30.11.2019

Класс ва кечикиш


“Америка уч юз йилда шу мақомга етган бўлса, Ўзбекистонимизни ўттиз йилда шу даражага етказган Ислом Каримов бобомизнинг руҳлари шод бўлсин. Ислом бобомизнинг ҳақиқий издошлари Шавкат Мирзиёевнинг умрлари узоқ бўлсин”, деган постга класс қўйган онимдаёқ электр лип этиб ўчди. Электр ва телефон антеннаси бирга йўқолади. Демак, класс босилди ёки босилмади.
Беш дақиқа ўтиб ёнимдаги ўғлим ғингшиди:
-  Дада, совқотдим
-  Ҳозир иситамиз-да, тойчоғим!
Дарров печкага тезак, баклажка, тут томири, маккасўта, ёнғоқ пўчоғи, картонқоғоз, кир латта ва улардан тушган супуриндини қалаб устидан кўмир босвордим. Хаёлим интернетда. Кўмирдан қорайган қўлда телефон тутиб бўлмайди. Эшикдан чақиришди.
-  Маҳалла йиғиляпти. Свет-газ, боғча, медпункт, йўл қуриш, обод маҳалла масаласи кўрилади.
-  Мингинчи мартами? Ҳозир чиқаман.
Югуриб анҳордан сув келтириб, ювингач, мажлисга чиқдим. Колхоз зали бузиб ташлагани учун мактабга тиқилдик. Катта хона ташқаридан ҳам совуқлиги учун интернетга киришга қўлим қовушмай қайтдим. Афсус. Ия, укам қайтибди.
-  Рейд кўпайиб кетди. Буёғи байрам, прописка чатоқ. Объектни тугатмай қайтдим.
-  Яхши қилибсан, ука. Ғиштингни шу ердаям кун илиса қуяверасан. Молингни боқ.
Интернет ишламаса, саҳифа ёниқ туради, аммо класс қўйсанг, бир ондаёқ асл ҳолига қайтиб қолаверади. Менда ҳам шундай бўлдимикан? Яна эшикдан чақирди.
-  Қўл қўйинг. Томорқани экмасангиз, жаримадан огоҳлантирамиз.
-  Хўп, хўп-да. Қайси идорадансизлар?
Музлаб улгурмаган ерни чопиб қўйиш мумкин. Жаримадан яхши-ку. Интернет кутиб туради. Ташқаридаги тириллаган булдозерми? Уйим “снос”га тушдимикан? Дарҳол кўча деворимга “Бу уйда одам яшайди” ёзувини илдим.
 Ниҳоят электр помидор каби ёнди. Телефон антеннаси липиллади. Кечиккан класс босилди. “Америка уч юз йилда шу мақомга етган бўлса, биз ўттиз йилда шу даражага етдик. Умрлари узоқ бўлсин”. Худога шукр. Эшикдан чақирманг. Менинг бошқа идорада ишим йўқ. Кеч бўлди. Ухланг. Ҳикоям тамом.
2019 йилнинг 10 ноябри

31.10.2019

Музейдаги сўзлар


80-йилларда “Ёшлик” журналида “Тил сандиғи” номли рукн бўларди. Асосан, луғатга кирмай қолган шевага хос, эскирган сўзлар маъноси изоҳлаб бериб борилган. Хўш, бу нимага керак? Тил жонли нарса ҳисобланади, у доимий ўзгаришда, ривожланишдадир. Ҳозир тилимизга чет сўзлар селдек кириб келмоқда. Ҳаттоки, ўзбекча муқобилини жойидан турғазиб, ўрнига алтернатив бўлиб ўтириб қолмоқда. Бу табиий жараёнда меҳмон сўзлар мезбон сўздан зўр чиқиб қолмаслиги учун шевалар ва тарихий сўзларимиздан, яъни илдизлардан озиқланишимиз тўғри бўлади.
Мен Қўқон шаҳри ва унинг атрофидаги туманлар аҳолиси оғзаки нутқда ишлатадиган, аммо адабий тилга унчалик кирмаган сўзларни тўплаб юраман. Марҳамат, ўқиб кўринг, таниш сўзлар учрармикан.

