03.11.2014

Камола эртак тинглайди

                                                                               (блоггерлар танловининг 4-босқичи учун ёзилган)

-Дадажон, эйтак айтиб бейинг.
-Камошхон, мен чарчаганман, ухлагин.
-Дадажон, би-иттагина.
- Қайси бирини айтай, эчки болалариними?
-Ҳа, ўшанисини.
-Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим-қадим замонда бир эчки болалари билан қалин ўрмонда яшаган экан. У эрталаб ишга чиқиб кетишдан олдин айтибди: Болаларим, мен қайтсам, эшикнинг тирқишидан туёғимни кўрсатаман, ўшандагина эшикни очинглар. Чунки кўчада электрга пул йиғадиганлар юрибди, уларга очманглар, деркан.
- Ҳа-ҳа-ҳа, унақамас, унақамас!. – Қийқириб кулади. – Бошқача, бошқача..
-Бошқасини айтайми?
-Ҳа.
-Қайсини?
-Бўғийсоқни.
-Қадим замонда чол билан кампир яшаган экан. Улар жуда камбағал эканлар, бир куни егани ҳеч нарсалари қолмабди. Шунда кампир супрани қирибдида, шу озгина ундан кичкина бўғирсоқ ясабди. Бўғирсоқ катта бўлибди, кейин эса ота-онасига “мен Россияга кетаман”, дебди-да, деразадан сакраб тушиб пилдираб қочиб кетибди. Юмалаб-юмалаб кетаётса, йўлидан каттакон бўри чиқиб қолибди. Бўри бўғирсоққа қараб: “так, документизи кўрайликчи, лицензияйиз борми?” – дебди...
- Бўлди-е, дада, бошқасини айтинг.
- “Олтин балиқ”ни айтайми?
- Ҳа, ҳа.
- Денгиз бўйидаги уйчада яна бир чол билан кампир яшаган экан. Чол ҳар куни тўр билан балиқ ушлагани денгизга бораркан.
- Дада, чол нимага ҳадеб балиқ ушлайвераркан?
- Чунки чол билан кампир пенсиясини ўз вақтида ололмас экан-да, қизим. Шундай қилиб, чол бир куни денгизга тўр солса, унга олтин балиқ илинибди.
- Олтин балиқ қанақа бўлади?
- Олтин балиқ кичкинагина, усти шоколаднинг қоғозига ўхшаган ялтироқ бўлади. Бошида кичкина тожи ҳам бор экан. У гапиришни биларкан. Чолга қараб “отахон, мени қўйиб юборинг, нима тилагингиз бўлса, ҳал қилиб бераман”, деб ялинибди. Шунда чол “Олтин балиқ, Худога шукур, ҳеч камимиз йўқ, жуда яхши яшайман. Фақат охирги пайтда газнинг давленияси пасайиб, ахийри, ёнмай қолди. Мабодо, ўрмонда яшайдиган чол-кампир бўлганимда ўтин ёқаверган бўлардим, лекин денгиз бўйида яшайман, ўтиним йўқ. Имконинг бўлса газнинг давленасини кўтариб бер”, дебди. Шунда олтин балиқ чолга қараб “Э, отахон, тинч яшаётганингизга шукур қилмайсизми. Денгизда ҳар куни бўрон бўлиб тургани йўқ-ку. Газ йўқ бўлса, нима қилибди, бошқалар яшаяпти-ку. Сиздай ёши улуғ отахонлар нуқул нолийвермасдан, ёшларга насиҳат қилиши керак. Арра тўпон ёқинг, жа бўлмаса, ҳадемай баҳор келиб қолади”, дебди-да, шалоп этиб денгизга тушиб сузиб кетибди...
     Илҳом билан эртак айтаётиб қизчам ухлаб қолганини сезаман. Ҳаммаёқ жимжит. Соат ҳам ўн бир бўпти, печкага кўмир соламан. Ухлаш керак, ухлаш.....

