31.07.2020

Ўзбекистондаги хитойлар билан


Дастлабки таассурот
Хитойликлар билан ярим йилча ишладим. Уларни тиришқоқ ва меҳнаткаш, хушчақчақ ва бироз муғомбир одамлар сифатида билдим.
 “Р”ни “Л”, “Т”ни “Д” деб талаффуз қилади, ундошлар кетма-кет келса, орасига унли қўшиб айтади,  “работа”ни “лобода”, “топограф”ни “добогылаф”, “каптива”ни “кабыдива” дейди. Ёшига нисбатан 8-10 йилга кичик кўринади. Деярли ҳаммасининг сочи тиканак.
Жуда вақтли уйғонади, кўп ухламайди. Инглизчани билади, аммо тушунарсиз талаффузи сабабли англаш жуда қийин. 5-6 йилдан бери ишлаётганлари русчани ўрганиб олибди. Бўш қолгани дарҳол “Хитойча-русча сўзлашгич”ни қўлига олади. Чунки уларда тил ўрганиш рағбатлантирилади, қанча кўп тил билса, маошига фоиз қўшилади. Баъзилари ўзбекча саломлаша олади, аммо тили энди чиқаётган бола каби эшитилади: асиоломалаекум.
Ичкиликни яхши кўрса-да, маст бўлиб тўполон қилганини кўрмадим. Ўзбекча айтганда “кўтаради”. Аёллар масаласида ўзини қаттиқ тийиб юради. Ўзбекистонда ишловчи россияликлар ўйнаш орттириши, фоҳишаларга бориши, эронилар вақтинча никоҳланиб олиши мумкин, аммо хитойларда бунақасини кўрмайсиз.
Овқатлари аччиқ. Суюқ овқат, суякли гўшт, йогуртгача қўшчўп ёрдамида жуда тез ейди. Овқатланишга атиги 5 дақиқа вақт сарфлайди, мева-чевани тик туриб еб қўяқолади. Бир куни электр ўчиб қолди. Бунақа вақтда ўзбек телефони чироғини дастурхонга тутиб бамайлихотир тановулни давом эттиради. Аммо хитойлар қоронғуда овқатланишга ўрганмаган экан. Ташқарига чиқиб симёғочнинг нури остида тик турганча овқатлана бошлади.
Овқат вақтида телевизорда фақат Хитой каналини кўради. Хитой телевиденияси ўзимизникидан қолишмас экан: зерикарли тарихий кўрсатувлар, креслога ўтирволиб суҳбат қуриш, мажлислар, концертлар... Си Жинпиннинг ҳар бир қадамини, сафарга кетиши ва қайтишини, фуқаролар билан учрашувини, турли иншоотларга ташриф буюриб йўл-йўриқ кўрсатишларини, аҳолиси унга пешвоз чиқишини тинмай кўрсатади. Мамлакатнинг 70 йиллиги нишонланди, телевизор бир ой концерту тантанадан бўшамади. Номига бўлса-да, инглизча кўрсатувига кўзим тушмади. Аммо тил билмасангиз ҳам хориж хабарларида тарафкашлик ва бирёқламалик сезилиб туради: Америка, ғарб ва Туркия танқид қилинаётганини, Россия, Сурия ва Эрон ҳақида эса ижобий тасаввур бераётганини тез пайқайсиз.
Хитойларнинг ҳар бир икир-чикирни кўздан қочирмай қаттиқ ишлаши, тиришқоқлиги немисларга ўхшайди. Бироқ Ўзбекистонда қонун эмас, таниш-билиш ҳал қилишига улар дарҳол мослашиб олган ва бу жиҳатдан ўзбекларга ўхшайди. “Дастурхон дипломатияси”ни, керак бўлса, биздан ҳам ўтказиб юборади. Эҳтимол, Хитойнинг ўзида ҳам шунақадир, бекорга коррупциялашган давлат ҳисобланмайди-ку. Аммо зеҳниятидаги бу камчиликни меҳнаткашлиги билан ёпиб тараққиётга эришгани эътиборга лойиқ.
Хитойлар бошқарув вертикалига қаттиқ амал қилади, бошлиғи ўл деса ўлади, тирил деса тирилади. Бир куни эртадан кечгача тайёрланди. Хизматчиларнинг қўли-қўлига тегмади. Ҳаммаёқ тозаланди, сўйилган бутун қўй келтириб, сергўшт овқатлар пиширилди. Катта бозорлик қилиб келди. Билсам, компаниянинг бош менежери келаркан. Хитойчилик ҳам ўзбекчилик каби экан деб турсам, хушомадгўйликда биздан ўтиб тушаркан. Дарвоза олдига ўнтача хитойлик ходим текис саф тортди. Менежер деганлари бўйи бир ярим метрли юмалоққина киши “Прадо”дан тушар-тушмас саф тортганлар қаттиқ қарсак чалди. Шу бўйи қуюқ базм бўлди. Яшавор, лаганбардорлар. Аммо бой давлат фуқароларига лаганбардорлик ҳам ярашаверишига нима дейсиз?
Бир куни Хитой телевидениясида 40-50-йиллар манзарасини кўрсатди: оқ-қора тасвирлар, узун кўйлак ва зарли камзул кийган, пешонабоғ таққан қизлар рақс тушяпти, чопон-дўппидаги эркаклар қарсак чалиб куйлаяпти, тахта бортли юк машиналар тутқатор оралаб дала йўлида юрибди. Худди “Мафтунингман” киносидаги тасвирлар дейсиз. “Итс жаст узбекс” деб ўрнимдан туриб кетдим, бир хитой “уйгур” деб изоҳлади. Уйғурлар ўзбекларга шунчалик ўхшашлигидан ҳайратдаман.
Уйғурлар муаммоси Хитой телевидениесида кўрсатилмайди, оддий одамлари мутлақо бехабар. Аммо Хитой маданиятига сингишиб кетган уйғурлар ҳам бор экан. Бир куни хитойлардан бири мусиқа каналида хитойча куйлаётган қисиқкўз бир қўшиқчини кўрсатиб ўз тилида алланималар деди. Аввалига эътибор қилмадим, кейин билсам, менга қарата “қўшиқ айтаётган одам уйғур” деётган экан.
Маош ва маданият
