17.05.2018

Нима(га) керак маънавият?


(2018 йилги блогерлар чемпионатининг 1-босқичи учун ёзилган)

Гадойтопмас бу жойда бир уюм одам ишлайди. Ҳа, бир гуруҳ эмас, бир уюм. Қонунсизлик, зўравон ожизни эзиши, ҳақини ейиши кундалик ҳол. Уларнинг орасида диндори бор, китобга муккасидан кетган китобхони бор, хушфеъли бор, алкаш ва хотинбози бор, аммо муҳит юқорида айтганимдай.. Директор бир ойда хабар олади, қолган вақти салқин шаҳарда вақтини ўтказади, ишчиларидан қўлини ювган, лоқайд. Бир куни пиёниста жулдур ишчи директорга тик гапирди: “Сен бизнинг ҳақимизни еяпсан, ғамимизни эмас. Вазифангни бажармаяпсан. Кимсан ўзинг?” ва ҳоказо. Шунда бирданига соч-соқоли ўсиқ, оғзидан ароқ ҳиди анқийдиган, кийими жулдур ва кир, афт-ангори хароб ишчи барчанинг наздида қаҳрамон ва авлиёга айланди. Нимага? Унда ўрнак оладиган хислатнинг ўзи йўқ-ку.
*                   *                      *
Юқоридаги “ибратли” ҳикояни 7-8 йилча олдин ўзимча ёзиб қўйгандим. Тўғри, нўноқроқ чиққан, аммо воқеа, ҳақиқатан, юз берган. Шу кунларда маънавият масаласида мустақил таҳлилчи Саид Абдулазиз Юсуповнинг ФФФ (футбол, фиеста, фаҳш) назарияси ифодаланган видеолавҳа тарқалдию, эски мавзу қалқиб чиқди: маънавият, ахлоқ, миллийлигимиз. Фейсбукда дарҳол Юсуповнинг устидан истеҳзо бошланиб кетди: нималар деяпти бу “эксперт”, қайси жойда бунақа теория бор экан, ким ўйлаб топган? Ростини айтсам, йўқ жойдан “душман образи” ясаган таҳлилчининг гапига, дастлаб, менинг ҳам энсам қотди. Аммо доно гуглдан сўраганимда Португалия диктатори Антониу ди Салазар аҳолини бошқаришда уч Фга, яъни, Fado – мусиқа, футбол,  Fatima – дин (баъзи ўринларда Fiesta – лаззат, ҳузур) суянганини айтди (1-манба, 2-манба). Бу диктаторнинг илмийликка даъво қилмайдиган образли фикри, бироқ тўлиқ бўлмаса-да, Юсуповнинг хулосасига озми-кўпми далил бўла олади.
Қизиғи шундаки, жамиятимиз маънавиятчилар деганда оқ кўйлак ва галстукли сафсатабоз бир тоифани англаши тобора равшанлашиб бораётганини муносабатлар ошкор этиб қўйди. Ғарбсеварлар ҳам, тақводорлар ҳам маънавиятчи деса пешонаси тиришади. Қуйида мустақил таҳлилчини муҳокама қилмоқчи эмасман, аммо маънавият деган сўз одамларни нақадар бездиргани ҳақида бир оз мулоҳаза билдирсам.
Аслида маънавият дегани ёмон, ёвуз нарса эмаслиги кундай аён. (10 йил олдин маънавият тушунчасининг моҳияти ҳақида залварли-залварли мулоҳазалар бўларди). Мустақиллик даврининг илми билан истеҳзо аралаш таърифласак, юксалганда енгилмас кучга айланувчи номоддий субстанция. Инсоннинг ички дунёси, ахлоқий кучини ифодалайдиган тушунча. Соддароқ қилиб ахлоқнинг ўзи деб талқин қилсаям бўлади. Ахлоқ борки, одамзот яшаб келяпти. Худо-пудойингни билмайман, деб карилловчи даҳрийга ҳам ахлоқсизсан, десангиз, дод солади.
Аммо бу пок тушунча бозорга солиниб савдога қўйилгани чатоқ, сиёсий мафкура қўлида қурол бўлгани ёмон. Охирги 10 йилликларда маънавият сўзи қўй ёғидек кишининг меъдасига тегди. Бежизга қўй ёғига қиёсламадим, қизиқчи айтганидек ҳар нарсага даво воситаси ўрнида ишлатила бошланди. “Қиз-жувонларимиз хорижда фоҳишахонани гуллатишяпти” – хулоса: уларнинг маънавияти паст; “Фалон жабрдийда чет эл радиосида ҳукуматни танқид қилибди” – хитоб: ватанфурушлик, қандай маънавиятсизлик; ”Спортда келишилган ўйинлар авжида” – жавоб: маънавият ҳам қолмапти; “Фалон эстрада юлдузи эри билан