25.03.2015

Ҳурматли ҳамкасб

Ҳурматли ҳамкасб.
Асли буни ўзингизга жўнатсам ҳам бўлар эди. Аммо сизни танимайман, электрон адресингизни ҳам билмайман. Балки учрашгандирмиз.
Февралнинг бошида BBC Uzbek да ташкилотимиздаги абгор ҳолат ва маошларнинг ўз вақтида берилмаслиги ҳақидаги кичик мақолам эълон қилингандан сўнг кўп қизиқарли ўзгаришлар бўлди.
Айтишларига қараганда, шундан сўнг интернет сайтларида ёзганларим, фейсбукдаги публикацияларимни принтердан чиқариб, ҳурматли каттаконларимиз ўқишга тушибдилар. Хурсандман! Я – “звизда”! Биламан - бунда сизнинг хизматингиз бор. Чунки улар интернетни унчалик ҳам яхши билишмайди. Сиз чиқариб олиб кирасиз. Жумладан ушбу блогпост ҳам А4 қоғозга чиқарилиб, ҳашаматли стол устида ўқилади, деб ўйлайман.
Мен эса кўплаб танбеҳлар ва миннатдорчиликлар эшитдим.
Мақола чиқиши билан бир ой ичида Ўзбекистон бўйича барча экспедицияларга тўрт ойлик маошни ва дивидендларни бериб ташлашди. Миннатдорчилигимни фейсбук ва одноклассникида статусга ёздим, ўқигандирсиз.
Демак пул бор экан. Йўқ эмас экан. 
Янги йил байрамида октябрни берармикан, деганлар бор эди. Берилмади. Одамлар қўйини сотди, деҳқончилигини сотди. Байрамни ўтқазиб яна бир ой ортда ҳам қолди. Сизга ҳам осон бўлмагандир, рўзғорингиз бор. Нега айтмайсиз? Айтаверинг. Жа борса, бир-икки гап эшитарсиз, Муоз ал Касасбининг ҳолига солишмайди-ку.
Хоинлик, казёллик бўлади, дейсизми? Ватан тараққиёти йўлида камарбаста карьерачилар ҳар жойда тўлиб кетган даврда бир-икки хоинлар юрса юрибди-да.
Хуллас, ҳозир ишларим жойида. Ҳурматли одамларнинг шарофати билан ишга янги кирган пайтимда  қадам қўйганим шотининг (нарвон фарғоначаси) биринчи поғонасига қайтиб тушдим. Оддий халқ орасида, азамат йигитлар даврасида жавлон уриб (с) хизмат қиляпман. Асли кондиционерли хонадан зериккандим. Адирлар, далалар бошқача, айниқса, баҳорда. Кондиционер - саломатликка зарар. Узуккун ўтириб ишловчиларнинг бел қисмида қон яхши айланмайди ва қирққа бормай силденафил ичадиган бўлиб қолиш хавфи катта. Акс ҳолда... ҳа, майли..;)
Саломат бўлинг, ҳамкасбим. Сиздан бир илтимос. Шахсий блогимдан ташқари ўзбек геофизиклари блогини ҳам очганман. Кириб туринг. У-бу ёзиб берсангиз, жойлаб қўяман. Худо хоҳласа, икковини оммалаштирсам ва AdSenseни улаб пул ишлай олсам, Малибу бўлмаса-да, Спарк олиш ният бор.
Кўришгунча.

Водий. Даланинг қоқ ўртаси.

07.03.2015

Қизиқчи болакайлар

Алишер, 2.5 ёш
Дадамга сигарет олиб келаётиб ўғлимни гапга солдим:
-          Сен ҳам катта бўлсанг менга нима олиб келиб берасан?
-          Шигает.
-          Мен сигарет чекмайману.
-          Чупа-чупс,  хюстяшки, қуют, пахтақант опкеб бейаман

                        *               *                  *
Камола, 5 ёш
-           Зинадан эҳтиёт бўлиб туш, яна бурнинг билан тушма.
-           Бурнимнинг оёғи йўқ-ку!

                        *               *                  *
Камола, 5 ёш
Олтин балиқ” эртагини эшитиб бўлиб:
-           Буви, чол олтин балиқдан яхшироқ кампир сўраса бўлмасмиди?