25.03.2015

Ҳурматли ҳамкасб

Ҳурматли ҳамкасб.
Асли буни ўзингизга жўнатсам ҳам бўлар эди. Аммо сизни танимайман, электрон адресингизни ҳам билмайман. Балки учрашгандирмиз.
Февралнинг бошида BBC Uzbek да ташкилотимиздаги абгор ҳолат ва маошларнинг ўз вақтида берилмаслиги ҳақидаги кичик мақолам эълон қилингандан сўнг кўп қизиқарли ўзгаришлар бўлди.
Айтишларига қараганда, шундан сўнг интернет сайтларида ёзганларим, фейсбукдаги публикацияларимни принтердан чиқариб, ҳурматли каттаконларимиз ўқишга тушибдилар. Хурсандман! Я – “звизда”! Биламан - бунда сизнинг хизматингиз бор. Чунки улар интернетни унчалик ҳам яхши билишмайди. Сиз чиқариб олиб кирасиз. Жумладан ушбу блогпост ҳам А4 қоғозга чиқарилиб, ҳашаматли стол устида ўқилади, деб ўйлайман.
Мен эса кўплаб танбеҳлар ва миннатдорчиликлар эшитдим.
Мақола чиқиши билан бир ой ичида Ўзбекистон бўйича барча экспедицияларга тўрт ойлик маошни ва дивидендларни бериб ташлашди. Миннатдорчилигимни фейсбук ва одноклассникида статусга ёздим, ўқигандирсиз.
Демак пул бор экан. Йўқ эмас экан. 
…Янги йил байрамида октябрни берармикан, деганлар бор эди. Берилмади. Одамлар қўйини сотди, деҳқончилигини сотди. Байрамни ўтқазиб яна бир ой ортда ҳам қолди. Сизга ҳам осон бўлмагандир, рўзғорингиз бор. Нега айтмайсиз? Айтаверинг. Жа борса, бир-икки гап эшитарсиз, Муоз ал Касасбининг ҳолига солишмайди-ку.
Хоинлик, казёллик бўлади, дейсизми? Ватан тараққиёти йўлида камарбаста карьерачилар ҳар жойда тўлиб кетган даврда бир-икки хоинлар юрса юрибди-да.
Хуллас, ҳозир ишларим жойида. Ҳурматли одамларнинг шарофати билан ишга янги кирган пайтимда  қадам қўйганим шотининг (нарвон фарғоначаси) биринчи поғонасига қайтиб тушдим. Оддий халқ орасида, азамат йигитлар даврасида жавлон уриб (с) хизмат қиляпман. Асли кондиционерли хонадан зериккандим. Адирлар, далалар бошқача, айниқса, баҳорда. Кондиционер - саломатликка зарар. Узуккун ўтириб ишловчиларнинг бел қисмида қон яхши айланмайди ва қирққа бормай силденафил ичадиган бўлиб қолиш хавфи катта. Акс ҳолда... ҳа, майли..;)
Саломат бўлинг, ҳамкасбим. Сиздан бир илтимос. Шахсий блогимдан ташқари ўзбек геофизиклари блогини ҳам очганман. Кириб туринг. У-бу ёзиб берсангиз, жойлаб қўяман. Худо хоҳласа, икковини оммалаштирсам ва AdSenseни улаб пул ишлай олсам, Малибу бўлмаса-да, Спарк олиш ният бор.
Кўришгунча.

Водий. Даланинг қоқ ўртаси.

