21.05.2016

Серқирра мутахассис

“... қирқ ҳунар оз”   Ўзбек мақоли

Стол ортида катта одам ва 2-3та аёллар ястаниб ўтиришибди. Олдинда ёшроқ йигитча.
-          Бизнинг даргоҳда ишлаш осон, деб ўйлаяпсиз, шекилли?
-          Йўқ, йўқ..
-          Кўпчилик билан тил топишадиган, уддабурон бўлишингиз керак.
-          Албатта.
-          Биласизми, пахта қачон яганаланади, терилади?
-          Биламан. Пахта даласида ўсганман.
-          Хўш, белкуракни ишлатишни биласиз?
-          Қайси йигит белкурак ишлатмаган дейсиз.
-          Супургини-чи?
-          Бу нимага керак?
-          Супуриш учун, албатта. Миниб учмайсиз-ку.
-          Қаерни?
-          Кўчани! Хўш, биласизми?
-          Албатта! Талабаликда супур-сидир ишларини бажарганман.
-          Мен бекорга кўпчилик билан ишлаш тўғрисида эсламадим. Маҳалладан тўловларга пул йиғиш, турли рўйхатларни олиш ишларига қўл-оёғингиз чаққон бўлиши керак.
-          Уддалайман. Котиблик иш бўптими.
-          Маҳалла аёлларининг юриш-туришига кўз-қулоқ бўлиб туришга тўғри келади. бошдан оёқ, ҳўў, ҳалигидек, рўмолга бурканиб, жуда узун кийиниб юрганларни огоҳлантириб туриш зарур.
-          А-а?...
-          Жуда калта кийинганларни ҳам.
-          И-и...Нега?
-          Яқинда янги топшириқ бўлди. Аҳоли яшаш пунктларида турли оқимларга аралашган шахслар, чет элдаги жангариларга қўшилишни мақсад қилганларни тутиб келишга ҳам масъулмиз.
-          Мен карате ва қўл жангига қатнаганман. Приёмларимни кўрсатиб берайми? Хий-я-а-а!! Гдиш-бдиш!!
-          Етарли.
Шундай қилиб ёш ўқитувчи мактабга ишга қабул қилинди.
 2016 йил 9 январ