12.11.2020

Жаҳонгир Муҳаммад билан суҳбат

 Уч йил олдин таниқли журналист, собиқ депутат, АҚШда яшовчи адиб Жаҳонгир Муҳаммад билан @fayzboguz канали муаллифи Темур Малик икковимиз суҳбат қурган эдик. Биринчи бўлиб Жаҳонгир аканинг Facebookдаги номи давомида "Ўзбекистонда" сўзи нега қўшилиб қолгани билан қизиққанмиз.

- Биринчи савол: нимага Жаҳонгир Муҳаммад ЎЗБЕКИСТОНДА?

- Биласизми, бутун қалбимиз, юрагимиз, хаёлимиз Ўзбекистонда. Бир кун фейсбукда тузатиш қилаётган эдим, ўз номимдан сўнг Ўзбекистон деб ёзиб юборибман. Кейин тузатаман, десам фейсбук олти ойдан сўнг тузатишингиз мумкин деди. Шу зайл Ўзбекистонга "бориб қолдим".

- Жаҳонгир ака, сизни катта ёшли ўқувчиларимиз 90-йилларда эфига узатилган “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” кўрсатуви ҳамда парламентдаги кескин баҳсларингиз орқали билишади. Суҳбатимиз бошида ўзингиз ҳақингизда ва журналистикага кириб келишингиз тўғрисида сўзлаб берсангиз.

- Журналистикага жуда ёш кириб келганман. Ҳали мактабда ўқиб юрган кезларим туман ва вилоят газеталарида мақолаларим чиққан. 1973-1979 йилларда Тошкент Давлат университети журналистика куллиётида ўқидим. Меҳнат фаолиятимни 1973 йилда “Тошкент ҳақиқати” газетасида корректорликдан бошлаганман.

1974-1979 йилларда республика “Қишлоқ ҳақиқати” газетасида масъул котиб ўринбосари лавозимида ишладим. 1979-1981 йилларда Ўзбекистон радиосининг қишлоқ хўжалик бўлимида редактор лавозимида ишлаш билан бирга қишлоқ хўжалик ва қишлоқ маданияти муаммоларига бағишланган махсус “Табаррук замин” дастурига муҳаррирлик қилганман. 1982-1985 йилларда Самарқанд вилояти “Ленин йўли” (“Зарафшон”) газетасининг Қишлоқ хўжалиги” ва “Партия турмуши” бўлимларини бошқарганман.

1985-1990 йилларда “Совет Ўзбекистони” (“Ўзбекистон овози”) газетасининг Самарқанд вилояти бўйича махсус мухбири бўлиб фаолият кўрсатдим. Айни пайтда “Муштум” журнали ва “Қишлоқ ҳақиқати” газеталарининг жамотачи мухбири бўлганман. Шу йилларда мингдан зиёд фелъетонлар, танқидий ва таҳлилий мақолаларимни эълон қилдим. Баъзи асарларим “Ёшлик” алманахи ва “Беғубор тонг”, “Самарқандни титратган 525 кун” китобларида нашр этилди.

Қайта қуриш йилларида ошкоралик муаммолари ҳақида ёзилган “Қуръон ва Қурол”, “Ёнаётган аёл”, “Ёпиқ эшикнинг очилиши” каби туркум таҳлилий очеркларим билан Ўзбекистон ҳамда Иттифоқ Журналистлар уюшмаларида биринчи ўринни эгалладим. 1990 йилда 35 ёшимда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвони берилган.

- Қайта қуриш йилларида Ёзувчилар уюшмаси ошкоралик минбарига айланган эди. Нима деб ўйлайсиз, ҳозирги ёзувчилар уюшмаси нега жимлик режимини сақлаб келмоқда?

- Қайта қуриш йиллари ошкоралик тепдан талаб қилинганди. Ўзбекистон Компартиясининг қаршилигига қарамасдан Москва ошкоралиги бизга ҳам кириб келди. Совет Иттифоқи бўйлаб бошланган ошкоралик бизда ҳам акс-садо берганди.  Ёзувчилар уюшмаси икки бўлиниб кетганди, ҳатто. Бугун ҳам улар тепадан топшириқ бўлишни кутишаётган бўлишлари мумкин.

- Ҳозир ошкоралик даври келмаганми?

- Ошкоралик учқунлари келди. Лекин кўпчилик яна ортга қайтиш бўлиб қолмасмикан, деб чўчиб, ташаббус кўрсатмаяпти. Буни кўпроқ "эски"ларда кўриш мумкин. Ёшлар эса ҳали уйғониш палласида. Улар тезроқ ўзларини тутиб олиб,  учқунни халқнинг йўлини ёритадиган нурга айлантиришлари керак.

- Шу кунларда Миллий хавфсизлик хизматини парламент назорат қилиши механизмлари қонунларда белгиланди. Мустақиллик бошларида сафдошларингиз бу хизматни якка президент назорат этиши президентни тийиқсиз кучга айлантиришидан бонг урган эдилар. Йиллар бу хавотирингиз бир қадар ўринли эканлигини кўрсатди. Шу хусусда бошқа давлатлар тажрибасига назар солсак, хавфсизлик хизмати, асосан, шошилинч, кечиктириб бўлмас ишлар билан шуғулланишини кўрамиз. Шошилинч ҳолатда эса кўпчилик эмас, бир кишининг иродаси асосида иш кўргани маъқулроқ эмасми? Умуман, қайси мамлакатларда хавфсизлик хизматлари парламентга бўйсундирилган?

- Демократик давлатларда парламент хавфсизлик хизматларини ҳам назорат қилади. Уларнинг раҳбарларини тасдиқлайди, ҳисоботларини эшитади ва ҳоказо. Эсингизда бўлса, 1991 йил августида Москвада давлат тўнтариши (ГКЧП) юз берди. КГБ бу “ҳунар”нинг бош қаҳрамони бўлиб чиқди.

Бир қатор жумҳуриятларда то бу ташкилот ҳақида маҳаллий қонун қабул қилингунига қадар КГБ парламент назорати остига олинди. Фаол депутатлар бизда ҳам шундай қилишни муҳокама этиб, масалани сессияга олиб чиқишга қарор қилдик. КГБ етиштирган Ислом Каримов бу ишга тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсата бошлади ва сессиядан уч кун олдин - 1991 йил 26 сентябрда Ўзбекистон КГБсини тарқатиб, МХХни тузиш борасида фармон эълон қилинди. КГБ-МХХ ҳақида қонун қабул қилиш шу зайл кун тартибидан чиқариб ташланди. МХХ - қонундан ташқари ташкилот. Мана энди у ҳақда қонун қабул қилинмоқчи. Миллий хавфсизлик хизмати ҳам халқини ҳимоя қиладиган ташкилотга айланиши керак. Зулм қиладиган эмас.

- Дейлик мамлакатда бирор қўпорувчи куч ёки чет эллик наркобарон мавжудлиги аниқланди. Бундай ҳолатда парламентни йиғиб хавфсизлик хизматларини координация қилиш ишни кечиктириб юбормайдими?

- Парламент назорат қилади, дегани унинг тепасида парламент ўтиради, дегани эмас. Фавқулодда ҳолатларда президентнинг топшириғи билан ишлаши, аммо парламент ҳисоб эшитиб туриши лозим. Қонунда қайси ҳолатларда президент ёки бош вазир аралашиши белгилаб қўйилади.

- Шу ерда мантиқий бир савол туғилади-да: кечирасиз-у, бугунги парламентимиз МХХ устидан назорат қилиш кучига эгами?

- Ҳар қандай одим қонун доирасида бўлган мамлакатда ривожланиш бўлади. Гап бугунги парламент ҳақида эмас, келажак ҳақида. Камина биринчи кунданоқ янги президентга бу парламентни тарқатиб юбориш кераклигини таклиф қилган. Эркин сайловлардагина янги президентга ёрдам берадиган кучли шахслар ҳокимиятга кириб келадилар.

- Мамлакатимиз фуқаролари ҳозир турли идеология ва қадриятлар қаршисида депсиниб турибди. Уларнинг энг асосийлари: миллий туркийлик ғояси, умматчилик ғояси, ғарбга мос демократия, шунингдек, собиқ шўрочилик дунёқараши ҳам кўпчиликнинг онгида сақланиб қолганини эътироф этиш жоиз. Сизнингча, бу ғояларнинг қай бири устун? Ўз миллий ғоямиз қандай унсурлардан таркиб топмоғи лозим?

- Бугунги ҳолатдан келиб чиқадиган бўлсак, асосий масала ИШ, ИШ ва ҲАҚ.  Бу масала йўлга қўйилгандан кейин мафкура ҳақида гаплашсак бўлади. Оч қоринга қуруқ гап ёқмайди, дейишади-ку!

