кимсан Ғишматулла акага ҳам дакки беролдик.
Жиддий сўзлаяптими, ҳазил қиляптими - аниқлаб бўлмайдиган ходимимиз бор. Шу қўл кўтарди, эҳтимол, зарурият юзасидан ташқарига чиқишга рухсат сўрамоқчидир. Лекин ўртани бошқарувчи "сўз сўрамоқчи" деб ўйлаб “марҳамат" деб юборди.
У дарров ўзини ўнглаб олиб:
-  Бу китобнинг катта камчилиги бор, - деди. Ҳамма унга ажабланиб боқди. -Бунга муаллиф жиддий эътибор бермаган. Америка ва Россияда босиладиган «Oil and gas» сингари журналларни ҳаммамиз кўрганмиз. Нефть-газ соҳасига оид янгиликлар   босилади.   Ғишматулла   акамнинг   китоблари   шу   журналнинг  бир  йиллик сонларидан кўра аҳамиятлироқдир. Хўш, нега энди қаёқдаги журнал   ялтироқ, пишиқ, сифатли қоғозга босилади-да, Ғишматулла аканинг китоблари оддий қоғозга босилиши керак. Бу катта нуқсон, ўртоқлар. Ахир бу китоб нефтчилар орасида талашиб ўқилишини муаллиф билмайдими? Эҳтимол, билади, аммо бунга етарли эътибор қаратмаган. Ахир бунақа китоб пишиқ ва сифатли қоғозга босилмаса, бир-икки йилда титилиб варақлари йиртилиб кетади-ку! Биз муаллиф олдига шу талабни қўямиз: китобингиз сифатли бўлсин, кейинги нашрларда буни ҳисобга олинг.
Мана қўрқмай гапирса бўларкан-ку. Кейин Ўрдаев сўз олиб китобнинг электрон нусхаси интернет саҳифаларида ҳанузгача пайдо бўлмаганлигини камчилик сифатида баҳолади. У сўзини "эҳтимол баъзилар, зарурияти бормикан, деб қараши мумкиндир, аммо китоб етиб бормаган ерга интернет етиб боради. Ғишматулла ака асарларини интернетга жойламаганликлари соҳамиз мутахассисларини қийнашдан бошқа нарсамас. Буни кечиктирганни кечириб бўлмайди", деб тугатди.
Шундан сўнг муҳокама қизиб кетди. Молқўзиев Ўрдаевнинг фикрига қўшилган ҳолда китобни бетўхтов инглиз, француз, испан, араб ва япон тилларига ўгирилмаётганини гапирди. "Муаллифга агар бу зарур бўлмаса чет эллик нефтчиларга керак", деб чинқирди. "Кимки бунга панжа орасидан қарар экан уни аяб ўтирмайман. Ва қараб ҳам ўтирмайман. Шарқшуносликда ўқиётган ўғлимга айтиб туриб шартта индонез тилига таржима қилдираман", дағдаға килди у.
Шу орада фан номзоди Тусматов билан профессор Домлаев қизғин баҳслашиб кетишди. Ҳали Тусматов "динозавриинг товушини эшитдим" деганди. Домлаев эса китобнинг палеонтологик қимматини эслатиб "мутолаа чоғида ўша даврга саёҳат қилгандай туюлганини" билдирди. "Миямизга бор-йўғи 16 фоиз информация қулоқ орқали, 80 фоиз информация эса кўз орқали етказилади", деб қўйди.
Тусматов буни эшитиб қолиб "сиз мени китобнинг қимматини тушунмасликда айблаётибсизми. қулоқ орқали кам информация ўтадиган бўлса нега унда радио дегани болалаб кетган?" деб жириллади. Домлаев "кимнинг қайси аъзоси яхшироқ ишласа, ўша орқали информация олади", деб сирпанчиқрок гап қилганди, буни Тусматов кўзи яхши кўрмаслигига шаъма қилаётибди, деб тушуниб, "аъзоларимга тил теккизманг", деб қўлини пахса килди. Биз маза қилиб кулдик, иккала олим бўлса дакан хўроздек чўқишиб кетди.
Ҳаммани ҳайрон қолдириб умидли аспирант қимтинганча сўз сўради. Ўзи китоб ёзиб, яна ҳамманинг олдида ўзи танқид қилишини ақлимизга сиғдиролмай турибмиз.
-   Китобнинг адади кам, - деди Кенжаев. Залда "адад" нималигини билмайдиганлар бор экан "тираж", деб қўйди. - Ҳурматли устозларимиз юқорида бу дурдона асар барчага зарурлигини таъкидлаб ўтишди. Модомики, барчага бирдек зарур экан, нега бор-йўғи икки минг нусха чоп этилди. Беш минг, ўн минг, эҳтимол, йигирма беш ё эллик минг нусхада босиб чиқариш пайти келмадими? Ададини кўпайтирмаслик - фанимиз учун хиёнатдир. Бунга асло чидаб бўлмайди.
Қаттиқ қарсак бўлди.
Шу даргоҳда ўттиз йилдан бери ишлайдиган, бир мартаям эрга тегмаган, сандиқдай бўлиб семириб кетган шаддод Саври опамиз:
-  Мен Ғишматуллонинг ўзининг айбларини юзига айтмоқчиман, - деб наъра тортиши билан ҳамма қизиқиб унинг оғзига қаради. - Ғишматулло ҳар йили баҳорда хориждаги санаторийда, кузда эса ўзимизнинг республикамиздаги санаторийларда   дам   оладилар.   Яқинда   адир   томондаги    санаторийда   дам олганларида кўргани бордим. Бор-йўғи саккиз хил овқат тайёрланар экан. Ваннахонасининг тоши қизиллигини айтмайсизми? Асабга таъсириниям ўйлашмайди қишлоқи врачлар. Қишки чўмилиш ҳавзаси бутунлай тўғри келмайди. Маиший буюмлари Хитой билан Эронники, биттаям европейскийси йўқ. Ғишматулло, дўстим, - мурожаат қилди ғамхўрларча. - Балки сиз ўйламассиз, аммо саломатлигингиз бизга керак, қолаверса оилангизга керак. Камтарлик ҳам эви билан-да. Шунинг ўрнига Швейцариягами ёки ўзимизнинг Кавказгами йўлланма олсангиз нима қиларди? Сизнинг катта айбингиз - дам олишга бепарвосиз. Юзингизга айтганим учун хафа бўлманг, - деб кулиб-кулиб ўтириб олди.
Ғишматулла ака жилмайганча унга бош ирғади.
Шундан кейин бошлиқ номига танқидлар ёғилди. Биров қабулхонани ойнаванд қилиб қайта қурилмаганлиги ва эшиги релели эмаслигидан айб топса, иккинчиси тушликка зинҳор чойхонага эмас, фақатгина марказдаги ресторанларга бориш лозимлигини тавсия қила кетди. Бошлиқнинг бир пиёниста ўғли омборда ишларди ва иш пайтида отасининг "служебний" машинасини ҳуда-беҳудага миниб чиқиб кетаверарди. Шу ўғилчагаям битта "служебний" ажратиб берилишиии уч-тўрт киши қаттиқ талаб қилди, Ҳамма гапиргач, мен четда тураманми, деб "токайгача Ғишматулла ака "эсперо"да юрадилар. Аллақачон "хундай соната" олишлари керак эди. "Служебка"ни бетўхтов янгилашларини қатъий талаб қиламан", десам ҳамма қарсак чалиб юборди.
Молқўзиев яна сўз олиб хўжайиннинг кадрлар бўлимида ишловчи учинчи хотини аллақачон етук мутахассис бўлиб етишганлиги, бироқ ҳанузгача унинг лавозими кўтарилмаётганлиги катта хато эканлигини билдирди. Кадрлар бўлимининг бошлиғи эса хўжайинни айнан бугун долзарб бўлиб турган масала -ёшлар келажагига бепарволикда айблади. Шу йил иккита талаба  ўқув амалиётини ўтаб кетган эди. Уларни дарҳол ишга қабул қилинмаганлигини афсус билан таъкидлади. "Икковларининг ҳам ўта зукко ва билимдонликларини кўзларидан пайқагандим. Хўш бири қизингиз, бири жиянингиз бўлса нима бўпти? Биз учун улар - эртанги кун ворисларидир", деди.
Вазирликнинг вакили яхши кайфиятда жўнади.

Хўш, биродар, энди айтинг-чи, сизнинг даргоҳингизда биров журъат этиб каттаконнинг хатосини юзига айта оладими? Ишончим комилки - йўқ, каттаконингиз "икки карра икки - беш бўлади" деса ҳам "тўппа-тўғри" деб тасдиқлайсизлар. Агар тажрибамиз сизга маъқул келган бўлса, кадрларингизни юборинг, қайта тарбиялаб жўнатамиз.
2008 ёки 2010, қайси йили ёзганим эсимда йўқ

26.11.2015

“Ватанпарварлик бурчи”

Одамзот қизиқ.
Охирги пайтларда чексиз ахборот оқимининг таъсирида воқеа-ҳодисаларга, инсонларга нисбатан одамларнинг онги, фикрлаши ўзгариб бормоқда. Кеча сўкиб юрган нарсанг бугун асли фойдали бўлиб чиқса..кечаги дўстинг душману душманинг дўстингга айланса..
Аслида-ку, ҳамма ўзгаради. Бугунги муносабатлар, ҳиссиётлар ўткинчи.
Нима демоқчилигимни балки машҳур турк ҳажвчиси Азиз Несиннинг мана бу автобиографик ҳикояси парчасидан англаб оларсиз.
Айтиб ўтишимиз керакки, Азиз Несин ҳикояларининг асосий қаҳрамонлари жамиятнинг энг қуйи бўғинидаги оддий шахслар, иш тополмай сарсон одам, оч-яланғоч дарбадар, бюрократ раҳбарчалару, юпун оилалардир.
“...Профессионал ёзувчи бўлганимдан бери ўқувчиларимнинг барча мактубларини йиғиб бораман, уларни гуруҳлайман ва досье юритаман. Минг афсуски, 1955 йилгача олган хатларим ҳозир йўқ, полиция минг марталаб уйимни тинтиганида уларни олиб кетиб қайтармаган. Умидим борки, бу хатлар полициянинг бирорта архивида четда ётибди. 1955 йилдан кейин олган барча хатларимни санасига кўра саралаб ўзимда сақлайман. Қирққа яқин лиқ тўла папкалар менинг бойлигимдир.
1958 йилда Аданалик турк ишчи менга биринчи хатини йўллаган эди. Хат хунук ва ноаниқ ёзилган. Тўрт саҳифа энг қўпол, беадаб ҳақоратларга тўла эди. У менинг тимсолимда ватан хоинини кўрган. Ҳақоратларга илова тариқасида калла суяги, қон томаётган ханжар, тўппонча ва дор расмини чизган, келаси якшанба куни Фенербахчи ва Галатасарой жамоалари футбол матчини томоша қилиш учун Аданадан Истанбулга келгач, бир йўла улуғ ватанпарварлик бурчини адо этиб мени – ватан хоинини ўлдиришини ёзганди.
Кўплар  почта орқали менга ўлдириш таҳдидини қилишган, аммо расмлисини биринчи кўришим эди. Мен қалтироқ қўлларим билан хатни текисладим ва бошқалари қаторига қўшдим.
Матч ўтди, мени эса ҳеч ким ўлдирмади.
Уч йил ўтди. 1961 йилда Аданалик ўша ишчидан яна бир хат олдим. Бу сафарги хат қуйидагича бошланган эди: “Муҳтарам устоз, ҳурматли адибга!” Сўнг хат муаллифи уч йил аввал мени ўлдирмоқчи бўлганини эслатган. У, ҳақиқатан, мени ўлдиришга қатъиян аҳд қилганини тасдиқлади. Аммо ниятини амалга оширолмай қолган, чунки хўжайини ишдан қувиб юборгани сабабли йўлкирага пул тополмай Истанбулдаги матчга келолмаган. У яна ўшандан бери ниҳоятда ўзгарганини, бегона гап-сўзларга учиб ёзган ғофилона хатидан қаттиқ хижолатдалигини ёзади. Кўп ўтмай у газетада менинг бир ҳикоямни ўқиб қолибди ва шундан бери бошқа ҳикояларимни қидиришга тушибди. Ҳозирда эса бирорта китобимни қолдирмасдан ўқиркан. Атрофида кечаётган ҳодисаларга энди у бошқача назар ташларди.
Биласизми, бу хат нимаси билан менга қадрли? Аданалик ишчи биринчи хатида ҳам, иккинчисида ҳам исми ва манзилини яширмаган. Одатда, почта орқали таҳдид қилувчилар қўрқоқ ва паст одамлар бўлишади ва махфий қолишни афзал кўришади.
Мен, албатта, ўша ишчини хотирладим. Досьени титкилаб биринчи хатини топдим.
Мен бир қанча миллий ва халқаро мукофотлар, совринлар ва фахрий дипломлар олганман. Лекин ҳеч бири Аданалик ишчининг иккинчи хатидай мени қувонтирмаган...”

