20.04.2015

Кирилл-Lotin

Иш столимнинг ёнида диван бор. Компьютерда ишлаб кўз толиқса, чўзилиб ухлаш учун. Ётиб ухлаб қолибман. Ноутбук ўчирилмаган.
Кечқурун уйқу қочиб, кўзимни қия очсам, экранда ер шари айланиб турибди, заставкаси шунақа. Шунда клавиатурадаги лотин ва кирилл ҳарфлари тугмачалардан ажралиб чиқиб  ер шарига жойлаша бошлади. Лотин ҳарфлари - кунботарга, кирилл – шимолга, камдан кам ишлатадиганим – араб ҳарфлари жанубга жойлашди.
Ўзимча, агар иероглифлар бўлганда кунчиқарга жойлашган бўларди, деб ўйладим.
Лотин ҳарфлари ўзига бино қўйган, кирилл ҳарфлари бироз асабий, араб эса сал тушкун кайфиятда эди.
Лотин ёзуви чиқиб мени кўрсатди:
-          Хўш, нега бу ҳали ҳам лотин ҳарфлари турганда, кириллда ёзади?
Кирилл эътироз билдирди:
-          Унга шу қулай. Лотин ёзувини билади. Лотинда матнлари бор.
-          Балки билмас, кириллда ёзволиб, “кирилл-лотин конвертер”дан ўтказганини, макрос ишлатганини биламан.
-          Йўқ, шахсий ишларда ҳар ким хоҳлаган ёзувида ёзиши мумкин, истаса араб ёзувида ёзсин. Омма учун ёзса бу бошқа гап.
-          Худди шундай, - тепароққа  жойлашиб ўтириб олди Лотин. – Давлат ёзуви бу лотин.
Кирилл истеҳзоли кулди:
-          Шафқат қилинг, мистер Лотинус. Ҳали марказий матбуот нашрлари, телевидения, китоблар, ҳужжат юритиш лотинга ўтмаган пайтда бир бечорага осилманг.
Лотинус таассуф билан жиддий гапирди:
-          Лотин ёзувига ўтишга аҳд қилганларига йигирма йил бўлди, афсус, ҳали ҳам депсиниб туришибди.
-          Бу вазият тақозоси, - деди Кирилл ҳарфлари қувлик билан. – Лоп этиб ҳамма нарсани лотин ёзувида ёзилса, томдан тараша тушгандай аҳоли довдираб, тушунмовчиликлар кўпаяди. “Kirmang” деб ёзилган кўчага кириб кетишади.
Лотиннинг афти бужмайиб кетди.
-          Бир нарсани тушунишни истамайдилар. Кирилл - русларга қарамлигимиз рамзидир. Бу - сиёсат. Дунёнинг 30 фоизи лотинни ишлатади, аксарияти ривожланган давлатлар. Биз улар билан интеграциялашишимиз муҳимроқ, лотин эса бунда кўприк ҳисобланади.
-          Агар кирилл русларга қарамлик рамзи бўлса, лотин кимга қарамлик рамзи?  Лотин сиёсат эмасми? Араб-чи?  Интеграциялашиш учун ёзувни алмаштириш шунчалик муҳимми? 10-15 аср давомида миллий ёзувини ўзгартирмаган халқлар кўп, улар жаҳонга интеграциялашмай қолиб кетишдими? – тезлик билан жавобни қўндирди Кирилл.
Чеккада жим ўтирган араб ёзуви инқиллаб ўрнидан турди:
-          Миллий  ёзув дегандай бўлдингиз, мавлонолар, дарҳақиқат, миллий адабиётимиз дурдоналарини мумтоз мутафаккирларимиз эски ёзувимиз - араб ёзувида битишгандур. Ўзлигимизга қайтишлик учун араб ёзувига...
Лотин ва Кирилл унга шундай ўқрайишдики, араб ёзуви:
-          ... ёзувидан хабардор бўлишлигимиз заруриятдур, - деганча қайтиб ўтирди.
Кирилл бир гапга тушиб кетса, агрессив бўлиб қоларкан:
-          Араббой, мумтоз илмий, адабий дурдоналаримиз эски ўзбек ёзувида битилган бўлса, ХХ асрда юзлаб олимларимиз, ижодкорларимиз топишмоқ топиб ўтиришгани йўқ. Ўнлаб нашриётларда, юзлаб ижодкорларнинг минглаб асарлари юз минглаб нусхада босилиб, миллионлаб одамлар уни ўқишган. Кириллда ёзилган илмий, бадиий асарлар, вақтли нашрлар халқнинг маданий бойлигига айланиб, унинг савия-иқтидорини белгилаб берган. Кириллда нашр этилган асарларнинг ўндан бири ҳали лотинда босилгани йўқ. Кириллда ёзилган миллионлаб нусха асарлар ўқилмасдан чиқитга чиқса – катта йўқотиш бўлади.
Лотин бамайлихотир жавоб берди:
-          Лотин – интернетни ўрганишни осонлаштиради. Сайтлар, доменлар – барчаси лотинда.
-          Кириллда ҳам домен яратиш бошланган. Интернетни дунё мамлакатлари ўз тилларига мослашаётибди.
Лотин устунлик ўзи томонда эканига ишонади, шекилли, далиллар келтириб ташлади:
-          Туркия аср бошида ёзувини ислоҳ қилиб кам бўлмади. Индонезия, Малайзия сингари тараққий этган мамлакатлар ҳам лотин ёзувини қабул қилиб ривожланишга эришди. Африка ва Жанубий Осиёда кўплаб мамлакатлар лотин ёзуви аҳамиятини вақтида англаб ўз алфавитларини қайта тузишди. Лотин ёзуви тараққиёт бешиги ҳисобланган Европа ва Америка билан интеграциялашиш учун катта имконият.
Дарҳақиқат, Лотиннинг барча гаплари тўғри эди. Кирилл ҳарфлари эса қайсарланиб кўринишини тириштирди:
-          Жанубий Корея, Япония, Хитой, Ҳиндистон, Таиланд, Исроил, Қувайт, Қатар, Грузия эса ёзувини ўзгартирмади. Тараққиётдан орқада қолиб кетдими? Йўқ. Лотин ёзувига ўтган Сомали мамлакати эса бугун хароб ва оғир ҳолатда.
-          Глобаллашаётган дунёда инглиз тили мавқеи, шубҳасиз, бошқалардан баланддир, - деди унга жавобан Лотин ҳарфлари гапни узоқдан бошлаб. – Нафақат, ёзувни ўзгартириш, балки, мактабларда муайян синфда дарсни тўла инглиз тилида ўтишни жорий қилиш лозим. Лотин ҳарфларини билиш, шубҳасиз, Европа тилларини ўрганишни осонлаштиради.
Араб ва кирилл ҳарфлари унга олайиб қарадилар. Мен ҳам кўзим қия очиқлигини сездирмасдан олайишга уриндим. Нималар деяпти, балки бутунлай инглиз тилида гапиришга ўт, демоқчими?
Қаранг, фикримни уққандай изоҳ берди:
-          Ўтган ойда Қозоғистонлик Нурсултон оға юқори синфларда дарсни тўла инглиз тилида ўтиш таклифи билан чиқди. Бу таклиф бекорга эмас, ривожланган Осиё мамлакатларида аллақачон қўлланаётган таълим усулидир. Лотин ёзуви...
Маърузаси бир зайлда мени аллалаб уйқу элтиб кетди. Уйқу аралаш кўзим чала-ярим очиқ уларнинг баҳсини алоқ-чалоқ тушдай эшитдим, аммо идрок этолмадим. Аллақанча муддат ўтди. Тонг отдими йўқми – билолмадим, деразам пардаси туширилган. Кўзимни очсам, уччаласи тез уришиб, тез ярашадиган пиёниста улфатлардай овсарона қиёфада туришибди.
-          Қорин ҳам очқади.
-          Пиёзнинг пўстидай, нимасини айтасан.
-          Ошга борамиз, - деди Кирилл ҳарфлари. – Хўш, бизни меҳмон қиладиган кимнинг таниши бор?
-          Менинг танишларим, асосан, ёшлар, - деди Лотин. – Афсус, ҳозирча, катталардан танишим йўқ.
Араб ёзуви бўлса, масжид томонга ишора қилди.
Кирилл ёзуви айёрона кулиб қўйди:
-          Бу ерда мени ҳамма танийди. Кетдик, бугунги ош мендан.