Биласизми, яқинда автобус фожеасини эшитиб негадир шок бўлмадим. Юрагимни босиб турган тош бир айланиб, эзиб қўйгандек бўлди. Худди шундай бўлишини олдиндан билгандек ҳис қилдим ўзимни. Қандайдир гуноҳкорлик сездим ўзимда. Чунки бу фожеа фақат кўлами, сони билан олдингиларидан каттароқ эди.

Ваҳоланки, ўтган 20-25 йил ичида сон-саноқсиз инсонлар тириклайин ёниб кетишди. Россиянинг бозорларида, темир йўлларида, автобусларда, микроавтобусларда, панжарали уйларда, газбалонли кулбаларда...

Биз ҳайқирдик, аммо биров эшитмади. Аксинча, уларни “дангасалар” деб камситишди. Худди бугун Фарғона ҳокими камситаётгани каби.

Аммо, шукрки, бугун ҳайқириқ баландроқ. Ўзбекистон раҳбарининг очиқ қараши ҳам бошқачароқ. Лекин барибир юрагимдаги тегирмон тоши айланиб турибди. Бу охирги эмас, деб юрагимни эзғилаётганга ўхшайди. Чунки мамлакат мотам тутмади. Мамлакат ҳали бу фожеани ўз танида ҳис қилган эмас. Шунинг учун тириклайин жизғанак бўлиб ёнганларни камситиш сезилмоқда, шунинг учун ҳам нон қидириб кетмоқчи бўлганларни кўчаларда тутиб қолишмоқчи... Бу чора эмас. Унга иш топиб беринг, яхши ҳақ тўланг, ҳеч қаерга кетмайди. Шунинг учун ҳам бугуннинг шиори ва амали битта бўлиш керак: Иш, иш ва ҳақ!

(Суҳбатдошимиз бу ҳақда батафсил мақола ёзганини эслатди. Яқин кунларда сайтда уни ҳам чоп этамиз)

- Фуқаролик жамиятини барпо этиш, одамлар онгида ўзгариш ясаш учун ишни нимадан бошлаш лозим?

- Фуқаролик жамиятининг фундаменти эркин матбуот!

Агар президент эркин матбуотни ҳимоя қилишга кафиллик берса ва буни амалда кўрсатса, уни фақат ва фақат олқишлаш керак. Бу фуқаролик жамиятининг эшикларини очиш бўлади.

- Бугун матбуотимиз, хусусан электрон ОАВ анча жонланган. Улар ҳокимларни, вазирларни дадил назорат ва танқид қилишмоқда. Бу ҳолат сизни қониқтирадими?

- Албатта  жонланиш бор.  Ёзма матбуотга нисбатан интернет нашрлари фаолроқ. Аммо  камина учун бу етарли эмас.  Олдинги президент ҳақида ҳар турли гаплар тарқалган пайтда камина Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистонни бошқара оладиган ягона лидер деганимда қаттиқ танқидларга учрагандим. Ўз сафдошларим (эркинлик тарафдорлари) ҳатто "хоин" ҳам дейшганди. Бугун улар  мақтовга ўтиб кетишди, аммо камина камчиликларни кўрсам, танқид ҳам қилиб турибман. Ўша кезда эркинликни қадамба-қадам бошлаш керак. Акс тақдирда Ўзбекистонда вазият ёмонлашади деган эдим. Шунга кўра бугунга қaдар сабр қилдим.

- Олдинги ва ҳозирги парламентни таққослаб бера оласизми? Олдинлари депутат деганда одам кимни тушунарди? Умуман, депутат нима иш билан шуғулланарди ўшанда? Ҳозирги вазият қандай?

- Бунга қисқа жавоб қиламан. Камина сайланганда битта округдан тўртта номзод қўйилганди. Катта баҳслар ва тортишувлар билан ғалаба қозонганмиз. Ҳатто Компартия номзоди овоз ололмай қолган. Шундай депутатлар оз бўлса-да, бошқаларни силкитишга уринганмиз. Бугун ҳам эркин сайловлар ўтказилса, ўша кунлардагидан ҳам кучлироқ парламент ўртага чиқиши мумкин.

Депутат бу халқ хизматкори дегани. Кимки ўзини эмас, халқини ўйлайдиган бўлса депутатлик ташвишини елкасига олиши керак.

- Бугун ўта долзарб мавзу ҳақида ҳам фикр алмашсак. Ҳозирда Ақтўбедаги фожиадан сўнг бутун Ўзбекистон халқи оёққа турди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Хусусан, ижтимоий тармоқларда одамлардан турли фикрлар янграмоқда. Кимдир таълим муассасасини айблаяпти, кимдир ишсизлик ҳолатини, айримлар ҳаммасига «Ўзбекистон ҳаво йўллари»ни айбдор қилаётган бўлишса, бошқалар халқнинг ўзи ёппасига чет элга ишлаш учун кетиб қолаётганини танқид қилишяпти. Хўш, бу борада Жаҳонгир Муҳаммаднинг фикри қандай?

(Суҳбатдошимиз юқоридаги жавобида бу саволни ҳам назарда тутганини эслатди)

- Биласизми, яқинда автобус фожеасини эшитиб негадир шок бўлмадим. Юрагимни босиб турган тош бир айланиб, эзиб қўйгандек бўлди. Худди шундай бўлишини олдиндан билгандек ҳис қилдим ўзимни. Қандайдир гуноҳкорлик сездим ўзимда. Чунки бу фожеа фақат кўлами, сони билан олдингиларидан каттароқ эди.

Ваҳоланки, ўтган 20-25 йил ичида сон-саноқсиз инсонлар тириклайин ёниб кетишди. Россиянинг бозорларида, темир йўлларида, автобусларда, микроавтобусларда, панжарали уйларда, газбалонли кулбаларда...

Биз ҳайқирдик, аммо биров эшитмади. Аксинча, уларни “дангасалар” деб камситишди. Худди бугун Фарғона ҳокими камситаётгани каби.

Аммо, шукрки, бугун ҳайқириқ баландроқ. Ўзбекистон раҳбарининг очиқ қараши ҳам бошқачароқ. Лекин барибир юрагимдаги тегирмон тоши айланиб турибди. Бу охирги эмас, деб юрагимни эзғилаётганга ўхшайди. Чунки мамлакат мотам тутмади. Мамлакат ҳали бу фожеани ўз танида ҳис қилган эмас. Шунинг учун тириклайин жизғанак бўлиб ёнганларни камситиш сезилмоқда, шунинг учун ҳам нон қидириб кетмоқчи бўлганларни кўчаларда тутиб қолишмоқчи... Бу чора эмас. Унга иш топиб беринг, яхши ҳақ тўланг, ҳеч қаерга кетмайди. Шунинг учун ҳам бугуннинг шиори ва амали битта бўлиш керак: Иш, иш ва ҳақ!

- Президентимиз хорижлик инвесторларни жалб қилиш ишларини амалга оширишга ҳаракат қилаяпти. Ли Куан Ю ҳам бир вақтлар нолдан бошлаган эди. Сингапур давлат арбоби ўша дамларни ёдга олар экан, инвесторларни мамлакатга жалб қилиш учун қандай тиришганлигини, порахўрликка қарши аёвсиз жанг олиб борганини ва мамлакатга кирган ҳар бир инвесторни ҳурмат-эҳтиром ила кутиб олганини, уларга барча шарт-шароит яратиб берганини ҳикоя қилган. Сизнингча, Шавкат Миизиёев хорижий инвесторларни юртимизга жалб қилиши учун аввало нималарга эътибор қаратиши, қайси соҳаларни ислоҳ қилиши даркор?

- Биринчи галда, хориждаги ўзбеклар учун тўсиқларни олиб ташлаш керак.  Уларга ҳали йўл очилган эмас. Сарсон-саргардон бўлаётганлар сон мингта. Иккинчи галда, хорижий сармоядор ва сармоялар хафсизлигини кафолатлаш зарур. Бунинг учун мамлакатда люстрация ўтказиш ва коррупциянинг илдизига болта уриш керак.

- Шавкат Мирзиёев буларнинг барчасига 5 йиллик стратегик режани тайёрлади. Нима деб ўйлайсиз, олдимизда жуда мушкул вазифа турганини инобатга оладиган бўлсак, бугунги суръат билан 4 йил (бир йили ўтиб бўлди) бизга етарлими?

- Етарли. Ҳатто кўп ҳам. Бир жамиятда қайта қуришни жадал йўлга қўйиш учун 1-2 йил вақт керак, деб ўйлайман.

- Аммо, Ли Куан Ю анча тер тўкишга мажбур бўлган.