Бир куни уларнинг биттаси билан билан анчагина гаплашдим, Хитой, унинг маданияти, сиёсати ҳақида ўзимни қизиқтирган саволларни бердим. Айрим жавоблари мени ҳайрон қолдирди, қарашларимга соя солди. Айтиб ўтишим керакки, суҳбатдошим олий маълумотли, ўрта поғонага мансуб раҳбарлардан, ёши қирқдан ошган. Рус-инглиз тилида аралаш суҳбатлашдик. Бир бошдан баён қиламан.
-                Русчани қаердан ўргангансиз?
-                Ўзбекистонга келиб ўрганганман. Ҳозир русчада (кўзини юмиб клавиатура тергандай ҳаракат қилди) мана бундоқ ҳам ёза оламан.
-                Сизларнинг компаниянгиз давлатникими ёки хусусийми?
-                Давлатники.
-                Қанча маош беради?
-                Ҳар хил олади. Масалан ёш мутахассислар 800-1000 олади (долларда).
-                Ўзингиз-чи? Хитойда қанча оласиз, бу ерда қанча?
-                Хитойда офисда 1500-2000. Айрим компаниялар ундан ҳам кўп тўлайди. 3-4 минг оладиганлар бор. Аммо дала шароитида ишласангиз яхши тўлайди. Шунинг учун ишлаймиз.
-                Чет элда ҳам нефт-газ қидирганмисизлар?
-                Албатта. Ўндан ортиқ давлатда ишлаганмиз. Араб давлатларида, Африкада, Покистонда бўлдик. Покистонда 5-6 минг долларгача маош олдик, чунки у жойлар хатарли. Ҳарбийлар кузатувида юрдик.
-                Компаниянгиз кўп жойларда ишлаганми?
-                Ҳозир дунёнинг 50та давлатида икки юздан ортиқ лойиҳалари ишлаб турибди.
-                Нимага уйғурларни жуда кўп қамашяпти?
-                Биласизми, у ерда террорчилар бор. Одамларни сўйиб ташлаган. Давлат террорчиларни ҳибс қиляпти, яхши одамлар эркин юрибди. Уруш ҳеч кимга керак эмас, Хитой тинчликпарвар давлат.
-                Гонгконгда қачондан бери намойишлар бўляпти, гонгконгликларни қамамаяптику.
-                Гонгконг – алоҳида давлат, уларнинг ички ишига аралашиб бўлмайди. Синзян эса Хитойнинг ичида.
У Хитойда яшаш жуда қимматлигини, иккита фарзандини ўқитиш харажатлари ниҳоятда юқорилигини, одамлар уй сотиб олиш учун умр бўйи ишлаб кредит тўлашини гапириб берди. Қайнона-қайнотаси билан бирга яшаркан, чунки ўзининг ота-онаси, қайнона-қайнотасининг эса бошқа фарзандлари йўқ экан. Уйининг расмини кўрсатди. Икки қаватли коттежсимон уй, панжарали девор ўралган ҳовлича бузоқнинг тилидек энсиз ва тор. Аммо иморат бежирим, ичкарисида ҳамма шароит бор, худди меҳмонхоналарга ўхшайди.
У билан Хитой раислари ҳақида ҳам гаплашдик. Си Жинпинни русчада улар президент ёки началник, деб тилга олади. Маълумки, Хитой давлатининг ўзи дунё ичидаги алоҳида дунё. Бизга яхлит монолитдек сезиладиган бу давлат ичида ҳам турли тоифалар, элатлар бор. Суҳбатдошим Ли буни тасдиқлаб, хитойликларнинг интеллектини ҳудудий фарқлаб берди. Энг ақлли хитойлар жанубда яшовчилар, шунинг учун барча “началник”лари жанубликлар экан. Шимол ва шарқдагилар ўртача, энг нофаол одамлар ва қолоқ минтақа ғарбий Хитойда экан.
Мен унинг Мао Цзедун ҳақида ҳам фикрини сўрадим. У ёки “камолотчи” ёки сир бой беришни истамайдиган одам – Мао ҳақида бирор нохуш гап айтмади. Аксинча, “началник”ларга жуда қийинлигини, улардан кўп нарса талаб қилиш эмас, уларга ёрдам бериш кераклигини, одамлар меҳнаткаш бўлса, мамлакат ривожланишини айтди. Шунда Маонинг нотўғри сиёсати сабабли миллионлаб фуқаролари ўлганлигини айтдим, бироқ бу гапларим унда таажжуб уйғотмади ва Маога нисбатан беҳурмат гап чиқишига сабаб бўлмади.
Суҳбатдошим Ли Ўзбекистонда кўп йиллар ишлаганлиги боис вилоятларимиз одамларининг характеридаги ўзига хосликларни ҳам фарқлаб олибди. Бухороликлар тадбиркор, водийликлар меҳнаткаш, тошкентликлар жуда културний, деди. Орол денгизи тарафдагилар кўп ичишади, уларни ишлатсак, алкотестер керак, Фарғона, Наманганда эса алкотестер умуман керак эмас, деб кулади.
У билан суҳбатимиз конкрет мавзуларда бўлганлиги сабабли айрим ишонувчанларни кўпроқ қизиқтирадиган “хитойлар ҳомилани ейдими?”, “одам гўштини пештахтага илиб қўйишадими?” қабилидаги саволларни бериш бутунлай ноўрин эди. Гўёки, бу саволларни берсам, у менинг даражамдан куладигандек. Чунки унинг хатти-ҳаракатлари ва ўзини тутиши бунақа саволга ўрин қолдирмаганди.
Бошқа компанияларда хитойлар билан ишлайдиган танишларим уларни жуда маданиятсиз дея таърифлади. Эҳтимол. Бир халқнинг орасида ҳар хил тоифа одам учраши мумкин. Хусусан, дунёдаги энг кўп сонли халқнинг ичида. Аммо мен таниган хитойлардан ўрганса арзийдиган жиҳатлар бор эди. Хитойларнинг тиришқоқлиги, прагматизми, тажовузкор эмаслиги, омилкорлиги, синчковлигининг гувоҳи бўлганлар бу чумолидай меҳнаткаш, қўйдек ювош одамчаларни ёмон кўра олмайди. Оқлари корейс ва японга, қорачалари ўзимизнинг қозоқ ва қирғизларга ўхшовчи бу бир ярим метрли одамлар агар маҳаллий аҳолини ишлатса, ҳақини беради ва алдамайди. Кимгадир ёлланиб ишласа, сидқидилдан ишини адо этади.