  (таржима Ш. Исломовники)
2015 йил, 7 июль

21.10.2015

Қизиқчи болакайлар 2

Камола, 6 ёш.
-          Буви, картошканинг кесилганларини нимага ажратяпсиз?
-          Кавлаганимизда кесилиб кетибди, саралаб уларни тезда ишлатиб юборамиз. Бутунларини сақлаб қўямиз.
-          Ие, унда сизлар ҳам менга ўхшаркансизларда.
-          Нимага?
-          Мен ҳам қиёмли бўличка олиб берсангиз, олдин қиёмсиз жойини ейман, охирида мазза қилиб қиёмли жойини ейман.

                        *              *                 *

Алишер, 3 ёш
-  Алишержон, боғчага боришга ўргансанг, шоколад олиб бераман. Боққа айлангани обораман.
- Ўргансам, марожнаям оберасизми?
- Олиб бераман.
- Ҳаммаёққа айлантиргани оборасизми?
- Ҳа-да!

- Яна.. яна.. ўргансам, кейин боғчага бормасам ҳам майлими?

29.08.2015

Фойдали сайт

“Сиз давлат ташкилотларига қарашли сайтларни...”
..бўлди-бўлди. Уёғини биламан. Асрлар мобайнида янгиланмайдиган, кундалик ташрифлар 1 ва 0, энг муҳими -  зерикарли ва ҳоказо. Яқингача мен ҳам уларни бефойда деб атардим.
Ишда шеф чақиртириб қолди.
- Иш вақтида интернетда жавлон уриб ётибсанми? Санга иш бор – мана бу ўричча вароғларни тез ўзбекчага таржима қибер.
Бунақа пайтда имкон қадар янги баҳона топиш шарт, қачонки миянг тез ишласа. Тезкор хотиранг панд берди – тутилганинг.
- Бу эски баҳона. Жа тилни яхши биласан. Кечаги куни анови диктор қизга Х билан Ҳ нинг фарқини тушунтирганингни кузатдим.
Ҳа, бу кишининг ҳам профиллари бор.
Шаффоф салафанли файл-папкадаги бир даста варақларни кўтариб чиқдим. Сиз шундай матнни ҳеч учратганмисиз: метилхлорофенолбутан ва фторли бромгексин реакциясида озон қатламини ямаб Монреаль протоколи консенсус мувофиқлаштирувчилари ГХФУ реализацияси ва Вена, Киото конвенцияси, галоген дивергенция азот оксиди чиқариб стационар ва мобил манбалар транспортировкаси орқали...  бу йўл-йўлакай хомаки ўзбекчалаштирганим.
Гугл транслейтрга киритдим – ярим ўрис, ярим ўзбекча рэп усулида алмойи-алжойи  матнни тақдим қилди. Ҳаҳ, алжираган программангга...
Ўтирдим, семиз луғатни олиб, таржима қилишга тушдим, токи бир ташкилотнинг узун номини аввал таржима қилинган ёки йўқлигини аниқлаш учун гуглга сўровнома юборгунимча.
Ҳаволалар кетидан эргашиб аллақандай вилоятдаги қандайдир туманнинг нимадир деган ташкилотига қарашли қайсидир сайтга кирдим.
Вей, барака топкур, мен устида тиришиб ётган матнни қойилмақом қилиб таржима қилиб жойлаб қўйибсан, шуни бир оғиз.. Сумалакка кўнгил кетиб турганда қўшнингиз бир тоғорача олиб чиқса, нима қиласиз? Мен ҳам худди шундай қилдим. Ctrl+C ва Ctrl+V тугмаларига алоҳида ташаккур!
Бекаму кўст “таржимам”ни сиполик билан тақдим қилаётиб, столда бошқа мавзудаги ажнибийча файл-папкаларга кўзим тушди ва айни шу сарлавҳали матнлар ҳалиги ўзбекча сайтда борлигини эслаб қўйдим.
- Булар ҳам таржима қилиш учунми?
- Яна ким санга ўхшаб таржима қила олади?
Бунақа пайтда ишчанликда ҳозиру нозир бўлиб кетаман, асти қўяверасиз.
Кечаси билан астойдил тер тўкдим. Аниқроғи, Ctrl+C ва Ctrl+V тер тўкди, ўзлари ҳам клавиатурадан тўкилиб тушишига оз қолди.
Мана ҳозир шефнинг назаридаман, ҳурмат-эътиборим жойида. Тил билганим учунми, икки марта чет эл сафарларига юборишди. Ҳозир ҳам чет элда туриб ёзмоқдаман.
Шунинг учун бефойда сайт бўлмаслигини эслатиб қўймоқчиман. Таржима қилмоқчи бўлган матнингизни астойдил изланг, балки кимдир аввалроқ интернетга жойлаб қўйгандир. Америка психологлари услубида маслаҳатим: велосипедни бошқатдан ясаманг, борини олиб миниб кетаверинг.
Айтганча, бир гап эсдан чиқибди. Юқоридаги матнни таржима қилдиришдан мақсад – ташкилотимиз ўз сайтини очиши ва уни айни маълумот билан тўлдириш экан. ;)

