14.04.2016

Америкалик ота қизчасини ухлатяпти (ҳажвия)

Қизча: Дада, мен тушунмаяпман, нега биз Ироққа ҳужум қилдик?
Ота: Чунки уларда ОҚҚ - оммавий қирғин қуроллари бор эди.
Қизча: Лекин инспекторлар ҳеч қандай ОҚҚ топиша олмадику?
Ота: Чунки ироқликлар яхшилаб беркитиб қўйишган эди-да.
Қизча: Шунинг учун уларга ҳужум қилдикми?
Ота: Ҳа. Текширгандан мамлакатга кирган маъқулроқ.
Қизча: Ироққа киргандан кейин ҳам барибир ОҚҚ топа олмадикку
Ота: Бунинг сабаби улар қуролларини махфий жойга беркитиб қўйганлигида. Хавотирланма, биз барибир уларни топамиз.
Қизча: Ироқ бу қуролларни нима қилади?
Ота: Шуниям билмайсанми, қизим. Уруш қилади.
Қизча: Мен тушунолмаяпман – уларда қирғин қуроли бўлса нега биз билан урушганда қўллашмади?
Ота: Ҳмм... бунақа қуроллари борлигини атрофдагилар пайқаб қолмаслиги учун, ҳа шундай.
Қизча: Шунинг учун қуролни ишлатмасдан ўлиб кетишни афзал кўришдими?
Ота: Шундай бўлиб чиқяпти.
Қизча: Ахир, бу тентаклик-ку! Зўр қуроли бўлатуриб ишлатмасдан ўзини ўлимга отиш!?
Ота: Уларнинг маданияти шундай, қизим, барибир тушунмайсан.
Қизча: Сиздай кўп нарсани билмайман, лекин давлатимиз доим ироқликларда ОҚҚ борлигини айтади, аммо бунга ишонмайман.
Ота: Биласанми, уларда ОҚҚ бор-йўқлиги аҳамиятсиз. Ироққа кириш учун бошқа жўяли сабабимиз бор эди.
Қизча: Қандай сабаб?
Ота: Уларда қурол бўлмаган тақдирда ҳам Саддам Ҳусайн шафқатсиз диктатор эди. Шунинг ўзи Ироққа киришимизга арзийди.
Қизча: Нимага шафқатсиз диктатор бошқараётган мамлакатга бостириб кирилади?
Ота: Чунки у ўз халқига жабр-зулм етказади-да.
Қизча: Хитойдагига ўхшабми?
Ота: Йўқ, Хитой билан таққослама. Хитой бизнинг яхши иқтисодий ҳамкоримиз.
Қизча: Аммо уёқда миллионлаб одам арзимаган чойчақага меҳнат қиляпти-ку.
Ота: Аммо АҚШ корпорациялари бундан мўмай даромад оляпти.
Қизча: Демак, давлат америка корпорациялари фойда олиши учун ўз халқини эксплуатация қилса, эзса ҳам бу яхши давлат бўлаверадими?
Ота: Худди шундай, қизим.
Қизча: Ироқ халқига нимага зулм қилган?
Ота: Асосан, сиёсий сабабга кўра, масалан, ҳукуматни танқид қилганлиги учун қамоққа ташланган.
Қизча: Хитойда ҳам шундай қилишмаяптими?
Ота: Сенга айтдим-ку, Хитой бу бошқа масала, деб.
Қизча: Хитой билан Ироқ масаласида қанақа фарқ бор?
Ота: Масалан, Ироқни Баас партияси бошқарган, Хитойни эса коммунистлар.
Қизча: Доим коммунистлар ёмон дердингиз-ку.
Ота: Йўқ, Куба коммунистлари ёмон.
Қизча: Нимага улар ёмон?
Ота: Чунки улар ҳукуматни танқид қилган одамларни қамоққа ташлайди.
Қизча: Худди Ироқдагига ўхшабми?
Ота: Худди шундай.
Қизча: Худди Хитойдагига ўхшабми?
Ота: Сенга айтдим-ку, Хитой бизнинг шерик, Куба эса йўқ.
Қизча: Нимага Куба бизнинг ҳамкоримиз эмас?
Ота: 1960-йилларнинг бошида кубаликлар коммунистик йўлдан воз кечиб, биз каби капиталистик йўлни танламагунича улар билан савдо-сотиқ қилишни тақиқлаб ҳукуматимиз қонун чиқарган.