Аллоли – атайлаб, тезгина (азза-базза)
Арвак – кичкина, нимжон, қилтирик (арвоҳдан чиққан бўлса керак)
Бакор келмоқ - фойдаси тегмоқ
Вавақ, вавақча – лўппи юзли дўмбоққина гўдакларни эркалаб чақириш
Вала-вала – сергап, жаврақи одам; Вала-вала қилма – кўп гапирма.
Валангор – бузилган, ишга яроқсиз, абгор; ҳаммаёғи очиқ
Валиш - ишком
Дагар – ўғил болани шундай эркалатишади
Данап - тўйда рақсга тушувчи аёл (баъзи жойларда енгилтабиат деб таърифланади)
Даршана – эрта баҳорда маҳалла кўнгилли равишда тўпланишиб ариқ-кўчаларни тозалаш, дарахт экиш ҳашари
Дўмбаслик - дўнглик, баландлик
Гармашўрак – пишириб, устига пиёз ва зираворлар солинган нўхат
Жазвар, жазбар – чизғич, линейка (ўқув қуроли)
Жипириқ -
Зибир – зовур (сбросдан келиб чиққан)
Ичи чиқмоқ – кўнгли тўлмоқ
Капасассиқ – “старческий маразм”га учраган одам
Каранда - олифта, такаббур
Карилламоқ – катта кетмоқ
Кирпи - типратикан
Кўча” – маҳаллий мафия
Кўчаош – гўжа ош, оқжўхоридан тайёрланган суюқ овқат, иссиқ ҳолда устига кўк сепиб тортилади (айронлиси эмас)
Кўчат” – емлашга тайёр ёш мол
Лахтипар, лағар – бузуқ, яроқсиз, хароб
Малда, малданон – қозонда қатлама каби юмшоқ қилиб пишириладиган сўлқилдоқ нон
Мондалаб – эплаб, уддалаб
Найниғ – майнавоз, найрангбоз
Нинни – чақалоқ, гўдак
Обрез – хона четидаги ювинадиган жой, суви ташқарига оқиб кетади
Олатоғ – қаердалиги номаълум тоғ. – Қаёққа кетди? –Олатоққа.
Опой - аёл ўқитувчи ёки тарбиячини чақириш
Ордиқ - дам олиш куни (ҳордиқ ёки отдых дан келиб чиққан бўлса керак)
Оғзи қаттиқ - одатда баланд нарх айтувчиларни шундай сифатлашади
Палла - сигирнинг туққандан кейинги сути, овуз, ўвуз сути
Пасод, фасод – инжиқ
Пинна – инжиқ, фитначи феълли инсонга (асосан аёл) нисбатан ишлатилади
Пойчўкир - хокисор, камтар одам
Полпис – бефаросат, бесаранжом
Посон бўлиш– башанг, кўркам кийиниш
Пудаш - пуфлаш
Пўтақари, ке(к)сақари - маҳмадона болакай
Самовар – чойхона
Сарофта - бозор-ўчар (сарфи ҳафтадан келиб чиққан)
Сепсилиш - камайиш
Тева – тепа
Увдиқ -
Фалон-пукун – фалон-пистон
Хопитиш – чўмилиш
Хоҳладим - ЗАГС
Хоҳлашган - севишган (қиз билан йигит)
Хутум – ичиқора, ҳасадгўй, фитнакаш
Чикалак ошиш – ўмбалоқ ошиш
Чикалтак – ёш кўчат
Чойдиш - қумғон
Чули-чули – майда-чуйда, ҳисобдан ташқарида, дегани
Шапшак - шўх, шум
Энахотин - маҳмадона қизчаларни аташади
Қашамшанг - безбет
Қир учи – энг тепа жойи
Қирпи – туллак, пихини ёрган (асосан эркак)
Қўмақай - сут кўп эмадиган дўмбоқ гўдак
Ғўжалоқ – кир-чир
Ғишава – хархаша, инжиқлик
Ҳилқинмоқ – бировнинг нарсасига ютинмоқ, кўз олайтирмоқ
Ҳовдир – ҳовлиқма, довдир

30.09.2019

Ўзбеклар нима дейди?