30.01.2015

Таппи тайёрлаш технологияси

  Жамиятнинг барқарор ривожланиши муқобил энергия манбаларига эҳтиёжнинг ортишини вужудга келтиради.
Муқобил энергия манбаларини излаб топиш зарурияти замона олимларининг патагига тушган қурт бўлмоқда. Омилкор халқимиз эса минг йиллар илгари муқобил ёнувчини кашф этиб бўлган ва хўжаликда мунтазам қўллаб келмоқда...... Ассалому алайкум. Бугунги сонимизда ТТТ – таппи тайёрлаш технологияси.
Таппи бу ҳозирда халқ орасида кенг тарқалган ёнувчан маҳсулот бўлиб, асосан мол ва қўй дефекацияси натижасида ҳосил бўлган массадан қўл меҳнат билан тайёрланади. Ўзи жуда яхши нарса, қишда жоннинг роҳати.. , ҳа, майли чалғимайлик, аввало таппи ясаш учун ўзингизда чорва бўлиши лозим. Айрим ҳолларда баъзилар яқин қўшнилариникидан хомашё олиб чиқиб, тайёрлашади, лекин бу унчалик мақсадга мувофиқ эмасдир, сабаби, бу кетишда у ҳам қачондир хомашёни бермай қўйиши хавфи бор. Буни ўзингиз биласиз, биз эса фақат тапписи учун ҳам мол боқаётганлар борлигини ҳам биламиз.
Гўнгнинг таснифини қиламиз.
Қўйнинг гўнги қўтонда қат-қат бўлиб тахланади, жуда бебарака, уни палахса-палахса қилиб кўчириб олиб қуритиб ёқаверасиз, аммо унга турли бадиий кўриниш бера олмайсиз – синиб кетади.
Молнинг гўнги эса, эҳ, бу қандай яхши нарса!  Мол фақатгина қуруқ нарсалар билан озиқланса, гўнги қаттиқ ва мерч бўлади. Сал қуриб қолган бўлса, сув аралаштириб ийлаш мумкин. Пластилин ҳолига келтирилиб таппи ясаш тавсия этилади.
Агар мол фақат кўк ўт ё атала истеъмол қилса унинг гўнги таппи учун жуда мувофиқдир. У ҳолвайтар даражасида суюқ бўлади, табиийки қуюқлаштириш учун кузда сотиб олган кўмирингизнинг хокасини ёки арра тўпонини (опилка) аралаштирасиз. Агар иккови ҳам бўлмаса 3-4 кун кутсангиз таркибидаги сув компонентлари ҳаво ва ерга сингиб қуюқлашиб қолади.
Таппи учун энг олий сифатли гўнг – бу спирт заводининг аталасини (барда) ичган мол гўнгидир. Спирт сўзининг ўзи сизга мазмунни англатган бўлса, таркибига тўхталиб ўтирмадик.
Айрим иш қуроллари бўлиши лозим.
Қурилиш ашёлари сотувчисидан резина қўлқопни сўрайсиз.
-          Уч ярим минг (1.75$) , намни ўтказмайди,- дейди сотувчи.
Пулни тўлаётиб, аста, "таппи қилиш учун", деб қўясиз.
-          Биламан, ака, ҳамма таппи қилиш учун олади. Сизни таппи қилмасангиз керак, деб ўйлаб бошидаёқ айтмагандим, - дейди сотувчи.
Таппи ясаш учун уйга олға!
Ҳарҳолда кетмон ва катта курак уйингизда топилишига ишончимиз комилроқ.