ажрашибди” – танқид: маънавияти йўқ отарчилар ва ҳоказо. Менинг фикримча, бирор-бир амални жамият қабул қилишни истамаса, хон ҳазратлари даврида “бу қилғон ишинг пусулмончилиқда борми?”, қизил байроқ замонида “Товариш, это не по-коммунистически” дейилган бўлса, ҳозир “маънавиятимизга тўғри келмайди”, дейилмоқда. Шакл ўзгарган, мазмун ўша. Ахир, аёллар хорижда фоҳишалик қилаётган бўлса, илдизини ишсизликдан қидириш; спортда келишилган ўйинлар урчиса, очиқ текшириш; жабрдийданинг арзига қулоқ, оғзига микрофон тутиш керак эмасми? Давлат ўз вазифасини бажармасдан айбни мавҳум “маънавият”га юклаб қўйиши нақадар осон ва хунук.
Масаланинг яна бир тарафи бор. “Қутлуғ қон” романини ўқиганмисиз? Йўлчи ҳуқуқсиз, камбағал ва ночор йигит. У ўз ёғига қовурилаётганда Абдушукур исмли бир зиёли сабр ва ватан тараққиёти ҳақида беҳуда ваъз ўқийди. Йўлчи ижтимоий тенгсизлик, иқтисодий танг шароитнинг маҳсули. Унга нон керак, иш керак, адолат керак, бироқ зиёли унга насиҳатдан бўлагини беролмайди. Ўтмиш ва бугун ўртасидаги параллелга эътибор беринг. Бугун ҳам ижтимоий таъминот мақтангулик эмас; бой ва камбағал ўртасидаги фарқ жуда баланд; ишсизлик авж нуқтасига етганидан ёзда чекка қишлоқларда эркаклар деярли қолмайди; коррупция ва таниш-билишчилик томирларимизда қонимизга қўшилиб оқяпти; амалдорларимиз орттирган миллионлаб долларига (қонуний йўл билан бунча тополмайди) четда қасрлар қураётгани ҳеч кимга сир эмас; таълимда бир уюм муаммолар тўпланган; мажбурий меҳнат ва инсон ҳуқуқлари бўйича тез-тез танқидларга дуч келиб турамиз ва ҳоказо. Бу ҳолатда маънавият авом учун бир алдов экан, деб ўйлайсан, киши. Биз чўнтак қаппайтирайлик ва офшордаги сандиғимизни тўлдирайлик, аммо сизлар маънавиятли бўлинг, болакайлар, усиз ватан тараққиёти йўқ, сизга айтсам, эҳ, маънавият қандай яхши нарса-я... Бундай ҳолда маънавият тушунчаси омманинг қулоғига кирармиди? Маънавият тарғиботчисининг ноҳақликка исёни бўлмаса, гапини етказа олармиди? Мен маънавият тарғиботчиси саналган Маънавият маркази мажбурий меҳнат ёки қонунсизликнинг бирор кўринишига қарши чиққанини эшитмадим, Ёшлар иттифоқидан ҳам бундай ташаббус учратмадим, ваҳоланки ҳуқуқбузарлик ва таҳдидларнинг олдини олиш уларнинг белгиланган мақсадлари орасида бор. Аслида, улар қўлига қалам олиб жангга кириб кетишини таклиф қилаётганим йўқ, улар давлатдан молиялаштирилишини тушунаман, аммо одамларнинг дардини эшитмасангиз улар ҳам сизни эшитмайди-да.
 Ҳозир одамлар орасида журналистнинг ҳурмати ошиб қолди, айниқса долзарб ижтимоий мавзуда ёзувчи журналистларга оддий одамлар дилини очяпти, босар-тусарини билмай қолган раҳбарлар журналист деса сергак тортяпти. Яқин ўтмишимизда давлат нашрлари ёритолмаган ижтимоий ва сиёсий мавзуларни чет эл нашрлари кўтарар, мамлакатимизда уларнинг ҳуқуқ ҳимоячилари деб аталувчи ҳамкорлари бўларди,  ҳозир маҳаллий журналистлар ҳам фаоллашиб қолди. Жамиятни самарали бошқариш ва фаровон келажакка элтиш учун фақат чиройли тарғибот эмас, холис ахборот ва қонун устунлиги зарурлигини айтмоқчиман. Акс ҳолда панду насиҳатдан мияси ғовлаган “маънавият”ли оломонни етиштирамиз холос.
Айни кунда қонунсизликка муросасиз, жамиятни иллатлардан тозалаётган, вазирлар ва ҳокимларнинг, керак бўлса, президентнинг фаолиятини таҳлил ва танқид қилаётган журналистларга ҳавас қиламан. Маънавиятчиларга эмас.