2015 й, 21 июль

17.08.2015

Муҳим топшириқ

Азиз Несин

Ўша куни эрталаб сиёсий полициянинг мансабдорига хўжайин қуйидагича буйруқ берди.
- Чжан, сенга ўта муҳим ишни топширамиз. Сен учун бутун хизматинг давомидаги энг шарафли вазифадир. Албатта, сен буни эплайсан.
Чжан тўзиган ботинкаси, пайпоқларига қараганча тортиниброқ сўради:
- Мукофот пули бериладими, жаноб бошлиқ?
- Албатта, агар муваффақиятли бажарсанг уч минг юан оласан. Энди менинг гапларимга қулоқ сол.
Бошлиқ унга нималарнидир уқтирди, аммо Чжан ҳеч нимани тушунмади. Унинг хаёлида уч минг юан айланар эди. Худди катта пулга ўхшайди, бироқ бозорда бирпасда совурасан.
- Сен Америка махфий хизматлари курсида таълим олганмисан? – сўради шеф.
- Нима? – дея садо чиқарди Чжан, ҳануз уч минг юандан боши айланган кўйи.
- Америка мутахассислари билан...
- А, ҳа, ҳа...Мен энг юқори баҳо олардим
- Унда сенга ишонсам бўлади. Чжан, мени диққат билан эшит. Қиёфангни яхшилаб ўзгартиришинг керак. Эгнингга жулдур кийим кийиб, эртадан кечгача Чань Ань-цзе проспектидаги пуштиранг бино рўпарасида садақа сўраб ўтиришинг керак бўлади.
- Тушунаман, хўжайин. Тиланчилардек кийиниш менга қийин эмас.
- Ўша катта бинога кимлар кириб-чиқаётганини кузат. Ҳар куни кечқурун менга бу ҳақда билдириб турасан.
- Эшитаман, хўжайин.
Чжан афти ва кийимини шундай маҳорат билан ўзгартирдики, унинг яқин танишлари ҳам кўришганда, тиланчи бўлиб туғилган, деб ўйлашар эди. Бутун Хитойни кезиб бундан зўр тиланчини тополмасдингиз.
Чжан тиланчиликни бошлаган куни эрталаб олдига шеф келди ва чақа ташлаётиб сўз қотди:
 - Табриклайман сени, Чжан. Сенлигингни билмаганимда ҳақиқий тиланчи деб ўйлар эдим.
Иш фаолиятининг биринчи кунида Чжан йўловчилар ташлаб ўтаётган тангаларни йиғиб чўнтагига солишга зўрға улгурди. Полициядан топширилган вазифага деярли вақти бўлмади. Маълум бўлдики, бу қашшоқ мамлакатда камбағалнинг кўзёшини артиб қўювчилар жуда кўп экан! У чорраҳага чордана қуриб, олдига рўмолчани ёзиши биланоқ пул ташлаб кетишарди.
Чжан ажабланиб қолди. Бу ерда  кетини кўтармай уч кунда топгани полицияда кечаю кундуз шаҳарда ҳалак югуриб топганидан ортиқроқ эди.
Иккинчи ҳафтада эрталаб тўсатдан қулоғи остида овоз гувиллади:
- Чжан, ҳозиргача битта ҳам доклад топширмадинг!
Тиланчи қўрқа-писа бошини кўтарди:
- Худо ҳаққи... Эртага кечқурун бораман...Марҳаматингизни аяманг, хўжам.. Хўжайин, доклад қиламан...Камбағал, сўққабош, бечорага хайр қилинг...
Атрофдагилар ҳеч нарсадан шубҳаланмай тиланчига эҳсон ташлаб ўтишар эди. Хўжайин:
- Докладни кутаман! – деди.
Чжан бир ойча тиланчилик қилди. Иш бошлаётиб бунча катта пул тўплаши мумкинлиги хаёлига ҳам келмаганди. Меҳнатнинг озлигини айтмайсизми? Асосийси – эркин, ўзига хон ўзига бек. Истаса – ишлайди, истамаса – йўқ. У бирдан қарор қилди ва эрталаб хўжайиннинг олдида ҳозир бўлди.
- Кечикканингга қараганда натижалар яхшига ўхшайди, шундайми?
-    Ҳа, - деди Чжан. – Марҳамат, менинг рапортим!
Чжан узатган қоғозни ўқиб чиқиб хўжайиннинг сарғиш юзи гуручдай бўзрайиб кетди. Чжан ишдан бўшаш ҳақида ёзган эди.
- Ақлдан оздингми, Чжан? Пенсияга йўл бўлсин? Шунча йил хизмат қилган даргоҳингга туфлаб кетасанми?
- Туфлаб кетаман, - деди Чжан.
- Сендай тажрибали бўлган...
- Бўлса бўлар...
Хўжайин унинг елкасига қўлини ташлади. Сиёсий полицияда узоқ йиллик тажрибаси бўлмиш тешиб юборувчи нигоҳини Чжаннинг кўзига тикди, гўёки унинг энг махфий сирларини билиб олмоқчи эди. 
- Чжан, мени лақиллатолмайсан, бу ерда нимадир бор..
Чжан ташвиш билан хўжайинига қаради. Сўнг ҳар куни тушган пуллар ёзиб борилган дафтарчасини хўжайинга кўрсатди:
- Мен ҳамма пулларни сиз туфайли тўпладим, шунинг учун ҳеч кимга айтолмаган гапимни сизга дангал айтавераман. Илтимос, бу ҳақда хизматдошларимиздан ҳеч бирига айтманг.
Хўжайин Чжанга ҳавас билан боққанча деди:
- Кечирасан, Чжан! Эсингда тут ва ҳеч кимга оғзингдан гуллаб қўйма! Гап орамизда қолсин. Мен ҳам гавжум кўчалардан бирида ўзимбоп жой топиб сен каби рўмолча ёзиб ўтирмоқчиман.