Кетишди.
...кўзим қия очиқ ётибман
...қайси бири яхши?.. 

17.04.2015

Асар кимники?

Илгари билими бор илм қилган бўлса, ҳозир шароити бор илмий иш қиляпти, деб ҳисоблайди кўпчилик.
Ҳақиқатан, ҳамёнингиз қаппайган бўлса, ҳар қанақа асарни бир зумда ёзиб берадиганлар сероб.
Лекин мен битта одамни учратганман – уни ҳақиқий китоб титиб, тиришиб ўқиб асар ёзган, деб қўрқмай айта оламан. Мана тасаввур қилинг, бирор соҳада бирор нарса ёзмоқчи бўлсангиз, мавзу номини шарт интернетга киритасиз – бир дунё китоб тақдим қилади. Айниқса табиий фан соҳа олимларига қулай бу. Инсофи борлари сал-пал уёқ-буёғини ўзгартириб ёзади. Бир олим ёзган диссертациянинг тескарисини ёзиб яна биттаси олим бўлиб кетибди. Адиб Абдулла Қаҳҳор айтгандек “бўрининг тишига сера кислотасининг таъсири”ю , “бақанинг асаб системаси” бўйича ҳам анча-мунча билимлар тўпланиб қолди.
Лекин у одамни кўпчилик танимайди. Билганлар уни Тахтахўжаев дейишади, аслида Тўхтахўжаев бўлса керак. Хонасида китобларга кўмилиб ўтирадиган одам.
Шу Тахтахўжаев бир нарса устида изланиш олиб бораётган экан. Мавзуси: адабий асарни ўқиб, муаллифи кимлигини аниқлаш. “Китоб муқовасига қараб аниқлаб қўя қолса бўлмайдими”, деб сўрадим. Кейин у мавзунинг аҳамиятини  тушунтириб кетди, барибир тушунмадим, сизга айтсам ҳам барибир тушунмайсиз.
Муҳими - мен унинг тадқиқоти билан танишдим. Баъзи жойларида асар муаллифини аниқлашда ноаниқликлар ҳамон мавжуд экан, ҳали тадқиқот давом этади. Сизга ҳам айрим қисмларини тақдим этмоқчиман, кўринг-чи..
Демак, бошладик:
Агар илмий муаллиф ўқувчига сенсираб мурожаат қилса, Беруний ё Ибн Синоники.
Агар “эй фарзанд” деб мурожаат қилса, Кайковусники.
Шеърда мабодо “галдир” сўзи учраса, Чўлпонники.
Агар асар воқеалари ўта совуққонлик, қисқалик ва бетарафлик билан ҳикоя қилинса ва қаҳрамонлар ақлли сўз ўйинларию истиоралар билан сўзлашишса, улуғ ёзувчи Абдулла Қаҳҳорники.
Асарни ўқиб бўлгач, эски Тошкентнинг тор, чанг кўчаларида Хадрадан Говкушга қараб йўл четидаги чўққисоқол чолларнинг “вой, хувори”, “хумпар”, “қўй, чироғим” дейишларига қарамай ғизиллаб югураётган кир иштонли болачалар эсингизда қолса ва воқеалар ҳар куни такрорланадигандай бўлса, улуғ адиб Ойбекники.
Замонавийроқ ғазал “нур” билан якун топса, Чустийники.
Агар асардаги ҳар бир саҳифада 20 талаб мақол ва иборалар учрагани етмагандай, бобларнинг номи ҳам мақолдан ташкил топса, атоқли адиб Шуҳратники.
Аслида бадиий саналган асарда Ғафур Ғулом, Усмон Юсупов каби тарихий шахслар ҳам кўриниб қолса, Саид Аҳмадники.
Асар аниқ бирор бир касб-соҳага бағишланган бўлиб, салбий қаҳрамон асосан нопок зиёли бўлса, Пиримқул Қодировники.
Шумгина болакай оила аъзоларини бувижоним, ойижоним, дадажоним деб чақирса, Худойберди Тўхтабоевники.
Асарнинг хушрўй қаҳрамонлари гўзал манзараларда тасвирланса ва ҳаттоки уларнинг исмлари ҳам чиройли танланган бўлса, Ўлмас Умарбековники.