2018 йилнинг 17 майи

08.04.2018

Геофизик нефть қидирсинми, кўсакми?


Мана куз ҳам охирлаб, вилоятларнинг пахта режалари бажарилишига озгина қолди. Яқин ўтмишимизга қайтиб тасвирлайдиган бўлсак, дўппи кийган қориндор ва шопмўйлов раис боболар карнай-сурнайлар садоси остида қўр тўкиб тантанавор мукофотларни оладиган кунлар яқин. Қисқаси, пахта плани тезроқ тўлсин, бу барчанинг дилидаги гап.
Гапни пахтадан бошладик. Гарчи юксак минбарлардан “бизда мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди. Фалон касб эгаларининг пахта териши жиноят. Ундоқ-бундоқ”, деб жарангдор ваъдалар берилишига қарамасдан, ихтиёрий-мажбурий тарзда юзлаб корхона-ташкилотлар хизматчилари пахтага жўнатилди. Шуларнинг қаторида “Ўзбекнефтгаз” холдингига бўйсунувчи геофизика ташкилотининг ишчи-хизматчи ходимлари, мутахассислари катта пахта хирмонига ҳисса қўшди.
Ноябрь тугашига саноқли кунлар қолганига қарамасдан “Ўзбекгеофизика” ишчи-ходимлари ҳар куни Учкўприк, Фурқат туманларининг далаларида кўсак қидириб сарсон. Аслини олганда, пахта терими геофизика раҳбарияти учун ҳам ғирт даҳмаза. Ҳокимият мажлисда “фалонча одам берасан”, деб талаб қўяди. “Фалонча одам” берганда эса бу нефть-газ қидирув ишларининг сифатига таъсир ўтказмай қолмайди. Ахир, мутахассис ва ишчи кучи бўлмаса, иш қаердан юрсин?
Аслида далада терадиган бирор нарса қолгани йўқ, ҳисоб. Буни муаллиф олган расмлардан ҳам кўришингиз мумкин. Давлат ташкилотидан келган теримчини кўрган фермернинг ҳам пешонаси тиришади, чунки тергани бир халта (этак ё қоп ҳам эмас) кўсак, аммо қозон осиб тушлик тайёрлаш шарт. Ўзига қолса, теримчиларни чақирмайди, аммо юқоридан талаб шундай.

Моддий бойлик яратмайдиган касб эгаларини заррача камситмаган ҳолда геофизикларнинг меҳнати маҳсулини баҳолашга ҳаракат қилиб кўрайлик. Бунинг учун геофизиклар томонидан очилган углеводород конларининг ҳажмини билиш етарлидир. Яқинда Андижон вилоятида очилган газ кони бир суткада 600 минг куб метр газ бериш салоҳиятига эга деб баҳоланди. Газнинг 1000 куб метрини давлатимиз 150 доллардан четга сотганда ҳам бир суткалик маҳсулотдан 90 минг доллар даромад олиш мумкин.
Мажбуран пахта даласига чиқарилиб бир кунда 20-30 кг пахта терган кадр давлатимизга қанча фойда келтириши мумкин? Ташкилотда ишлайдиганларнинг барини қўшганда ҳам кунига 90 минг доллар келтирмаслиги аниқ.
(Қайтариб айтаманки, гап фақат моддий бойлик келтирувчи касб эгалари ҳақида эмас. Нафақат, нефтчи, балки йўлсоз, шифокор, банк ходими, ўқитувчи сингари барча касб ходимларининг кузда пахта даласига ҳайдалишига чек қўйилиши зарур, деб биламан).
Ўзбекистонда кундан кун ўзгаришлар бораётган даврда давлат ташкилотлари ходимлари пахта теримига чиқарилишига чек қўйилишидан ва ҳар бир мутахассис ўз соҳасида хизмат қилишидан умид қилиб қоламан.
Ш. Исломов
Фарғона
(мақола 2017 йилнинг 26 ноябрида sof.uz сайтида нашр қилинган)

