23.03.2016

Қариндош-уруғларим

Шошиб турибман. Ишхонага камералар қўйилган. Кеч қолмаслик учун такси ушлаш керак. Аксига олиб охирги вақтда киракашлар... хуллас, тушундингиз. Бетоқатлигимнинг сабаби шу.
Ниҳоят битта такси разведкачиларга ўхшаб зимдан аланглаганча тўхтади:
-         Ҳў, укам, қатга борасан?
-         Фалон жойга.
-         Отинг нима?
-         Абдушукур.
-         Қатта ишлайсан.
-         Нефтегазда.
-         Ўйларинг қатта.
-         Фарғонада.
-         Ўтир... Ман амакингман. Дода дейвур. Отим Саидхожа. Сан жиянимсан. Иккаламиз Юнусобод мебел магазинга кетвоммиз. Биров сўраб қолса...
У компьютердан чиқарилган ўзи ҳақда батафсил маълумот бор варақни тутқазди. Ву-уй, кучугининг исмидан тортиб қайси жамоага мухлислик қилишигача!
Йўлда бир кеннойи қўл кўтарди. Уям такси кутавериб хит бўлиб кетибди. Шунга қарамай анкетага батафсил жавоб берди.
-         Сиз синглимсиз. Биратўла жиянизга парда танлашгани кетвоссиз. Мани исмим Саидхожа. Абдушукур, қолганини кенайингга тушунтир, вароқни бер.
-         Қанақасига кеннойим бўладилар сизга сингил бўлсалар, менга амма бўлмайдиларми, - эътироз билдирдим.
-         Нў, буёғини ўзинг тўғирла.
Чинор салқинида турган кампир холанинг олдида қийййқ этиб тўхтадик. Нималар деяпман, қишда чинор салқини бўладими?
-         Ассалому алайкум ўғлим. Отим Фазилатхон. Ёшим олтмиш олтида. Қатиқли гўжани яхши кўраман. Қорасаройга бораман.
-         Онам, онам, ўтиринг, онагинам, бардаммисиз. Ман бўлса, паловни. Ювентусга болелшикман. Абдушукур, опоқингни қўлларидан сўмкани олмайсанми?
-         Э, қанақа одамсиз, сизнинг онангиз менга буви!
-         Онам, Юнусобод орқали сизни Қорасаройга ташлайман. Мани отим Саидхожа.
Ҳайдовчи таржимаи ҳоли, қаерда яшашини батафсил бошқатдан тушунтирди.
Йўлда бизга амакимнинг қайнсинглиси, қудаси, тоғасининг ўғли ҳамроҳ бўлишди.
-         Қийин бўп кетди,-деди ҳайдовчи. –Отнинг калласидай жарима қўйиб қўйган. Тўхтатиб йўловчи билан шўпирдан мелиса билан сержанти алоҳида-алоҳида сўрайди: “Отинг нима?”, “Ёшинг нечада?”, “Қаерда турасан?”, “Нечта боланг бор?”, “Бугун нима единг?”.. геморрой.. Олмазор йўлида турганлар қайси овқатни яхши кўришини сўрайди. Жавоблар мос келмаса, йигирма бешта минималка ютуққа чиқиб турибди-да.
-         Сиз ҳам бўш келмайсиз.
-         Манам бўш келмайман. Ийя, бизни тўхтатдими?! Бу “туфли”ку. Эсингда тут, ман 43 размер кияман.

19 февраль, 2016 йил. Тошкент