Маҳаллий база ҳудудини тозаловчи фаррош қизларга хитойлар 1,5-2 млндан (150-210$) маош тўлагани учун улар эртадан кечгача куймаланиб юришарди. Чунки хитойлар келишидан олдин маҳаллий иш берувчи бор-йўғи 500 минг сўм иш ҳақи тўларди. Ишчилар лойиҳа тугашидан ва уларга катта маош бераётган хитойлар кетиб қолишидан ташвишланарди. Озиқ-овқат, иш кийими ва ётоқ иш берувчи ҳисобидан. Аммо, хитойлар яхши тўлаганига яраша қаттиқ ишлатади. Ўзбекистондаги каби меҳнат имтиёзлари, ҳафтада 1-2 кун дам олиш, 8 соатлик иш вақти, “оғайнилар билан гап”ни эсдан чиқариш керак. Шунга қарамай, хитой компаниялари олдида ишга кирувчилар ҳамиша сероб бўлади. Чунки чекка ҳудудларда малакасиз оддий ишчига 2-3 млн сўмлик (210-310$) маош тўлайдиган ҳотамтой йўқ ҳисоб.
Таъкидлаб ўтаманки, бу мен кўрганларим. Бошқа ерда бошқача бўлиши мумкин.
Хитой ва ўзбек: фарқ ва ўхшашлик
Хўш, хитойларни ишлаб чарчатмайдиган мотивация нима? Менимча, улар кўз ўнгида давлати тараққий этаётганидан, ишлаб натижасини кўриши мумкинлигидан руҳланади. Яхши ўқисам, тиришиб ишласам роҳатини кўраман, деб ҳисоблайди. Шу боис бўлса керак, сиёсатга қизиқмайди, тизимнинг қаттиққўллигига кўзини юмади, фикри зикри яхши яшаш. 60-йилларда Хитойда миллионлаб одамни олиб кетган очлик, маданий инқилоб қурбонларини ўз кўзи билан кўрган ота боласини яхшироқ шароитда ўстиришга интилиши табиий. Набираси эса янада яхшироқ таълим олади ва яшайди. Асрлар бўйи оддий фуқаронинг илигини қуритган очлик муаммоси аллақачон ҳал этилган. Сун бобо тепкили мосламада зовурдан сув тортиб шоли етиштирган бўлса, Сун Чжан фабрикада ишлайди. Чжан Ван эса программист! Борган сари ҳаёт яхшиланаётганлигини кўришдан каттароқ мотивация бўлиши мумкинми? Улар ҳукумати тўғри йўлда кетаётганлигига шубҳа қилмайди.
Ўрни келганда айтиш керакки, бизда бундай эмас. Пулининг ҳидидан ухлай олмайдиган қатламнинг боласи “пулга сотилмайдиган нарса йўқ” ақидасида улғаяди. Қуйи қатламнинг фарзанди эса “гугурт бир тийин бўлган дориломон замонлар” ҳақида катталардан эшитиб ўсган. Энг яхши мураббий тарихдир, энг яхши мотивация ўрнакдир.
Ўзбекистон ҳақида сўз борганда кўпчилик консерваторча урф-одатларимиз, таниш-билишчилигимиз, маросимбозлигимиз, ошхўрлигимизни тараққий этишга тўсиқ дея, пессимистик хулосалар тақдим этади. Аммо мен ҳозирги ҳолатимизда ҳам дунё рақобат бозорига чиқишимиз ва тўкис яшашимиз мумкин, деб ҳисоблайман. Бунинг учун дунёда етакчи миллатлардан билимдонлик, ишбилармонлик, тиришқоқлик, пухталик сингари хусусиятларни “юқтирсак” бўлди. Ишни қойиллатиб қўйганингиздан сўнг, озгина “ўзбекчилик” бўлса, нима қилибди? Ўйланг: қойилмақом рус инженерини ишлатсак, ичкиликбозлигига кўз юмамиз; ҳиндга программа туздирганимизда унинг неча марта ювинишини сўрамаймиз; корейслар билан ҳамкорлик қилганда уларнинг итхўрлиги бизга умуман аҳамиятсиз. Шундай экан, биз ўзбекларда ҳам айрим камчиликлар бўлиши табиий, фақат дунё бозорида буюртмачи-ижрочи муносабатини сидқидилдан адо этишимиз лозим холос.
Қайсидир маънода ўзбеклар билан хитойлар ўхшаш. Улар россияликлар каби бизга юқоридан қарамайди, итоаткор ва сертакаллуф. Бироқ барибир Хитой давлатига яқинлашишга қаршиман. Аслида Хитой давлати куч-қувватга тўлиб кичик давлатлар учун тобора хавфли бўлиб бораётгани ҳақида кўп ёзишяпти. Мен ижтимоий-иқтисодий оқибатларига тўхталмоқчиман. Биласизми, улар шу юмшоқлиги билан ҳам хатарли. Улар сизга “катта оға”нинг кибри билан “чойдан қуй”, демайди, аксинча, чойни ўзи қуйиб тавозе билан узатади. Фақат иккинчи пиёлани ўзиникига узатади, кейин чойнак ҳам пиёла ҳам унга ўтиб кетади, пиёлани бўшатмасингиздан ўзингизни хитойлар қуршовида кўрасиз. Агар давлатимиз Хитойга яқинлашишда давом этса, йирик тармоқларнинг бари хитойларга ўтиб кетади. Ўтган асрдаги Малайзиядаги малайларнинг ҳолатига тушамиз. Гап, нафақат Хитойнинг иқтисодий қудратида, балки хитойларнинг туғма ишбилармонлигида. Агар маркетингда пихини ёрган хитойлар бозоримизни эгалласа, бармоғининг учида ўйнатиши мумкин. Ҳа, улар замонга мослаша олди, кирган жойидан фойда билан чиқишни ўрганди. Бунга жуда қисқа вақтда эришди. 30 йил аввал жон бошига ЯИМ бўйича биздан орқада эди, ҳозир қарийб уч баравар олдинлаб кетган. Биз анчагина кеч қолдик. Давлатимиз ҳам, одамларимиз ҳам. Келинг, мақоламни позитив руҳда тамомлай. Аммо ҳали барчаси қўлдан кетгани йўқ. Фақат билим, тиришқоқлик, ишбилармонлик бизни қутқаради.
2020 йилнинг июл ойи

