Азиз Несин
Мен роман ёздим. Бу ишга икки ой вақт
сарфладим. Туну кун ўтириб ёздим.
Роман яхши чиқди, деб бемалол айта оламан.
Қўлёзмамни бир газетанинг таҳририятига олиб бордим.
-
Оригинал
романларни босмаймиз.
-
Ҳеч
бўлмаса бир кўринг!
-
Ҳожати
йўқ, оригинал асарларни халқ суймайди.
Шундан сўнг қўлёзмамни ноширга олиб бордим.
“Мен сизга..” дейишга улгурмасимданоқ, “Биз фақат таржима романларни босамиз”,
деган жавобни олдим.
Бошқасига бордим. У ҳам олмади.
-
Мабодо
сизда бирор-бир таржима асар бўлса, олиб келинг. Оригинал нарсани харид
қилишмайди.
Қаёққа бормай, бир хил жавоб олавердим. Мана
қарабсизки, икки ой дам олмай ўтириб ёзган, қанчадан қанча умидлар боғлаган
романим никоҳсиз муҳаббат меваси бўлиб, масжиднинг остонасига ташлаб кетилган
чақалоқдай қўлимда қолаверди. Шунда калламга бир фикр келди. Француз, немис,
инглиз, итальян ва бошқа чет эл ёзувчиларининг ҳикояларини олиб, Жонсонни
Аҳмад, Мартани Фотима деб ўзгартириб, сўнг ўзларининг имзолари билан
журналларга берган ҳамкасбларим озми? Шу ишнинг тескарисини қилсам биров
халақит берадими?
Ўтириб барча туркча исмларни америкачасига
ўзгартириб чиқдим. Нью-Йоркнинг харитасини диққат билан ўргандим ва барча
географик номлар ҳам америкача бўлди. Навбат энди муаллифга келди. Шундай қилиб
мен Марк О Брайн деган ном остида Америка ёзувчиси бўлиб дунёга келдим.
Барча ишни битиргач яна газета таҳририятига
йўл олдим. Ҳалиги бетоқат муҳаррир таажжуб билан:
-
Ахир,
биз фақат таржима романларни босамиз! – деди.
-
Мен
ҳам сизга Марк О Брайннинг романи таржимасини олиб келдим.
-
Буни
қаранг! Жуда соз! Бу Марк О Брайн ким?
-
Сиз
у ҳақида эшитмаганмисиз? Шундай машҳур ёзувчини-я! Унинг асарлари жаҳоннинг
барча тилларига таржима қилинган.
Бунақа гапдан сўнг романни ўқиб чиқишнинг сира
ҳожати қолмади ва авансни ҳам тезгина беришди. Мендан фақатгина муаллифнинг ўзи
ҳақида бир оз ёзиб беришимни сўрашди.
Мен қўлимга қалам олдим.
“Марк О Брайннинг охирги шедеври – “Хотин учун
кураш”. Америкада шов-шув кўтарган китоб. Қирқ миллион нусхада тарқатилган. Мазкур
тенгсиз асар жаҳоннинг барча тилларига таржима қилинган ва ниҳоят “Туя калласи”
номи билан бизнинг тилимизга ҳам ўгирилди.
Лекин Марк О Брайннинг ўзи ким?...”
Кўз очиб юмгунча жаноб Марк О Брайннинг
таржимаи ҳолини ҳам ижод қилиб ташладим. “ У оиласида энг кенжа фарзанд бўлиб,
ундан ташқари яна ўн саккизта фарзанд бор эди. Филадельфияда фермер бўлган
отаси ўғлининг пастор бўлишини истарди, лекин қувлиги билан бошқалардан ажралиб
турувчи кичик Марк теология профессорининг думбасига игна санчганлиги сабабли
ўн тўрт ёшидаёқ мактабдан қувилади (Қисқаси, кўпгина таниқли Америка
ёзувчиларининг типик ҳаёти) Балиқ тутиш, контрабанда билан шуғулланган, бир
муддат олтин қидирувчилик қилган (Ҳаммаси сизга маълум нарсалар) Ниҳоят қирқ
ёшида “Келинг ўпишайлик” номли биринчи ҳикоясини журналга жўнатган. Унинг тили
ва услуби шунчалик хароб эди-ки, унда...”
Қарабсизки, узундан узоқ таржимаи ҳол пайдо
бўлди. Ана энди бизнинг романларни кўринг!
Китоб ноширлари изимдан юришарди:
-
Қулоқ
солинг, бизгаям худди шу Марк О Брайндан таржима қилиб беринг!
Мен Марк О Брайннинг роппа роса ўн саккизта
романини ўгирдим. Ҳаёт эканман – таржима қиламан. Лекин бу билан чегараланиб қолмадим. Сиз Жек
Леммер деган машҳур изқувар борлигини биласизми? Унинг асарларини талашиб ўқишяпти.
Мен бу муаллифнинг олтита китобини таржима қилдим. Охирги пайтда жуда илгарилаб
кетганман. Ҳозир ҳинд, хитой ва бошқа кўплаб тиллардан ҳам таржималар қиляпман.
Қадрли ўқувчилар!.. Сизга маълум бўлсинки,
ўзимизнинг газета ва журналларимизда ўқиётганингиз турк ҳикояларининг юзтадан
тўқсон тўққизтаси, минг афсуски, бировдан ўзлаштирилган. Сизга таржима сифатида
тақдим этилаётгани эса, аслида, ватандошингиз томонидан ёзилгандир. Фақат
исм-шарифи ва номи чет тилида холос.
Ҳаммасидан ҳам кўра бир нарса менинг кўнглимни
кўтаради. Бир кун келиб одамлар Америка адабиёти тарихини ўрганишаётганда турк
романларини ҳам ўқишларига тўғри келади. Ўшанда менинг ҳам дилдаги орзуим
ушалиб, Марк О Брайн номи билан Америка адабиётидан жой оламан.
Шукуржон Исломов таржимаси
(P.S.Ушбу ҳикояни русчадан таржима қилганимдан
сўнг, аввал ҳам туркчадан ўзбекчага ўгирилиб “Мушт кетди” тўпламига
киритилганлигини билганман. Барча ҳурматимиз устоз таржимонларга, менинг бу
иккинчи таржимамни ўқиганлар кичик бир уриниш деб қабул қилсинлар)
Комментариев нет:
Отправить комментарий