Шошиб турибман. Ишхонага камералар қўйилган.
Кеч қолмаслик учун такси ушлаш керак. Аксига олиб охирги вақтда киракашлар... хуллас, тушундингиз.
Бетоқатлигимнинг сабаби шу.
Ниҳоят
битта такси разведкачиларга ўхшаб зимдан аланглаганча тўхтади:
-
Ҳў, укам, қатга борасан?
-
Фалон жойга.
-
Отинг нима?
-
Абдушукур.
-
Қатта ишлайсан.
-
Нефтегазда.
-
Ўйларинг қатта.
-
Фарғонада.
-
Ўтир... Ман амакингман. Дода
дейвур. Отим Саидхожа. Сан жиянимсан. Иккаламиз Юнусобод мебел магазинга
кетвоммиз. Биров сўраб қолса...
У
компьютердан чиқарилган ўзи ҳақда батафсил маълумот бор варақни тутқазди.
Ву-уй, кучугининг исмидан тортиб қайси жамоага мухлислик қилишигача!
Йўлда бир
кеннойи қўл кўтарди. Уям такси кутавериб хит бўлиб кетибди. Шунга қарамай
анкетага батафсил жавоб берди.
-
Сиз синглимсиз. Биратўла жиянизга
парда танлашгани кетвоссиз. Мани исмим Саидхожа. Абдушукур, қолганини
кенайингга тушунтир, вароқни бер.
-
Қанақасига кеннойим бўладилар
сизга сингил бўлсалар, менга амма бўлмайдиларми, - эътироз билдирдим.
-
Нў, буёғини ўзинг тўғирла.
Чинор
салқинида турган кампир холанинг олдида қийййқ этиб тўхтадик. Нималар деяпман,
қишда чинор салқини бўладими?
-
Ассалому алайкум ўғлим. Отим
Фазилатхон. Ёшим олтмиш олтида. Қатиқли гўжани яхши кўраман. Қорасаройга
бораман.
-
Онам, онам, ўтиринг, онагинам,
бардаммисиз. Ман бўлса, паловни. Ювентусга болелшикман. Абдушукур, опоқингни
қўлларидан сўмкани олмайсанми?
-
Э, қанақа одамсиз, сизнинг
онангиз менга буви!
-
Онам, Юнусобод орқали сизни
Қорасаройга ташлайман. Мани отим Саидхожа.
Ҳайдовчи
таржимаи ҳоли, қаерда яшашини батафсил бошқатдан тушунтирди.
Йўлда
бизга амакимнинг қайнсинглиси, қудаси, тоғасининг ўғли ҳамроҳ бўлишди.
-
Қийин бўп кетди,-деди ҳайдовчи.
–Отнинг калласидай жарима қўйиб қўйган. Тўхтатиб йўловчи билан шўпирдан мелиса
билан сержанти алоҳида-алоҳида сўрайди: “Отинг нима?”, “Ёшинг нечада?”, “Қаерда
турасан?”, “Нечта боланг бор?”, “Бугун нима единг?”.. геморрой.. Олмазор йўлида
турганлар қайси овқатни яхши кўришини сўрайди. Жавоблар мос келмаса, йигирма
бешта минималка ютуққа чиқиб турибди-да.
-
Сиз ҳам бўш келмайсиз.
-
Манам бўш келмайман. Ийя, бизни
тўхтатдими?! Бу “туфли”ку. Эсингда тут, ман 43 размер кияман.
19 февраль, 2016 йил. Тошкент