07.06.2020

Чўнтаксиз кийим


-          Салом, ошна! Йўл бўлсин?
-          Салом. Ишга кетяпман. Янги фаолият бошладим. -
-          Машинанг қани.
-          Машинадан кечдим. Ахир, ичидан қурол топиб олишлари мумкин.
-          Нега пана-пастқам йўлларда аланглаб кетяпсан?
-          Шаллақи аёллар осилиб жанжал бошлаши, кейин мени айбдор қилиб ичкарига олишмаслиги учун яширинча юрибман.
-          Уйингдан келяпсанми?
-          Уйдан ҳам чиқиб кетганман. Ахир, уйимдан тақиқланган адабиёт топиб жавобгарликка тортишса, нима бўлади?
-          Сенга уйсиз қийин бўпти-ку. Ўғлингга айт, менинг олдимга келсин, сенга озроқ маблағ бериб юбораман.
-          Оила, бола-чақани ташлаб кетдим. Мени деб уларни ўқишдан, ишдан қувишларини истамайман.
-          Бўлмаса, телефонингни бер, ўзим олиб ўтаман.
-          Телефонсиз юрибман, локациямни кузата олмасликлари учун.
-          Эҳ, сен-эй. Ахир, қандай қилиб бунақа юрасан? Уйинг йўқ, бола-чақангдан узоқда, бир аҳволдасан. Мана бу пулни олиб ўзингга ишлатарсан, қани чўнтакни оч-чи. Ие, чўнтагинг қани? Битта ҳам чўнтагинг йўқ-ку.
-          Чўнтагимдан наркотик топиб олишлари мумкин, ахир. Шунинг учун узиб ташладим.
-          Параноикмисан? Қандай фаолият бошладинг ўзи?
-          Сиёсат, оғайни, сиёсат билан шуғулланяпман. Мухолиф партия тузмоқчиман.

2020 йилнинг 1 майи

31.05.2020

Ювал Ҳарарининг китобига тақриз

Тарих бу ўтмиш воқеаларининг кетма-кетлиги ҳамда уларнинг ўзаро боғлиқлигини, ривожланиш қонуниятларини ўрганувчи фандир. Ривожланган давлатлар дарсликларида бу боғлиқликлар ўқувчиларга ўтилади. Аммо бизнинг тарих китобимиз қуйидагича (кўпчиликка тушунарли бўлиши учун, асосан “Ўзбекистон тарихи”ни назарда тутяпман) эрамиздан аввал: Тўмарис, Широқ, юнонлар истилоси, Спитамен; эрамиздан кейин: турк ҳоқонлиги, араблар келиши, Беруний, Ибн Сино каби олимлар, сўнг мўғуллар босқини, Амир Темур давлати, кейин Темурийлар ва Шайбонийлар зиддияти, хонликлар, шу билан руслар истилосига ўтиб кетамиз. Бу воқеалар ва шахслар фаолиятининг бугунги кунимизга таъсири ҳақида нечтамиз биламиз? Масалан, мен деярли билмайман, аммо билгим келади. Аниқроғи, биз тарихни воқеалар ва саналар шаклида биламиз, уларнинг ривожланиш қонунияти, ўзаро боғлиқлиги ва бугунимизга таъсирини билмаймиз ва билишга уринмаймиз. Келинг, саволлар қўяйлик: бармоқларимиз сони саккизта бўлганда бугун саккизлик саноқ тизимини қўллаётган бўлармидик? Туркистон Мухторияти сақланиб қолганда бугун қандай давлатда яшаётган бўлардик? Шайбонийзодалар шиалар билан урушмаганда бугун эътиқодда шиа бўлармидик? Чор Россияси ва советлар ўлкамизни пахтага эмас заъфарон етиштиришга йўналтирганда саноат ва инфраструктурамиз қандай ҳолатда бўларди? Шунга ўхшаш саволлар. Фактларни тўплаш, уларни тизимлаштириш ва сабаб-оқибат тарозисида ўлчаш ҳамда қонуниятларини аниқлаш бу фаннинг хусусиятидир.

Юқорида келтирганларим “Инсониятнинг қисқача тарихи” китобининг аҳамиятини таништириш учун киришсўз эди. Аввалдан айтиб қўяй: бу китобни ҳали тўлиқ ўқиб чиқмаганман. Русча таништирув версиясини  юклаб олиб, ўқиганимга 1 йилча бўлди.

Китоб инсон авлодининг пайдо бўлиши, жамоаларга тўпланиб яшай бошлаши, ўзаро муносабатлар, когнитив инқилоб (яъни инсон билимининг ошиб маълум босқичга етиши ва бунинг воситасида жамиятни ўзгартириши), аграр инқилоб (одамзот экин етиштиришни ўрганиб ўзини таъминлай олгани), ўзаро хабарлашув имконияти туфайли бирлашиб яшашга интилиши, илмий инқилоб, капитализм ва бошқа масалаларга тўхталади. Ва бу жараёндаги бирламчи сабабларни шарҳлашга уринади. Ҳарарининг уқтиришича, инсон жамики мавжудотлар ҳукмдорига айланишига унинг ўзаро ахборот алмаша олиш ва бирлаша олиш қобилияти сабаб бўлди (шу қобилият бошқа мавжудотда бўлганда ҳозир ер юзининг ҳукмдори у бўларди). Ҳарари дейдики, инсонлар бирлашган барча ижтимоий тузилмалар хоҳ компания, хоҳ давлат, хоҳ дин, хоҳ сиёсий партия – барчаси хаёлот маҳсулига (русчада “миф” ва “вымысел”, яъни “тўқима”, “уйдирма”, “эртак” маъносида таржима қилинган. Мен айни сўзни “хаёлот маҳсули” деб олдим, чунки бу ерда айнан миф-эртак сўзи тушмайди, маъно кўпроқ “ғоя”, “ақида” сўзига тортади, назаримда. Шундай бўлса-да, динни хаёлот маҳсули деб аташ исломий ақидамизга зидлигини эслатиб ўтаман, эътибор бериш керак нуқталаридан бири шудир) ишониш оқибатида юзага келади.

