13.06.2018

Мен қамчини севаман, менга зуғум ёқади

(2018 йилги блогерлар чемпионатининг 3-босқичи учун ёзилган)


Финалга етиб келган блогер дами чиққан пуфакка, заряди тугаган батареяга ўхшайди. Тишининг ковагидаги мавзуларини ёзиб бўлган, энди бошқа топиш керак. Энг эсда қоларли блогпостлар дастлабки босқичларда кузатилиши сабаби шудир, эҳтимол. Буни, кўпчилик эътироф этса керак. Хусусан, 2-босқичда биринчи ўринни олган Исроил Тиллабоев “Биринчи блогпостни финалгача сақламайсанми, аҳмақ”, деб ўзига хос тарзда танбеҳ берган эди. Ким билиб ўтирибди, дейсиз. Дарвоқе, билмаслик ҳақида гап кетди. Билганларим ҳақида эмас, билмайдиган нарсаларим ҳақида ҳам ёзиб кўрайчи.

Олдиндан айтиб ўтишим керакки, бу сафарги мавзу эркинлик эмас, зеҳниятимиздаги қаттиққўлликка мойиллик ҳақида. Муаллиф эркинлик тарафдори сифатида доим норози постлар ёзиб давлат сиёсатини танқид қиларди, энди бошқача фикрлаб қолибди, десалар дейишсин.

Сиёсатшунослик ва жамиятшуносликка оид яхши мақолалар эълон қилган, Европада илмий иш билан шуғулланаётган толиби илмга бир вақтлар берган бир саволимга жавоб ололмаганман. “Одамларни қандай қилиб тезлик билан тартибга ўргатса бўлади? Жамиятнинг онгини ошириш керакми ёки кескин (баъзида адолатсиз) чоралар кўрилиши тўғрими? Энг тартибли ва қонунга итоаткор кишилар ривожланган ғарбдадир. Тўғри, улар маданиятли, онги юксак этиб тарбияланган. Аммо 80 йил олдин ўртоқ Сталин даврида ҳам одамлар кучли тартибга ўргатилганди. Европаликлардан фарқли равишда ярим оч, саводхонлиги паст аҳоли қаттиқ жазодан қўрқарди. Айтингчи, тезлик билан тартиб ўрнатишга тўғри келса, қайси йўлдан юрардингиз?”. У йигит “буни алоҳида мақола қилиш керак”, деди, аммо ёзмади, шундай қилиб бу саволнинг жавоби менга қоронғулигича қолди.

Фараз қилинг, тиғиз кўчанинг четини одамлар қўлбола “стоянка” қилиб олган. Стол қўйиб писта-қурут ҳам сотишади. Аммо бир куни “стоянка”нинг ёнидаги бино нақ майдонча устига қулиб тушиши эҳтимоли аниқланди. Маҳаллий ҳокимият огоҳлантирувчи ёзув илди, махсус белги осди, тўсди, маҳаллий посбонлар аралашди. Одамлар ёзувга қарармиди – машина қўйишда ва савдо қилишда давом этди. Шунда ҳокимият дубинкали ўнта милиционерни жалб қилиб машиналар ва одамларни куч билан чиқариб юборди. Шу тариқа катта фожеа олди олинди. (Бу бир мисол, тўғри, ҳозир давлат бирор янгилик киритса, одамлар тагида бир балоси бор, деб шубҳаланади, аммо у бошқа мавзу). Ёки ҳайдовчи камарини олинг, шофёр зоти борки, мелисани кўргандагина тақади, ҳолбуки у ўзининг саломатлиги учун керак. Мен ишлайдиган ташкилот ходимларини ҳар йили мажбурий тиббий кўрикдан ўтказишади, аммо одамлар шуни ҳам четлаб ўтиб, беш-ўн сўм эвазига “справка” олиш пайида бўлади. Ҳа, одамларни мажбурламаса, бошқалар тугул ўзига яхшиликни раво кўришни ҳам бас қилиб қўярмикан, деб ўйлайсан киши.