Эҳтиросли асарнинг эҳтиросли қаҳрамони тез-тез бокира ва покиза хаёлларга тутқун бўлиб турса, “начора”, Ўткир Ҳошимовники.
Асарнинг салбий қаҳрамони қаерда яшашидан қатьи назар Бухоро шевасида бийрон гапирса, Неъмат Аминовники.
Агар асарни биров бемалол жойлаши-иб ўтириб олиб, дўстона тарзда ҳикоя қилиб бергандек туюлса, бу Шукур Холмирзаевники.
“Бошқача”ни бошқача қилиб “дигаргун” деб ёзилган бўлса, куюнчак ёзувчи Нусрат Раҳматники.
Катта катта ижодий давралардаги ҳазил-ҳузул гапларни мароқ билан ўқисангиз, Шодмон Отабекники.
Агар асарда хатбошилар жуда кўп бўлса, жуфт равишлар (ишлаб-ишлаб, ўйнай-ўйнай) ҳам кўп қўлланса, Тоғай Муродники.
Аксинча, агар асарда хатбоши икки-уч варақда биттагина учраса ва диалоглар камёб бўлса, Нурали Қобулники.
Асарни ўқиб сал хавотирга тушсангиз, Омон Мухторники.
Асар қаҳрамонларига нисбатан енгилгина киноя билан ёзилган бўлса ва бир қаҳрамон бошқа бир асарда ҳам ўз характерию галатепадаги уй-жойи билан кўриниш берса, Мурод Муҳаммад Дўстники.
Асар қаҳрамонларига нисбатан аччиққина киноя билан ёзилган бўлса, Эркин Аъзамники.
Шеърда “кангул” ёзилган бўлса, шоир Икром Отамуродники.
Шеърбоп чиройли сўзлар орасидан лоп этиб қишлоқча, тўпори сўзлар чиқиб қолса  ва шеърда май сал пал эсланса, Муҳаммад Юсуфники.
Агар асарда ҳали бирорта луғатга киритилмаган сўзларни (расмойна, зинайўлак, боғкурси) учратсангиз ва Олтиариқ бодринги таъмини сезсангиз, шубҳасиз, Анвар Обиджонники.
Шеърда классик шоирларга (Навоий, Бобур, Фузулий в.б) ссилка берилса, Хуршид Давронники.
Агар асарга фақат Қўқон атрофидагилар ўзгартириб қўллайдиган сўзлар (ҳадим, паянник, каранда.....) аста-секин ўрмалаб кириб келаётган бўлса,  Саид Анварники
Агар асар қаҳрамони (қаҳрамон бўлгандаям ҳақиқий қаҳрамон) беш-ўн каллакесарлар чангалидан абжирлик билан омон чиқса ва ҳеч ўқ тегмаса, Нуриддин Исмоиловники.
Агар асарда бировга айтишга уяладиган жойлари ҳам батафсил ёритилган бўлса, бу Оллоёр Бегалиев ё Ҳабиб Темиров ёхуд Солиҳ Қаҳҳорники.(изланишлар давом этади)
Лирик шеърда техникага оид (авто, аэро) атамалар учраса, шоира Умида Абдуазимованики.
Кўнгилни айнитиб юборадиган манзаралар ҳам “чангини қоқмасдан” тўғридан тўғри тасвирланган бўлса, истеъдодли ёзувчи Саломат Вафоники
Шеър ё достонни ўқиб тушунмасдан ваҳимага тушсангиз, Фахриёрники.
Агар асарнинг катта-кичик ҳар қандай персонажи ўзининг шахсий чуқур фалсафаси асосида ҳаракатланса, Улуғбек Ҳамдамники.
Асарнинг катта-кичик деталлари, майда чуйда кўза, қарға, тош, қум, ит каби элементлари ҳам фақат Маъно ташиса, унда Исажон Султонники.
Агар истеъдодли ва бетакрор адиблару ажойиб, дилбар шоиралар ҳақидаги мақолани ўқиб, ажиб бир ҳис ва ҳайратларга ошно бўлсангиз, бу мақола журналист Исмат Хушев томонидан ёзилган.
Мақолада “интрига”, “вачач!”, “шок!!!”, “прикол” сўзлари ва “қум борми?” деган оригинал ҳақорат ҳам учраб қолса, унда сиз сайёд.ком сайтидасиз