Дин ҳақида: - Одамнинг манетида бўлсин (кўкрагига уриб), вей!
Бойлар ҳақида: - Мард киши. Эҳсони катта саховатли одам. Ҳожи. Бир тўй қилди ўтган йили, тўкиб ташлади, келганам келди, келмаганам келди.
Уччига чиққан таниш-билишчи ва порахўр ҳақида: - Ҳожатбарор одам. Ҳозирги замонда танишсиз иш битиролмайсан. Бир суҳбатини ол, керак бўлиб қолади.
Ёғли овқат ҳақида: - Дўхтирлар ваҳимачи халқ бўлади. Катта-катта олавер.
Ичкилик ҳақида: - Ўзимас, кайфи ҳаром. Икки ака-ука бўлган экан (давомини биласиз).
СССР ҳақида: - (орзумандлик билан) Бошқача даврлар эди. Гугурт икки тийин. Бир сўмга, эҳҳе..
Америка ҳақида: - Иплос давлат. Ҳамма уруш ўшағдан чиқади.
Тошкент ҳақида: - Свет ўчмайди, газ бир метр.
Мустақиллик ҳақида: - Ҳозир ҳам кам бўлганимиз йўқ. Ишлаган қандини уриб яшаяпти.
Тўйлар ҳақида: - Ярашиғи шунақа. Маҳалла-кўйдан кам ё ортиқ жойимиз йўқ.
Газеталар ҳақида: - Афандиси, сканворди боридан олиб тураман.
Китоб ҳақида: - Ўқиб шаҳар оберармиди. Кўряпмиз ўқиганларни.
Қиз фарзанд ҳақида: - Ўқиб шаҳар оберармиди. Кўряпмиз ўқиганларни.
Интернет ҳақида: - Ҳозирги болаларнинг ҳаммасининг, нимейди, анави, ҳа аднўда сайти бор.
Алишер Усмонов ҳақида: - Путин билан яккама-якка гаплашиб, Россияда ўзбекларга тегмасликка келишиб қўйибди.
Элон Маск ҳақида: - Ким у?
Масжид ҳақида: - Пенсияга чиқиб олай, Худо хоҳласа, намозни канда қилмайман.
Сиёсат ҳақида: - Кетни қисган бой бўлади. Сиёсатга аралашма. Ундан кўра уят-уят гаплардан гаплашайлик.
Президент ҳақида: - Ўзи яхши одам, атрофидагилар ярамас.
2019 йилнинг сентябри

21.08.2019

Ўзбек АЭСи ва муносабатлар географияси

- Кечирасиз, сиз Европада яшайсиз-а?
- Ҳа, шундай.
- Демак, АЭС қурилишига қаршисиз. Сиз бўлса, Америкада яшардиз?
- Ҳа.
- Сиз ҳам АЭСга қаршисиз. Сизнинг касбингиз, адашмасам, филолог эди?
- Ҳа, мен филологман. Манфур Сталиннинг 37-йилларда миллатимиз зиёлиларини қирғинини тадқиқ қилиб...
- Бўлди, тушунарли, сиз ҳам АЭСга қаршисиз. Бирад, сиз Россияда ишлармидиз? Ҳа, сизни айтяпман, ҳой, салафан сумкали, ака.
- Гастарбайтерман, дакументизга шунақа ёзовринг.
- Тушунарли, сиз АЭС қурилишига “за”сиз?
- Бўмаса-чи. Қишлағда сивет йўқ, одамлар ҳарна токли бўпқоларди. Газ йигирма йилдан бери йўқ, ўтинам тугаяпти, овқатни плитада пиширамиз. Сивет ўчмаса, сув ҳам чиқиб туради, у-бу экамиз-да.
- Кепкали йигитча, сиз Хитойда ўқийсми?
- Студентман.
- Ҳмм, сиз ҳам АЭСни қўллайсиз, шунақами?
- Ҳа-да, энергетика мамлакат иқтисодининг қони-ку. Хитой бир йилда юзта АЭС қуряпти, тириқ этгани йўқ. Энергетикасиз тараққиёт йўқлиги бугун кўргаям аён-ку.
- Соқолли ака, сизнинг фикрингиз биз учун қизиқ.
- Авваламбор, ибодатни унутдик, кайф-сафога берилдик, уммат хору зор бўлди. Америка оқ ит бўлса, Россия қора ит дейишлик...
- АЭСга нима дейсиз, оға?
- Икки зарар бирдан келса, зарари камроғини олиш жоиздир.
* * *
Бу масалада мутахассисларнинг фикрини кутяпман ҳалигача.