Йўлда


Довонда кетяпмиз. Ҳамроҳлар Россия, Қозоғистонда ишлаб қайтаётган болалар. Гаплашиб кетилади бунақа вақтда.
Дунёқарашлари – ноль. Биттаси “ўрисларнинг фамилияси ҳам биздақа экан, нима биздан кетганми?”- деб сўради. “Нимаси биздақа?”- десам, палончиев, пистончиев дейди. Яна бири “Тошкент Фарғона водийсининг ичидами?” – деб сўради. Биттаси бўлса “дадаларимиз Россия, Германияда хизмат қилган, бизам борсак оладими?” – дейди.
Кейин, биласизми, ҳар хил шароитда ётиб юрган одамнинг қандайдир нохуш ҳиди бўлади. Терми-ей, хуллас, алланиманинг ёқимсиз иси. Аранг чидаб кетяпман. Машинанинг деразасини очдик.
Ҳайдовчи плейерга диск қўйди.
Хасис дунё,
                  бевафо дунё,
Бир гўзални кўрмадинг раво
Мен дунёга эрта келдим ё
Севгим менинг, кечиккан севгим…
Нима ғамдир, нимади-ир қувонч…….
Ҳамшаҳарини мақтаяпти, демангу, ҳақиқатдан зўр куйланган қўшиқ. Қарасам, ёнимдаги гастарбайтерлар ҳам куй ёққанидан жим бир нуқтага термилиб нафас ютганча эшитиб кетишяпти.
Манзилга етиб бир-бир тушиб қолдик.
Шу жойигача ўқиганингиз учун ҳам раҳмат. Нимага ёздим ўзи буни? Билмасам…

17.02.2014

Бошлиқ ёхуд 3-блогпост

(блоггерлар танловининг 3-босқичи учун ёзилган)