Қизча: Унда бу қонунни бекор қилиб Куба билан савдони бошласак, улар тезроқ капиталист бўлмайдими?
Ота: Гап шундаки, қизим, Кубада сўз эркинлиги йўқ, инсон ҳуқуқларига амал қилишмайди.
Қизча: Худди Хитойдагига ўхшаб-а?
Ота: Неча марта айтдим – Хитой тўғрисида оғзингга келганини айтма.  Қолаверса, Фидель Кастро худди Саддам Ҳусайн каби ҳарбий тўнтариш орқасидан давлат тепасига келган.
Қизча: Ҳарбий тўнтариш нима?
Ота: Бу шундай нарсаки, исёнчилар ёки генераллар биздаги каби эркин сайлов йўли билан эмас, куч билан ҳокимиятни олиб қўяди.
Қизча: Покистон ҳукумати ҳам ҳарбий тўнтариш орқали келмаганми?
Ота: Ҳмм... шунақа. Аммо Покистон бизга дўст.
Қизча: Покистонда ҳокимият ноқонуний бўлса, нега биз улар билан дўстлашамиз.
Ота: Мен Парвез Мушарраф Покистоннинг ноқонуний президенти демадим.
Қизча: Сиз, қонуний ҳукуматни куч билан эгаллаган ҳокимият - ноқонуний ҳокимият, деб айтдингиз.
Ота: Бу гап Саддам Ҳусайн ва Фидель Кастроларга тегишли. Парвез Мушарраф бизнинг дўстимиз, унинг ёрдами билан Афғонистонга кирдик.
Қизча: Биз Афғонистонга ўзи нега ҳужум қилдик?
Ота: 11 сентябр воқеасини уюштирганлари учун.
Қизча: 11 сентябрда улар нима қилган эди?
Ота: 19та одам, уларнинг 15 таси саудиялик, тўртта самоётни олиб қочган ва бизга қарашли биноларга урган. 3000 дан ортиқ америкалик ҳалок бўлган.
Қизча: Афғонистоннинг бу ерда нима дахли бор?
Ота: Толибон диктатураси даврида улар Афғонистонда тайёргарлик кўришган.
Қизча: Толиблар одамларнинг бошини, қўлини чопадиган қорасоқолли одамларми?
Ота: Ҳа, худди шундай. Одамларнинг қўли ва бошини кесишдан ташқари аёлларга ҳам зулм қилишади.
Қизча: 2001 йилда уларга Буш 43 млн ҳадя қилганмиди?
Ота: Ҳа, бу наркотикага қарши курашишганликлари учун мукофот эди. Толиблар афғонларга кўкнор ўстиришни тақиқлаб бизга зап ёрдам беришди.
Қизча: Қандай қилиб улар бунинг уддасидан чиқишди?
Ота: Жуда оддий. Ким ерида кўкнор ўстирса қўлини кесишди, бошини олишди.
Қизча: Демак, кўкнор етиштирганлик учун одамларнинг бошини ва қўлини кесса – яхши, бошқа ҳолатда – ёмон, шундайми?
Ота: Ҳа, шундай.
Қизча: Саудия Арабистонида одамларнинг бошини ва қўлини кесмайдими?
Ота: Кесади, аммо бу бошқа мавзу. Афғонистонда патриатхат тартиб ҳукм сурган, аёлларни камситишар ва ҳамиша чодрада юришга мажбурлашарди. Қонунни бузганлар тошбўронга тутиларди.
Қизча: Аммо Саудия Арабистонида ҳам аёлларни чодрада юришга мажбурлайдику.
Ота: Йўқ, у ерда аёллар анъанавий исломий урфда кийинишади.
Қизча: Буларнинг фарқи нима?
Ота: Саудиялик аёллар киядиган анъанавий исломий либос бу камтарона, аммо ярашиқли бўлиб, кўз ва бармоқлардан ташқари танани ёпиб туради.
Қизча: Чодра ҳам танани ёпиб туради. Ҳар хил номланишига қарамасдан фарқи йўққа ўхшайди.
Ота: Йўқ, чодрага ўраш бу эркакларнинг аёлларга тазйиқ ўтказишидир. Афғонлар билан дўстимиз Саудия Арабистони бир-бирига ҳечам ўхшамайди.
Қизча: Лекин, 11 сентябрь ҳужумини уюштирган 19 террорчининг 15 таси Саудиялик деб айтингиз-ку.