Қишда  2 тоннадан арзон нархда кўмир олиш ҳуқуқингиз бор. Югуриб-елиб, турнақатор, метангазқатор навбатларда ҳормай-толмай сотиб олган бўлсангиз – бу катта бойликдир. Чунки ўша кўмирнинг ярми тош бўлса ҳам, қолган ярми қип-қизил хока, яъни кўмир кукуни ҳисобланади. Баъзида орасидан бир-иккита ёнадиганлари ҳам чиқиб қолади. Каравотнинг симтўридан ўтказилган кўмир кукуни таппи билан жуда “гаплашади”. Кўмир аралаштирилган таппи қишда ўрик ўтин билан беллашади. Кўмир қўшилган таппи қишда олтиндан қиммат!
Таппининг хилма хил турлари мавжуддир.
Катта пиёладай ғумбак кўринишида ясаш кенг тарқалган. Бунинг афзаллиги ясаш осон, гувала сингари юмалатасиз – тайёр. Оғзи тор печкаларга мос келади. Аста-секин ёниб иссиқликни узоқроқ сақлаб туради.
Агар тандирга ёқмоқчи бўлсангиз унда елпиштовоқдек катта таппи ясашни маслаҳат берамиз. Чунки у патир сингари юпқа ва алангаланувчан бўлади. Офтобда тез ва яхши қурийди.
Таппининг яна бир кенг тарқалган тури тарелкадай ҳажмда, зуваласимон, ялпоқ кўринишда бўлади. Бу хил таппи ҳам печкада яхши ёнади ва 2-3 соатгача иссиқни сақлайди.
Агар гўнг ҳаддан ташқари ифлос бўлса (тавба, тозаси ҳам бўларканми) , яъни хашаклар ва чўплар аралашган бўлса, унда узунчоқ, ўтинсимон қилиб ясаш мақбулдир. Бунда чўпаклар бир даста ҳолида таппининг ичида унинг “скелети”ни ташкил қилиб, синиб кетишдан сақлайди.
Бадиий безак учун тайёр маҳсулотнинг юзига кулган, тиржайган, ғамгин смайликларни тушириш тавсия қилинади.
Таппи асосан очиқ ҳавода қуритилади. Духовка ва ASEL печларида қуритиш тавсия этилмайди.
Таппи арра тўпони (опилка) ёки шоли қипиғи тўшалган, қуёш ва шамолга ўнг бўлган жойда қуритилиши мақсадга мувофиқдир. Эсда тутиш лозимки, тўшамасиз ерда қуритилган таппига тупроқ ёпишиб қолиши хавфи бор. Шунинг учун баъзи таъби нозиклар озодаликни сақлаш учун (яна бир тавба, ифлос ахлат озода бўлганини биринчи эшитишим) целлофаннинг устида қуритишади. Лекин бунда таппи секин қурийди. Тез-тез ағдариб шамоллатиб туриш керак, акс ҳолда пўпанак босиб кўкариб кетади.
Таппи ёнганда баъзилари ўзидан ёқимсиз ҳид чиқаради. Шуниси қизиқки, баъзи тажрибали таппишунос мутахассисларнинг фикрича умуман ҳид чиқармайди.
Агар қўлқопсиз ҳолда таппи ясасангиз (шунақалар ҳам бор) унда иш пайтида сигарет чекиш ва нос каппалаш, бошда жойлашган бирор аъзони қашлаш, бурун ва тишни кавлаш, овқатланиш қатъиян ман этилади.
Гўнг димоқни ёргудай сассиқ бўлади, лекин қуриганда ҳиди қолмайди. Ёш оилалар таппи ясаб бўлгач Palmolive, Dove, Duru, Fax, Camay, Savay совунлари билан қўлни ювиб, салфетка билан артишлари лозим, ўрта яшарлар ўзлари билишади.
  Келгуси учрашувларимизда электрни иқтисод қилиш учун учун монтаж ва счетчикни ўзгартириш бўйича маслаҳатлар берамиз.