2-босқичда дўстим Исроилжон Тиллабоев билан телефонлашиб қолдик.
- Ҳа, ўртоқ, яна ҳазил ёзибсиз-да. Жиддийсидан ҳам бўлсин.
- Ёзолмадим, ўртоқ. Лекин кейинги босқичга мўлжалладим. Махатхир Муҳаммад ҳақида ёзаман.
- Анови Малайзияни ривожлантирган премьерими? Ошда гапировдингиз, давай, ўшани ёзинг, ёзинг, эй..
Махатхир Муҳаммад... Малайзия ривожига мислсиз ҳисса қўшган раҳбар, АҚШ, Буюк Британиядек давлатларга ўзининг ютуқларини тан олдиришга муваффақ бўлган, мусулмон оламининг ҳам кўп ишга қодирлигини амалда кўрсата олган лидер, қолоқ мамлакатини қисқа муддатда “Осиё йўлбарси”га айлантирган раҳбар. Ғарбнинг ашаддий танқидчиси ва айни пайтда  қочоқ муслимлар ҳимоячиси...  Ўзбекча манбаларда бу сиёсатчи ҳақида Хуршид Давроннинг сайтидан бошқа маълумот тополмадим. Демак, камина у ҳақда биринчилардан бўлиб ёзарканман-да.
Интернетдан кўплаб маълумот тўпладим, лекин барибир ёзолмадим, шунгаям илҳом керак бўлса-я, ҳикоя эмаску..)
Буёқда жаноб блоггерлардан бири “блоггерлик ҳикоячиликка ўтиб кетди”, деса, яна бири “блог мақола эмас, хоҳлаганимдай ёзаман, пишириб енг”, деб куйдиришади ). Хушнудбек эса “атиги  ..та одам топширди”, деб шоширади ).
Совуқ кўчада ўйлаб юриб яна бир оғайним билан учрашиб қолдим. Автобазада ишлайди. Кейин у билан таппи ёқилган иссиқ печка ёнида ҳангомалашдик.
                                   *                           *                           *
- Яқинда автобазамиз янгитдан жиҳозланди. Барча бўлимларга рация ўрнатилди. Хўжайиннинг кабинети юқори қаватда. У хонасида ўтириб ҳаммани кузатади, рация орқали буйруқ беради. Лекин, биласанми, бизнинг таомилда биров бир нарса олса, албатта дефекти бўлади, арзонига учишадими-ей.. Мана, янги рация ҳам заводской бузуқ – бир томонлама ишлар экан.
- У нима дегани?
- Яъни бир томондан гапиргани ҳаммага эшитиладию, қолган рациялардан гапирсанг - овоз йўқ. Албатта, гапирадиган соз рацияни хўжайин ўзига олди, бизга эса фақат эшитадигани қолди. Томошани кўргин: у юқори қаватдан иш талаб қилиб бақиради, биз эса машина тўхтаб қолгани сабабини, запчаст етишмовчилигини унга айтолмаймиз.
- Хонасига чиқиб айтса бўлмайдими?
- Ҳаммада ҳам бунга юрак қаёқда, дейсан?  Қолаверса карбюраторни очганингнию, майдончада битта свечани тозалаётганингни тушунтиришнинг нима кераги бор? У эса бизни узоқроқ деразасидан сал-пал кўрса-да, рациядан вағиллашни қўймайди. “Омон, нега тўхтаб қолдинг?”, “Адҳам, аккумуляторингни зарядла”, “Карданни уладингми?”, “Яна радиаторингми, каллангга соламан, айлантириб, Жўрақўзи!” ... дам бермайди, хумпар! Аммо, ўзи ёмон одам эмас.
Биз ҳам бўш келмай, охири ўзимизни ишлагандай кўрсатишга устаси фаранг бўпкетдик, ҳа-ҳа. Ишхонанинг ёнидаги чойхона – бизнинг пакка.
Омон нос каппалаб, кайф қилаётганди, рация вағиллаб қолди. У кичкина носқовоғига чўп  теккизиб кўрсатди – кўрмаяпсизми, свеча тозалаяпман.
Рациядан “зарядланган аккумуляторларни олиб чиқ”, деган буйруқ янграса, печеньедан бўшаган коробкаларни кўтариб уёқ-буёққа зипиллаймиз. Оберган зарядниги 1 ойга бормай чарчаган.
Йўғон таёқни кўтариб грузавойнинг остига кириб кетамизми-ей, “карданний вални қўйиш керак”, деб.  Аслида кардан-пардан йўқ, расходни кўпайтириб жинними, шопир, шу пайтда?
Жўрақўзи тентак, карбюраторни очяпман, деб чойхонадан олиб чиққан мантиқозонни кўрсатади доим.
Хўжайин эса эшитмайди. Биз ҳам унга мослашганмиз.
                                   *                           *                           * 
Бир куни уч-тўрттамизни хонасига чақирди.
- Хўш, сизларни Тошкентга малака оширишга жўнатсам, нима дейсизлар?
Бунга суюнмай бўладими? Ҳалигача малака оширишга бориб бировнинг малакаси ошмаган бўлса-да, бу - беш-ўн кун ишдан озод бўлиб чиройли шаҳарни айланиш дегани. Хўжайин тажрибали раҳбардай сўради:
-          Борганда нимани ўрганишни биласизларми?
-          Йўқ, билмаймиз,- дедик.
Бирдан у:
-          Ахир, билмасангиз, жўнатишнинг нима кераги бор? – деб ўзича тўнғиллаб қолди. Индамай чиқиб кетдик.
Маслаҳатлашиб, обеддан кейин, яна хонасига кирдик. Кўплашиб, “борсак, нима ўрганишни биламиз”, деб хатони тўғрилаган бўлдик.
-          Демак, нима ўрганишни биласиз?
-          Шундай. Биламиз.
-          Янги техника, электроникани ҳам биласиз?
-          Биламиз.
-          Ишнинг экономик кўрсаткичлари, техника хавфсизлиги..
-          Ҳаммасини биламиз.
Бирдан қўлларини икки томонга ёзиб:
-          Ана холос, ҳамма нарсани биларкансизлар-ку! Билсангиз, сизларни жўнатиб нима қилдим, шундай эмасми? – деб кулиб боқди. Мулзам бўлиб чиқиб кетдик.
Аммо бўш келиб йўқ бизда. Ҳаммамиз бўлмасак, ярмимиз борамиз. Эртаси эрталабдан хонасини тиқирлатдик.
-          Ассалому алайкум, фалончихон ака. Биз ўйлаб қарасак, барибир, малака оширишимиз керак экан. Кечаси билан маслаҳатлашиб келишдик. Иккитамиз биламиз ва иккитамиз ҳали билмас эканмиз.
У столдан бошини ҳам кўтармасдан:
-    Унда биладиганлар билмайдиганларга ўргатиб қўяқолсин, - деб қўйди.
Шу билан бу мавзуга сира қайтмадик. Антиқа инсоннинг қўл остида ишласанг... шу-да!
                                   *                           *                           *
Аста-секинлик билан ишларимиз орқага кета бошлади. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди. Лекин қизиқ жойларини айтиб бераман.
Бошлиқнинг служебний шофёрининг айтишича, кабобхонада ўтиришганда юқоридан телефон бўлиб, “қаердасиз?”- деб сўрашса:
-          Автоколоннани техник назоратдан ўтказяпман, - деркан. Улфатлари билан нарда ўйнаётганда ёки саунада ўтиришганда сўрашса:
-          Қаердасиз, дейсизми? Ҳозир токарь билан машиналарга муҳим деталлар ясаш устида маслаҳатлашаётувдим, - деган жавоб бўларкан.
Бир куни юқоридаги бошқармамиз бошлиғи шаҳримиздан ўтиб қолибди. Машинада кетатуриб қараса, бир машина сира йўл бермасмиш. “Ким бўлдийкан, бу шеф?” деб орқадан яхшилаб қараса, у бизнинг бошлиқчанинг машинаси экан. Қўлига телефон қилибди:
-          Пистончиев, ҳозир қаердасиз?
Бизнинг каттакон доимгидек жавобни қойиллатибди:
-          Менми, акахон. Иш жойимдаман, албатта. Инженер-техник ходимларга хавфсизлик техникаси қоидаларини тушунтириш билан бандман.
-          Агар, ҳақиқатан ҳам шундай бўлса, унда машинани сал ўнгроқққа олинг, биз ўтиб кетайлик, - дебди каттамизнинг каттаси.
Шу воқеадан кейин уни ишдан олиб ташлашди.
Лекин яқинда уни яна бошқа лавозимга ўтирди, деб эшитдим. Ким билади дейсан, яна, кўтарилса-кўтарилгандир...
                                   *                           *                           * 
Мана иссиқ печка ёнида ўтириб, оғайним айтган воқеаларни қоғозга, йўғ-е, блогга туширдим. Ўртоқлар, жиддий нарса ёзаман, деб, билмадим - нималар ёздим.
Ҳарҳолда, сизга маъқул келса “каминанинг блоги бу!” деб талтайишга, мабодо, ёқмаса, “бу бировнинг олди-қочди гаплари эди-да” деб маҳорат билан бошқага тўнкашга  тайёр турибман.
Юқоридагиларни ёзишда халқ оғзаки ижодидан, хусусан, “Афанди латифалари” мотивларидан фойдаланилди.

