06.09.2016

Тайёрмизми?

(насиҳатгўй воизлар услубида)
Мана июл ойи ҳам поёнига етмоқда. Умримизнинг азиз дақиқаларини елга совурмаяпмизми, биродарлар?
Эртага қиличини қайраб қиш келади. Машаққатларга тайёрмизми? Оғир дамлар етиб келишлигининг тадоригини кўряпмизми? Қанча кўмир ғамладик, нечта тезак-таппи ясадик? Жавоб бера оламизми?
Дориломон кунларда биздан қоладигани шу, биродарлар! Чойхонада пиво ичишлигимиз, ариқнинг бўйида қовун сўйиб ейишлигимиз ўткинчи. Фақат ғамлаган ўтинимиз билан мақтана оламиз. Нима қилдик шу бугунгача? Кўмир олдикми? Ғўзапоя-чи? Ҳа, балли. Қишга шуни кўтариб боришлигимизни ёдда тутайлик, биродарлар.
Газга ишонманг, аҳли жамоа. У бугун бор – эртага йўқ. Токни кўряпсизми? Кўряпмиз, дейсанми, Маъруфхўжа? Қаердан кўрасан, кўзга кўринмаса, ранги, ҳиди бўлмаса? Пайпаслаб кўрдингми? Ёлғон гапирмайлик, азизлар. Ёлғончи каззоб Андижон печкасига ўтин бўлишлиги лозим.
Биродарлар, ортимиздан нима қолади? Бале, фарзандларимиз! Шу шакардек азиз фарзандимиз қишда совуқ уйда ётиб бетоб бўлса, алал-оқибат пневмония, зотилжам каби турли-туман касалликларга чалинса, “отажон-онажон, менинг аҳволим оғир”, дея нидо қилса, ким айбдор, биродарлар? Биз, албатта! Биз бўлмасдан, ким бўларди. Қаҳратонда шифохоналаримизда жой етишмаса, ташкилотлар, хоссатан, мактаблар, иситилмаса, ким айбдор? Бунга ҳам биз айбдормиз, биродарлар. Болани касал қилишлик ножоиздир. Бунинг учун биздан, албатта, сўрашади. Шу сизга-бизга хос амалми, айтчи ўзинг, Маъруфхўжа?
Биродарлар, жамоат мендан яна бир маҳрам гапни сиз азизларга етказиб қўйишлигимни илтимос қилишди. Ўтган йили Имомали фермер ҳожининг пилла қуртига сақлаган тутлари кесиб кетилаётганлиги хусусида шикоятлар эшитдик. Бировнинг тасарруфидаги дарахтни куппа-кундузи кесиб олишлик бизга ярашадими, биродарлар? Кесадиган одам, бировга сездирмай, махфий иш тутса бошқа гап экан.
Ҳа, тут ўтин, қолаверса, ўрик ўтин яхши ёнишлиги бор гап. Кесинг, ёринг, чопинг, манфаатланинг, аммо-лекин исроф қилманг, биродарлар. Биздан болаларимизга нима қолади? Тут қолади, ўрик қолади. Шунинг учун ўрик экишликни, тут экишликни канда қилмайлик, биродарлар. Токи орқамизда қолган фарзандларимиз бизни дуоларида эсласин.
 P.S. Блогпостда воизлар нутқини кулгига олиш эмас, кундалик муаммоларни бошқача услубда қаламга олиш назарда тутилган. Ҳеч қандай воиз нутқида бундай парадоксал гапларни айтиши мумкин эмас, шунинг учун барча ўхшашликлар тасодифийдир. 
2016 йилнинг 31 июли