- Бизда ўз тажрибамиз бор. Ошкоралик йиллари. Қолаверса, ичи қуриган дарахтнинг қуриган шохларини кесишга вақт сарфламаслик керак. Кучни янги кўчат экишга сарфлаш керак. Тезроқ ҳосил беради. Бугун жуда кўп бесамар соҳаларга пул кетади. Эски сиёсат натижаси бу. Тўхтатиб барини иш жойи яратиш ва ҳақ тўлашга йўналтириш лозим.

 - Тушунаман, иқтисодчи эмассиз, лекин ҳар ҳолда кўпни кўрган, собиқ депутатсиз. Саволим қуйидагича: Қозоғистон ва Россия нефт орқали, Туркия асосан туризм орқали иқтисодиётни кўтаришга эришган. Ўзбекистоннинг қандай салоҳияти бор ва нималардан фойдаланиш зарур, деб ҳисоблайсиз?

- Ўзбекистоннинг ери олтиндан қиммат. Эркин деҳқончилик қилишга, агросаноатни ривожлантиришга эътибор қилиш керак. Мева - доллар. Қуруқ мева-олтин!  Бу биринчидан. Иккинчидан, маҳаллий саноатни кўтариш керак. Жуда кичик савол бераман. Бугун ўзбекистонликларнинг болалари ва неваралари неча миллион долларлик ўйинчоқлар ва кийим-кечак сотиб оладилар? Учинчидан, халққа ишониш керак. Ҳукуматни кескин қисқартириб, халқ бошқарувига ўтиш керак. Ва ниҳоят интернет технологияси. Бу туризмдан ҳам кўп даромад олиб келади.

- Жаҳон ҳамжамияти, жумладан АҚШ ҳам бугунги кунда Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ислоҳотларидан ҳайратларини яшириб ўтиришмаяпти. Ростдан, кўпчилик кутмаганди-да... Сиз бугунги Президентимизга қандай баҳо қўярдингиз?

- Ҳали баҳо қўйиш эрта, деб ҳисоблайман. АҚШ ҳам, бутун дунё ҳам умид қилмоқда. Биз ҳам, халқимиз ҳам умид қилмоқда. Ҳатто ишонмаганлар ҳам ўзларини умидвор қилиб кўрсатишмоқда. Демак, жуда гўзал шароит бор ислоҳотлар учун. Шавкат Мирзиёевга омад тилайман. Халқимизга ҳам.

- Фарзандларингиз орасида сизнинг касбингизни эгаллагани борми?

- Қизларимдан бири журналистикани битирди. Инглиз тилида ёзиб ҳам туради. Аммо компьютер тасвири йўлидан кетди. У ҳам ижод. Гўзал суратлар чизади, компютерда.

- Ўн йилдан сўнг мамлакатимиз қандай қиёфада бўлади, деб ўйлайсиз?

- Раҳмат. Ўн йилдан кейин Ўзбекистон дунёнинг кучли давлатларидан бири бўлишини жуда орзу қиламан. Бунинг учун имкониятлари етаридан ҳам зиёд. Меҳнаткаш, меҳнатдан қочмайдиган, ўз нонини қидириб топадиган камсуқум халқимиз бор. Уни камситмай, ҳақоратламай, меҳнатига етарли ҳақ берсангиз, бас, бу халқ билан Ўзбекистонни гуллатиб юбориш мумкин.

- Fayzbog.uz сайтини кузатасизми? Сайтимиз ҳақида қандай фикрдасиз? Ҳали бир ёшга тўлмаган сайтимизга маслаҳатларингиз (агар сайтимизни кузатаётган бўлсангиз, албатта).

 - Албатта кузатаман.  Менга ёққан сайтлардан бири. Вазмин сайт. Бир гапни сўкиб ҳам гапириш мумкин, аммо чиройли қилиб ҳам айтиш мумкин. Сизларда ўзига хослик бор. Ҳар қандай гапни айтиш йўлларини топасизлар.  Ҳазрат Навоий, бир асарларида

Эй кабутар, чарх уза парвоз қил,

Ул ҳавода тоб урарни соз қил.

дейдилар. Бу худди сизларга айтилгандек.

13.06.2018

Мен қамчини севаман, менга зуғум ёқади

(2018 йилги блогерлар чемпионатининг 3-босқичи учун ёзилган)


Финалга етиб келган блогер дами чиққан пуфакка, заряди тугаган батареяга ўхшайди. Тишининг ковагидаги мавзуларини ёзиб бўлган, энди бошқа топиш керак. Энг эсда қоларли блогпостлар дастлабки босқичларда кузатилиши сабаби шудир, эҳтимол. Буни, кўпчилик эътироф этса керак. Хусусан, 2-босқичда биринчи ўринни олган Исроил Тиллабоев “Биринчи блогпостни финалгача сақламайсанми, аҳмақ”, деб ўзига хос тарзда танбеҳ берган эди. Ким билиб ўтирибди, дейсиз. Дарвоқе, билмаслик ҳақида гап кетди. Билганларим ҳақида эмас, билмайдиган нарсаларим ҳақида ҳам ёзиб кўрайчи.

Олдиндан айтиб ўтишим керакки, бу сафарги мавзу эркинлик эмас, зеҳниятимиздаги қаттиққўлликка мойиллик ҳақида. Муаллиф эркинлик тарафдори сифатида доим норози постлар ёзиб давлат сиёсатини танқид қиларди, энди бошқача фикрлаб қолибди, десалар дейишсин.

Сиёсатшунослик ва жамиятшуносликка оид яхши мақолалар эълон қилган, Европада илмий иш билан шуғулланаётган толиби илмга бир вақтлар берган бир саволимга жавоб ололмаганман. “Одамларни қандай қилиб тезлик билан тартибга ўргатса бўлади? Жамиятнинг онгини ошириш керакми ёки кескин (баъзида адолатсиз) чоралар кўрилиши тўғрими? Энг тартибли ва қонунга итоаткор кишилар ривожланган ғарбдадир. Тўғри, улар маданиятли, онги юксак этиб тарбияланган. Аммо 80 йил олдин ўртоқ Сталин даврида ҳам одамлар кучли тартибга ўргатилганди. Европаликлардан фарқли равишда ярим оч, саводхонлиги паст аҳоли қаттиқ жазодан қўрқарди. Айтингчи, тезлик билан тартиб ўрнатишга тўғри келса, қайси йўлдан юрардингиз?”. У йигит “буни алоҳида мақола қилиш керак”, деди, аммо ёзмади, шундай қилиб бу саволнинг жавоби менга қоронғулигича қолди.

Фараз қилинг, тиғиз кўчанинг четини одамлар қўлбола “стоянка” қилиб олган. Стол қўйиб писта-қурут ҳам сотишади. Аммо бир куни “стоянка”нинг ёнидаги бино нақ майдонча устига қулиб тушиши эҳтимоли аниқланди. Маҳаллий ҳокимият огоҳлантирувчи ёзув илди, махсус белги осди, тўсди, маҳаллий посбонлар аралашди. Одамлар ёзувга қарармиди – машина қўйишда ва савдо қилишда давом этди. Шунда ҳокимият дубинкали ўнта милиционерни жалб қилиб машиналар ва одамларни куч билан чиқариб юборди. Шу тариқа катта фожеа олди олинди. (Бу бир мисол, тўғри, ҳозир давлат бирор янгилик киритса, одамлар тагида бир балоси бор, деб шубҳаланади, аммо у бошқа мавзу). Ёки ҳайдовчи камарини олинг, шофёр зоти борки, мелисани кўргандагина тақади, ҳолбуки у ўзининг саломатлиги учун керак. Мен ишлайдиган ташкилот ходимларини ҳар йили мажбурий тиббий кўрикдан ўтказишади, аммо одамлар шуни ҳам четлаб ўтиб, беш-ўн сўм эвазига “справка” олиш пайида бўлади. Ҳа, одамларни мажбурламаса, бошқалар тугул ўзига яхшиликни раво кўришни ҳам бас қилиб қўярмикан, деб ўйлайсан киши.