29.01.2014

Одноклассникидан статус-хабарлар

(блоггерлар танловининг 2-босқичи учун ёзилган)

1-статус. Салом ўртоқлар. Бундан буён шу статус остида хабарлашиб турамиз. Мен янгиликларни ёзиб тураман.
Ҳамманг мактабни битирибоқ ўқишга кириб кетдинг. Кирганинг учун биринг сотилиб кетган бўрдоқи новвосларингга, яна биринг ўзимизда тикилган костюм-шимни Туркияники деб аянгдан сотиб оладиган лақма харидорларга ва яна биттанг даданг шимининг ичида у-бу яшириб чиқаётганда тескари  қараб турган қоровулга раҳмат айт. Bo`lajak Karol , сен ғирт думбул эдинг, район марказига қатнайдиган дамасчиларни дуо қил, ўшаларнинг орқасидан ўқиб юрибсан, формали дадангга ҳам кичкина “раҳматча”, де.
Мендан сўрасанг, ишга кирдим, посбонхонага. Компютерчиман, интернет – вип. Бу ердагилар компютерни ёқса – ўчиролмайди, ўчирса – ёқолмайди. 5 минутда 5та ҳарф ёзса 6 та хато қилади. 5 сентябр
Комментлар
Bo`lajak Karol: Ву-ҳа-ҳа :))), точна, ўртоқ!!
Prosto Geniy: Қотирасан, бўтам, одамни!

