03.11.2014

Камола эртак тинглайди

                                                                               (блоггерлар танловининг 4-босқичи учун ёзилган)

-Дадажон, эйтак айтиб бейинг.
-Камошхон, мен чарчаганман, ухлагин.
-Дадажон, би-иттагина.
- Қайси бирини айтай, эчки болалариними?
-Ҳа, ўшанисини.
-Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим-қадим замонда бир эчки болалари билан қалин ўрмонда яшаган экан. У эрталаб ишга чиқиб кетишдан олдин айтибди: Болаларим, мен қайтсам, эшикнинг тирқишидан туёғимни кўрсатаман, ўшандагина эшикни очинглар. Чунки кўчада электрга пул йиғадиганлар юрибди, уларга очманглар, деркан.
- Ҳа-ҳа-ҳа, унақамас, унақамас!. – Қийқириб кулади. – Бошқача, бошқача..
-Бошқасини айтайми?
-Ҳа.
-Қайсини?
-Бўғийсоқни.
-Қадим замонда чол билан кампир яшаган экан. Улар жуда камбағал эканлар, бир куни егани ҳеч нарсалари қолмабди. Шунда кампир супрани қирибдида, шу озгина ундан кичкина бўғирсоқ ясабди. Бўғирсоқ катта бўлибди, кейин эса ота-онасига “мен Россияга кетаман”, дебди-да, деразадан сакраб тушиб пилдираб қочиб кетибди. Юмалаб-юмалаб кетаётса, йўлидан каттакон бўри чиқиб қолибди. Бўри бўғирсоққа қараб: “так, документизи кўрайликчи, лицензияйиз борми?” – дебди...
- Бўлди-е, дада, бошқасини айтинг.
- “Олтин балиқ”ни айтайми?
- Ҳа, ҳа.
- Денгиз бўйидаги уйчада яна бир чол билан кампир яшаган экан. Чол ҳар куни тўр билан балиқ ушлагани денгизга бораркан.
- Дада, чол нимага ҳадеб балиқ ушлайвераркан?
- Чунки чол билан кампир пенсиясини ўз вақтида ололмас экан-да, қизим. Шундай қилиб, чол бир куни денгизга тўр солса, унга олтин балиқ илинибди.
- Олтин балиқ қанақа бўлади?
- Олтин балиқ кичкинагина, усти шоколаднинг қоғозига ўхшаган ялтироқ бўлади. Бошида кичкина тожи ҳам бор экан. У гапиришни биларкан. Чолга қараб “отахон, мени қўйиб юборинг, нима тилагингиз бўлса, ҳал қилиб бераман”, деб ялинибди. Шунда чол “Олтин балиқ, Худога шукур, ҳеч камимиз йўқ, жуда яхши яшайман. Фақат охирги пайтда газнинг давленияси пасайиб, ахийри, ёнмай қолди. Мабодо, ўрмонда яшайдиган чол-кампир бўлганимда ўтин ёқаверган бўлардим, лекин денгиз бўйида яшайман, ўтиним йўқ. Имконинг бўлса газнинг давленасини кўтариб бер”, дебди. Шунда олтин балиқ чолга қараб “Э, отахон, тинч яшаётганингизга шукур қилмайсизми. Денгизда ҳар куни бўрон бўлиб тургани йўқ-ку. Газ йўқ бўлса, нима қилибди, бошқалар яшаяпти-ку. Сиздай ёши улуғ отахонлар нуқул нолийвермасдан, ёшларга насиҳат қилиши керак. Арра тўпон ёқинг, жа бўлмаса, ҳадемай баҳор келиб қолади”, дебди-да, шалоп этиб денгизга тушиб сузиб кетибди...
     Илҳом билан эртак айтаётиб қизчам ухлаб қолганини сезаман. Ҳаммаёқ жимжит. Соат ҳам ўн бир бўпти, печкага кўмир соламан. Ухлаш керак, ухлаш.....

Комментариев нет:

Отправить комментарий