Бугун ғарб маданиятидан таъсирланган зиёлилар сиёсий эркинликлар, либераллик, дахлсизлик, плюрализм каби тушунчаларни шарҳлаётганини, уларнинг давлатчиликдаги аҳамияти ҳақида ёзишаётганини тез-тез учратамиз. Буларнинг барчаси зарурлигига шубҳа йўқ, аммо шартли равишда бўлинган шарқ ва ғарб давлатлари етакчиларининг сиёсий қиёфаларини таққослаб, шарқда муваффақиятли автократ лидерлар оз эмаслигининг гувоҳи бўламан. Келинг, шарқ давлатларининг “қамчиси бор” етакчиларига назар солайлик. Мустафо Камол Отатурк (Туркия), Оятилло Ҳумайний (Эрон), Пак Чон Хи (Жанубий Корея), Махатхир Муҳаммад (Малайзия), Ли Куан Ю (Сингапур) ва бошқалар. Уларнинг ҳеч бирини либерал ёки демократ деб бўлмайди, ҳаттоки, диктатор деб сифатлашади. Улар ҳам ўзига ёқмайдиган фикрни бўғган, мухолифатни репрессия қилган, ўзининг танқидчиларини аяб ўтирмаган, ОАВ устидан назорат ўрнатган, қисқаси қўлидан қамчисини қўймаган. Аммо қаттиққўллик билан бўлса-да, ислоҳотчи лидерларнинг эришган юксак натижалари эътирофга лойиқ, зотан уларнинг учтаси мамлакат иқтисодини “Осиё йўлбарси” даражасига кўтарди. Биз қизиқ одамлармиз, мажбурламаса, натижа бермаймиз чоғи. Зеҳниятимизда “етакчи қаттиққўл бўлиши керак” деган ақида сингиб кетган, ҳаттоки, юмшоқ табиатли етакчига бўйсунгимиз келмайди. Айниқса, псевдоанархиядан кейин ҳозиру нозир бўлувчи автократияни хуш қаршилаймиз. Ҳа, мундоқ раҳбарга ўхшаб бир сўкса, бошқа гап экан. 2016 йилнинг сўнгида президент Шавкат Мирзиёев вилоят ҳокимлари халқ томонидан сайланишини таклиф қилди. Тўғри, бу янгиликдан хурсанд бўлдим, чунки тайинланган шахс тайинлаганнинг, сайланган шахс эса сайлаганларнинг иродасига қараб иш тутади. Аммо бу ислоҳотнинг меваси кечпишар деб биламан, чунки сайлаш малакаси йўқ одамларимиз ё бир артистмижоз ваъдабозни, ё супертанишбилишчини ё бўлмаса ҳеч кимнинг дилини оғритмайдиган мўмин-қобил кишини сайлаб қўйишади ва кейин “раҳбар дегани қаттиққўл бўлиши керак”, деб ғудраниб юришади. Афсуски, бизнинг ҳар қандай раҳбарни диктаторга айлантирувчи “қудратимиз” бор.

...Яна бир гап. Мухолифатдаги собиқ депутат Пўлат Охуновнинг ёзишича, биринчи президент Ислом Каримов умрининг охиригача лавозимда қолишига сабаб Наманганда таъқиб ва қатағон қилинган диний фаоллар учун жавобгарлик хавотири бўлган. Тасаввур қиляпсизми, агар 91-92 йилларда Наманган тартибсизликлари рўй бермаганда, диндорлар бу қадар қаттиқ қатағон этилмасди, журналистлар эркинлиги бўғилмасди. Эҳтимолки, 90-йилларнинг эркинлик ҳавоси ҳуқуқий онгимизни юксалтириб қўйгач, президентга лавозимни бўшатиш ҳақидаги бош қонунни эслатишга иродамиз етган бўларди. Ва бугунги ислоҳотлар ўн беш йил олдин бошланарди. Пуллар ўмарилмаган, “каламуш”лар урчимаган, “симёғоч ҳам қамалмаган”, таълим тизими тўғнамаган бўларди... Яна ким билади, дейсиз.
2018 йилнинг 10 июни

08.06.2018

Кейинги бекат - меровлик босқичи


(2018 йилги блогерлар чемпионатининг 2-босқичи учун ёзилган)

   Биласизми, нега ижтимоий тармоқда (ҳаётдаям) одамлар исломий ва ғарб дунёсини таққослаб тортишаверишади. Чунки улар ўз тартиб-қоидаларига эга давлат ва жамият хаёлида яшашади, уни амалиётга кўчиришни, барчанинг ҳаёт тарзига айланишини исташади.
Каминанинг ҳам кўп қатори азалдан кичик бир орзучаси бўлган. Шундай жамиятда яшасакки, қонун деган матаҳ оёғимиз остидан бошимизга кўтарилса, уюшмалар тузиш ва сайловлар адолатли ўтса, э-э-энг асосийси, тушовланган матбуотимиз бор камчиликларни фош этувчи жамият санитарига айланса. Майли, қолгани амалга ошмасаям, учинчисини кўрсак, қанийди. Чет тилидаги нашрлар ва прокси билан очиладиган сайтларни ўқишга берилганлигим туфайли “Оммавий ахборот воситалари” эмас, “Оммавий ташвиқот воситалари” (Карим Баҳриев ибораси) ҳолига ачиниш талабалигимдаёқ шаклланган, қолаверса, бизда исталмаган маълумотлар дунёқарашим, ақидам ва маънавиятимга путур етказиб улгурган эди.
Сиз бир тасаввур қилинг: ўша кун келса, ҳеч бир фуқаро мажбуран ишлатилмайди; маҳбуслар калтакланмайди; кириш имтиҳонларида адолат қарор топади; муҳтожларга кўмаклашувчи уюшма тузсангиз, прокуратура чақиртириб пўписа қилмайди; уюшма нима бўпти, керак бўлса, ўз ҳаракатингиз, партиянгизни туза оласиз; фуқаронинг қонини ичаётган монополистларни губкадаги сувдек сиқиб ташлаймиз; бюджет ташкилотларга ажратилаётган пуллар қаёққа сарфланишини билиш имконига эга бўламиз; давлат тузилмасидан уруғ-аймоқчилар кураб ташланади; газета-журналга фуқаронинг ишончи тикланади. Негаки барча нуқсонни фош қилувчи ОАВ росмана тўртинчи ҳокимиятга айланади. Журналист бу жамиятнинг ҳолатини ёритувчи чироқдир, унинг ёрдамида юқоридаги қатлам пастки қатламни кўради, кўргач, табиийки, муносабат билдиради, чора кўради (муҳтарам ўқувчи, эҳтимол, сиз журналистика назариясини мендан ўн баробар яхши билувчи профессионалдирсиз, фикрларимни бир ҳаваскорнинг жўнгина тушунчаси деб қабул қилинг). Ҳокимбуванинг ноқонуний амалини ҳамма нашрлар уриб чиқса, узр сўрамай иложи йўқ; маҳбуслар калтаклангани ҳаммаёққа ошкор бўлса (суд тиббий экспертизаси эркин, фото ва аудиодалиллар бор) ҳукумат дарҳол зўравонларнинг думини тугади; журналистлар “Сариқ девни миниб”даги милиционер Ҳошимжон Рўзиев каби сеҳрли қалпоқчасини кийиб, одам оёғи етмас кабинетларга киради ва инвесторга йўл бермаётган бюрократлару монополистларни фош қилиб ташлайди; инвестор тиқилиб кетгач, юртимизда ишсизлик барҳам топади. Эҳ-ҳе, чўллар бўстонга, даштлар гулистонга айланади... Барибир бу турғунлик босқичи ортда қолиб, ошкоралик ва изчил тараққиёт босқичи бошланиши муқаррар.
...Икки йил бурун ёз охирлаётганда Рио-де Жанейрода боксчиларимизнинг зарбаси орқасидан бир қанча ринг тождорлари ва яна бир тождор қулади. 32 млн аҳоли қувончнинг орқасидан қайғуга ботди. Яширмайман, хафа бўлганим йўқ, буни умидбахш хабар деб қабул қилдим. Ниҳоят, бизнинг давлат ва жамиятда қон алмашади, акс ҳолда айниган қон танани ишдан чиқариши, томирга тиқилиб ётган шлаклар инсулт ёки инфарктга етаклаши ҳеч гапмас эди. Ана энди ОАВни кўрамиз, давринг келди журналистика.
Ҳақиқатан ҳам сўнгги йилларда журналистиканинг тушови ечилиб, учишга урина бошлади. Тўғри, у астойдил учса, кимларнинг бошини чўқиши тайин бўлгани учун жиловни тортиб туришибди, бироқ бугунги ҳолатни уч йил олдин орзу қилардим. Ўша кунлар келишини кутяпман, аммо журналистика призмасидан қараганда тараққиёт босқичигача яна бир оралиқ бекат борлигини ҳисобга олмаган эканман.
Энди ҳолатни кўринг. Танқид ҳам бор, таҳлил ҳам бор, ҳамма камчиликларни уриб ётибди. Журналистлар буниси ҳоким, униси вазир, деб истиҳола қилиш босқичидан ўтди. Аммо уни эшитадиганлар “кўз - кўр, қулоқ - кар” режимини ёқиб олиб, бамайлихотир ишлашмоқда. Бугун ҳокимбува “Ўқитувчи ва дўхтирнинг пахтага чиқиши – жиноят”, деб оташин оҳангда таъкидлайди. Бироқ эртага айни ўшалар “қалб амри билан” пахтага жўнайди. Терговда қийноқ қўллаш мумкин эмас,  аммо “ичкари”дан калтак еб чиқса, “йиқилиб тушган”, деб хулоса ясалади. Ўқитувчи ўлгач, мажбурий меҳнат қонун билан батамом тугатилгани қайта-қайта тилга олинади, бироқ излар босилгач, марҳуманинг ҳамкасблари яна “ўз хоҳиши билан” кўча тозалашга чиқади. Порталга бирор ташкилотнинг бир қучоқ муаммосини ёзасан, “ўрганиб чиқиб, тегишлича чора кўрилсин”, деган штамп жавоб қайтади ва арз-ҳол бумерангдек учиб яна ташкилотнинг ўзига тушади. Деҳқонларнинг пиёзи касод бўлибдими – ёрдам берамиз, 400 сўмдан сотиб оламиз, кўнмасангиз, ўзингиз биласиз, биз ёрдам бердик. Масжид ва болалар масаласими – биз бажонидил халқ истагини тинглаймиз, бироқ ғўр болалар масжидда тўполон қилиб катталарни чалғитса, муқаддас масканни ифлослаб қўйса, гуноҳ ёзилмайдими? Фалон амалдор фалон миллион пулни ўзлаштириб юборибди – вайй, ёмон бўлибди-да, майли, бир сафар кечирамиз, бошқа қилмасин. Ҳа, бемалол фош қилаверинг, ёзинг, асло қўрқманг, бироқ натижани кафолатламаймиз. Ўйлаб қарасам, бу ҳам ҳисоблашишга арзигулик бир “переходной” босқич экан. Меровлик босқичи, беюзлик, карлик, гаранглик, билиб билмасликка олиш босқичи...
Агар бу босқичдан ҳам ўтиб олсак, кейинги бекат ижобий бўлиши тайин. Муносиб кадрлар келади, профессионализм ютиб чиқади. Ҳа, агар, ўтиб олсак. Ҳамма ўтган, биз ҳам ўтамиз. Бу кун кечагисидан яхшироқ, аммо бунақасини орзу қилмаганмиз, эртага бундан яхшироқ бўлади, яхшироқ бўлиши шарт.
2018 йилнинг 31 майи