Шукуржон Исломов таржимаси

26.06.2015

Жаҳондаги 10 та энг йирик нефть кони

Йирик нефть конларининг мавжудлиги давлатнинг энергетик салоҳиятини ифодалайди. Ҳажми  бўйича нефть конлари 5 турга бўлинади:

1.   Майда нефть конлари (10 млн тонначага)
2.   Ўртача нефть конлари (10-100 млн тонна)
3.   Йирик нефть конлари (100-1000 млн тонна)
4.   Ўта йирик нефть конлари (1-5 млрд тонна)
5.   Супергигант нефть конлари (5 млрд тоннадан ошиқ)

Қуйида жаҳондаги 10 та энг йирик нефть конларини келтирамиз.

1.   Чиконтепек нефть кони.
Мексика.
Заҳираси 22.1 млрд тонна.
1926 йилда очилган. Мексиканинг шарқий қирғоғида жойлашган.
Оператор: Pemex


2.  Ал-Гавар нефть кони.
Саудия Арабистони.
Заҳираси 20 млрд тонна.
1948 йилда очилган. Форс қўлтиғида жойлашган.
Оператор: Saudi Aramco.


3.   Катта Бурган нефть кони.
Қувайт.
Заҳираси 13 млрд тонна.
1946 йилда очилган. Форс қўлтиғида жойлашган.
Оператор: Kuwait Petroleum Corp


4.   Кариока Сугар Лоаф нефть кони.
Бразилия.
Заҳираси 11 млрд тонна.
2008 йилда очилган. Атлантика океанида жойлашган.
Оператор: Petrobras.


5. Сафания Хафжи нефть кони.
Қувайт, Саудия Арабистони.
Заҳираси 10.35 млрд тонна.
1951 йилда очилган. Форс қўлтиғида жойлашган.
Операторлар: Kuwait Petroleum Corp, Saudi Aramco


6.   Шельф Боливар нефть кони.
Венесуэла.
Заҳираси 8.3 млрд тонна.
1917 йилда очилган. Маракайбо нефть-газ ҳавзасида жойлашган.
Оператор: Petroleos de Venesuela.


7.   Юқори Зақум нефть кони.
Бирлашган Араб Амирликлари.
Заҳираси 8.2 млрд тонна.
1969 йилда очилган. Форс қўлтиғида жойлашган.
Операторлар: ADNOC, ExxonMobil, Japan Oil Development Co.


8.   Самотлор нефть кони.
Россия.
Заҳираси 7.1 млрд тонна.
1965 йилда очилган. Ғарбий Сибирда жойлашган.
Оператор: ТНК-ВР


9.   Шимолий/Жанубий Парс нефть кони.
Қатар, Эрон.
Заҳираси 7 млрд тонна.
1991 йилда очилган. Форс қўлтиғида жойлашган.
Операторлар: Qatar Gaz, Petropars


10. Кашаган нефть кони.
Қозоғистон.
Заҳираси 6.4 млрд тонна.
2000 йилда очилган. Каспий денгизида жойлашган.
Операторлар: ENI, КазМунайГаз, Chevron, Total, Shell



Википедия ва http dekatop.com сайти маълумотлари асосида тайёрланди.  

16.06.2015

Мен қандай қилиб романимни чоп эттирдим

Азиз Несин

Мен роман ёздим. Бу ишга икки ой вақт сарфладим. Туну кун ўтириб ёздим.
Роман яхши чиқди, деб бемалол айта оламан. Қўлёзмамни бир газетанинг таҳририятига олиб бордим.
-          Оригинал романларни босмаймиз.
-          Ҳеч бўлмаса бир кўринг!
-          Ҳожати йўқ, оригинал асарларни халқ суймайди.
Шундан сўнг қўлёзмамни ноширга олиб бордим. “Мен сизга..” дейишга улгурмасимданоқ, “Биз фақат таржима романларни босамиз”, деган жавобни олдим.
Бошқасига бордим. У ҳам олмади.
-          Мабодо сизда бирор-бир таржима асар бўлса, олиб келинг. Оригинал нарсани харид қилишмайди.
Қаёққа бормай, бир хил жавоб олавердим. Мана қарабсизки, икки ой дам олмай ўтириб ёзган, қанчадан қанча умидлар боғлаган романим никоҳсиз муҳаббат меваси бўлиб, масжиднинг остонасига ташлаб кетилган чақалоқдай қўлимда қолаверди. Шунда калламга бир фикр келди. Француз, немис, инглиз, итальян ва бошқа чет эл ёзувчиларининг ҳикояларини олиб, Жонсонни Аҳмад, Мартани Фотима деб ўзгартириб, сўнг ўзларининг имзолари билан журналларга берган ҳамкасбларим озми? Шу ишнинг тескарисини қилсам биров халақит берадими?
Ўтириб барча туркча исмларни америкачасига ўзгартириб чиқдим. Нью-Йоркнинг харитасини диққат билан ўргандим ва барча географик номлар ҳам америкача бўлди. Навбат энди муаллифга келди. Шундай қилиб мен Марк О Брайн деган ном остида Америка ёзувчиси бўлиб дунёга келдим.
Барча ишни битиргач яна газета таҳририятига йўл олдим. Ҳалиги бетоқат муҳаррир таажжуб билан:
-          Ахир, биз фақат таржима романларни босамиз! – деди.
-          Мен ҳам сизга Марк О Брайннинг романи таржимасини олиб келдим.
-          Буни қаранг! Жуда соз! Бу Марк О Брайн ким?
-          Сиз у ҳақида эшитмаганмисиз? Шундай машҳур ёзувчини-я! Унинг асарлари жаҳоннинг барча тилларига таржима қилинган.
Бунақа гапдан сўнг романни ўқиб чиқишнинг сира ҳожати қолмади ва авансни ҳам тезгина беришди. Мендан фақатгина муаллифнинг ўзи ҳақида бир оз ёзиб беришимни сўрашди.
Мен қўлимга қалам олдим.
“Марк О Брайннинг охирги шедеври – “Хотин учун кураш”. Америкада шов-шув кўтарган китоб. Қирқ миллион нусхада тарқатилган. Мазкур тенгсиз асар жаҳоннинг барча тилларига таржима қилинган ва ниҳоят “Туя калласи” номи билан бизнинг тилимизга ҳам ўгирилди.
Лекин Марк О Брайннинг ўзи ким?...”
Кўз очиб юмгунча жаноб Марк О Брайннинг таржимаи ҳолини ҳам ижод қилиб ташладим. “ У оиласида энг кенжа фарзанд бўлиб, ундан ташқари яна ўн саккизта фарзанд бор эди. Филадельфияда фермер бўлган отаси ўғлининг пастор бўлишини истарди, лекин қувлиги билан бошқалардан ажралиб турувчи кичик Марк теология профессорининг думбасига игна санчганлиги сабабли ўн тўрт ёшидаёқ мактабдан қувилади (Қисқаси, кўпгина таниқли Америка ёзувчиларининг типик ҳаёти) Балиқ тутиш, контрабанда билан шуғулланган, бир муддат олтин қидирувчилик қилган (Ҳаммаси сизга маълум нарсалар) Ниҳоят қирқ ёшида “Келинг ўпишайлик” номли биринчи ҳикоясини журналга жўнатган. Унинг тили ва услуби шунчалик хароб эди-ки, унда...”
Қарабсизки, узундан узоқ таржимаи ҳол пайдо бўлди. Ана энди бизнинг романларни кўринг!
Китоб ноширлари изимдан юришарди:
-          Қулоқ солинг, бизгаям худди шу Марк О Брайндан таржима қилиб беринг!
Мен Марк О Брайннинг роппа роса ўн саккизта романини ўгирдим. Ҳаёт эканман – таржима қиламан.  Лекин бу билан чегараланиб қолмадим. Сиз Жек Леммер деган машҳур изқувар борлигини биласизми? Унинг асарларини талашиб ўқишяпти. Мен бу муаллифнинг олтита китобини таржима қилдим. Охирги пайтда жуда илгарилаб кетганман. Ҳозир ҳинд, хитой ва бошқа кўплаб тиллардан ҳам таржималар қиляпман.
Қадрли ўқувчилар!.. Сизга маълум бўлсинки, ўзимизнинг газета ва журналларимизда ўқиётганингиз турк ҳикояларининг юзтадан тўқсон тўққизтаси, минг афсуски, бировдан ўзлаштирилган. Сизга таржима сифатида тақдим этилаётгани эса, аслида, ватандошингиз томонидан ёзилгандир. Фақат исм-шарифи ва номи чет тилида холос.
Ҳаммасидан ҳам кўра бир нарса менинг кўнглимни кўтаради. Бир кун келиб одамлар Америка адабиёти тарихини ўрганишаётганда турк романларини ҳам ўқишларига тўғри келади. Ўшанда менинг ҳам дилдаги орзуим ушалиб, Марк О Брайн номи билан Америка адабиётидан жой оламан.

