30.09.2017

Қирқ ёшлилар (18+)

(аёллар ҳам ўқимасин)

Ўртоқлар, охирги йилларда ўтириб қолиш ҳаёт тарзи (сидячий образ жизни) турмушимизга сингяпти. Йўқ, ўтириб қолган қизларни эмас, эркакларни назарда тутяпман. Эрталаб югурувчилар сони камайиб кетяпти. Тушунинг, сиз эрталаб югурар экансиз танангизда, хусусан, белингизда қон яхши айланади, саҳарлаб уйғонган кучуклардан эмас, касалликдан қочасиз.
...Вазият тақозоси билан қирқ ёшли акаларнинг даврасига тушиб қолдим. Гапдан гап чиқиб соқолига оқ оралаган бирови:
-          Бозорнинг четида балиқ тутадиган қармоқ олаётганимда бошяланг бир аёл ёнимга келиб, “акажон, дорилардан бор, оласизми?” деб шивирлади. “Дори чекмайман”, десам, “вой, унақа доримас” деб кулади. Ҳар хили бор экан – ўзи тўртбурчак, шакли шилпилдоққа ўхшаган, кўк, жигарранг, носранг, ялтироқ, пилдироқ..
Ҳамма унга бақрайиб қаради.
-          Олдингми?
-          Э, жиннимисан?..
-          Олганса-а-ан.
Яна бири:
- Отиям нима-гра эди, шекилли, биров айтовди-да, - деб минғирлаганча кўзини пирпиратди.
Гапни бошқаси илиб кетди:
-          Ичиб кўрганларни айтишича, бошни қизитаркан. Фойдаси йўқ, табиийсига нима етсин.
Унга билимдонлик билан бошқаси эътироз билдирди:
-          Қизитмайди, арзонига учмасин, танишингга айтиб қўй.
-          Сен қаердан биласан, ичиб кўрганмисан?
-          Ичмасам, ҳам биламан. Россияда ишлаганимда ўрис ўртоқларим ҳаммаси ичарди. Сал тахир бўлар экан. Уларнинг мотори стук бергани учун ҳаммаси бизга ҳавас қилади. Азиат – горячая кров!
Улфатларнинг кўзойнак таққани сиполик билан гапга аралашди:
-          Турган-битгани зиён, химикат. Юракка нагрузка беради. Бош оғрийди. Ўрганиб қолсанг, хотининггаям, ўзинггаям қийин бўлади. Ота-боболаримиз от минган, отнинг фойдаси катта. Бўш қолдингми – от мин. Вот, табиий восита сенга.
-          Хи-хи-хи, эшак ҳам минган, - деб луқма ташладилар унга.
Кўзойнакли сабоқ беришда давом этди.
-          Аммо ҳозирги дўхтирлар экологик шароитдан келиб чиқиб, қирқ беш ёшга етганингда аёлинг билан орангда муаммолар юзага келса, ичавер деяпти. Аммо буни ўз шартлари бор. Бирваракайига биттадан ортиқ таблетка ичмайсан. Номининг охири “–гра” билан тугаган бўлиши шарт. Масалан, “Циклон” дориси зиён. Падделкаларидан эҳтиёт бўласан. Кечаси билан бўкиб ароқ ичдинг нима, циклон ичдинг нима – эрталаб бошинг ғум-ғум оғрийди. Машина ҳайдашни-ку ўйлаб ўтирма.
Ҳамма “Минг бир кеча”дан қисса тинглаётгандек кўзини лўқ қилиб, нафас чиқармай уни тингларди. Серсавол улфатларнинг бири:
-          Орифжон, орамизда ўқиганларимиздан бирисан. Элликка кирганимизда ичсак бўлаверадими?- деб сўради.
-          Бўлади. Проблеманг бўлса, ҳозир ҳам ичавер.
-          Олдин сен ичиб кўрсатиб бер.
-          Мен соғломман. Проблемам йўқ, ичишга эҳтиёжим ҳам йўқ. Дорихонадан сўрагани ҳам уяламан. Сотувчи аёллар орқангдан мийиғида кулиб қўяди, биласанми шуни?-деди аччиқланиб.
-          Бўлмаса, қандай қилиб олса бўлади, маслаҳат бер, ахир.
-          Ўртоғимга керак, деб оласан. Дорихонада ўзингни бошқа дори олиш учун киргандек тутасан, чиқиб кетаётганда, худди тўсатдан кўзинг тушиб қолгандек, “ие, манови дорини битта оғайним сўраган эди”, деб оласан-қўясан.
-          Ҳа, сен буни қаердан биласан?
-          Газетада ўқиганман, ўрисча, инглизчани биламан-ку.
-          Кейинчи, кейин, уйга борганингда?
-          Ярим соат олдин сув билан ичиб олиб, кейин...
Суҳбат энг қизиқ жойига етганда кеч қолган биттаси кириб келди. “Қўзғалманглар, кўришганимиз - сўрашганимиз”, деганча жойига ўтираркан, суҳбатни давом эттиришга ишора қилди. У андролог экан. Бирпас эшитиб ўтириб, сўнг гапга аралашди:
-          Мижозларимдан бири қабулимга кириб, эшикни зичлаб ёпди. Овозини пасайтириб уялганча, “Дўхтир, бир дўстимни...”, деб гап бошлаганди, гапини кесиб, “қани, шимингизни туширинг, олдин дўстингизни текширайлик”, дедим.
Шунда ҳамма бирданига гуриллаб кулиб юборди. Айниқса, “дори” мавзуида қизғин суҳбат қурганлар ерга қараб ҳийқ-ҳийқ, дея мириқиб кулди.
Буёғини энди ўзингиз тушундингиз. Айтгандим-ку.