Бугун ғарб маданиятидан таъсирланган зиёлилар сиёсий эркинликлар, либераллик, дахлсизлик, плюрализм каби тушунчаларни шарҳлаётганини, уларнинг давлатчиликдаги аҳамияти ҳақида ёзишаётганини тез-тез учратамиз. Буларнинг барчаси зарурлигига шубҳа йўқ, аммо шартли равишда бўлинган шарқ ва ғарб давлатлари етакчиларининг сиёсий қиёфаларини таққослаб, шарқда муваффақиятли автократ лидерлар оз эмаслигининг гувоҳи бўламан. Келинг, шарқ давлатларининг “қамчиси бор” етакчиларига назар солайлик. Мустафо Камол Отатурк (Туркия), Оятилло Ҳумайний (Эрон), Пак Чон Хи (Жанубий Корея), Махатхир Муҳаммад (Малайзия), Ли Куан Ю (Сингапур) ва бошқалар. Уларнинг ҳеч бирини либерал ёки демократ деб бўлмайди, ҳаттоки, диктатор деб сифатлашади. Улар ҳам ўзига ёқмайдиган фикрни бўғган, мухолифатни репрессия қилган, ўзининг танқидчиларини аяб ўтирмаган, ОАВ устидан назорат ўрнатган, қисқаси қўлидан қамчисини қўймаган. Аммо қаттиққўллик билан бўлса-да, ислоҳотчи лидерларнинг эришган юксак натижалари эътирофга лойиқ, зотан уларнинг учтаси мамлакат иқтисодини “Осиё йўлбарси” даражасига кўтарди. Биз қизиқ одамлармиз, мажбурламаса, натижа бермаймиз чоғи. Зеҳниятимизда “етакчи қаттиққўл бўлиши керак” деган ақида сингиб кетган, ҳаттоки, юмшоқ табиатли етакчига бўйсунгимиз келмайди. Айниқса, псевдоанархиядан кейин ҳозиру нозир бўлувчи автократияни хуш қаршилаймиз. Ҳа, мундоқ раҳбарга ўхшаб бир сўкса, бошқа гап экан. 2016 йилнинг сўнгида президент Шавкат Мирзиёев вилоят ҳокимлари халқ томонидан сайланишини таклиф қилди. Тўғри, бу янгиликдан хурсанд бўлдим, чунки тайинланган шахс тайинлаганнинг, сайланган шахс эса сайлаганларнинг иродасига қараб иш тутади. Аммо бу ислоҳотнинг меваси кечпишар деб биламан, чунки сайлаш малакаси йўқ одамларимиз ё бир артистмижоз ваъдабозни, ё супертанишбилишчини ё бўлмаса ҳеч кимнинг дилини оғритмайдиган мўмин-қобил кишини сайлаб қўйишади ва кейин “раҳбар дегани қаттиққўл бўлиши керак”, деб ғудраниб юришади. Афсуски, бизнинг ҳар қандай раҳбарни диктаторга айлантирувчи “қудратимиз” бор.

...Яна бир гап. Мухолифатдаги собиқ депутат Пўлат Охуновнинг ёзишича, биринчи президент Ислом Каримов умрининг охиригача лавозимда қолишига сабаб Наманганда таъқиб ва қатағон қилинган диний фаоллар учун жавобгарлик хавотири бўлган. Тасаввур қиляпсизми, агар 91-92 йилларда Наманган тартибсизликлари рўй бермаганда, диндорлар бу қадар қаттиқ қатағон этилмасди, журналистлар эркинлиги бўғилмасди. Эҳтимолки, 90-йилларнинг эркинлик ҳавоси ҳуқуқий онгимизни юксалтириб қўйгач, президентга лавозимни бўшатиш ҳақидаги бош қонунни эслатишга иродамиз етган бўларди. Ва бугунги ислоҳотлар ўн беш йил олдин бошланарди. Пуллар ўмарилмаган, “каламуш”лар урчимаган, “симёғоч ҳам қамалмаган”, таълим тизими тўғнамаган бўларди... Яна ким билади, дейсиз.
2018 йилнинг 10 июни

08.06.2018

Икки карра икки неччи?

Блогерлар чемпионатининг 1-босқичи учун ёзган "Нима(га) керак маънавият" номли блогпостим Республика Маънавият ва маърифат марказининг назарига тушиб, "ҳаваскор блогер" номи остида "Ҳаммага керак маънавият" номли раддия мақоласи ёзишди. Бундан ташқари ВВС сайти маънавият тарғиботчиларидан бири билан менинг ўртамизда суҳбат ташкил қилди.


Суҳбатдан уққанларим:

- Муҳтарам етакчи, 2х2 неччи бўлади?
- Авваламбор, ассалому алайкум, барчангизга муборак рўзаи Рамазон айёми муборак бўлсин. Энди бу масалага келсак, шу кунларда энг долзарб, муҳокама марказидаги мавзуга айлангани ҳеч кимга сир эмас. Биз махсус ишчи гуруҳи тузиб ечим устида ишлаяпмиз, амалий натижага эришишни мақсад қилганмиз. Зотан инсон элига, юртига наф келтириб яшаши – улуғ бахт. Ман ўзим шахсан бу муҳокамаларда иштирок этдим ва сўзга чиқдим. Умуман олганда сизлар кўтарган масала бугунги кун тили, яъни интернет тили билан айтганда трендга айланди. Шунинг учун унга тизимли ёндашув зарур. Қолаверса, шу кунларда муҳтарам вазиримиз унга эътибор қаратдилар ҳамда бизнинг олдимизда турган асосий масалалардан бири эканлигини эътироф этдилар. Бундан ташқари қонунчилик палатасининг тегишли жамоаси шу кунларда махсус нормалар ишлаб чиқиш билан банд. Энди мен сизга гапнинг индаллосини айтадиган бўлсам буюк боболаримиз фақатгина бунга эътибор қилибгина қолмасдан амалий натижалар ҳам кўрсатганлар. Аз Замахшарийдек, Навоийдек сиймоларнинг авлоди бўлиш бизнинг зиммамизга улкан масъулият юклайди. Сўз мулкининг султони Мир Алишер Навоий “Одами эрсанг демагил одами” байтларини ёзганлар. Тўғри олдимизда турган ҳал этилиши зарур бўлган масалалар кўп. Бироқ бу барчасидан устуворлигини биз тан оламиз. Энди масаланинг бевосита ечимига келадиган бўлсак, буни мутасадди идоралар билан келишиб, чуқур таҳлил ва синтез асосида изланиш лозим, албатта бунга бизнинг салоҳиятимиз ҳам давлатимиз берган имкониятлар ҳам етади. Ва белни маҳкам боғлаб элимизга, халқимизга наф келтириш йўлида тинмай меҳнат қилишни ўз бурчимиз деб биламиз. Эътиборларингиз учун раҳмат, ифтор вақти бўлиб қолди.
Facebookдаги муҳокамага ўтиш

Кейинги бекат - меровлик босқичи


(2018 йилги блогерлар чемпионатининг 2-босқичи учун ёзилган)