2-статус. Бугун янги хабар:  4-синф ўқувчиси 10-синф ўқувчисини тепкилаб уриб башарасини ёрибди. Мактабда тўполон бўлиб кетди. Мелисага иш топилди. 10 сентябр
Комментлар
Bo`lajak Karol: 4-синф бола 10-синфни урибди?!! Кусто ҳайратда! Қулоққа тепма!
Prosto Geniy: Филлар билан чумолилар футбол ўйнабди. Ўйин тугагач филлар капитани “кечирасиз, чумолилар, сал қўпол ўйнаб сизларни тепкилавордик”, деса, чумолиларнинг капитаниям “Зиёни йўқ, бизам, анча қўпол ўйнадик”, дебди J)) Ҳа-ҳа-ҳа..
Doctor House: Дўст, 10-синф бола 170-175 см, оғирлиги 60-70 кг бўлади, 4-синф 135-140 см, оғирлиги 35-40 кило бўлади. Буюраман статусдаги қип-қизил ёлғонга ишонилмасин! J Имзо. Сана. :-D
Bo`lajak Karol: Хўрозинг новвосингни тепиб ўлдириб қўйса ҳам ёз ).

3-статус. Участкавой борди. Нима бўлганлигини аниқлаштириб келди. Далада 10-синфлар ишлаётган экан. Қўшни қишлоққа спорт мусобақасига катта йўлдан пиёда ўтиб кетаётган бошқа мактаб ўқувчилари билан ўзаро гап ташлашиб, кейин жанжалга айланиб кетибди. 4-синф спортчи ўқувчиси 10-синф болани бир уриб йиқитибди. Шуларнинг ҳаммасини участкавойдан билдим. Охирида қўшиб қўйди:
- Калтак еган боланинг директори билан гаплашдим. “У аслида 10-синф эмас, 9-синф. 9 лар далага чиқарилмайди, шунинг учун бир синф ошириб кўрсатган эдик”, деди. Зўравоннинг директори билан учрашсам, “командир, ўзингиз ҳам спорт билан роса шуғуллангандирсиз. Полвон ўқувчимиз аслида 5-синфда ўқийди. Мусобақага борсин деб шундай қилдикда”, деб иршайди. 11 сентябр
Комментлар
Prosto Geniy: Велосипед машинага урилиб икки буклаб ташлабди. Расмини кўр, статусимга қўйдим. Велосипедга “Made in Germany”, машинага “Made in China” деб ёзилган экан  ) 
Bo`lajak Karol: Просто класс.

4-статус. Баъзи бир қўшимча маълумотларни олиш учун учаскавойнинг ёрдамчиси борди. У анча чаққон, учаргина йигит. Мактабма мактаб ҳалпиллаб юрмасдан, иккаласидан ҳам биттадан масъулни чақирибди. Толнинг тагидаги чойхонага биринчисидан завуч, иккинчисидан замдиректор етиб келишибди.
Иссиқ сомса келган пайти илмий бўлим мудири:
-              Ҳалиги 9-синф нозикниҳол ўқувчимизни айтяпсизми? У 8-синфда аъло баҳоларга ўқийди, меҳнаткаш бола. Буёғи далачилик, ўзингиз тушунасиз, - дебди.
Ҳа, демак, 9 ҳам эмас 8 экан деб турса, директор ўринбосари буюрган кабоб келиб, у ҳам тилга кирибди?
-              Посбон укажон, мактабимизнинг шон-шуҳрати, спортимиз шавкати учун шу куни 6-синфдаги пакана ўқувчимизни бир юмалатиб 5-синфга олиб тушдик. Хумпар, пакана бўлса ҳам курашда итдай олишади,-деб гапни олиб кетибди.
Яна биттасидан бирни олиб иккинчисига бир қўшиб қўйилди. 12 сентябр
Комментлар
Doctor House: Сенинг  олдингда Шерлок Холмс дамини олади. У шубҳалилар сонини камайтирарди, сен иккала боланинг ёшлари фарқини камайтиряпсан. Респект!