31.03.2018

Қайнонамнинг совғаси (Дима Қаюмга бағишлов)


Зап қайнонам бор-да. Куёвини ҳамма жойда паддержка қилиб юради. Туғилган кунимда хотин онасиникига борибди, қаранг. “Куёвизга нима совға қиласиз” аяжон деб сўраса, бир пачка долларни кўрсатган экан (бой бойда барибир), хотин “фу, ҳозир қуруғини узатиш модадан қолган, қуруқ долларга пишагам офтобга чиқмайди”, деворибди. “Ҳа, бўмаса, Гавайи оролларигами, Анталиягами путёвка оберай, бола-чақани манга қолдириб куёвим билан дам олиб келинглар” деса, “ўзи кеча Исландиядан келдик, уёққаям куёвиз печка экспорт қилмоқчи, совуқ жойларакан, ҳам саёҳат ҳам тижорат дегандай дам олиб келдик, энди саёҳатга чиқмаймиз” дебди. Ҳа, содда хотин-а, Исландияга нимага борганимни билмайсанда, фуқаролигини олмоқчи бўп борганимни билдирмайманда (тшш, жим туринг, шовқинламанг). Хуллас десангиз, охири қайнонам туғилган кунимга антиқа сюрприз қиладиган бўлди. Нима дейсизми? Ўзимам телвизордан билдим. Икки ой бурун газчиларни каттаси телвизорда чиқиб “халойиқ, бу йил газ бўмайди, умид қилманг”, деганда хурсанд бўлганимдан ўзимни томдан ташлаворай дедим. Аслида унинг гапини давоми “...газ бўмайди, ўтин печкага ўтинглар, Дима Сахий печкаларидан харид қилинг” дейиши керак эди. (Ҳаммаси қайнонамнинг плани бўйича кетяпти). Ғирром операторлар шу жойини кесиб ташлапти. Ҳа, майли, асосийси мақсад айтилди-ку. Қайнонам Адолат Усмоновани танимайдиган одам бор эканми? Бой бойда барибир. Шундай қилиб биз тузган молиявий схема бўйича одамларга печкани саккиз баробар кўп сотиш мўлжалланяпти.
Ҳа, бунинг учун катта харажат қилди қайнонам. Кетса бойдан кетибдида. Олдин радио, телвизор, газета, сайтларда махфий заказ бериб печканинг афзаллигини тарғиб қилдик. Баҳриддин Асрор, Шукур Исломов, Дониёр Рўзметов, Ривожиддин Абдумаликов деган ёзувчилар таппининг фойдаси, ўтиннинг чўғи, газнинг зиёни ҳақида қоп-қоп мақолалар ёзиб тарқатди. (Ҳаммаси қайнонамнинг плани бўйича). Ҳозир битта олим таппининг соф зичлиги, концентрациясини ўрганяпти, бошқаси калориясини ошириш, ҳидини кетказиш бўйича диссертация ёқлаяпти. Ҳаммасини ҳомийси Адолат Усмонова. Бой бойда барибир.
Ҳаҳайт, давринг келди суриб қол Дима. Дима Сахий печкаларига кепқолинг, деб Равшан Эрматовнинг рекламада чиқишини ўхшатиб турсам, хотин “туринг, дадаси, одам деган печканинг устидаям ухлайдими, тагиздан совуқ ўтиб кетса менга қийин”, деб уйғотди. Кўзим кетиб қопти.
2017 йилнинг декабри

28.02.2018

Ўзбек жамиятидаги муаммоларга ким айбдор?