17.05.2018

Нима(га) керак маънавият?


(2018 йилги блогерлар чемпионатининг 1-босқичи учун ёзилган)

Гадойтопмас бу жойда бир уюм одам ишлайди. Ҳа, бир гуруҳ эмас, бир уюм. Қонунсизлик, зўравон ожизни эзиши, ҳақини ейиши кундалик ҳол. Уларнинг орасида диндори бор, китобга муккасидан кетган китобхони бор, хушфеъли бор, алкаш ва хотинбози бор, аммо муҳит юқорида айтганимдай.. Директор бир ойда хабар олади, қолган вақти салқин шаҳарда вақтини ўтказади, ишчиларидан қўлини ювган, лоқайд. Бир куни пиёниста жулдур ишчи директорга тик гапирди: “Сен бизнинг ҳақимизни еяпсан, ғамимизни эмас. Вазифангни бажармаяпсан. Кимсан ўзинг?” ва ҳоказо. Шунда бирданига соч-соқоли ўсиқ, оғзидан ароқ ҳиди анқийдиган, кийими жулдур ва кир, афт-ангори хароб ишчи барчанинг наздида қаҳрамон ва авлиёга айланди. Нимага? Унда ўрнак оладиган хислатнинг ўзи йўқ-ку.
*                   *                      *
Юқоридаги “ибратли” ҳикояни 7-8 йилча олдин ўзимча ёзиб қўйгандим. Тўғри, нўноқроқ чиққан, аммо воқеа, ҳақиқатан, юз берган. Шу кунларда маънавият масаласида мустақил таҳлилчи Саид Абдулазиз Юсуповнинг ФФФ (футбол, фиеста, фаҳш) назарияси ифодаланган видеолавҳа тарқалдию, эски мавзу қалқиб чиқди: маънавият, ахлоқ, миллийлигимиз. Фейсбукда дарҳол Юсуповнинг устидан истеҳзо бошланиб кетди: нималар деяпти бу “эксперт”, қайси жойда бунақа теория бор экан, ким ўйлаб топган? Ростини айтсам, йўқ жойдан “душман образи” ясаган таҳлилчининг гапига, дастлаб, менинг ҳам энсам қотди. Аммо доно гуглдан сўраганимда Португалия диктатори Антониу ди Салазар аҳолини бошқаришда уч Фга, яъни, Fado – мусиқа, футбол,  Fatima – дин (баъзи ўринларда Fiesta – лаззат, ҳузур) суянганини айтди (1-манба, 2-манба). Бу диктаторнинг илмийликка даъво қилмайдиган образли фикри, бироқ тўлиқ бўлмаса-да, Юсуповнинг хулосасига озми-кўпми далил бўла олади.
Қизиғи шундаки, жамиятимиз маънавиятчилар деганда оқ кўйлак ва галстукли сафсатабоз бир тоифани англаши тобора равшанлашиб бораётганини муносабатлар ошкор этиб қўйди. Ғарбсеварлар ҳам, тақводорлар ҳам маънавиятчи деса пешонаси тиришади. Қуйида мустақил таҳлилчини муҳокама қилмоқчи эмасман, аммо маънавият деган сўз одамларни нақадар бездиргани ҳақида бир оз мулоҳаза билдирсам.
Аслида маънавият дегани ёмон, ёвуз нарса эмаслиги кундай аён. (10 йил олдин маънавият тушунчасининг моҳияти ҳақида залварли-залварли мулоҳазалар бўларди). Мустақиллик даврининг илми билан истеҳзо аралаш таърифласак, юксалганда енгилмас кучга айланувчи номоддий субстанция. Инсоннинг ички дунёси, ахлоқий кучини ифодалайдиган тушунча. Соддароқ қилиб ахлоқнинг ўзи деб талқин қилсаям бўлади. Ахлоқ борки, одамзот яшаб келяпти. Худо-пудойингни билмайман, деб карилловчи даҳрийга ҳам ахлоқсизсан, десангиз, дод солади.
Аммо бу пок тушунча бозорга солиниб савдога қўйилгани чатоқ, сиёсий мафкура қўлида қурол бўлгани ёмон. Охирги 10 йилликларда маънавият сўзи қўй ёғидек кишининг меъдасига тегди. Бежизга қўй ёғига қиёсламадим, қизиқчи айтганидек ҳар нарсага даво воситаси ўрнида ишлатила бошланди. “Қиз-жувонларимиз хорижда фоҳишахонани гуллатишяпти” – хулоса: уларнинг маънавияти паст; “Фалон жабрдийда чет эл радиосида ҳукуматни танқид қилибди” – хитоб: ватанфурушлик, қандай маънавиятсизлик; ”Спортда келишилган ўйинлар авжида” – жавоб: маънавият ҳам қолмапти; “Фалон эстрада юлдузи эри билан ажрашибди” – танқид: маънавияти йўқ отарчилар ва ҳоказо. Менинг фикримча, бирор-бир амални жамият қабул қилишни истамаса, хон ҳазратлари даврида “бу қилғон ишинг пусулмончилиқда борми?”, қизил байроқ замонида “Товариш, это не по-коммунистически” дейилган бўлса, ҳозир “маънавиятимизга тўғри келмайди”, дейилмоқда. Шакл ўзгарган, мазмун ўша. Ахир, аёллар хорижда фоҳишалик қилаётган бўлса, илдизини ишсизликдан қидириш; спортда келишилган ўйинлар урчиса, очиқ текшириш; жабрдийданинг арзига қулоқ, оғзига микрофон тутиш керак эмасми? Давлат ўз вазифасини бажармасдан айбни мавҳум “маънавият”га юклаб қўйиши нақадар осон ва хунук.
Масаланинг яна бир тарафи бор. “Қутлуғ қон” романини ўқиганмисиз? Йўлчи ҳуқуқсиз, камбағал ва ночор йигит. У ўз ёғига қовурилаётганда Абдушукур исмли бир зиёли сабр ва ватан тараққиёти ҳақида беҳуда ваъз ўқийди. Йўлчи ижтимоий тенгсизлик, иқтисодий танг шароитнинг маҳсули. Унга нон керак, иш керак, адолат керак, бироқ зиёли унга насиҳатдан бўлагини беролмайди. Ўтмиш ва бугун ўртасидаги параллелга эътибор беринг. Бугун ҳам ижтимоий таъминот мақтангулик эмас; бой ва камбағал ўртасидаги фарқ жуда баланд; ишсизлик авж нуқтасига етганидан ёзда чекка қишлоқларда эркаклар деярли қолмайди; коррупция ва таниш-билишчилик томирларимизда қонимизга қўшилиб оқяпти; амалдорларимиз орттирган миллионлаб долларига (қонуний йўл билан бунча тополмайди) четда қасрлар қураётгани ҳеч кимга сир эмас; таълимда бир уюм муаммолар тўпланган; мажбурий меҳнат ва инсон ҳуқуқлари бўйича тез-тез танқидларга дуч келиб турамиз ва ҳоказо. Бу ҳолатда маънавият авом учун бир алдов экан, деб ўйлайсан, киши. Биз чўнтак қаппайтирайлик ва офшордаги сандиғимизни тўлдирайлик, аммо сизлар маънавиятли бўлинг, болакайлар, усиз ватан тараққиёти йўқ, сизга айтсам, эҳ, маънавият қандай яхши нарса-я... Бундай ҳолда маънавият тушунчаси омманинг қулоғига кирармиди? Маънавият тарғиботчисининг ноҳақликка исёни бўлмаса, гапини етказа олармиди? Мен маънавият тарғиботчиси саналган Маънавият маркази мажбурий меҳнат ёки қонунсизликнинг бирор кўринишига қарши чиққанини эшитмадим, Ёшлар иттифоқидан ҳам бундай ташаббус учратмадим, ваҳоланки ҳуқуқбузарлик ва таҳдидларнинг олдини олиш уларнинг белгиланган мақсадлари орасида бор. Аслида, улар қўлига қалам олиб жангга кириб кетишини таклиф қилаётганим йўқ, улар давлатдан молиялаштирилишини тушунаман, аммо одамларнинг дардини эшитмасангиз улар ҳам сизни эшитмайди-да.
 Ҳозир одамлар орасида журналистнинг ҳурмати ошиб қолди, айниқса долзарб ижтимоий мавзуда ёзувчи журналистларга оддий одамлар дилини очяпти, босар-тусарини билмай қолган раҳбарлар журналист деса сергак тортяпти. Яқин ўтмишимизда давлат нашрлари ёритолмаган ижтимоий ва сиёсий мавзуларни чет эл нашрлари кўтарар, мамлакатимизда уларнинг ҳуқуқ ҳимоячилари деб аталувчи ҳамкорлари бўларди,  ҳозир маҳаллий журналистлар ҳам фаоллашиб қолди. Жамиятни самарали бошқариш ва фаровон келажакка элтиш учун фақат чиройли тарғибот эмас, холис ахборот ва қонун устунлиги зарурлигини айтмоқчиман. Акс ҳолда панду насиҳатдан мияси ғовлаган “маънавият”ли оломонни етиштирамиз холос.
Айни кунда қонунсизликка муросасиз, жамиятни иллатлардан тозалаётган, вазирлар ва ҳокимларнинг, керак бўлса, президентнинг фаолиятини таҳлил ва танқид қилаётган журналистларга ҳавас қиламан. Маънавиятчиларга эмас.