2017 йилнинг июл ойи

25.08.2017

Файзбоғда тайёргарлик

Президент депутатларга ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини очишни буюрди
(янгиликлардан)
Эрта-индин 150та депутат файзбоғимизга кириб келиши керак. Ҳаммамиз бунга шай туриб кутиб олайлик. Ҳаммаёқ тартибли, ораста бўлсин :D
Ҳамма деворини (стенасини) кўк, қизил, зарғалдоқ рангларга бўясин, яшилга бўяманглар. Файзбоғ ҳам ўзимизнинг уйимиз, узуккун 24 соат шу ердамиз. Ўз уйимизни ўзимиз ораста тутмасак, биздан бошқа ким ҳам масъул. Девор бўяш қўлидан келмайдиган катталар ёшлардан илтимос қилинг.
Депутатларнинг олдида бамаъни, сипо одам бўлайлик. Диндор-атеист/секуляр, россияпараст-америкапараст гуруҳларга бўлиниб урушиб ўзимизни кўрсатмайлик. Муаммолар ҳақида сўраб қолишса, “Ҳаммаси яхши, муаммомиз йўқ” деб айтинглар. Анови камолотчи, йўғе, “Ёшлар иттифоқи”чи қизимиз шаҳримизга кутубхона қуриб беринг деган илтимоси ерда қолмасин, депутатларга айтса, майли. Эслатма: “Ёшлар иттифоқи”ни қисқартириб ёш.ит. деб ёзиш йўқ. Бу ҳурматсизлик бўлади.
Ўйламай-нетмай коммент ташлаб ҳамманинг асабига тегадиган болалар файзбоққа кирмай турсин. Депутатларнинг олдида аднўча ёзманглар, уят бўлади. Файзбоққа бир оз ўрганиб олишсин, кейин ёзаверасизлар.
Гуруҳлардаги ҳар хил бекорчи гаплар, расмлардан тозалаш керак. Тозалаш ишларига файзбоғнинг дўхтирлари ва шифокорларини жалб этинглар.
Саф тортинг, жиддий бўлинг, ишорат қилганимизда қарсак чалинг. Улар вақтинчага келяпти, эрта-индин ваъдаларни эсдан чиқариб қайтиб кетишади. Виртуал бекорчилар сафида нима бор уларга?

Аммо файзбоғ уларга ёқиб, қолиб кетишса, нима бўлади? Мана муаммо қаерда.
2017 йил 16 июль

27.05.2017

Ўзбек ОАВнинг учқур иборалари

  • Юртимизнинг қай бир гўшасига борманг..
  • ..жаҳон ареналарида баралла янграмоқда
  • ..янада юксакларга..
  • Ўзимга берилган фурсатдан фойдаланиб..
  • Мамлакатимизда рўй бераётган демократик ислоҳотлар натижасида..
  • Мустақиллик шарофати билан..
  • Биз ёшларга берилаётган имкониятлардан фойдаланиб...
  • Корхона ишчиларининг асосий қисми коллеж битирувчиларидир.
  • Президентимиз раҳнамолиги остида..
  • ..барча шароитлар мужассам
  • ..алоҳида эътибор..
  • ..маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
  • ..устувор йўналишларидан экани алоҳида таъкидланди.
  • ..ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши..
  • ..байрамона кайфият бағишлади.
  • ..бир тану бир жон бўлиб..
  • ...байрам шукуҳи кезиб юрибди.
  • ...изчил ислоҳотларни янада такомиллаштириш мақсадида изланишлар олиб борилмоқда.
  • Жаҳон молиявий инқирози юз бераётган бир даврда биз олиб бораётган ислоҳотларнинг натижаси ўлароқ бутун дунё бизга ҳавас билан боқмоқда
  • ..чуқур англаган ҳолда..
  • ..янада такомиллаштириш..
  • ...буюк давлатлар билан..
  • ..ёвуз кучлар; қора кучлар; тинчлигимизни кўролмайдиганлар..
  • ..ҳар бир юртдошимиз қалбида..
  • ..маънавий таҳдидлар; оммавий маданият хуружи; манқурт ва манфур кимсаларнинг кирдикорлари; мустақиллигимизни кўра олмайдиган ватангадолар; сўқирлар, тубанлар..
  • ..илмий-маърифий анжуман бўлиб ўтди.
  • ...жаҳонга юз тутмокда.
  • Ёшларимизнинг ҳеч кимдан кам эмаслигини ва ҳеч кимдан кам бўлмаслигини...
  • ..фусункор гўшалар..
  • Ривожланишни янада чуқурлаштириб, такомиллаштирувчи бир қатор изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда..
  • ..жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароити глобал миқёсда давом этаётганига қарамай, иқтисодиётимизни диверсификациялаш..
  • ..имтиёзли кредитлар эвазига..
  • ..мусаффо осмонимиз остида..
  • ..эндиликда мазкур технология сабаб жаҳон бозорида рақобатбардош бўлган, сифатли маҳсулот ишлаб чиқарила бошлади
  • ..энг олис-олис қишлоқларда ҳам..
  • ..замонавий спорт иншоотлари..
  • ..жойларда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бориляпти.
  • ..спортга бўлган эътибор..
  • ..виртуал ўргимчак тўри..
  • ..об-ҳаво инжиқликларини мардона енгиб ўтиб..
  • ..ҳар жабҳада ислоҳотларнинг самараси яққол намоён бўлмоқда
  • истиқлолимизни кўра олмайдиган паст ва ғараз ниятли қора кучлар ахборот хуружи орқали ёшларимизнинг онгини заҳарлашга уринишмокда.
  • Режани ортиғи билан бажариб, юртимиз равнақига ўзларининг камтарин ҳиссаларини қўшмоқдалар
  • ..турли жаҳон рейтингларида юқори ўринларни эгалладик.
  • ..бизга шунчалик шароит яратиб берган..
  • ..иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириб, ҳаётга изчил татбиқ этишимиз керак.
  • ..ҳозир дунёдаги глобаллашув жараёнида..
  • ..об-ҳаво шароитининг инжиқ келганлиги туфайли..
  • ..мўмай даромад орттириш илинжида..
 ОАВ эгатлари узра теримчи Ш. Исломов

31.03.2017

Ватанпарварнинг сохта ватанпарвардан беш фарқи

1. Ватанпарвар ўз ватанининг камчиликларини кўради ва бу ҳолни ўнглаш учун муаммони кўтаради ҳамда ечиш йўлини қидиради
Сохта ватанпарвар камчиликларга кўзини юмади, ватани ҳақида бошқалар ёмон ўйга боришларини истамайди. Кўз юмишнинг иложи қолмаганида камчилик ва нохушликлар миллий хусусият эканлигини исботлашга уринади.
2. Ватанпарвар ўз мамлакати аҳволини бошқа мамлакатларга нисбатан тийраклик билан таққослайди, бошқаларнинг яхши тарафларини ўзлаштириш йўлини қидиради.
Сохта ватанпарвар бошқа мамлакатларнинг яхши-ёмон тарафини кўргани кўзи йўқ. Ўз ватанининг камчилигини-да фазилат санайди. Агар уни рад этишса, миллийлик, ўзига хос тараққиёт йўли каби тушунчаларни қалқон қилади.
3. Ватанпарвар ўзгача маданият, мамлакат, қадриятлар билан мулоқот йўлини қидиради, чунки тараққиёт ютуқларини алмашиш йўли орқали ривожланиш мумкинлигини, иҳоталаниш боши берк кўчага элтишини англайди.
Сохта ватанпарвар ўзига ёт барча маданият ва субмаданиятни рад этади. У бошқа маданиятлар билан алоқа ўрнатиш ўз маданиятининг илдизига болта уради, деб ҳисоблайди. Агар далиллари етишмай қолса, миллийлик, ўзига хос тараққиёт йўли каби тушунчаларни қалқон қилади.
4. Ватанпарвар ўз юртини барқарор ва динамик ривожлантиришга интилади. Чунки турлича ижтимоий гуруҳларнинг манфаати турличалигини англайди. У ижтимоий муаммолар ечимини излайди. Бу муаммоларни мамлакатнинг барқарорлиги ва ривожланишига халақит бермасдан тинч йўл билан ҳал этиш йўлини қидиради.
Сохта ватанпарвар ташвиқотга берилувчан бўлиб, у расмий ҳукумат манфаатига мос ғояларни қўллайди ва шундан келиб чиқиб тафаккур юритади. Ижтимоий гуруҳлар орасидаги ҳар қандай келишмовчиликни умумий йўл орқали ҳал этишга уринишни ватан хоинининг фитнаси дея қабул қилади. Расмий ҳокимият тарғиб этувчи ғоядан четлашишни халққа қарши жиноят ҳисоблайди. Шу фикрлари билан у  ватанини тоталитаризм ва инқилоб сари яқинлаштиради. Агар далиллари етишмаса, миллийлик, ташқи душманлар фитнасига чалғимасдан ўзига хос тараққиёт йўлидан бориш каби тушунчаларни қалқон қилади.
5. Ватанпарвар ижтимоий гуруҳларнинг турфафикрлиги ва кўпқирралигига интилади. Чунки фикр эркинлиги ва жамоавийликни рағбатлантириш йўли билан юрт тараққиёти суръатини ошириш, миллат ижодкорлик салоҳиятини юксалтириш, тез ривожланаётган мамлакатлар билан рақобатлашиш мумкинлигини англайди.
Сохта ватанпарвар эса барчани бир тоифага жамлашга ўч ва муқобил фикр эгасини қатъий жазолаш тарафдори. Ҳар қандай фарқланишни миллий бирликка таҳдид ва мамлакат келажагига хавф ҳисоблайди. У тез ривожланаётган қўшниларни кўрмасликка интилади. Агар кўргудай бўлса, миллийлик, атрофдаги душманлар фитнасига чалғимасдан ўзига хос тараққиёт йўлидан бориш каби тушунчаларни пеш қилади.

pikabu.ru сайти асосида тайёрланди

31.12.2016

Уч китобни ўқиб

(тақриз деса ҳам бўлади)
Охирги пайтда сиёсий хабарларга қизиқишим ошиб кетганлиги сабабли бадиий китоб ўқишни ташлаб қўйгандим. Яқин ойлар ичида ҳафсала қилиб Амина Шанликўғлининг “Хитой қийноғи” асарини, Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Пуанкаре” ҳикояси ва Робиндранат Тҳокурнинг бир тўп ҳикояларини ўқиб чиқдим.
Шу китоблар тўғрисида 2 оғиз.

Туркиялик Амина опанинг “Хитой қийноғи” асари уйғурлар юртида коммунистик тузум ўрнатилиши воқеалари ҳақида ҳикоя қилади. Асар қаҳрамони Каан тақводор мусулмон, аммо унинг оиласи бошига янги тузум кўп кулфатлар солади. Ўзи қамалиб коммунистик тузумнинг минг бир азобларига дучор бўлади. Қисқача мазмуни шундай.
Асар ниҳоятда сентименталистик руҳда ёзилган. Муаллиф аёл киши эканлиги сабаб бўлса керак. Баъзи жойларида автор ҳатто ёвуз қаҳрамоннинг ёқасидан силтаб ураётгандек, қарғаётгандек тасаввур ҳосил қилади. Шу билан бирга асарда инсонийлик, диёнат улуғланади, ёвузлик ва зулм қораланади. Айрим тасвирлари ишончсиз. Сталин лагерларида бўлган ёзувчиларнинг (Саид Аҳмад, Шукрулло) китобларига ўхшамайди, бошидан ўтказган одам барибир ишончли ёзаркан деган фикрдаман.
Бу китобни ўқиганлар коммунистик тизим ҳақида шу асарга асосланиб узил-кесил хулоса ясаб юбормасликларини истар эдим. Чунки сиёсий тизимлар ва тарих ҳақида бадиий асарга асосланиб ҳукм чиқарилмайди. Бадиий асар ўқувчининг туйғуларига қаттиқ тегади, улар билан ўйнашади, умуман шу мақсадда ёзилади. Биз коммунистик тизимга Шанликўғли, Шукрулло, Солженицин асарлари орқали қарасак зулматдан бошқа нарсани учратмаймиз. Совет ёзувчилари Горкий, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Ғафур Ғулом ва бошқалар асарлари орқали бунинг бутунлай тескарисини кўришимиз мумкин, асли социализмнинг иқтисодий ва ижтимоий соҳадаги ютуқлари бисёр. Хитойчани билмайману, осмоностида ҳам коммунистик тизимнинг ютуқларини куйловчи адиблар сони мингдан ортиқ бўлса керак ва уларнинг барча қарашларини узил кесил рад этиб бўлмайди, албатта.
Бадиий асар муаллифи бирор воқеликни тасвирлар экан сиёсийликка қанча урғу бермаса, шунча яхши бўлади, назаримда. Асарнинг умри узаяди. Ёзувчи умуминсоний мавзуларда ёзиши керак, ўрнатилган мафкуранинг хизматкори бўлиб қолмаслиги керак, деган гапларнинг мағзи кўп.

Энди “Пуанкаре” ҳикояси ҳақида. Ҳажман кичикроқ қиссага тенглашадиган бу ҳикоя ўзбек адабиётида шов-шув бўлганини эшитгандим, аммо ўқишга қунт қилмай юргандим. Бу ҳикоя қийин математик гипотезани ҳал қилишга аҳд қилиб умрини бағишлаган математик (ўзбекистонлик) ҳақида. Ҳикояда ҳозирги кунларимиз тасвирланган. Математик қарорида қатъий, аммо турмуш муаммолари уни батамом енгиб ташлайди. Иқтисодий муаммолари, оилавий-маиший масалалар билан чалғиб фанга вақт тополмайди. Ҳозирги кунда илм йўлига кирган одамларга иқтисодий етишмовчиликлар ҳануз ҳамроҳлиги (ҳозирги кунларда Фанлар академиясининг айрим институтлари тугатилаётганлиги)  ҳикоянинг машҳурлигига сабаб бўлса керак. Ҳар ким асардан ўзини қидиради, топса эътироф қилади. Ҳикоя Улуғбек Ҳамдамнинг “Мувозанат” романини эслатади. Ҳикояда бутун бир авлод умрини ифодаланган, шу билан бирга замонавийлик ҳам бор (интернет, эмайл). Ҳикоянинг охирига етмасдан якунини тахмин қилдим (иҳм, иҳм:), чунки серсоқол Григорий Перелман ушбу гипотезани исботлаганини ва мукофотдан воз кечганини АиФда анча йил олдин ўқигандим. Хуллас, фан билан шуғулланмоқчи бўлган юртдошларимизга тавсия қилмайман, чунки ҳикояни ўқиб тамом фанни йиғиштириб қўймасликларингизга кафолатим йўқ ;).

Робиндранат Тҳокур ҳикояларида Қаҳҳор ва Чеховдагидек сиқиқлик, европалик адиблар ҳикояларидагидек яширин юмор йўқ. Манзараларни шошмасдан, бемалол ўтириб олиб, бир чеккадан тасвирлайди. Қаҳрамонлари асосан содда ва диёнатли одамлар. Айрим ҳикоялари кўҳна ҳинд ривоятларига ўхшайди.
Одамлар “прагматик”лашаётган, “тез бой бўлиш” ҳақидаги китоблар оммалашаётган бугунги кунда, билмадим, Тҳокурнинг инсоф-диёнат, очиққўллик, камбағал донишмандлик мавзуларини тасвирланган ҳикояларини ўқишяптими йўқми. Охирги бир сўмини қариндошига инъом қилиб юборган ҳикоя қаҳрамонини ўқиб кулса керак, бугунги китобхон.
Кўпчилигимизда қуйидагича ҳолат бўлган: дунё миқёсида тан олинмаган ёзувчиларимизнинг асарини ўқиб маза қиламиз, аммо Нобел олган фалон зўр ёзувчининг китобини ўқиб ҳеч балони тушунмаймиз, шундай бўлса-да ғофилдек кўринмаслик учун “зўр ёзади” деб мақтаб қўямиз. Тҳокур бундан мустаснодир. Унинг ҳикоялари тушунарли ва содда тилда ёзилган.
Қаҳрамонларининг ҳиндийча узун жимжимадор исмларига чалғишни айтмаганда ҳикоялари жуда қизиқарли ва мароқли. Ўзимизнинг Иқбол Юсуф, Қаҳрамон Аслановнинг маиший мавзудаги ҳикояларига ўхшайди. Бордию Иқбол ака ё Қаҳрамон акалар Тҳокурнинг ҳикояларини ўзлаштириб Гирибалаги Гулнора, Шриматини Шуҳрат деб ўзбекчалаштириб эълон қилса ҳеч ким билмай ҳам қолса керак))

Шунинг учун адабиёт дурдоналарини тушунадиган баркамол китобхондек кўринишни истаганлар Робиндранат Тхокур асарларини ўқиб чиқса, мақсадига етади ;)