29.01.2014

Одноклассникидан статус-хабарлар

(блоггерлар танловининг 2-босқичи учун ёзилган)

1-статус. Салом ўртоқлар. Бундан буён шу статус остида хабарлашиб турамиз. Мен янгиликларни ёзиб тураман.
Ҳамманг мактабни битирибоқ ўқишга кириб кетдинг. Кирганинг учун биринг сотилиб кетган бўрдоқи новвосларингга, яна биринг ўзимизда тикилган костюм-шимни Туркияники деб аянгдан сотиб оладиган лақма харидорларга ва яна биттанг даданг шимининг ичида у-бу яшириб чиқаётганда тескари  қараб турган қоровулга раҳмат айт. Bo`lajak Karol , сен ғирт думбул эдинг, район марказига қатнайдиган дамасчиларни дуо қил, ўшаларнинг орқасидан ўқиб юрибсан, формали дадангга ҳам кичкина “раҳматча”, де.
Мендан сўрасанг, ишга кирдим, посбонхонага. Компютерчиман, интернет – вип. Бу ердагилар компютерни ёқса – ўчиролмайди, ўчирса – ёқолмайди. 5 минутда 5та ҳарф ёзса 6 та хато қилади. 5 сентябр
Комментлар
Bo`lajak Karol: Ву-ҳа-ҳа :))), точна, ўртоқ!!
Prosto Geniy: Қотирасан, бўтам, одамни!

2-статус. Бугун янги хабар:  4-синф ўқувчиси 10-синф ўқувчисини тепкилаб уриб башарасини ёрибди. Мактабда тўполон бўлиб кетди. Мелисага иш топилди. 10 сентябр
Комментлар
Bo`lajak Karol: 4-синф бола 10-синфни урибди?!! Кусто ҳайратда! Қулоққа тепма!
Prosto Geniy: Филлар билан чумолилар футбол ўйнабди. Ўйин тугагач филлар капитани “кечирасиз, чумолилар, сал қўпол ўйнаб сизларни тепкилавордик”, деса, чумолиларнинг капитаниям “Зиёни йўқ, бизам, анча қўпол ўйнадик”, дебди J)) Ҳа-ҳа-ҳа..
Doctor House: Дўст, 10-синф бола 170-175 см, оғирлиги 60-70 кг бўлади, 4-синф 135-140 см, оғирлиги 35-40 кило бўлади. Буюраман статусдаги қип-қизил ёлғонга ишонилмасин! J Имзо. Сана. :-D
Bo`lajak Karol: Хўрозинг новвосингни тепиб ўлдириб қўйса ҳам ёз ).

3-статус. Участкавой борди. Нима бўлганлигини аниқлаштириб келди. Далада 10-синфлар ишлаётган экан. Қўшни қишлоққа спорт мусобақасига катта йўлдан пиёда ўтиб кетаётган бошқа мактаб ўқувчилари билан ўзаро гап ташлашиб, кейин жанжалга айланиб кетибди. 4-синф спортчи ўқувчиси 10-синф болани бир уриб йиқитибди. Шуларнинг ҳаммасини участкавойдан билдим. Охирида қўшиб қўйди:
- Калтак еган боланинг директори билан гаплашдим. “У аслида 10-синф эмас, 9-синф. 9 лар далага чиқарилмайди, шунинг учун бир синф ошириб кўрсатган эдик”, деди. Зўравоннинг директори билан учрашсам, “командир, ўзингиз ҳам спорт билан роса шуғуллангандирсиз. Полвон ўқувчимиз аслида 5-синфда ўқийди. Мусобақага борсин деб шундай қилдикда”, деб иршайди. 11 сентябр
Комментлар
Prosto Geniy: Велосипед машинага урилиб икки буклаб ташлабди. Расмини кўр, статусимга қўйдим. Велосипедга “Made in Germany”, машинага “Made in China” деб ёзилган экан  ) 
Bo`lajak Karol: Просто класс.