2018 йилнинг 17 майи

08.04.2018

Геофизик нефть қидирсинми, кўсакми?


Мана куз ҳам охирлаб, вилоятларнинг пахта режалари бажарилишига озгина қолди. Яқин ўтмишимизга қайтиб тасвирлайдиган бўлсак, дўппи кийган қориндор ва шопмўйлов раис боболар карнай-сурнайлар садоси остида қўр тўкиб тантанавор мукофотларни оладиган кунлар яқин. Қисқаси, пахта плани тезроқ тўлсин, бу барчанинг дилидаги гап.
Гапни пахтадан бошладик. Гарчи юксак минбарлардан “бизда мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди. Фалон касб эгаларининг пахта териши жиноят. Ундоқ-бундоқ”, деб жарангдор ваъдалар берилишига қарамасдан, ихтиёрий-мажбурий тарзда юзлаб корхона-ташкилотлар хизматчилари пахтага жўнатилди. Шуларнинг қаторида “Ўзбекнефтгаз” холдингига бўйсунувчи геофизика ташкилотининг ишчи-хизматчи ходимлари, мутахассислари катта пахта хирмонига ҳисса қўшди.
Ноябрь тугашига саноқли кунлар қолганига қарамасдан “Ўзбекгеофизика” ишчи-ходимлари ҳар куни Учкўприк, Фурқат туманларининг далаларида кўсак қидириб сарсон. Аслини олганда, пахта терими геофизика раҳбарияти учун ҳам ғирт даҳмаза. Ҳокимият мажлисда “фалонча одам берасан”, деб талаб қўяди. “Фалонча одам” берганда эса бу нефть-газ қидирув ишларининг сифатига таъсир ўтказмай қолмайди. Ахир, мутахассис ва ишчи кучи бўлмаса, иш қаердан юрсин?
Аслида далада терадиган бирор нарса қолгани йўқ, ҳисоб. Буни муаллиф олган расмлардан ҳам кўришингиз мумкин. Давлат ташкилотидан келган теримчини кўрган фермернинг ҳам пешонаси тиришади, чунки тергани бир халта (этак ё қоп ҳам эмас) кўсак, аммо қозон осиб тушлик тайёрлаш шарт. Ўзига қолса, теримчиларни чақирмайди, аммо юқоридан талаб шундай.

Моддий бойлик яратмайдиган касб эгаларини заррача камситмаган ҳолда геофизикларнинг меҳнати маҳсулини баҳолашга ҳаракат қилиб кўрайлик. Бунинг учун геофизиклар томонидан очилган углеводород конларининг ҳажмини билиш етарлидир. Яқинда Андижон вилоятида очилган газ кони бир суткада 600 минг куб метр газ бериш салоҳиятига эга деб баҳоланди. Газнинг 1000 куб метрини давлатимиз 150 доллардан четга сотганда ҳам бир суткалик маҳсулотдан 90 минг доллар даромад олиш мумкин.
Мажбуран пахта даласига чиқарилиб бир кунда 20-30 кг пахта терган кадр давлатимизга қанча фойда келтириши мумкин? Ташкилотда ишлайдиганларнинг барини қўшганда ҳам кунига 90 минг доллар келтирмаслиги аниқ.
(Қайтариб айтаманки, гап фақат моддий бойлик келтирувчи касб эгалари ҳақида эмас. Нафақат, нефтчи, балки йўлсоз, шифокор, банк ходими, ўқитувчи сингари барча касб ходимларининг кузда пахта даласига ҳайдалишига чек қўйилиши зарур, деб биламан).
Ўзбекистонда кундан кун ўзгаришлар бораётган даврда давлат ташкилотлари ходимлари пахта теримига чиқарилишига чек қўйилишидан ва ҳар бир мутахассис ўз соҳасида хизмат қилишидан умид қилиб қоламан.
Ш. Исломов
Фарғона
(мақола 2017 йилнинг 26 ноябрида sof.uz сайтида нашр қилинган)

31.03.2018

Қайнонамнинг совғаси (Дима Қаюмга бағишлов)


Зап қайнонам бор-да. Куёвини ҳамма жойда паддержка қилиб юради. Туғилган кунимда хотин онасиникига борибди, қаранг. “Куёвизга нима совға қиласиз” аяжон деб сўраса, бир пачка долларни кўрсатган экан (бой бойда барибир), хотин “фу, ҳозир қуруғини узатиш модадан қолган, қуруқ долларга пишагам офтобга чиқмайди”, деворибди. “Ҳа, бўмаса, Гавайи оролларигами, Анталиягами путёвка оберай, бола-чақани манга қолдириб куёвим билан дам олиб келинглар” деса, “ўзи кеча Исландиядан келдик, уёққаям куёвиз печка экспорт қилмоқчи, совуқ жойларакан, ҳам саёҳат ҳам тижорат дегандай дам олиб келдик, энди саёҳатга чиқмаймиз” дебди. Ҳа, содда хотин-а, Исландияга нимага борганимни билмайсанда, фуқаролигини олмоқчи бўп борганимни билдирмайманда (тшш, жим туринг, шовқинламанг). Хуллас десангиз, охири қайнонам туғилган кунимга антиқа сюрприз қиладиган бўлди. Нима дейсизми? Ўзимам телвизордан билдим. Икки ой бурун газчиларни каттаси телвизорда чиқиб “халойиқ, бу йил газ бўмайди, умид қилманг”, деганда хурсанд бўлганимдан ўзимни томдан ташлаворай дедим. Аслида унинг гапини давоми “...газ бўмайди, ўтин печкага ўтинглар, Дима Сахий печкаларидан харид қилинг” дейиши керак эди. (Ҳаммаси қайнонамнинг плани бўйича кетяпти). Ғирром операторлар шу жойини кесиб ташлапти. Ҳа, майли, асосийси мақсад айтилди-ку. Қайнонам Адолат Усмоновани танимайдиган одам бор эканми? Бой бойда барибир. Шундай қилиб биз тузган молиявий схема бўйича одамларга печкани саккиз баробар кўп сотиш мўлжалланяпти.
Ҳа, бунинг учун катта харажат қилди қайнонам. Кетса бойдан кетибдида. Олдин радио, телвизор, газета, сайтларда махфий заказ бериб печканинг афзаллигини тарғиб қилдик. Баҳриддин Асрор, Шукур Исломов, Дониёр Рўзметов, Ривожиддин Абдумаликов деган ёзувчилар таппининг фойдаси, ўтиннинг чўғи, газнинг зиёни ҳақида қоп-қоп мақолалар ёзиб тарқатди. (Ҳаммаси қайнонамнинг плани бўйича). Ҳозир битта олим таппининг соф зичлиги, концентрациясини ўрганяпти, бошқаси калориясини ошириш, ҳидини кетказиш бўйича диссертация ёқлаяпти. Ҳаммасини ҳомийси Адолат Усмонова. Бой бойда барибир.
Ҳаҳайт, давринг келди суриб қол Дима. Дима Сахий печкаларига кепқолинг, деб Равшан Эрматовнинг рекламада чиқишини ўхшатиб турсам, хотин “туринг, дадаси, одам деган печканинг устидаям ухлайдими, тагиздан совуқ ўтиб кетса менга қийин”, деб уйғотди. Кўзим кетиб қопти.
2017 йилнинг декабри