Шукуржон Исломов таржимаси


(P.S.Ушбу ҳикояни русчадан таржима қилганимдан сўнг, аввал ҳам туркчадан ўзбекчага ўгирилиб “Мушт кетди” тўпламига киритилганлигини билганман. Барча ҳурматимиз устоз таржимонларга, менинг бу иккинчи таржимамни ўқиганлар кичик бир уриниш деб қабул қилсинлар)

19.05.2015

Бўлай десанг боғбон...

Фарғона шаҳрининг атрофида Чимён, Аввал, Пакана, Хонқиз, Лоғон деган қишлоқлар бор. Атрофи боғ-роғлар, ўрик дейсизми, гилос, шафтоли ғиж-ғиж. Дарахтларни шахмат катагига ўхшаб тартиб билан экишади. Уч ёқдан қарасангиз, текис дарахтлар бир-бирини тўсиб, боғнинг охирини кўрасиз.
Боғларни томоша қилиб кетяпман. Эр-хотин ишлашяпти. Эри мендан каттароқ, шафтолини пакана ўссин деб, тепа шохларини бутаяпти. Хотини кесилган шохларни йиғиб боғлаяпти. Ҳожибой Тожибоев айтганидай, келиннинг қўлига “кетмон берсанг, ернинг жигарини суғуриб олади”ганлардан.
Боғбоннинг айтишича, даромади яхши экан. Гилослар фурада тўғри Россияга.

Бир хонада компьютер ва махсус техникалар билан мунтазам ишлардим. Камҳаракатлик  саломатликнинг этагини ғижимлаб олган.
..Битта ер олсам. 50 сотихми, 1-2 гектарми, қанча бўлса ҳам. Темир контейнерни уйга ўхшатиб жиҳозлаб, оилам билан ўрнашиб олиб боққа қарасам... Ният-да, бу ҳам. Ташкилотнинг ишидан зерикдим. Қолаверса, йиллик даромади йиллик маошдан кўп экан. Табиат қўйнида, дегандай.. Интернет бўлса – бўлди.
Балки боғбон ҳам менга ҳавас қилгандир. Қўли қавармайди, кундузи озода жойда ишлаб, кечқурун уйига боради, деб хаёл қилган бўлса, ажаб эмас.
Лекин мен ҳам ҳавас қилдим. Хуллас, шунақа гаплар. Ёзда келинг, шафтоли еймиз.