4-статус. Баъзи бир қўшимча маълумотларни олиш учун учаскавойнинг ёрдамчиси борди. У анча чаққон, учаргина йигит. Мактабма мактаб ҳалпиллаб юрмасдан, иккаласидан ҳам биттадан масъулни чақирибди. Толнинг тагидаги чойхонага биринчисидан завуч, иккинчисидан замдиректор етиб келишибди.
Иссиқ сомса келган пайти илмий бўлим мудири:
-              Ҳалиги 9-синф нозикниҳол ўқувчимизни айтяпсизми? У 8-синфда аъло баҳоларга ўқийди, меҳнаткаш бола. Буёғи далачилик, ўзингиз тушунасиз, - дебди.
Ҳа, демак, 9 ҳам эмас 8 экан деб турса, директор ўринбосари буюрган кабоб келиб, у ҳам тилга кирибди?
-              Посбон укажон, мактабимизнинг шон-шуҳрати, спортимиз шавкати учун шу куни 6-синфдаги пакана ўқувчимизни бир юмалатиб 5-синфга олиб тушдик. Хумпар, пакана бўлса ҳам курашда итдай олишади,-деб гапни олиб кетибди.
Яна биттасидан бирни олиб иккинчисига бир қўшиб қўйилди. 12 сентябр
Комментлар
Doctor House: Сенинг  олдингда Шерлок Холмс дамини олади. У шубҳалилар сонини камайтирарди, сен иккала боланинг ёшлари фарқини камайтиряпсан. Респект!

5-статус. Эсар участкавой мактабда телефон заряднигини қолдириб келганини кўрмайсизми? Кимни жўнатарди – албатта мени. Мактабга бориб ҳалиги боланинг синфхонасини суриштирдим. Зум ўтмай синф раҳбари рўпара келди. Мендан сал каттароқ қиз экан.
-  Ҳадеб келаверасизлар экан-да, - дея нолиган бўлди
-  Ие, ўқувчингиз қасддан жиноят содир этадию, биз морожна ялаб ўтирайликми,-баланддан келдим.
Бирдан ўқитувчи қиз йиғлаб юборди.
-              Неча марта айтдим раҳбарларимга! Шу 7-синфларнинг кўзирини мусобақага олманглар деб, шохи йўқ шайтон у! Айтганимдай ғалва чиқарди. Сизгаям уни 6 да ўқийди, деб айтишгандир. Ҳаммасини айтдим, энди бизни тинч қўйинглар, мелиса акалар.
Ўқитувчи қизга раҳмим келиб чўнтагимдаги баклашкадан минерал сув қуйиб бердим.
Зарядникни олиб қайтдим. Энди калтак еган 8-синф боланинг мактабига борсаммикан... нима дейсизлар?..  13 сентябр
Комментлар
Prosto Geniy: Бординг. Шунда синф раҳбари “вой, мелисажон, ўғлим, 7-синф боламни 8-да деб далага олиб чиқиб турганимда мана бу кўргиликни кўринг. Хийқ-ҳийқ” деб, ғийқиллаб йиғлаб беради-да. Яна синфдошларидан сўраб юрма – бегона сўраса, “10-да ўқийман” дейдиган қилиб пишитиб қўйилган.
Doctor House: Фол кўришда тажрибанг ошибди Geniy. Кароматингга қўшиламан, кўрасан - иккала уришқоқ хўрозча тенг.
Bo`lajak Karol: Тенг-тенгини топибди, ёшлар бахтли бўлишсин :-D, мурод-мақсадига етсин J)).
Doctor House: Амакиси, бола деган уришиб-тепишиб, юмалаб-сумалаб катта бўладида. Бормай қўя қолсинлар ўша мактабига ;)

6-статус.  Prosto Geniy, Нострадамус бўпкетибсан, нима бало фол кўришга ўқияпсанми? J  Кароматинг тасдиғини топди. Дўстлар, энди изқуварлигимга шу ерда нуқта қўяман, чунки ишни давом эттирсам, 10-синф ўқувчиси 4-синф ўқувчисидан кичикроқ чиқиб қолиши хавфи ҳам бор. 14 сентябр



 

   Статус ва комментларни ўғринча ёзиб олувчи одноклассникидаги профилларга чақирилмаган меҳмон                           Shukurjon Islomov

Комментариев нет:

Отправить комментарий