 Изланишларимиз давом этяпти...

15.04.2015

Ўзбeкиcтoнгa инқилoблaр кepaк эмac

Oxиpги 4-5 йил ичидa кўpиб тypибмизки, қaтop apaб дaвлaтлapидa, Укpaинa шapқидa бўлиб ўтaётгaн нoтинчликлap, ғaлaёнлap дyнё cиёcaти диққaт эътибopидa қoлмoқдa. Xўш, мaмлaкaтдa иcёнлap бoшлaнишигa нимa мoтивaция бepмoқдa? Oмиллap ичкими ё тaшқи? Қyйидa шy xycycдa икки oғиз фикp билдиpaмиз.
Юқopидa caнaлгaн дaвлaтлapнинг cўнгги йиллapдaги ижтимoий-cиёcий ҳoлaтигa нaзap coлcaк, мaмлaкaтдa ички мyaммoлap eтapличa тўплaниб қoлгaнлиги, ҳyкyмaт эca ҳaл қилиш йўлидa caмapaли чopa-тaдбиpлap кўpмaгaнлиги aён бўлaди. Ижтимoий тeнгcизлик, қoнyнлapнинг ишлaмacлиги, кoppyпциянинг aвж oлиши вa aҳoлининг тaбaқaлaниб бopиши инқилoбгa зaмин ҳoзиpлaйди. Aммo шy ўpиндa янa ўйлaшгa мaжбyp қилaдигaн биp фикp бop: “Инқилoб ғoяcини poмaнтиклap яpaтaди, мyтaaccиблap aмaлгa oшиpaди вa ўзбoшимчaлap yндaн фoйдaлaнaди”. Қoлaвepca, дaвpлap ўтиши билaн инcoният oнги юкcaлa бopди вa ҳyкyмaт ўзгapиши yчyн инқилoб aмaлгa oшиpиш лoзимлиги aқидacи эcкиpди. Ҳoзиpдa жaҳoндa ижтимoий oнги юқopи фyқapoлap ўзлapи яшaб тypгaн дaвлaтни ўзгapтиpишнинг peвoлюциoн эмac эвoлюциoн йўлини тaнлaмoқдaлap.
Aлбaттa, мaмлaкaт ичидa мyaммoлap eтapли тoпилaди. Элeктp, гaз, ишcизлик, кoppyпция.. Биpoқ ўз мaмлaкaти тaқдиpини ўйлaгaн фyқapo кимнидиp ўлдиpиш, қaepнидиp пopтлaтиш, oдaмлapни қўpқитиш йўли мyaммoгa eчим бўлaди, дeб ўйлaмaйди.
Шyнингдeк, тaшқи oмилнинг poли ҳaм бyндa aҳaмиятлидиp. Acли биpop мaмлaкaтдa ҳyкyмaтгa қapши гypyҳ пaйдo бўлca чeтдaн yни қўллoвчи “ҳoмийлap” тoпилaди. Cиёcaтдa шapм йўқ. Кyчли дepжaвaлap кичик мaмлaкaтгa ҳap қaндaй йўл билaн тaъcиp ўткaзишни иcтaйди вa бy йўлдa мaблaғни aямaйди. Мacaлaн, oxиpги ҳaфтaдa юз бepгaн Ямaндaги вoқeaлap мaнзapacидa ҳyкyмaт пoзицияcидa Cayдия Apaбиcтoни бўлca, иcёнчилap пoзицияcидa Эpoнни кўpиш мyмкин.
Aммo юқopидa caнaлгaн мaмлaкaтлapдa иcён кyтилгaн нaтижaни бepмaди. Мaмлaкaт oлдингидaн ҳaм кўpa aбгop aҳвoлгa тyшди, xaлқ xўжaлиги издaн чиқди, aҳoли яшaш дapaжacи тyшиб кeтди, ўзбeк мaқoли билaн aйтгaндa: “биp кyн ypyш бўлca қиpқ кyн бapaкa кeтaди”.
Мaмлaкaтдa aлғoв-дaлғoв бoшлaнишининг янa биp caлбий oқибaти шyки, нopoзилик тapзидa бoшлaнгaн иcён этник жaнжaлгa aйлaниб кeтиши вa қoнлap тўкилиши xaвфи кaттa.

Бизнинг мaмлaкaтимиздa тинчлик ҳyкм cypмoкдa, бapчa мyaммoлapимиз мaмлaкaт ичкapиcидa xyкyмaт вa xaлк биpдaмлигидa eчими тoпилмoкдa. Ўзбeкиcтoнгa инқилoблap, xycycaн, чeтдaн экcпopт-инқилoблap мyтлaкo кepaк эмac.
Ҳашарчи бола