   Биласизми, нега ижтимоий тармоқда (ҳаётдаям) одамлар исломий ва ғарб дунёсини таққослаб тортишаверишади. Чунки улар ўз тартиб-қоидаларига эга давлат ва жамият хаёлида яшашади, уни амалиётга кўчиришни, барчанинг ҳаёт тарзига айланишини исташади.
Каминанинг ҳам кўп қатори азалдан кичик бир орзучаси бўлган. Шундай жамиятда яшасакки, қонун деган матаҳ оёғимиз остидан бошимизга кўтарилса, уюшмалар тузиш ва сайловлар адолатли ўтса, э-э-энг асосийси, тушовланган матбуотимиз бор камчиликларни фош этувчи жамият санитарига айланса. Майли, қолгани амалга ошмасаям, учинчисини кўрсак, қанийди. Чет тилидаги нашрлар ва прокси билан очиладиган сайтларни ўқишга берилганлигим туфайли “Оммавий ахборот воситалари” эмас, “Оммавий ташвиқот воситалари” (Карим Баҳриев ибораси) ҳолига ачиниш талабалигимдаёқ шаклланган, қолаверса, бизда исталмаган маълумотлар дунёқарашим, ақидам ва маънавиятимга путур етказиб улгурган эди.
Сиз бир тасаввур қилинг: ўша кун келса, ҳеч бир фуқаро мажбуран ишлатилмайди; маҳбуслар калтакланмайди; кириш имтиҳонларида адолат қарор топади; муҳтожларга кўмаклашувчи уюшма тузсангиз, прокуратура чақиртириб пўписа қилмайди; уюшма нима бўпти, керак бўлса, ўз ҳаракатингиз, партиянгизни туза оласиз; фуқаронинг қонини ичаётган монополистларни губкадаги сувдек сиқиб ташлаймиз; бюджет ташкилотларга ажратилаётган пуллар қаёққа сарфланишини билиш имконига эга бўламиз; давлат тузилмасидан уруғ-аймоқчилар кураб ташланади; газета-журналга фуқаронинг ишончи тикланади. Негаки барча нуқсонни фош қилувчи ОАВ росмана тўртинчи ҳокимиятга айланади. Журналист бу жамиятнинг ҳолатини ёритувчи чироқдир, унинг ёрдамида юқоридаги қатлам пастки қатламни кўради, кўргач, табиийки, муносабат билдиради, чора кўради (муҳтарам ўқувчи, эҳтимол, сиз журналистика назариясини мендан ўн баробар яхши билувчи профессионалдирсиз, фикрларимни бир ҳаваскорнинг жўнгина тушунчаси деб қабул қилинг). Ҳокимбуванинг ноқонуний амалини ҳамма нашрлар уриб чиқса, узр сўрамай иложи йўқ; маҳбуслар калтаклангани ҳаммаёққа ошкор бўлса (суд тиббий экспертизаси эркин, фото ва аудиодалиллар бор) ҳукумат дарҳол зўравонларнинг думини тугади; журналистлар “Сариқ девни миниб”даги милиционер Ҳошимжон Рўзиев каби сеҳрли қалпоқчасини кийиб, одам оёғи етмас кабинетларга киради ва инвесторга йўл бермаётган бюрократлару монополистларни фош қилиб ташлайди; инвестор тиқилиб кетгач, юртимизда ишсизлик барҳам топади. Эҳ-ҳе, чўллар бўстонга, даштлар гулистонга айланади... Барибир бу турғунлик босқичи ортда қолиб, ошкоралик ва изчил тараққиёт босқичи бошланиши муқаррар.
...Икки йил бурун ёз охирлаётганда Рио-де Жанейрода боксчиларимизнинг зарбаси орқасидан бир қанча ринг тождорлари ва яна бир тождор қулади. 32 млн аҳоли қувончнинг орқасидан қайғуга ботди. Яширмайман, хафа бўлганим йўқ, буни умидбахш хабар деб қабул қилдим. Ниҳоят, бизнинг давлат ва жамиятда қон алмашади, акс ҳолда айниган қон танани ишдан чиқариши, томирга тиқилиб ётган шлаклар инсулт ёки инфарктга етаклаши ҳеч гапмас эди. Ана энди ОАВни кўрамиз, давринг келди журналистика.
Ҳақиқатан ҳам сўнгги йилларда журналистиканинг тушови ечилиб, учишга урина бошлади. Тўғри, у астойдил учса, кимларнинг бошини чўқиши тайин бўлгани учун жиловни тортиб туришибди, бироқ бугунги ҳолатни уч йил олдин орзу қилардим. Ўша кунлар келишини кутяпман, аммо журналистика призмасидан қараганда тараққиёт босқичигача яна бир оралиқ бекат борлигини ҳисобга олмаган эканман.
Энди ҳолатни кўринг. Танқид ҳам бор, таҳлил ҳам бор, ҳамма камчиликларни уриб ётибди. Журналистлар буниси ҳоким, униси вазир, деб истиҳола қилиш босқичидан ўтди. Аммо уни эшитадиганлар “кўз - кўр, қулоқ - кар” режимини ёқиб олиб, бамайлихотир ишлашмоқда. Бугун ҳокимбува “Ўқитувчи ва дўхтирнинг пахтага чиқиши – жиноят”, деб оташин оҳангда таъкидлайди. Бироқ эртага айни ўшалар “қалб амри билан” пахтага жўнайди. Терговда қийноқ қўллаш мумкин эмас,  аммо “ичкари”дан калтак еб чиқса, “йиқилиб тушган”, деб хулоса ясалади. Ўқитувчи ўлгач, мажбурий меҳнат қонун билан батамом тугатилгани қайта-қайта тилга олинади, бироқ излар босилгач, марҳуманинг ҳамкасблари яна “ўз хоҳиши билан” кўча тозалашга чиқади. Порталга бирор ташкилотнинг бир қучоқ муаммосини ёзасан, “ўрганиб чиқиб, тегишлича чора кўрилсин”, деган штамп жавоб қайтади ва арз-ҳол бумерангдек учиб яна ташкилотнинг ўзига тушади. Деҳқонларнинг пиёзи касод бўлибдими – ёрдам берамиз, 400 сўмдан сотиб оламиз, кўнмасангиз, ўзингиз биласиз, биз ёрдам бердик. Масжид ва болалар масаласими – биз бажонидил халқ истагини тинглаймиз, бироқ ғўр болалар масжидда тўполон қилиб катталарни чалғитса, муқаддас масканни ифлослаб қўйса, гуноҳ ёзилмайдими? Фалон амалдор фалон миллион пулни ўзлаштириб юборибди – вайй, ёмон бўлибди-да, майли, бир сафар кечирамиз, бошқа қилмасин. Ҳа, бемалол фош қилаверинг, ёзинг, асло қўрқманг, бироқ натижани кафолатламаймиз. Ўйлаб қарасам, бу ҳам ҳисоблашишга арзигулик бир “переходной” босқич экан. Меровлик босқичи, беюзлик, карлик, гаранглик, билиб билмасликка олиш босқичи...
Агар бу босқичдан ҳам ўтиб олсак, кейинги бекат ижобий бўлиши тайин. Муносиб кадрлар келади, профессионализм ютиб чиқади. Ҳа, агар, ўтиб олсак. Ҳамма ўтган, биз ҳам ўтамиз. Бу кун кечагисидан яхшироқ, аммо бунақасини орзу қилмаганмиз, эртага бундан яхшироқ бўлади, яхшироқ бўлиши шарт.
2018 йилнинг 31 майи