5-статус. Эсар участкавой мактабда телефон заряднигини қолдириб келганини кўрмайсизми? Кимни жўнатарди – албатта мени. Мактабга бориб ҳалиги боланинг синфхонасини суриштирдим. Зум ўтмай синф раҳбари рўпара келди. Мендан сал каттароқ қиз экан.
-  Ҳадеб келаверасизлар экан-да, - дея нолиган бўлди
-  Ие, ўқувчингиз қасддан жиноят содир этадию, биз морожна ялаб ўтирайликми,-баланддан келдим.
Бирдан ўқитувчи қиз йиғлаб юборди.
-              Неча марта айтдим раҳбарларимга! Шу 7-синфларнинг кўзирини мусобақага олманглар деб, шохи йўқ шайтон у! Айтганимдай ғалва чиқарди. Сизгаям уни 6 да ўқийди, деб айтишгандир. Ҳаммасини айтдим, энди бизни тинч қўйинглар, мелиса акалар.
Ўқитувчи қизга раҳмим келиб чўнтагимдаги баклашкадан минерал сув қуйиб бердим.
Зарядникни олиб қайтдим. Энди калтак еган 8-синф боланинг мактабига борсаммикан... нима дейсизлар?..  13 сентябр
Комментлар
Prosto Geniy: Бординг. Шунда синф раҳбари “вой, мелисажон, ўғлим, 7-синф боламни 8-да деб далага олиб чиқиб турганимда мана бу кўргиликни кўринг. Хийқ-ҳийқ” деб, ғийқиллаб йиғлаб беради-да. Яна синфдошларидан сўраб юрма – бегона сўраса, “10-да ўқийман” дейдиган қилиб пишитиб қўйилган.
Doctor House: Фол кўришда тажрибанг ошибди Geniy. Кароматингга қўшиламан, кўрасан - иккала уришқоқ хўрозча тенг.
Bo`lajak Karol: Тенг-тенгини топибди, ёшлар бахтли бўлишсин :-D, мурод-мақсадига етсин J)).
Doctor House: Амакиси, бола деган уришиб-тепишиб, юмалаб-сумалаб катта бўладида. Бормай қўя қолсинлар ўша мактабига ;)

6-статус.  Prosto Geniy, Нострадамус бўпкетибсан, нима бало фол кўришга ўқияпсанми? J  Кароматинг тасдиғини топди. Дўстлар, энди изқуварлигимга шу ерда нуқта қўяман, чунки ишни давом эттирсам, 10-синф ўқувчиси 4-синф ўқувчисидан кичикроқ чиқиб қолиши хавфи ҳам бор. 14 сентябр



 

   Статус ва комментларни ўғринча ёзиб олувчи одноклассникидаги профилларга чақирилмаган меҳмон                           Shukurjon Islomov