Ота: Шундай, аммо улар Афғонистонда машқ қилган.
Қизча: Уларни ким тайёрлаган.
Ота: Усама бен Ладен.
Қизча: У афғонми?
Ота: Йўқ, у асли Саудиялик. Аммо у жуда ёмон одам.
Қизча: У олдин бизнинг дўстимиз эмасмиди?
Ота: Афғонистондан советларни қувиб чиқараётган мужоҳидларга кўмаклашаётган давримизда дўст эдик.
Қизча: Советлар, Рейган айтганидай, ёвузлик салтанатими?
Ота: Худди ўзи. Аммо Совет Иттифоқи 90-йилларда тарқалиб кетган. Энди уларда ҳам сайловлар бор, капитализм бор, худди бизга ўхшаб. Уларни энди биз руслар деймиз.
Қизча: Руслар-чи? Улар бизнинг дўстимизми?
Ота: Йўқ. Улар совет тарқалгандан кейин бироз вақт дўстимиз бўлган. Ироққа киришимизни танқид қилгандан кейин аччиқланганмиз. Биз французлар ва немислардан ҳам аччиқланганмиз, чунки улар урушмай қараб туришган.
Қизча: Унда немислар ва французлар ҳам ёмонми?
Ота: Унчалик ёмон эмас. Аммо француз картошкасини қайта номлашга арзийди.
Қизча: Бирор мамлакат бизни олқишлаб турмаса, ҳамиша маҳсулотларнинг номини ўзгартирамизми?
Ота: Йўқ биз фақат дўстларимизга шу йўл билан норозилигимизни билдирамиз. Душманларга бўлса ҳужум қиламиз.
Қизча: Аммо Ироқ 80-йилларда дўстимиз бўлган-ку.
Ота: Ҳа, аммо, у сувлар оқиб кетди.
Қизча: Ўшанда Ироқни Саддам Ҳусайн бошқарганми?
Ота: Ҳа, лекин у Эрон билан урушган, шунинг учун вақтинча дўстлашганмиз.
Қизча: Нимага Эрон билан урушса дўстлашганмиз?
Ота: Чунки Эрон бизга душман эди.
Қизча: Ироқ курдларни газ билан заҳарлаганми, худди биз ҳиндуларни қирганимиздек?
Ота: Йиғиштир, бунақа гапни! Биринчидан, ҳиндуларни йўқотишга мажбур эдик, чунки улар янги ҳудудларни ўзлаштиришимизга халақит берган. Иккинчидан, Эрон билан урушаётган Ироққа дўстлигимизни англатиш учун кўзимизни юмиб турганмиз.
Қизча: Демак, кимдир душманимиз билан урушаётган бўлса, у дарров дўстимизга айланади, шундайми?
Ота: Шундай деса бўлади.
Қизча: Кимдир дўстимиз билан урушаётган бўлса, бизга душман, шунақами?
Ота: Одатда шундай. Аммо иккала томонга қурол сотиб мўмай даромад олса бўлади.
Қизча: Ахир, урушда одамлар ўлади-ку.
Ота: Аммо бу иқтисод учун фойдали, демак, Америка учун фойдали. Яратганнинг ўзи биз томонда. Худосиз антиамерикачи коммунист ким бўпти бизнинг олдимизда. Нега Ироққа ҳужум қилганимизни тушунгандирсан?
Қизча: Тушундим, шекилли. Чунки бу Худонинг иродаси, шундайми?
Ота: Ҳа.
Қизча: Ироққа ҳужум қилишимиз Худонинг иродаси эканлигини қаёқдан билганмиз?
Ота: Кўрмаяпсанми, доллар купюрасида “Умидимиз Худодан” деб ёзилган, Худо бизга мададкор. У Буш билан гаплашган, нима қилиш кераклигини айтган.
Қизча: Жорж Буш Худонинг овозини эшитганми?
Ота: Шундай деб айтган.
Қизча: Лекин унинг иқтидор кўрсаткичи паст-ку.
Ота: Паст бўлса ҳам эшитиш қобилияти бор.
Қизча: Демак, у Худонинг амрига бўйсуниб Ироққа уруш бошлаганми?
Ота: Ниҳоят ҳаммасини тушундинг. Энди кўзингни юмиб, ухлайқол.


Манба: orator.ru сайти Ш.Исломов таржимаси
(матндан фойдаланганда манбага фаол ҳавола беришни унутманг)