Барчага хонадони қишда ҳамиша иссиқ бўлишини тилаб таппишунослик бўйича умидли тадқиқотчи, нефтгаз қидириш бўйича мутахассис Ш. Исломов

03.11.2014

Камола эртак тинглайди

                                                                               (блоггерлар танловининг 4-босқичи учун ёзилган)

-Дадажон, эйтак айтиб бейинг.
-Камошхон, мен чарчаганман, ухлагин.
-Дадажон, би-иттагина.
- Қайси бирини айтай, эчки болалариними?
-Ҳа, ўшанисини.
-Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим-қадим замонда бир эчки болалари билан қалин ўрмонда яшаган экан. У эрталаб ишга чиқиб кетишдан олдин айтибди: Болаларим, мен қайтсам, эшикнинг тирқишидан туёғимни кўрсатаман, ўшандагина эшикни очинглар. Чунки кўчада электрга пул йиғадиганлар юрибди, уларга очманглар, деркан.
- Ҳа-ҳа-ҳа, унақамас, унақамас!. – Қийқириб кулади. – Бошқача, бошқача..
-Бошқасини айтайми?
-Ҳа.
-Қайсини?
-Бўғийсоқни.
-Қадим замонда чол билан кампир яшаган экан. Улар жуда камбағал эканлар, бир куни егани ҳеч нарсалари қолмабди. Шунда кампир супрани қирибдида, шу озгина ундан кичкина бўғирсоқ ясабди. Бўғирсоқ катта бўлибди, кейин эса ота-онасига “мен Россияга кетаман”, дебди-да, деразадан сакраб тушиб пилдираб қочиб кетибди. Юмалаб-юмалаб кетаётса, йўлидан каттакон бўри чиқиб қолибди. Бўри бўғирсоққа қараб: “так, документизи кўрайликчи, лицензияйиз борми?” – дебди...
- Бўлди-е, дада, бошқасини айтинг.
- “Олтин балиқ”ни айтайми?
- Ҳа, ҳа.
- Денгиз бўйидаги уйчада яна бир чол билан кампир яшаган экан. Чол ҳар куни тўр билан балиқ ушлагани денгизга бораркан.
- Дада, чол нимага ҳадеб балиқ ушлайвераркан?
- Чунки чол билан кампир пенсиясини ўз вақтида ололмас экан-да, қизим. Шундай қилиб, чол бир куни денгизга тўр солса, унга олтин балиқ илинибди.
- Олтин балиқ қанақа бўлади?
- Олтин балиқ кичкинагина, усти шоколаднинг қоғозига ўхшаган ялтироқ бўлади. Бошида кичкина тожи ҳам бор экан. У гапиришни биларкан. Чолга қараб “отахон, мени қўйиб юборинг, нима тилагингиз бўлса, ҳал қилиб бераман”, деб ялинибди. Шунда чол “Олтин балиқ, Худога шукур, ҳеч камимиз йўқ, жуда яхши яшайман. Фақат охирги пайтда газнинг давленияси пасайиб, ахийри, ёнмай қолди. Мабодо, ўрмонда яшайдиган чол-кампир бўлганимда ўтин ёқаверган бўлардим, лекин денгиз бўйида яшайман, ўтиним йўқ. Имконинг бўлса газнинг давленасини кўтариб бер”, дебди. Шунда олтин балиқ чолга қараб “Э, отахон, тинч яшаётганингизга шукур қилмайсизми. Денгизда ҳар куни бўрон бўлиб тургани йўқ-ку. Газ йўқ бўлса, нима қилибди, бошқалар яшаяпти-ку. Сиздай ёши улуғ отахонлар нуқул нолийвермасдан, ёшларга насиҳат қилиши керак. Арра тўпон ёқинг, жа бўлмаса, ҳадемай баҳор келиб қолади”, дебди-да, шалоп этиб денгизга тушиб сузиб кетибди...
     Илҳом билан эртак айтаётиб қизчам ухлаб қолганини сезаман. Ҳаммаёқ жимжит. Соат ҳам ўн бир бўпти, печкага кўмир соламан. Ухлаш керак, ухлаш.....

