31.08.2016

Хонтахта сиёсатшунослари

Интернет, цивилизация, механизация, вулканизациянинг ривожланиши билан янгидан янги касб-ҳунарлар ва ижтимоий тоифалару гуруҳлар шаклланди. Диван сиёсатчилари ёки хонтахта сиёсатшунослари шулардан бири.
Уларнинг тури кўп. Ижтимоий тармоқларда кундан кунга урчиб бормоқда. Бири Америка томонини, иккинчиси Россия томонини олиб бир-бирининг гўрига тинимсиз ғишт қалаб туришади.
Агар сиз ҳамиша бир томоннинг ёнини олиб, иккинчи томоннинг гўрига донаси 310 сўмли пишиқ ғишт қаламаган бўлсангиз, демак улар тоифасига кирмайсиз ва хотиржам ўтириб давомини ўқисангиз бўлади.
Хонтахта социологлари. Ўзларига қарашли доно фикр барча соғлом фикрлиларга хос деб ҳисоблашади. Сўз орқали ҳужумни бундай бошлашади: “Бу ҳақда барча якдил”, “Бунга ҳеч ким шубҳа қилмайди”. Фикрларига қўшилмаган барча сотқин, хоин, тентак ёки масондир.
Хонтахта экспертлари. Худди социологлар каби тактика қўллашади. Кўпинча, аллақандай ажнабий (Сэмюэлсон, Клифф Кёртс в.б. номини ҳеч ким эшитмаган) сиёсатшуносдан иқтибос келтиришга ўч.
Хонтахта аналитиклари. Таҳлилда, албатта, изчиллик, қонуният келтиришади. “- А воқеа рўй бердими? Ахир, ундан олдин Б ҳодиса бўлгандику. Б га қараб А юзага келишини олдиндан билиш қийин эмас. Мен аллақачон шундай бўлишини билгандим” ва ҳоказо..
Хонтахта футурологлари. Хонтахта аналитикларидан стажи ортиқ тоифа. Кечаётган воқеаларга қараб келажакни башорат қилишади. Масалан, фалон воқеа рўй берди. “-Энди Франция Ливияга киради. Қараб тур. Мени айтди дейсан”
Хонтахта конспирологлари. Бошини қаттиқ уриб олган ноёб шахслар. Барча сиёсий жараёнлар тенденциясидан ўзаро боғлиқлик ясашади. “-Бу Исроил ва Америка махфий плани. Барчаси улар манфаати учун ташкил этилган”. “-Йўғее”. “-Шундай”.”-Таиланд зоопаркида фил ўлибди”. “- Тсс. Бу Билдерберг клубининг иши”.
Хонтахта геополитиклари. Хонтахта конспирологларининг ривожланмай қолган тоифаси. “-Нега бу давлатга уруш очди?” “-Чунки қазилма бойлиги кўп, шуниям билмайсанми?”
Хонтахта тактиклари. Жаҳоннинг қизғин нуқталаридаги урушни муҳокама қилишади. “- Нега А режа бўйича урушмаяпти? Ҳа, чунки, қўмондонлари лапашанг. Йўқ, сотилган. Фалон давлатга сотилган. Аҳа! Ахир, Б режа бўйича урушиш керак!”
Хонтахта қуролшунослари. Урушаётган томонларнинг қурол-яроғини муҳокама қилишади “- Ҳмм. Бунисида Град, унисида Браунинг M2. Қаердан олиши мумкин? Тўхта, бу қурол фақат фалон давлат армиясида бор, демак....”
Хонтахта инженерлари. Хонтахта қуролшуносларига турдош тоифа. Гарчи Калашниковнинг ичини очиб кўрмаган, гуглга қарамай БТРдан БМПни фарқлай олмаса-да, ҳарбий аппаратлар ва иншоотларни худди ўзлари қургандек тавсифлашади. ИШИД ва Ғарб коалицияси, Россия аралашувига доир хонтахта жангларида алоҳида хизматларини таъкидлаш жоиз. Шимолий Кореянинг техникасини Ким Чен Индан кўра пухта билишади.
Хонтахта юристлари. Турли халқаро қонунлар ва конвенциялар ҳақида фикр юритишади. Масалан: Кечаги террор акти ҳақида Женева конвенциясида бундоқ ёзилган.
Хонтахта диншунослари. Муқаддас асарлар ва ривоятларнинг исталган еридан ўзлаштирилган иқтибос асосида ҳукм чиқара олишади. “Эшак ҳанградими? Демак таҳоратинг бузилди”.
Хонтахта тарихчилари. Таранг вазиятни тегишли тарихий ҳодиса билан қиёслашади. Масалан: Россия-Украина гибрид уруши Индонезия-Малайзия конфронтацияси билан..
Хонтахта шоҳидлари. Ҳар бир сиёсий ҳодисада ўзининг иштироки борлигини таъкидлайди. “Қарангки, айни шу куни Украинада эдим..”
Хонтахта ҳайбаракаллачилари. Оёқ остида ўралашиб кучли тарафни астойдил маъқуллайдиган хашаки тоифа. Вазият ўзгарганда эволюцияга учрайди. Аммо уларсиз ҳаёт давом этмайди, шундай эмасми?

Интернет материаллари асосида тайёрланди

Комментариев нет:

Отправить комментарий