30.06.2016

Саккиз фоиз, ўн фоиз…

Метан баллонни алмаштириш керак. Ҳали муддатини адо этмади, аммо капрон баллон бўлгандан кейин портлаши мумкин, ёрилиши мумкин, дебдилар.. Ҳай, давлат бир нарсани билмаса, чиқармас.
Шаҳримизнинг “химик мости” деб айтилувчи чеккасидаги кўприк остида жойлашган автомобилларга газ баллон ўрнатиш марказига бордим. Мақсадни тушунтирдим. Шундай-шундай, саксонталик темир баллон ўрнатилади. Барака топишсин, дарров ҳисоблаб чиқаришди: 1420 минг бўларкан.
-          Менда пластик.
-          Пластикка саккиз фоизимиз бор, ака.
Бу яна устига 113 минг минади, дегани.
-          Жа саккиз фоиз деманг, йўриғли қилиб берсинлар.
         Иложимиз йўқ.
Тамом. Иложи йўқ, бўлса, йўқ-да. Бошқаси бор-ку. Бошқасига бордик. Чинор тагига яқин жойда “Лада” деб номланувчи автомобилларга хизмат кўрсатиш мажмуасига. Дардимизни айтиш биланоқ, савдо бошланиб кетди. Ҳамма жойда бўлгани каби бу ерда ҳам пластик деб аталмиш, нақд пулнинг ўгай боласига саккиз фоизлик “чегирма” бор экан. Айтганча, бу ерда “мост таги”дан кўра бироз қимматроқ экан. Жиндай савдолашиб, бу ердан ҳам сурдик. Устига бир-икки сўм қўшиб беришимиз маъқул келмади. Ёки айтилган Х суммани тўланг, “пластикли бой”лардан бўлсангиз Х сумма плюс саккиз фоизли бонус.
Эҳ, тирикчилик.
Қоғоз пул ва виртуал пулнинг қоғоздагина тенглиги хусусида мулоҳаза юритиб келаётиб Қўқон дарвоза автошоҳбекатига келиб қолдим. Бу ерда ҳам автомобилларга газ баллон ўрнатишларини реклама қилиб ёзиб қўйишибди, барака топишсин илоҳим.
Телефон қилдим. Майдалашиб ўтирмасдан, ўн фоизли қўшимчасини айтиб қўя қолишди. Мен ҳам майдалашиб ўтирмасдан, жуда оз қўшиб беришимни билдирдим. Ҳа, айтганча, буниси пластикда биру олтига яқинлашиб қоларкан. Умуман олганда “мост таги”дагилар инсоф билан айтибди.
Энди лирик чекиниш қиламиз.
Эшитишимизга қараганда пластик картадаги пул нақд пулга тенг саналарди. Бу гаплар қонун билан мустаҳкамлаб қўйилганини ҳам қаердадир ўқигандик, шу сабабли lex.uz сайтига ҳавола келтириб ўтирмадик.
Минг ва миллион афсуслар, гигабайт ва терабайтлаб надоматлар бўлсинки, пластик картада маош олувчиларга ола-кула қараш давом этмоқда. Албатта, сотувчиларни тушунамиз, хизмат кўрсатувчини ҳам. Пулни банкдан нақдлаштириш қийин.
Ўзимнинг қанчалаб сотувчи дўстларим бор, дардларини эшитганман.
Аммо, ҳеч бўлмаса, Ҳожибой Тожибоевни эслайлик: “Қиммат олган бўлсанг, харидорга нима? У арзон олиши керак”. Ҳа-я, агар қўшимча “бонус” сифатида тўлаётган фоизим сотувчига (хизмат кўрсатувчига) тегмаётган экан, кимга тегяпти? Минг йилликнинг масаласини ҳал қилган қаршилик математик Шокир Давлатовдан сўрайми буни?
Қассобга борсанг, пластик картага серсуягидан солиб берса, магазинда сотувчининг қош-қовоғига қарасанг. Деҳқон бозоридаги олмафурушга терминал қўйса, қуртлиқисидан берармикан...
Айтаверса, гап кўп.
Пластик картадан фойдаланишга ўтганимизга саккиз-ўн йил бўлди. Вазият яхшиланишидан умидворман. Ҳалиям. Мақоланинг пешонасини ярқиратиш учун қонунлар ва Президент фикрларидан, диний матнлардан иқтибос келтириб ўтирмадим. Умуман олганда, мақола эмас бу. Сиз ва биз ҳар куни гувоҳ бўлаётган ҳол.

 2016 йил, 21 апрел