17.01.2014

Энг машҳур ёлғонлар

Бу энг машҳур ёлғонларни одноклассникида бир статусда ўқиб қолдим

– O‘tirsangiz, osh pishayotgan edi.
– O‘rtoq komandir, men yashilda o‘tdim.
– Hozir millionlab tomashabinlar bizni tomosha qilishmoqda.
– Bu oxirgi sigaretam
– Ayollarning xunugi bo‘lmaydi.
– Eshik tagida 2 soat kutib turdim, hech kim ochmadi.
– Seni o‘ylab, tuni bilan uxlay olmadim. 
– Sen meni yoshlik paytimda ko‘rganingda edi… 
– Seni laylaklar olib kelgan. 
– Bu men olgan hadyalarning eng yaxshisi. 
– Hamma bir kishi uchun, bir kishi hamma uchun. 
– Men yeya olmayman, doktor taqiqlagan. 
– Ishimni bitirgach, o‘zim qo‘ng‘iroq qilaman. 
– Oxirgisini sizga sotyapman, bundan boshqa qolmadi. 
– Men ham senga endi telefon qilmoqchi bo‘lib turgan edim. 
– Bizni taklif qilishdi, lekin biz bormadik. 
– Sovqotayotgan bo‘lsang, kostumimni kiyib tura qol. 
– Ayollarga kal erkaklar yoqadi. 
– Orqasidan gapirma-yapman, shu yerda bo‘l-sa, yuziga ham aytardim. 
– Gol urish yoqadi, lekin assistentlikdan ko‘proq zavq olaman. 
– Uyimizda elektr toki uzilib qolgani sababli uy vazifamni bajara olmadim. 
– Men shunday bo‘lishini bilar edim. 
– Men uchun eng muhimi qalb go‘zalligi, yuz go‘zalligi emas. 
– Xuddi siz uchun tayyorlanganday. Sizga juda ham yarashdi. 
– Buni menga ham sovg‘a qilishgan, bo‘lmasa sizga jon deb berib yuborar edim. 
– Xo`jayin majlisda edilar. Kim so‘radi deb qo‘yay? 
– Men hech yolg‘on gapirmayman.

Шундан кейин давом эттириш истаги пайдо бўлди ва ҳамкасбларим билан кўз очиб юмгунча янгиларидан қўшишга муваффақ бўлдик. Камига эса фейсбукдаги ошналар “қарашиб”  юборишди. Шунда блогимнинг ўқувчиларига ҳавола этиш истаги пайдо бўлди. Албатта уларнинг ҳаммасини ҳам бу ерда ёзиб бўлмайди, қуйида фильтрдан ўтганларини келтираман. Ўқинг ва кулинг ўртоқлар. Қўшимча қилмоқчи бўлсангиз бемалол

  • Телефон килдим, тушиб бўлмади
  • Амаким прокуратурада ишлайди
  • Э, бу мен ёшликда роса юрган қизу...
  • Армияда командирнинг шопири (ё ошпаз) бўлганман
  • Энг арзон маҳсулотлар бизнинг супермаркетда  сотилади
  • Бу фильмимиз олдингиларидан катта фарқ қилади
  • Сизга ўз нархида бераман
  • Яхши ўқи болам, мен ҳам мактабда аълочи эдим.
  • Районимиз (вилоятимиз) доим биринчилардан
  • Агар мени сайласангизлар..
  • Бу таомни тайёрлаш учун кўп масаллиқ шарт эмас
  • Ёшликда меҳнатни роса қилиб кўйиб бўлганман
  • Юсел ва билайндан овоз:  Абонент хизмат доирасидан ташкарида
  • Ваш компютер под угрозой
  • Душанбадан бошлайман
  • Бу тартибсизликка бугундан бошлаб чек қўйилади
  • Кичкиналигимда эскича ўқиганман, тақводор бола эдим.
  • Келаси ҳафта ойлигингиз чиқади (ё тушади)
  • Пластикка савдо қиламизу, терминалимизни банкка олиб кетишган
  • Бир майизни қирқ киши еган
  • Мажлис чўзилиб кетди, аяси..
  • Бир кун ишлаб беринг, бир кун минг кун эмаску!
  • Энди, қизимиздан, гапирсак, қўлидан келмайдиган иш йўқ, чевар, пазандалигини айтмайсизми. Шу пардаларни ҳам ўзи тиккан..
  • Ўғлимиз ҳам ўқимишли, ақлли, топармон-тутармон йигитлардан
  • ...иштирок этинг ва айфон ютиб олинг...
  • Юк кўтарган юзага чиқади. Ишни қилаверинг, нексия оласиз..
  • Имтиҳондан ўтдиму, контракт бўлди, шу сабаб ўқимадим