Китоб гарчи илмий бўлса-да, содда услубда ёзилган. Ҳатто, рус ёки инглиз тилини янги ўрганган ўқувчи ҳам қийналмасдан тушунади. Муаллиф муайян воқеликни равшанроқ тушунтириш учун бадиийликка яқин тасвирлардан фойдаланади, сарлавҳаларни қизиқарли танлайди: “Одам ва Ҳавонинг бир куни”, “Пежо афсонаси, “Руҳлар билан мулоқот”, “Урушми тинчлик?” ва ҳоказо.

Марксизмдан маълумки, Карл Маркс кишилик жамиятини бешта ижтимоий-иқтисодий формацияга бўлади. Бундай таснифга у иқтисодчи сифатида ишлаб чиқариш воситаларига эгалик нуқтаи назаридан ёндашади. Ҳарари “ақл-идрокли одам” (Хомо Сапиенс) тарихини тўрт даврга бўлади: когнитив инқилоб (тахминан эрамиздан аввалги 70-12 минг  йиллар оралиғи, бу даврда одамзод тасаввури ривожланиб ақлини таниган), қишлоқ хўжалиги инқилоби (тахминан эр.ав 12 асрдан то эрамизгача, бу даврда қишлоқ хўжалиги ривожланди), инсониятнинг сиёсий ташкилот ва империяларга бирлашуви (тахминан эрамиздан то 1500 йилларгача) ва илмий инқилоб даври (1500 йилдан ҳозиргача илм-фан тараққий топиш даври). Ҳарари инсоният тарихини бўлакларга ажратишда иқтисод эмас, табиий фанлар, хусусан биология нуқтаи назаридан ёндашади, яъни одамни бир биологик тур деб қарайди.

Ҳарари ўзаро бир-бирини таниб муносабат ўрнатиб гуруҳлана оладиган одамлар сони узоғи билан 150 нафарга яқин дейди. Гуруҳда одамлар сони 150 нафардан ортса бошқариш мураккаблашади, етакчи уларни адаштира бошлайди. Хўш, шундай экан, одамлар минг, млн кишилик бирлашмаларга қандай уюшади. Чунки уларни ўзаро бир “хаёлот маҳсули”га ишонч бирлаштиради, дейди у. Бир-бирини мутлақо танимайдиган икки серб ўзаро гаплашиб кетиши мумкин, чунки улар серб халқи, серб мамлакати ва байроғи борлигига шубҳа қилмайди. Гуглнинг икки ходими таниш бўлмаса-да, биргаликда самарали ишлайди, чунки улар Гугл номли компания борлигига, унинг акциялари ва пуллари мавжудлигига ишонади. Кўриб турганингиздек, барчасини одамзот ўйлаб топган хаёлот маҳсулига ишонч бирлаштиради.

Китобда назарияларга кўп эрк берилгани учун ишончсиз туюлувчи жойлари ҳам учрайди. Муаллиф баъзан ўзидан аввалги олимларнинг фикрларига “барчаси эртак” деб беписанд ёндашади. Айниқса инсоннинг одамсимон маймундан келиб чиқиши даъвоси инсоният Одам Атодан тарқаган деб ишонувчиларга ёқмаслиги табиий. Аммо мусулмон олимлар орасида Одам Ато биринчи жисмоний одам эмас, ундан аввал ҳам одамлар бўлганлиги, Одам Ато эса биринчи пайғамбар ва Яратганнинг элчиси сифатида танланганлигини айтувчилар ҳам борлигини (Россия Ислом қўмитаси раиси Ҳайдар Жамолнинг фикри) унутмаслигимиз керак. Бу ҳақда турк тафсирчи олими Меҳмет Окуяннинг ҳам қизиқарли фикрлари бор.

Энди биз мусулмонларнинг бу китобга муносабатимизга оид икки оғиз гап.
Аввало бу китоб айрим биродарларимиз огоҳлантирганидек, баччабозлик ва даҳрийликни тарғиб қилиш учун ёзилмаган. Асосий мазмунини юқорида ёздим. Ўқувчи китобдан қидирганини топади, бир китоб билан ақидамиз бузилиб кетса, демак бу мустаҳкам ақида эмас экан, биз ақидамизни янаям мустаҳкамлашимиз, йўлдан адаштирмаслигини Ўзидан сўрашимиз лозим. Шунда ҳам кимдир тақво учун ўқимасликни истаса, бу унинг хоҳишидир. Билимсизлик кулфат келтирмайди, аммо ютқазиб қўйиш ёмон, дейдилар. Модомики, шундай экан, мен бундай асарларни атоқли ёзувчимиз Ўткир Ҳошимов айтганидек мағзини еб пўчоғини ташлаб юбориш керак бўлган китоблар қаторида кўраман. Илм-фан сезгиларга асосланади, турли назария, фаразларни илгари суриши мумкин ва мутлақ ҳақиқатга даъво қилмайди, шу билан бирга тинимсиз ўзгаришда, янгиланишда бўлади.

