17.08.2015

Муҳим топшириқ

Азиз Несин

Ўша куни эрталаб сиёсий полициянинг мансабдорига хўжайин қуйидагича буйруқ берди.
- Чжан, сенга ўта муҳим ишни топширамиз. Сен учун бутун хизматинг давомидаги энг шарафли вазифадир. Албатта, сен буни эплайсан.
Чжан тўзиган ботинкаси, пайпоқларига қараганча тортиниброқ сўради:
- Мукофот пули бериладими, жаноб бошлиқ?
- Албатта, агар муваффақиятли бажарсанг уч минг юан оласан. Энди менинг гапларимга қулоқ сол.
Бошлиқ унга нималарнидир уқтирди, аммо Чжан ҳеч нимани тушунмади. Унинг хаёлида уч минг юан айланар эди. Худди катта пулга ўхшайди, бироқ бозорда бирпасда совурасан.
- Сен Америка махфий хизматлари курсида таълим олганмисан? – сўради шеф.
- Нима? – дея садо чиқарди Чжан, ҳануз уч минг юандан боши айланган кўйи.
- Америка мутахассислари билан...
- А, ҳа, ҳа...Мен энг юқори баҳо олардим
- Унда сенга ишонсам бўлади. Чжан, мени диққат билан эшит. Қиёфангни яхшилаб ўзгартиришинг керак. Эгнингга жулдур кийим кийиб, эртадан кечгача Чань Ань-цзе проспектидаги пуштиранг бино рўпарасида садақа сўраб ўтиришинг керак бўлади.
- Тушунаман, хўжайин. Тиланчилардек кийиниш менга қийин эмас.
- Ўша катта бинога кимлар кириб-чиқаётганини кузат. Ҳар куни кечқурун менга бу ҳақда билдириб турасан.
- Эшитаман, хўжайин.
Чжан афти ва кийимини шундай маҳорат билан ўзгартирдики, унинг яқин танишлари ҳам кўришганда, тиланчи бўлиб туғилган, деб ўйлашар эди. Бутун Хитойни кезиб бундан зўр тиланчини тополмасдингиз.
Чжан тиланчиликни бошлаган куни эрталаб олдига шеф келди ва чақа ташлаётиб сўз қотди:
 - Табриклайман сени, Чжан. Сенлигингни билмаганимда ҳақиқий тиланчи деб ўйлар эдим.
Иш фаолиятининг биринчи кунида Чжан йўловчилар ташлаб ўтаётган тангаларни йиғиб чўнтагига солишга зўрға улгурди. Полициядан топширилган вазифага деярли вақти бўлмади. Маълум бўлдики, бу қашшоқ мамлакатда камбағалнинг кўзёшини артиб қўювчилар жуда кўп экан! У чорраҳага чордана қуриб, олдига рўмолчани ёзиши биланоқ пул ташлаб кетишарди.
Чжан ажабланиб қолди. Бу ерда  кетини кўтармай уч кунда топгани полицияда кечаю кундуз шаҳарда ҳалак югуриб топганидан ортиқроқ эди.
Иккинчи ҳафтада эрталаб тўсатдан қулоғи остида овоз гувиллади:
- Чжан, ҳозиргача битта ҳам доклад топширмадинг!
Тиланчи қўрқа-писа бошини кўтарди:
- Худо ҳаққи... Эртага кечқурун бораман...Марҳаматингизни аяманг, хўжам.. Хўжайин, доклад қиламан...Камбағал, сўққабош, бечорага хайр қилинг...
Атрофдагилар ҳеч нарсадан шубҳаланмай тиланчига эҳсон ташлаб ўтишар эди. Хўжайин:
- Докладни кутаман! – деди.
Чжан бир ойча тиланчилик қилди. Иш бошлаётиб бунча катта пул тўплаши мумкинлиги хаёлига ҳам келмаганди. Меҳнатнинг озлигини айтмайсизми? Асосийси – эркин, ўзига хон ўзига бек. Истаса – ишлайди, истамаса – йўқ. У бирдан қарор қилди ва эрталаб хўжайиннинг олдида ҳозир бўлди.
- Кечикканингга қараганда натижалар яхшига ўхшайди, шундайми?
-    Ҳа, - деди Чжан. – Марҳамат, менинг рапортим!
Чжан узатган қоғозни ўқиб чиқиб хўжайиннинг сарғиш юзи гуручдай бўзрайиб кетди. Чжан ишдан бўшаш ҳақида ёзган эди.
- Ақлдан оздингми, Чжан? Пенсияга йўл бўлсин? Шунча йил хизмат қилган даргоҳингга туфлаб кетасанми?
- Туфлаб кетаман, - деди Чжан.
- Сендай тажрибали бўлган...
- Бўлса бўлар...
Хўжайин унинг елкасига қўлини ташлади. Сиёсий полицияда узоқ йиллик тажрибаси бўлмиш тешиб юборувчи нигоҳини Чжаннинг кўзига тикди, гўёки унинг энг махфий сирларини билиб олмоқчи эди. 
- Чжан, мени лақиллатолмайсан, бу ерда нимадир бор..
Чжан ташвиш билан хўжайинига қаради. Сўнг ҳар куни тушган пуллар ёзиб борилган дафтарчасини хўжайинга кўрсатди:
- Мен ҳамма пулларни сиз туфайли тўпладим, шунинг учун ҳеч кимга айтолмаган гапимни сизга дангал айтавераман. Илтимос, бу ҳақда хизматдошларимиздан ҳеч бирига айтманг.
Хўжайин Чжанга ҳавас билан боққанча деди:
- Кечирасан, Чжан! Эсингда тут ва ҳеч кимга оғзингдан гуллаб қўйма! Гап орамизда қолсин. Мен ҳам гавжум кўчалардан бирида ўзимбоп жой топиб сен каби рўмолча ёзиб ўтирмоқчиман.

Шукуржон Исломов таржимаси

1 комментарий: