19.05.2015

Бўлай десанг боғбон...

Фарғона шаҳрининг атрофида Чимён, Аввал, Пакана, Хонқиз, Лоғон деган қишлоқлар бор. Атрофи боғ-роғлар, ўрик дейсизми, гилос, шафтоли ғиж-ғиж. Дарахтларни шахмат катагига ўхшаб тартиб билан экишади. Уч ёқдан қарасангиз, текис дарахтлар бир-бирини тўсиб, боғнинг охирини кўрасиз.
Боғларни томоша қилиб кетяпман. Эр-хотин ишлашяпти. Эри мендан каттароқ, шафтолини пакана ўссин деб, тепа шохларини бутаяпти. Хотини кесилган шохларни йиғиб боғлаяпти. Ҳожибой Тожибоев айтганидай, келиннинг қўлига “кетмон берсанг, ернинг жигарини суғуриб олади”ганлардан.
Боғбоннинг айтишича, даромади яхши экан. Гилослар фурада тўғри Россияга.

Бир хонада компьютер ва махсус техникалар билан мунтазам ишлардим. Камҳаракатлик  саломатликнинг этагини ғижимлаб олган.
..Битта ер олсам. 50 сотихми, 1-2 гектарми, қанча бўлса ҳам. Темир контейнерни уйга ўхшатиб жиҳозлаб, оилам билан ўрнашиб олиб боққа қарасам... Ният-да, бу ҳам. Ташкилотнинг ишидан зерикдим. Қолаверса, йиллик даромади йиллик маошдан кўп экан. Табиат қўйнида, дегандай.. Интернет бўлса – бўлди.
Балки боғбон ҳам менга ҳавас қилгандир. Қўли қавармайди, кундузи озода жойда ишлаб, кечқурун уйига боради, деб хаёл қилган бўлса, ажаб эмас.
Лекин мен ҳам ҳавас қилдим. Хуллас, шунақа гаплар. Ёзда келинг, шафтоли еймиз.


13.05.2015

Хорижлик ҳамкорлар (репортаж)

...Юрт яшнаса, яшнайман-да,
Юрт ишқи бор жону танда,
Завққа тўлиб куйлайман-да,
Асил инсонларни кўриб,
Азиз меҳмонларни кўриб...
(Озодбек Назарбеков қўшиғи, Аҳад Қаюм ё бўлмаса Ботир Эргашев шеъри. Балки бошқаникидир)

Ҳа, дўстлар. Ажойиб халқ артистимиз гўзал мисраларда таъкидлаганидай обод юртимиз азиз меҳмонлар ташрифи ила гавжум, асил инсонларимиз эса уларни кутиш ва кузатиш завқи ила масрурдирлар.
Яқинда юртимиздаги саройлардан бирида муҳташам анжуман бўлиб ўтди. Хорижликлар мамлакатимизда бир қанча муддат туриб тажрибаларини ўртоқлашдилар, ўз ўрнида улар ҳам биздан ўрганганларини таъкидладилар. Бўлиб ўтган анжуманда турли мамлакатлардан келган меҳмонлар дил сўзларини изҳор этишди. Қуйида шу ҳақда.
Воҳа тупроқлари билан яқиндан танишган югославиялик меҳмон, қурилиш инженери Тоштемир Кирпич-Дегич гиллар қурилиш саноатида катта истиқболга эгалиги ҳақида сўзлади.
Шаҳар ободонлаштириш бошқармасида тажриба алмашган грузиялик мутахассис Бино Бузили бунёдкорлик ишлари тўғрисида тўлқинланиб гапирди. Ундан сўнг эса арабистонлик йўл қурилиши бошқармаси бошлиғи шайх Ғадр ал-Будур таассуротлари билан ўртоқлашди.
Ўз сафари муддатини икки қисмга бўлиб, биратўла икки соҳани пухта ўрганган   туркиялик қардош Сабрибей Шошмаз илиқ сўз айтди. У ўт ўчириш ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш ташкилотларида малака оширган эди.
Шунингдек, радиосухандонлар билан тажриба алмашган яна бир туркиялик соҳир овоз соҳиби диктор Тил Билмаз, тадқиқот ўтган грузиялик тарихчи олим Гапиро Эзвордизе галдаги режалар, истиқбол ҳақида тўлиб-тошиб сўзладилар.
Сайлов тизими жаҳонда тан олингани кўпчиликка сир эмас. Афғонистонлик собиқ депутат Ширин Лағмоний бу ҳақиқатни яна бир марта оммага англатишдан чарчамади. Унинг ҳамроҳи Суҳбатилло Зиёфат эса солиқ тизими, ревизия ишлари бўйича тажрибасини оширди.
Покистонлик юрист Дастур Хон Киргизай монополиядан чиқариш, тадбиркорликни ривожлантириш ишлари аҳамиятини юксак баҳолади.
Қишлоқ мактаблари шаҳардагилардан қолишмаслигини таълим соҳасида тадқиқот олиб борган эронлик тадқиқотчи-ўқитувчи Нигорон Меҳмонпараст йиғилганларга таъкидлаб ўтди. Шунингдек, таълим ходимларини ҳашар ишларига жалб этиш тажрибасини италиялик мураббийлар Тошини Тервотти ва Макаронни Бервотти, хитойлик жаноб Иш Чан “бўш вақтдан унумли фойдаланиш омилкорлик асосидир”, дея баҳоладилар.
Япониялик судья Нимачора Манапора сан адлия тизимига доир қимматли фикрларини баҳам кўрди.
Ҳарбий қисмда офицерлар билан ишлаган япониялик Онасини Момосини ватанга содиқ посбонлар ҳақида самурайлардек жўшиб сўзлади. Оилапарвар япон жаноблари маҳаллий университетларда амалиёт ўташ учун икки фарзанди Аданики Мошина ва Пулига Отасиниларни ўзи билан олиб келган эди.
Шунингдек, кредит, ижтимоий таъминот масалалари бўйича мутахассис, иқтисодчи,  грециялик жаноб Кризис Хасис ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Россиялик интернет провайдер хизмати бошлиғи Тихомир Черепашкин сўзга чиқди. Ҳиндистонлик меҳмон, хселл бош алоқачи инженери Вжрпшштуут Тиит уяли алоқа хизматлари хусусида илиқ мулоҳазалар билдирди.
Анжуман сўнгида АҚШлик рок юлдуз Энди Гейман ва грузиялик санъаткор Отарилар ўз санъатини намойиш этди.