13.05.2015

Хорижлик ҳамкорлар (репортаж)

...Юрт яшнаса, яшнайман-да,
Юрт ишқи бор жону танда,
Завққа тўлиб куйлайман-да,
Асил инсонларни кўриб,
Азиз меҳмонларни кўриб...
(Озодбек Назарбеков қўшиғи, Аҳад Қаюм ё бўлмаса Ботир Эргашев шеъри. Балки бошқаникидир)

Ҳа, дўстлар. Ажойиб халқ артистимиз гўзал мисраларда таъкидлаганидай обод юртимиз азиз меҳмонлар ташрифи ила гавжум, асил инсонларимиз эса уларни кутиш ва кузатиш завқи ила масрурдирлар.
Яқинда юртимиздаги саройлардан бирида муҳташам анжуман бўлиб ўтди. Хорижликлар мамлакатимизда бир қанча муддат туриб тажрибаларини ўртоқлашдилар, ўз ўрнида улар ҳам биздан ўрганганларини таъкидладилар. Бўлиб ўтган анжуманда турли мамлакатлардан келган меҳмонлар дил сўзларини изҳор этишди. Қуйида шу ҳақда.
Воҳа тупроқлари билан яқиндан танишган югославиялик меҳмон, қурилиш инженери Тоштемир Кирпич-Дегич гиллар қурилиш саноатида катта истиқболга эгалиги ҳақида сўзлади.
Шаҳар ободонлаштириш бошқармасида тажриба алмашган грузиялик мутахассис Бино Бузили бунёдкорлик ишлари тўғрисида тўлқинланиб гапирди. Ундан сўнг эса арабистонлик йўл қурилиши бошқармаси бошлиғи шайх Ғадр ал-Будур таассуротлари билан ўртоқлашди.
Ўз сафари муддатини икки қисмга бўлиб, биратўла икки соҳани пухта ўрганган   туркиялик қардош Сабрибей Шошмаз илиқ сўз айтди. У ўт ўчириш ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш ташкилотларида малака оширган эди.
Шунингдек, радиосухандонлар билан тажриба алмашган яна бир туркиялик соҳир овоз соҳиби диктор Тил Билмаз, тадқиқот ўтган грузиялик тарихчи олим Гапиро Эзвордизе галдаги режалар, истиқбол ҳақида тўлиб-тошиб сўзладилар.
Сайлов тизими жаҳонда тан олингани кўпчиликка сир эмас. Афғонистонлик собиқ депутат Ширин Лағмоний бу ҳақиқатни яна бир марта оммага англатишдан чарчамади. Унинг ҳамроҳи Суҳбатилло Зиёфат эса солиқ тизими, ревизия ишлари бўйича тажрибасини оширди.
Покистонлик юрист Дастур Хон Киргизай монополиядан чиқариш, тадбиркорликни ривожлантириш ишлари аҳамиятини юксак баҳолади.
Қишлоқ мактаблари шаҳардагилардан қолишмаслигини таълим соҳасида тадқиқот олиб борган эронлик тадқиқотчи-ўқитувчи Нигорон Меҳмонпараст йиғилганларга таъкидлаб ўтди. Шунингдек, таълим ходимларини ҳашар ишларига жалб этиш тажрибасини италиялик мураббийлар Тошини Тервотти ва Макаронни Бервотти, хитойлик жаноб Иш Чан “бўш вақтдан унумли фойдаланиш омилкорлик асосидир”, дея баҳоладилар.
Япониялик судья Нимачора Манапора сан адлия тизимига доир қимматли фикрларини баҳам кўрди.
Ҳарбий қисмда офицерлар билан ишлаган япониялик Онасини Момосини ватанга содиқ посбонлар ҳақида самурайлардек жўшиб сўзлади. Оилапарвар япон жаноблари маҳаллий университетларда амалиёт ўташ учун икки фарзанди Аданики Мошина ва Пулига Отасиниларни ўзи билан олиб келган эди.
Шунингдек, кредит, ижтимоий таъминот масалалари бўйича мутахассис, иқтисодчи,  грециялик жаноб Кризис Хасис ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Россиялик интернет провайдер хизмати бошлиғи Тихомир Черепашкин сўзга чиқди. Ҳиндистонлик меҳмон, хселл бош алоқачи инженери Вжрпшштуут Тиит уяли алоқа хизматлари хусусида илиқ мулоҳазалар билдирди.
Анжуман сўнгида АҚШлик рок юлдуз Энди Гейман ва грузиялик санъаткор Отарилар ўз санъатини намойиш этди.          