20.05.2013

Фойдали маслаҳатлар

Баъзан сизда ҳам бўладими шунақа ҳолат: гўёки айнан бир воқеа аввал ҳам бошингиздан ўтгандай туюлади. Масалан, ошхонада газни ўчирдингиз, шу пайт бурчакдан сичқон югуриб ўтди ва айнан ҳозир қўшнининг боласи гугурт сўраб чиқади. Шунақа ҳолатда энди нима   рўй беришини  элас-элас тахмин қилиб турасиз ва ... тўғри чиқади.  Тағин мени экстремист, э, йўғе, экстрасенс деб ўйламанг. Кўпчилик қатори ойликни ойликка учма-уч тақаб етказиб юрувчи оддий олий маълумотли мутахассисман холос.
Эрталаб нонушта пайтида аям гапириб қолди:
-          Лимон олиб келгин. Давлениям ошяпти.
Демак биттамас икки-учта лимон. Кейин хотиним:
-          Тухум олиб келиш эсингиздан чиқмасин. Бу жуда тухумга ўч бўлган, -  деб тўрт яшар ўғлимни кўрсатди. – Қизчамизга бўлса сут.
Ҳа айтгандек бир яшар қизчамиз бор. Уч тўртта сўзни айта олади. Пастда иккита,  юқорида тўрттагина тишчаси бор. Ҳамма дастурхонга “омин” қилса, у ҳам қўлини юзига суртади. Ҳамма кулганда, ҳеч нарсага тушунмаса хам қийқириб кулади.
Ишга жўнадим. Ойликкача бир ҳафта бор. Битта ўртачароқ лимонни иккита ноннинг пулига беради. Агар ишхонада “обед” қилмасам тежалган пулга учта лимон ва иккита тухум олишим мумкин.. Лекин сутга пул қолмайди. Хўш, агар сут олсам-чи. Унда аям билан ўғлимга ҳеч нарса ололмайман. Битта лимон, иккита тухуму яна озгина сут... бачкана бозорлик. Лимонни-ку доналаб сотади, тухумниям икки дона олармиз, аммо сутни банкага қуйиб оламанми ё баклажкагами? Озгина нарсани-я.
Шунақа ўйлар билан кунни кеч қилдим. Обед пулини навбатдаги йиғди-йиғдига тўлаб юбордик. Уйга қайтяпман автобусда, хаёлимда лимон, тухум, сут. Ие, анави дискнинг устига лимон расми туширирлган экан-да. Қаёққа қарасам МТС рекламасида оппоқ каттагина тухумнинг расми. Кўчада уй оқлаётган бўёқчилар пақиридаги суюқлик худди қаймоғи олинмаган қуюққина сутга ўхшайди.... Лимон ҳмм, сариқ бўлади, тухум билан сут оқ... биттаси ўсимлик маҳсулоти, иккитаси ҳайвон маҳсулоти... Шулар менга керак...
Уйга ҳалиги нарсалар ўрнига “эртага” деган ваъдани кўтариб бордим. Кутишади-да энди сал кейинроқ бўлади. Мени ўқитган, қуруқ арзимас ойликли ишхонага жойлаган дадам ва аямнинг ўзлари ахир. Хотинимда ҳам айб бор. Биров бировни “илоё кунинг ойликнинг ўзига қолсин”, деб қарғайдиган пайтда шу қарғишга нишон бўлган – менга тегиб нима бор эди... Аммо барибир лимон, тухум ва сут сотиб олганимда зўр иш бўларди-да...
Шу ўйлар билан уйқуга ётдим. Аммо барибир хаёлда...
Эрталаб, биласиз, телевизорда “саломалайкум” деган нарса кўрсатилади. Биз ҳар куни эрталаб нонушта пайти шуни оилавий кўриб ўтирамиз. Қўшиқлар, янгиликлар, турли қизиқарли маълумотлар берилади. Аввал ваҳимали ҳабарлар эшиттирилгандан сўнг бир чиройли қиз чиройли машинанинг рулида ўтирганча шу машина тўғрисида гапирди. Талабалар ўқишга шу машинада боришни афзал кўришаркан. Вақтни тежаркан, бу тежалган вақтни кутубхонада илм олишга сарфлаш мумкин экан. Ундан сўнг эса маслаҳатлар саҳифаси бошланиб  экранда дўмбоққина бека намоён бўлди. Қўлида қийматахта ва лимо-он, ўҳ ана.
-          Азиз уй бекалари. Биз ҳозир сизларга сабзавот ва гўшт тўғраш тахтачасини тозалашнинг осон усулини ўргатамиз. Маълумки унда маҳсулотни тўғраганингизда қолдиғи қолади ва уни кетказиш осон иш эмас. Ундан нохуш ҳид келиши ҳам мумкин.
Мен шу пайт қўшнимизнинг бепарвороқ бир келинини эсладим. Тахтачасини кўриб, икки кун илгари қанақа овқат қилганини аниқласа бўлар эди.Экрандаги бека бўлса лимонни шарт кесиб иккига бўлди.
-          Сиз бунинг учун бир дона лимонни кесасиз-да, шу билан тахтачани тозалайсиз, - деб тахтачага ишқаб кетди-я.
Эссиз лимон, дедим.
Шунда хаёлимга ярқ этиб ҳозир тухум билан сутни кўрсатмасмикан, деган  фикр келди.
-          Мана тахтачамиз ярқираб турибди,- дея экранга тиқиштирди тахтачани. Энди иккинчи маслахатга навбат.
-          Туфлингиз кир бўлиб қолдими? У аввалги жилосини йўқотдими? Қанча тозаламанг илгаригидек ялтирамаётирми? Ғам еманг, ҳозир пойафзалингизни тозалашнинг ўзига хос йўлини ўргатамиз.
Шунда экранда тухум ва сут кўринди.
Эҳ, ана айтмадимми!..
-          Энг аввало битта тухум оласиз, уни чақиб сут билан аралаштирасиз. Ҳосил бўлган аралашмага тоза салфеткани теккизиб шу ёрдамида пойафзални тозалайсиз.
Энди билдингизми?
-          Қарабсизки, у аввалги жилосини тиклаб, яна янгидай бўлади-қолади...
Нонни чой билан еб ўтирган дадам менинг ўйларимни сезиб ўтирибди шекилли:
-          Қўявер ўғлим, бу телевизорни сотиб юбориш керакка ўхшайди,-деди. –Нуқул қаёқдаги маслаҳатларни беради.
-          Ҳақиқатдан ҳам,- дедим мен. – Тўғри айтдингиз дада, телевизор яхши ишламаяпти. Кеча об-ҳавониям нотўғри айтди.
Шунда ҳаммамиз бирданига кулиб юбордик. Айниқса қизчам ҳеч балони тушунмаса ҳам олтита тишчасини кўрсатиб маза қилиб кулди.
2011 йил, август