23.12.2015

Қизғин баҳс ва танқид

Яқинда мен ишлайдиган бошқармада демократия сари бир қадам қўйилди.
Биз зиёли инсонлармиз, демократияни баъзи бировлар тушунганидек "хоҳлаган одам хоҳлаган овозда хоҳлаган гапини гапира олиши" деб тушунмаймиз. Агар кичкина одам каттакон одамни асосли танқид қилиб чиқса ва ўша кичкина одам калтак емаса - бу бошқа гап. Шу биз учун демократия тантанаси.
Бошқармамизнинг бошлиғи бир илмий китоб ёзган. Имло хатоларига қоқилиб-суқилиб у китобни ўқиб чиқишга мажбур бўлганмиз. Аслида бу китобни у эмас, кичик ходимимиз умидли аспирант Кенжаев ёзганини қоровулимизнинг ити ҳам билади. Лекин қайсидир бир журналистнинг “одатда китобнинг муаллифлари кўпчиликни ташкил этса, исм-шарифи энг охирида қайд этилгани китобни ёзган ҳақиқий муаллифи бўлади” деган қитмирона сўзларини бошлиғимиз қаердадир эшитган экан. Яхшиси Кенжаевнинг фамилиясини умуман муаллиф ёнига йўлатмай қўя қолибди. Энди худди шу асарнинг муҳокамаси пайшанба куни бўлиши керак. Энг қизиғи, биласизми, нима бўлди? Ташкилотимизга вазирликдан "муҳокамада албатта баҳс ва танқид бўлиши керак" деган мазмунда буйруқ келди!
Оббо, буёғи қизиқ бўлди-ку!
Йўқ. Сиз ўйлаб кўряпсизми, ка-аттакон, серсавлат, қориндор бир инсоннинг китобидан камчилик топиб, ҳамманинг олдида баралла валдираб, изза қилишни тасаввур қила оласизми?
Сирасини айтганда илгарироқ ҳам шунга ўхшаш томдан тушган тарашадек оғзаки буйруқ келганди тепадан. Мустақилликка энди эришган йилларимиз эди, чамамда. "Совет даврида соҳамизда нима ишлар қилинди?" деган мавзуда тезлик билан доклад ва мақола тайёрлашимиз лозим бўпқолди. Ёздик. Мақоладаям, докладдаям совет даврининг роса пўстагини қоқдик, соҳамизга эътибор бўлмаганлигига фактлар келтирдик, кўксимизга офтоб тегмаганини далиллар билан исботладик. Сал кейинрок билсак, совет даврида соҳамизнинг ривожи тўғрисида ижобий тарзда ёзилиши керак экан. О, ўшанда ёзганларимизнинг мазмунини бир соатдаёқ тескарисига ағдариб чиққандик. Юқоридан келган буйруқни икки қилиш яхшиликка олиб бормайди.
Ана-мана дегунча пайшанба куни келди. Катта залимизга ташкилотимизда катта-кичик лавозимда ишловчилар йиғилишди. Бизга алоқадор қўшни ташкилотдан ҳам меҳмонлар чақирилибди. Илмий ходимларнинг чумчуқдеккинасидан тортиб савлатидан от ҳуркадиганигача курсини эгаллаб ўтиришибди. Муҳокамани кузатиш учун юқоридан йўлланган вакилга сўз беришганда шундай деди:
- Марҳамат, дилингиздагини сўзланг. Очиқ-сочиқ гапиринг. Асосли танқид тўғри қабул қилинади. Қизғин баҳслашишни ва танқид қилишни ўрганайлик. Замон биздан шуни талаб қилмоқда.
Каттаконимиз барчамизга кулимсираб боқиб турибди. Худди "қани, мени танқид қиласизларми?" дегандай.
Илмий ходим Исматов сўз бошлади:
- Ҳурматли ҳамкасблар. Биласизлар, мен китоб, умуман илмий ва адабий китоблар шайдосиман. Мен мактабга кирганимда биринчи марта сеҳрли қалпоқча тўғрисидаги   китобни   катта   завқ-шавқ   билан   ўқиб   чиққанман.   Бу   китобни биласизлар - қалпоқчани кийиб олган бола йўқ бўлиб қолади. Иккинчи марта эса мен А. Қодирийнинг романини ўқиб таъсирландим, унда мен юқори синфда ўқирдим ва унча-мунчага ақлим етарди. Ва шу китоблар асосида дунёни англадим, идрок қилдим, дўстлар. Мен учинчи марта беҳад катта қизиқиш билан мутолаа қилган асар бу ҳаммамиз учун ҳурматли Ғишматулла акамизнинг барчамизга таниш илмий асарларидир. Мен анчадан бери соҳамизда шундай жиддий асар яратилишини кутиб келардим. Соҳамизни энди шу асар орқали идрок этаман. Китобда илмийлик ва шу билан бирга ўқувчига тушунарли соддалик уйғунлашган. Соҳамиз бўйича таҳсил олувчи олий ўқув юрти талабалари учун бу айни муддао булди. Барча учун ғоят керакли китоб муборак бўлсин, - дея сўзини тугатди у.
Сўз пенсия ёшидан ўтган фан номзоди Тусматовга берилди. У гапни узоқдан, яъни барча ҳужжатлар ва илмий китоблар бегона тилда ёзилган замондан бошлади. "Бизнинг она тилимизга қарата росмана ўт очишган эди", дея ўкинч билан эслади у. Бегона тилга ўрганмаган биз каби қишлоқдан келган талабалар фанни ўрганолмай домлалардан дакки ер эдик. Ҳозиргидагидек эмин-эркин ўзбек тилида соф илмий асарлар битадиган олимларимиз қаерда эди у пайтларда", деди.
-  Асарда нефть-газ пайдо бўлишига оид қимматли фаразлар баён қилинган. Масалан "эркак динозаврлар мурдаси нефтга, урғочиларининг жасади газга айланганлиги" дарҳақиқат фан оламида улкан янгилик. Асарда динозаврлар шундай тасвирланганки, мен худди қулоғим билан уларнинг қийқириғини эшитгандай бўлдим.
Китобга узоқ ҳамду санолар ўқигач, бунга тўртта диссертациянинг материали сарфланганини эътироф этиб, муаллифни бемалол академик атайвериш мумкин, деб хулоса ясади.
Ёмғирдай ёғилаётган мақтовлардан пешонаси тобора тиришиб бораётган вакил муҳокамани шартта тўхтатиб бўкирди:
- Ҳой, тили мақтовдан бошқа гапга айланмайдиган бандалар! Сиздан нимани талаб қилдим? Танқидни, эшитдингизми, танқидни!? Китобнинг камчилигини кўрсатинг. Дўст ачитиб гапиради, дўст дўстнинг камчилигини кўрсатади. Раҳбарининг камчилигини кўрсатадиган ботирлар борми? Бўлди, мақтов тамом, бундан буён фақат танқид ва баҳс бўлади. Мақтовчи сўзамолларни шу залдан ўзим қувиб чиқарганим бўлсин.
Биласизми, инсон жуда мослашувчан ва яшовчан жонзот, шундай эмасми?
Иложсиз вазиятда имкон топганлар, чорасиз жойдан тадбир билан чиқа олганлар бор. Бизга ҳазилакам шарт қўйишмади. Ўйланг: асрлар давомида қонимизга сингган қадриятга қарши чиқиш талаб этиляпти.
Лекин барибир иложи топилди. Муҳокамада фақатгина илмий асарни танқид қилибгина қолмасдан, кимсан Ғишматулла акага ҳам дакки беролдик.
Жиддий сўзлаяптими, ҳазил қиляптими - аниқлаб бўлмайдиган ходимимиз бор. Шу қўл кўтарди, эҳтимол, зарурият юзасидан ташқарига чиқишга рухсат сўрамоқчидир. Лекин ўртани бошқарувчи "сўз сўрамоқчи" деб ўйлаб “марҳамат" деб юборди.
У дарров ўзини ўнглаб олиб:
-  Бу китобнинг катта камчилиги бор, - деди. Ҳамма унга ажабланиб боқди. -Бунга муаллиф жиддий эътибор бермаган. Америка ва Россияда босиладиган «Oil and gas» сингари журналларни ҳаммамиз кўрганмиз. Нефть-газ соҳасига оид янгиликлар   босилади.   Ғишматулла   акамнинг   китоблари   шу   журналнинг  бир  йиллик сонларидан кўра аҳамиятлироқдир. Хўш, нега энди қаёқдаги журнал   ялтироқ, пишиқ, сифатли қоғозга босилади-да, Ғишматулла аканинг китоблари оддий қоғозга босилиши керак. Бу катта нуқсон, ўртоқлар. Ахир бу китоб нефтчилар орасида талашиб ўқилишини муаллиф билмайдими? Эҳтимол, билади, аммо бунга етарли эътибор қаратмаган. Ахир бунақа китоб пишиқ ва сифатли қоғозга босилмаса, бир-икки йилда титилиб варақлари йиртилиб кетади-ку! Биз муаллиф олдига шу талабни қўямиз: китобингиз сифатли бўлсин, кейинги нашрларда буни ҳисобга олинг.
Мана қўрқмай гапирса бўларкан-ку. Кейин Ўрдаев сўз олиб китобнинг электрон нусхаси интернет саҳифаларида ҳанузгача пайдо бўлмаганлигини камчилик сифатида баҳолади. У сўзини "эҳтимол баъзилар, зарурияти бормикан, деб қараши мумкиндир, аммо китоб етиб бормаган ерга интернет етиб боради. Ғишматулла ака асарларини интернетга жойламаганликлари соҳамиз мутахассисларини қийнашдан бошқа нарсамас. Буни кечиктирганни кечириб бўлмайди", деб тугатди.
Шундан сўнг муҳокама қизиб кетди. Молқўзиев Ўрдаевнинг фикрига қўшилган ҳолда китобни бетўхтов инглиз, француз, испан, араб ва япон тилларига ўгирилмаётганини гапирди. "Муаллифга агар бу зарур бўлмаса чет эллик нефтчиларга керак", деб чинқирди. "Кимки бунга панжа орасидан қарар экан уни аяб ўтирмайман. Ва қараб ҳам ўтирмайман. Шарқшуносликда ўқиётган ўғлимга айтиб туриб шартта индонез тилига таржима қилдираман", дағдаға килди у.
Шу орада фан номзоди Тусматов билан профессор Домлаев қизғин баҳслашиб кетишди. Ҳали Тусматов "динозавриинг товушини эшитдим" деганди. Домлаев эса китобнинг палеонтологик қимматини эслатиб "мутолаа чоғида ўша даврга саёҳат қилгандай туюлганини" билдирди. "Миямизга бор-йўғи 16 фоиз информация қулоқ орқали, 80 фоиз информация эса кўз орқали етказилади", деб қўйди.
Тусматов буни эшитиб қолиб "сиз мени китобнинг қимматини тушунмасликда айблаётибсизми. қулоқ орқали кам информация ўтадиган бўлса нега унда радио дегани болалаб кетган?" деб жириллади. Домлаев "кимнинг қайси аъзоси яхшироқ ишласа, ўша орқали информация олади", деб сирпанчиқрок гап қилганди, буни Тусматов кўзи яхши кўрмаслигига шаъма қилаётибди, деб тушуниб, "аъзоларимга тил теккизманг", деб қўлини пахса килди. Биз маза қилиб кулдик, иккала олим бўлса дакан хўроздек чўқишиб кетди.
Ҳаммани ҳайрон қолдириб умидли аспирант қимтинганча сўз сўради. Ўзи китоб ёзиб, яна ҳамманинг олдида ўзи танқид қилишини ақлимизга сиғдиролмай турибмиз.
-   Китобнинг адади кам, - деди Кенжаев. Залда "адад" нималигини билмайдиганлар бор экан "тираж", деб қўйди. - Ҳурматли устозларимиз юқорида бу дурдона асар барчага зарурлигини таъкидлаб ўтишди. Модомики, барчага бирдек зарур экан, нега бор-йўғи икки минг нусха чоп этилди. Беш минг, ўн минг, эҳтимол, йигирма беш ё эллик минг нусхада босиб чиқариш пайти келмадими? Ададини кўпайтирмаслик - фанимиз учун хиёнатдир. Бунга асло чидаб бўлмайди.
Қаттиқ қарсак бўлди.
Шу даргоҳда ўттиз йилдан бери ишлайдиган, бир мартаям эрга тегмаган, сандиқдай бўлиб семириб кетган шаддод Саври опамиз:
-  Мен Ғишматуллонинг ўзининг айбларини юзига айтмоқчиман, - деб наъра тортиши билан ҳамма қизиқиб унинг оғзига қаради. - Ғишматулло ҳар йили баҳорда хориждаги санаторийда, кузда эса ўзимизнинг республикамиздаги санаторийларда   дам   оладилар.   Яқинда   адир   томондаги    санаторийда   дам олганларида кўргани бордим. Бор-йўғи саккиз хил овқат тайёрланар экан. Ваннахонасининг тоши қизиллигини айтмайсизми? Асабга таъсириниям ўйлашмайди қишлоқи врачлар. Қишки чўмилиш ҳавзаси бутунлай тўғри келмайди. Маиший буюмлари Хитой билан Эронники, биттаям европейскийси йўқ. Ғишматулло, дўстим, - мурожаат қилди ғамхўрларча. - Балки сиз ўйламассиз, аммо саломатлигингиз бизга керак, қолаверса оилангизга керак. Камтарлик ҳам эви билан-да. Шунинг ўрнига Швейцариягами ёки ўзимизнинг Кавказгами йўлланма олсангиз нима қиларди? Сизнинг катта айбингиз - дам олишга бепарвосиз. Юзингизга айтганим учун хафа бўлманг, - деб кулиб-кулиб ўтириб олди.
Ғишматулла ака жилмайганча унга бош ирғади.
Шундан кейин бошлиқ номига танқидлар ёғилди. Биров қабулхонани ойнаванд қилиб қайта қурилмаганлиги ва эшиги релели эмаслигидан айб топса, иккинчиси тушликка зинҳор чойхонага эмас, фақатгина марказдаги ресторанларга бориш лозимлигини тавсия қила кетди. Бошлиқнинг бир пиёниста ўғли омборда ишларди ва иш пайтида отасининг "служебний" машинасини ҳуда-беҳудага миниб чиқиб кетаверарди. Шу ўғилчагаям битта "служебний" ажратиб берилишиии уч-тўрт киши қаттиқ талаб қилди, Ҳамма гапиргач, мен четда тураманми, деб "токайгача Ғишматулла ака "эсперо"да юрадилар. Аллақачон "хундай соната" олишлари керак эди. "Служебка"ни бетўхтов янгилашларини қатъий талаб қиламан", десам ҳамма қарсак чалиб юборди.
Молқўзиев яна сўз олиб хўжайиннинг кадрлар бўлимида ишловчи учинчи хотини аллақачон етук мутахассис бўлиб етишганлиги, бироқ ҳанузгача унинг лавозими кўтарилмаётганлиги катта хато эканлигини билдирди. Кадрлар бўлимининг бошлиғи эса хўжайинни айнан бугун долзарб бўлиб турган масала -ёшлар келажагига бепарволикда айблади. Шу йил иккита талаба  ўқув амалиётини ўтаб кетган эди. Уларни дарҳол ишга қабул қилинмаганлигини афсус билан таъкидлади. "Икковларининг ҳам ўта зукко ва билимдонликларини кўзларидан пайқагандим. Хўш бири қизингиз, бири жиянингиз бўлса нима бўпти? Биз учун улар - эртанги кун ворисларидир", деди.
Вазирликнинг вакили яхши кайфиятда жўнади.

Хўш, биродар, энди айтинг-чи, сизнинг даргоҳингизда биров журъат этиб каттаконнинг хатосини юзига айта оладими? Ишончим комилки - йўқ, каттаконингиз "икки карра икки - беш бўлади" деса ҳам "тўппа-тўғри" деб тасдиқлайсизлар. Агар тажрибамиз сизга маъқул келган бўлса, кадрларингизни юборинг, қайта тарбиялаб жўнатамиз.
2008 ёки 2010, қайси йили ёзганим эсимда йўқ