20.04.2015

Кирилл-Lotin

Иш столимнинг ёнида диван бор. Компьютерда ишлаб кўз толиқса, чўзилиб ухлаш учун. Ётиб ухлаб қолибман. Ноутбук ўчирилмаган.
Кечқурун уйқу қочиб, кўзимни қия очсам, экранда ер шари айланиб турибди, заставкаси шунақа. Шунда клавиатурадаги лотин ва кирилл ҳарфлари тугмачалардан ажралиб чиқиб  ер шарига жойлаша бошлади. Лотин ҳарфлари - кунботарга, кирилл – шимолга, камдан кам ишлатадиганим – араб ҳарфлари жанубга жойлашди.
Ўзимча, агар иероглифлар бўлганда кунчиқарга жойлашган бўларди, деб ўйладим.
Лотин ҳарфлари ўзига бино қўйган, кирилл ҳарфлари бироз асабий, араб эса сал тушкун кайфиятда эди.
Лотин ёзуви чиқиб мени кўрсатди:
-          Хўш, нега бу ҳали ҳам лотин ҳарфлари турганда, кириллда ёзади?
Кирилл эътироз билдирди:
-          Унга шу қулай. Лотин ёзувини билади. Лотинда матнлари бор.
-          Балки билмас, кириллда ёзволиб, “кирилл-лотин конвертер”дан ўтказганини, макрос ишлатганини биламан.
-          Йўқ, шахсий ишларда ҳар ким хоҳлаган ёзувида ёзиши мумкин, истаса араб ёзувида ёзсин. Омма учун ёзса бу бошқа гап.
-          Худди шундай, - тепароққа  жойлашиб ўтириб олди Лотин. – Давлат ёзуви бу лотин.
Кирилл истеҳзоли кулди:
-          Шафқат қилинг, мистер Лотинус. Ҳали марказий матбуот нашрлари, телевидения, китоблар, ҳужжат юритиш лотинга ўтмаган пайтда бир бечорага осилманг.
Лотинус таассуф билан жиддий гапирди:
-          Лотин ёзувига ўтишга аҳд қилганларига йигирма йил бўлди, афсус, ҳали ҳам депсиниб туришибди.
-          Бу вазият тақозоси, - деди Кирилл ҳарфлари қувлик билан. – Лоп этиб ҳамма нарсани лотин ёзувида ёзилса, томдан тараша тушгандай аҳоли довдираб, тушунмовчиликлар кўпаяди. “Kirmang” деб ёзилган кўчага кириб кетишади.
Лотиннинг афти бужмайиб кетди.
-          Бир нарсани тушунишни истамайдилар. Кирилл - русларга қарамлигимиз рамзидир. Бу - сиёсат. Дунёнинг 30 фоизи лотинни ишлатади, аксарияти ривожланган давлатлар. Биз улар билан интеграциялашишимиз муҳимроқ, лотин эса бунда кўприк ҳисобланади.
-          Агар кирилл русларга қарамлик рамзи бўлса, лотин кимга қарамлик рамзи?  Лотин сиёсат эмасми? Араб-чи?  Интеграциялашиш учун ёзувни алмаштириш шунчалик муҳимми? 10-15 аср давомида миллий ёзувини ўзгартирмаган халқлар кўп, улар жаҳонга интеграциялашмай қолиб кетишдими? – тезлик билан жавобни қўндирди Кирилл.
Чеккада жим ўтирган араб ёзуви инқиллаб ўрнидан турди:
-          Миллий  ёзув дегандай бўлдингиз, мавлонолар, дарҳақиқат, миллий адабиётимиз дурдоналарини мумтоз мутафаккирларимиз эски ёзувимиз - араб ёзувида битишгандур. Ўзлигимизга қайтишлик учун араб ёзувига...
Лотин ва Кирилл унга шундай ўқрайишдики, араб ёзуви:
-          ... ёзувидан хабардор бўлишлигимиз заруриятдур, - деганча қайтиб ўтирди.
Кирилл бир гапга тушиб кетса, агрессив бўлиб қоларкан:
-          Араббой, мумтоз илмий, адабий дурдоналаримиз эски ўзбек ёзувида битилган бўлса, ХХ асрда юзлаб олимларимиз, ижодкорларимиз топишмоқ топиб ўтиришгани йўқ. Ўнлаб нашриётларда, юзлаб ижодкорларнинг минглаб асарлари юз минглаб нусхада босилиб, миллионлаб одамлар уни ўқишган. Кириллда ёзилган илмий, бадиий асарлар, вақтли нашрлар халқнинг маданий бойлигига айланиб, унинг савия-иқтидорини белгилаб берган. Кириллда нашр этилган асарларнинг ўндан бири ҳали лотинда босилгани йўқ. Кириллда ёзилган миллионлаб нусха асарлар ўқилмасдан чиқитга чиқса – катта йўқотиш бўлади.
Лотин бамайлихотир жавоб берди:
-          Лотин – интернетни ўрганишни осонлаштиради. Сайтлар, доменлар – барчаси лотинда.
-          Кириллда ҳам домен яратиш бошланган. Интернетни дунё мамлакатлари ўз тилларига мослашаётибди.
Лотин устунлик ўзи томонда эканига ишонади, шекилли, далиллар келтириб ташлади:
-          Туркия аср бошида ёзувини ислоҳ қилиб кам бўлмади. Индонезия, Малайзия сингари тараққий этган мамлакатлар ҳам лотин ёзувини қабул қилиб ривожланишга эришди. Африка ва Жанубий Осиёда кўплаб мамлакатлар лотин ёзуви аҳамиятини вақтида англаб ўз алфавитларини қайта тузишди. Лотин ёзуви тараққиёт бешиги ҳисобланган Европа ва Америка билан интеграциялашиш учун катта имконият.
Дарҳақиқат, Лотиннинг барча гаплари тўғри эди. Кирилл ҳарфлари эса қайсарланиб кўринишини тириштирди:
-          Жанубий Корея, Япония, Хитой, Ҳиндистон, Таиланд, Исроил, Қувайт, Қатар, Грузия эса ёзувини ўзгартирмади. Тараққиётдан орқада қолиб кетдими? Йўқ. Лотин ёзувига ўтган Сомали мамлакати эса бугун хароб ва оғир ҳолатда.
-          Глобаллашаётган дунёда инглиз тили мавқеи, шубҳасиз, бошқалардан баланддир, - деди унга жавобан Лотин ҳарфлари гапни узоқдан бошлаб. – Нафақат, ёзувни ўзгартириш, балки, мактабларда муайян синфда дарсни тўла инглиз тилида ўтишни жорий қилиш лозим. Лотин ҳарфларини билиш, шубҳасиз, Европа тилларини ўрганишни осонлаштиради.
Араб ва кирилл ҳарфлари унга олайиб қарадилар. Мен ҳам кўзим қия очиқлигини сездирмасдан олайишга уриндим. Нималар деяпти, балки бутунлай инглиз тилида гапиришга ўт, демоқчими?
Қаранг, фикримни уққандай изоҳ берди:
-          Ўтган ойда Қозоғистонлик Нурсултон оға юқори синфларда дарсни тўла инглиз тилида ўтиш таклифи билан чиқди. Бу таклиф бекорга эмас, ривожланган Осиё мамлакатларида аллақачон қўлланаётган таълим усулидир. Лотин ёзуви...
Маърузаси бир зайлда мени аллалаб уйқу элтиб кетди. Уйқу аралаш кўзим чала-ярим очиқ уларнинг баҳсини алоқ-чалоқ тушдай эшитдим, аммо идрок этолмадим. Аллақанча муддат ўтди. Тонг отдими йўқми – билолмадим, деразам пардаси туширилган. Кўзимни очсам, уччаласи тез уришиб, тез ярашадиган пиёниста улфатлардай овсарона қиёфада туришибди.
-          Қорин ҳам очқади.
-          Пиёзнинг пўстидай, нимасини айтасан.
-          Ошга борамиз, - деди Кирилл ҳарфлари. – Хўш, бизни меҳмон қиладиган кимнинг таниши бор?
-          Менинг танишларим, асосан, ёшлар, - деди Лотин. – Афсус, ҳозирча, катталардан танишим йўқ.
Араб ёзуви бўлса, масжид томонга ишора қилди.
Кирилл ёзуви айёрона кулиб қўйди:
-          Бу ерда мени ҳамма танийди. Кетдик, бугунги ош мендан.

Кетишди.
...кўзим қия очиқ ётибман
...қайси бири яхши?..