(Қодирийдан илҳомланиб)

Секулярнинг наздида экстремистлар айбдор.
Атеистнинг наздида динчилар айбдор.
Мусулмонларнинг наздида кофирлар айбдор.
Неокоммунистларнинг наздида Америка ва Европа айбдор.
Ярим асрдан кўп яшаганларнинг наздида “мустақиллик даврида бой берилган авлод” айбдор.
Ёшларнинг наздида “давлат тизимида сақланиб қолган ёвуз империя сарқитлари” айбдор.
Пантуркист-миллиётчиларнинг наздида Россия, Хитой ва арман мафияси айбдор.
Либералларнинг наздида “тоқатсиз қадимчи-динчи тоифа” айбдор.
Бўтқа дини вакилларининг наздида ташқаридаги барча мусулмонлар ва кофирлар айбдор.
Миллий истиқлол ғояси билан суғорилганларнинг наздида “четдаги ёвуз ва қора кучлар” айбдор.
Расмий ахборот агентликларининг наздида ВВС ва Озодлик айбдор.
Консерваторларнинг наздида либераллар айбдор.
Ултраконсерваторларнинг наздида гей-фоҳишалар айбдор.
Исёнкорларнинг наздида лоқайд ва бетараф оломон айбдор.
Маддоҳларнинг наздида “одобсиз” исёнкорлар айбдор.
Аҳён-аҳёнда интернетга кирадиганларнинг наздида “кечаю кундуз интернетда ғийбатлашиб ўтирадиган бекорхўжалар” айбдор.
Туну кун интернетда ўтирадиганларнинг наздида “эркин ахборот манбаидан четда қолаётган” ғофиллар айбдор.
“Ҳожи ака”ларнинг наздида “калта-култа кийиниб фитнага сабаб бўлаётган” ёш-ёш қизлар айбдор.
Кам таъминланган қатламнинг наздида патрул мелиса ва президентнинг атрофида амалдорлар айбдор.
Пули ва лавозими бор қатламнинг наздида “ўз ҳақ-ҳуқуқини билмайдиган люмпен халқ айбдор”.
Тадбиркорларнинг наздида солиқчи ва молиячилар айбдор.
Конформистларнинг наздида давлат ва президентни танқид қилаётганлар айбдор.
Гринкардда ютолмаганларнинг наздида Қўшма Штатлар айбдор.
Гринкардда ютиб учиб кетаётганларнинг наздида аэропортнинг серташвиш ходимлари айбдор. Аммо уларни айблаш керак эмас. Шундоғам ташвиши кўп. Ҳамма кетса, чироқни ким ўчириб қўяди улардан бошқа?
2018 йилнинг 26 феврали

30.12.2017

Ҳавоза (леса)

Яқинда ҳавоза (леса) ясаттирдим. Расмдаги эмас, бошқача. Озгина тўпорироқ, аммо пишиқ. 3-4 одамни ҳам кўтаради. Сувоқчилар ва бошқа турдаги усталарга керакли нарса. 5 дақиқада йиғиб ишлатаверасиз, бир-бирига кийилади. “Детский конструкция”га ўхшаш.
Ҳавозанинг бир комплектининг бир кунлик ижараси 1,5 минг сўм туради. 10 комплекти 15 минг. Бир ойда 450 минг. Дам олиш кунлари чиқариб ташланса, 400 мингча топиш мумкин.
10 комплект ҳавоза 3600000 сўмга тушди. Агар 2-3 комплект ясаттирсам, 7200000-108000000 сўмга тушарди. Мутаносиб равишда ҳисобласак, уларни ижарага бериб ойига 800-1200 минг сўм топиш мумкин.
Бизда олий маълумотли мутахассислар давлат ишида одатда 1,3-1,6 млн сўм маош олади. 1 млн оладиганлари ҳам топилади. Янги ишга кирган ёш дўхтир, ўқитувчи, инженерлар шарт-шароитга қараб ойига 500-700 минг олади.
Ўйлаб кўрсам, миллионлаб пул сарфлаб 4-7 йил ўқиган олий маълумотли мутахассис 8-10 млн сарфлаб йигирма кунда ясалган ҳавоза билан бир хил миқдорда пул топар экан.
Агар “ишлаб топаётган маблағинг жамиятга келтираётган фойдангнинг баҳосидир” деган мезон билан ёндашсак, янада истеҳзоли хулоса чиқади: 200 метр темир-терсак олий маълумотли мутахассис билан тенг фойда келтиряпти.
PS. Ҳавоза ясаттирганим рост. Керак бўлса, шахсийга алоқага чиқинг.
2017 йилнинг 11 октябри