Аммо биз мусулмон олами илм-фанда, айниқса табиий фанларни ўзлаштиришда бениҳоя ачинарли аҳволга тушиб қолганлигимизни эътироф этмасак бўлмайди. Табиат ва жамият қонунларини англашга уринмаймиз, келажакни прогнозлай олмаймиз. Шу сабабли ҳам дунё бўйича кашфиётларнинг 1 фоизи ҳам мусулмонлар ҳиссасига тўғри келмайди, бошимиз ўзаро низодан чиқмайди, ривожланган номусулмон давлатлар бизни осонгина бошқаришади ва керак бўлса қурбон қилишади. Аббосийлар давридаги мусулмон олимлари “ақидамизга путур етмасин”, дея Ҳарарининг китобидан парҳез қилишимизни кўрганда балки куларди. Чунки улар илм-фанга оид ҳар қандай китобни ўрганган ва “Зевс ҳаққи” деб бошланувчи юнон олимлари асарларини ҳам арабчага таржима қилишдан бош тортмаганди. Дунё олимлари бугун Америка, Европа, Японияга интилганидек ўша даврда Қоҳира, Бағдод, Хоразм, Дамашқ каби шаҳарларга интиларди. Шубҳа йўқки, биз табиий фанларни ўрганмасдан катта хато қилдик ва жабрини тортмоқдамиз. Мусулмонлар ҳақида ҳозир ғайридинлар уларнинг ўзларидан кўпроқ билади ва шу туфайли ҳам устундир. Мусулмонлар ғоявий мухолифларини ўрганишлари, уларнинг ёндашуви, илми, ғоялари, давлат бошқаруви билан танишишлари керак. Ақидамизга путур етмасин, деб ўзини четга тортмаслиги зарурдир. Ақида керак, аммо бугун биргина ақиданинг ўзи тараққий этиш учун етарли эмас. Ақидамиз қачонки қалбимизга жойлашиб эътиқодга айлангандагина фойдалидир. Мен табиий ва ижтимоий фанларни мусулмонлар худди диний илмларни ўргангандек ҳарислик билан ўрганишини орзу қиламан. Кичик бир мисол: ижтимоий тармоқда даҳрий ва мусулмон тортишганда мусулмонга кўпинча раҳмим келади. Даҳрийлар уни шундай калака қиладики, ҳатто устидан кулишаётганини ўзи сезмайди. Гоҳ зўр бериб ўзини оқлашга тушади, гоҳ ҳақоратга ўтади – асли бу иккаласи ҳам ютқизиқдир. Бу худди “катта дунё”нинг “кичик дунё”даги аксига ўхшайди. Биз мусулмонлар кўпмиз, аммо аксариятимиз ижтимоий ва табиий фанларни билмаймиз. Буларнинг барчасини ёзишимга сабаб номусулмонлар ёзган китоблардан хавфсирашнинг хатолигини айтишдир.

Ювал Ҳарарининг “Инсониятнинг қисқача тарихи” китобини ўтган йили вазирликдаги бир ёш ташаббускор йигит таржима қилиб нашр эттирмоқчи бўлганди, аммо имкони ва ресурси бўлатуриб нега тўхтаганини билмайман. Шунга қарамасдан бу бестселлер асарни таржимасига Нурбек Алимов киришибди. Бошини ўқиб кўрдим, таржима назаримда ёмон эмас. Қизиқувчилар учун фойдали китоб бўлади, деб ўйлайман.
Facebookдаги муҳокамага ўтиш
2019 йилнинг июли

02.03.2020

Тариқ Рамазон: Исломнинг ислоҳоти кечмоқда. Фақат сиз буни ҳар доим кўролмайсиз

Исломнинг ислоҳоти кечмоқда. Фақат сиз буни ҳар доим кўролмайсиз.
Ислом ислоҳоти ҳақидаги бугунги суҳбатлар ноўриндир.
Биз Исломни насронийлик кўзойнаги орқали тушуна олмаймиз. Булар мутлақо ҳар хил ҳодисалардир.
Баъзилар, ҳаттоки, ИШИД пайдо бўлиши моҳиятан Исломнинг ислоҳоти ҳисобланади дейишмоқда. Худди Мартин Лютер каби улар радикал ва ўрнатилган диний тартибларни қабул қилмайди.
Аммо бу таққослаш тарихий ва теологик жиҳатдан ноаниқдир.
Лютер католик черковига радикал тарзда қарши чиқувчи яхши маълумотли олим эди.
Исломда черков йўқ, ИШИД етакчилари эса диний эътибор қозона олмади. Сунний ва шиадан тортиб барча мусулмонлар уларга ўзларининг норозилигини изҳор этиш ва қарши курашиш учун бирлашди. ИШИД Ислом муждасини ислоҳ қилмайди, уни ўзгартиради.
Бунинг ўрнига биз бугун Ислом билан нималар бўляпти, деб савол қўйишимиз керак.
Ислоҳотларнинг товушсиз жараёни кетмоқда. Мусулмон жамиятларида интеллектуал инқилоб бормоқда. Агар катта сарлавҳаларда бу ислоҳотлар аксини топмаётган бўлса, бу бўлмаяпти, дегани эмас.
Бутун дунё мусулмонлари арабча ва осиёча патриархиядан ҳам, ғарбча маданий империализмдан ҳам халос бўлишга интилмоқда. Бу ислоҳот чуқур тарихий жараён бўлиб, якунига етиши учун вақт керак. У либерал қадриятларнинг ғарбча тушунилишига олиб келмаслиги мумкин.
Ислом ўз анъаналари доирасида ўзини ислоҳ қилади.
Ғарб – либерал, Ислом – радикал ва улар ўзаро қарама-қарши, деб ўйлаш жуда юзаки ва хатарлидир.
Биз барчамиз адолат, эрк, тенглик, инсоний қадр-қиммат қадриятларини ажратамиз. Биз қуришимиз керак бўлган учинчи йўл бор. Шунинг учун бирга ҳаракат қилишимиз лозим.
Биз биргаликда ижтимоий адолатсизликка, ирқчиликка, гендер тенгсизликка қарши туришимиз ҳамда муҳожирлар ва қочоқларга тўғри муносабатда бўлишимиз керак.
Бунга эришиш учун Ғарб такаббурлигини камайтириши, мусулмонлар эса очиқроқ (либос ҳақида гап кетмаяпти – таржимон) бўлиши лозим.
Ш. Исломов таржимаси



Маълумот ўрнида: Тариқ Рамазон замонанинг машҳур мусулмон олими. Европада яшаб, француз тилида маъруза қилади. Мисрдаги “Мусулмон биродарлар” асосчиси Ҳасан ал-Баннанинг набираси.
Тариқ Рамазон умматнинг ўз қобиғига ўралашиб қолмаслиги, ғарб маданиятига яқинлашиши тарафдори, ғарб ва мусулмон дунёсига ажратилишига қарши.
“Тайм” журнали талқинида XXI асрнинг юз нафар нуфузли новаторидан бири. 

30.11.2019

Класс ва кечикиш


“Америка уч юз йилда шу мақомга етган бўлса, Ўзбекистонимизни ўттиз йилда шу даражага етказган Ислом Каримов бобомизнинг руҳлари шод бўлсин. Ислом бобомизнинг ҳақиқий издошлари Шавкат Мирзиёевнинг умрлари узоқ бўлсин”, деган постга класс қўйган онимдаёқ электр лип этиб ўчди. Электр ва телефон антеннаси бирга йўқолади. Демак, класс босилди ёки босилмади.
Беш дақиқа ўтиб ёнимдаги ўғлим ғингшиди:
-  Дада, совқотдим
-  Ҳозир иситамиз-да, тойчоғим!
Дарров печкага тезак, баклажка, тут томири, маккасўта, ёнғоқ пўчоғи, картонқоғоз, кир латта ва улардан тушган супуриндини қалаб устидан кўмир босвордим. Хаёлим интернетда. Кўмирдан қорайган қўлда телефон тутиб бўлмайди. Эшикдан чақиришди.
-  Маҳалла йиғиляпти. Свет-газ, боғча, медпункт, йўл қуриш, обод маҳалла масаласи кўрилади.
-  Мингинчи мартами? Ҳозир чиқаман.
Югуриб анҳордан сув келтириб, ювингач, мажлисга чиқдим. Колхоз зали бузиб ташлагани учун мактабга тиқилдик. Катта хона ташқаридан ҳам совуқлиги учун интернетга киришга қўлим қовушмай қайтдим. Афсус. Ия, укам қайтибди.
-  Рейд кўпайиб кетди. Буёғи байрам, прописка чатоқ. Объектни тугатмай қайтдим.
-  Яхши қилибсан, ука. Ғиштингни шу ердаям кун илиса қуяверасан. Молингни боқ.
Интернет ишламаса, саҳифа ёниқ туради, аммо класс қўйсанг, бир ондаёқ асл ҳолига қайтиб қолаверади. Менда ҳам шундай бўлдимикан? Яна эшикдан чақирди.
-  Қўл қўйинг. Томорқани экмасангиз, жаримадан огоҳлантирамиз.
-  Хўп, хўп-да. Қайси идорадансизлар?
Музлаб улгурмаган ерни чопиб қўйиш мумкин. Жаримадан яхши-ку. Интернет кутиб туради. Ташқаридаги тириллаган булдозерми? Уйим “снос”га тушдимикан? Дарҳол кўча деворимга “Бу уйда одам яшайди” ёзувини илдим.
 Ниҳоят электр помидор каби ёнди. Телефон антеннаси липиллади. Кечиккан класс босилди. “Америка уч юз йилда шу мақомга етган бўлса, биз ўттиз йилда шу даражага етдик. Умрлари узоқ бўлсин”. Худога шукр. Эшикдан чақирманг. Менинг бошқа идорада ишим йўқ. Кеч бўлди. Ухланг. Ҳикоям тамом.
2019 йилнинг 10 ноябри