17.02.2014

Бошлиқ ёхуд 3-блогпост

(блоггерлар танловининг 3-босқичи учун ёзилган)

2-босқичда дўстим Исроилжон Тиллабоев билан телефонлашиб қолдик.
- Ҳа, ўртоқ, яна ҳазил ёзибсиз-да. Жиддийсидан ҳам бўлсин.
- Ёзолмадим, ўртоқ. Лекин кейинги босқичга мўлжалладим. Махатхир Муҳаммад ҳақида ёзаман.
- Анови Малайзияни ривожлантирган премьерими? Ошда гапировдингиз, давай, ўшани ёзинг, ёзинг, эй..
Махатхир Муҳаммад... Малайзия ривожига мислсиз ҳисса қўшган раҳбар, АҚШ, Буюк Британиядек давлатларга ўзининг ютуқларини тан олдиришга муваффақ бўлган, мусулмон оламининг ҳам кўп ишга қодирлигини амалда кўрсата олган лидер, қолоқ мамлакатини қисқа муддатда “Осиё йўлбарси”га айлантирган раҳбар. Ғарбнинг ашаддий танқидчиси ва айни пайтда  қочоқ муслимлар ҳимоячиси...  Ўзбекча манбаларда бу сиёсатчи ҳақида Хуршид Давроннинг сайтидан бошқа маълумот тополмадим. Демак, камина у ҳақда биринчилардан бўлиб ёзарканман-да.
Интернетдан кўплаб маълумот тўпладим, лекин барибир ёзолмадим, шунгаям илҳом керак бўлса-я, ҳикоя эмаску..)
Буёқда жаноб блоггерлардан бири “блоггерлик ҳикоячиликка ўтиб кетди”, деса, яна бири “блог мақола эмас, хоҳлаганимдай ёзаман, пишириб енг”, деб куйдиришади ). Хушнудбек эса “атиги  ..та одам топширди”, деб шоширади ).
Совуқ кўчада ўйлаб юриб яна бир оғайним билан учрашиб қолдим. Автобазада ишлайди. Кейин у билан таппи ёқилган иссиқ печка ёнида ҳангомалашдик.
                                   *                           *                           *
- Яқинда автобазамиз янгитдан жиҳозланди. Барча бўлимларга рация ўрнатилди. Хўжайиннинг кабинети юқори қаватда. У хонасида ўтириб ҳаммани кузатади, рация орқали буйруқ беради. Лекин, биласанми, бизнинг таомилда биров бир нарса олса, албатта дефекти бўлади, арзонига учишадими-ей.. Мана, янги рация ҳам заводской бузуқ – бир томонлама ишлар экан.
- У нима дегани?
- Яъни бир томондан гапиргани ҳаммага эшитиладию, қолган рациялардан гапирсанг - овоз йўқ. Албатта, гапирадиган соз рацияни хўжайин ўзига олди, бизга эса фақат эшитадигани қолди. Томошани кўргин: у юқори қаватдан иш талаб қилиб бақиради, биз эса машина тўхтаб қолгани сабабини, запчаст етишмовчилигини унга айтолмаймиз.
- Хонасига чиқиб айтса бўлмайдими?
- Ҳаммада ҳам бунга юрак қаёқда, дейсан?  Қолаверса карбюраторни очганингнию, майдончада битта свечани тозалаётганингни тушунтиришнинг нима кераги бор? У эса бизни узоқроқ деразасидан сал-пал кўрса-да, рациядан вағиллашни қўймайди. “Омон, нега тўхтаб қолдинг?”, “Адҳам, аккумуляторингни зарядла”, “Карданни уладингми?”, “Яна радиаторингми, каллангга соламан, айлантириб, Жўрақўзи!” ... дам бермайди, хумпар! Аммо, ўзи ёмон одам эмас.
Биз ҳам бўш келмай, охири ўзимизни ишлагандай кўрсатишга устаси фаранг бўпкетдик, ҳа-ҳа. Ишхонанинг ёнидаги чойхона – бизнинг пакка.
Омон нос каппалаб, кайф қилаётганди, рация вағиллаб қолди. У кичкина носқовоғига чўп  теккизиб кўрсатди – кўрмаяпсизми, свеча тозалаяпман.
Рациядан “зарядланган аккумуляторларни олиб чиқ”, деган буйруқ янграса, печеньедан бўшаган коробкаларни кўтариб уёқ-буёққа зипиллаймиз. Оберган зарядниги 1 ойга бормай чарчаган.
Йўғон таёқни кўтариб грузавойнинг остига кириб кетамизми-ей, “карданний вални қўйиш керак”, деб.  Аслида кардан-пардан йўқ, расходни кўпайтириб жинними, шопир, шу пайтда?
Жўрақўзи тентак, карбюраторни очяпман, деб чойхонадан олиб чиққан мантиқозонни кўрсатади доим.
Хўжайин эса эшитмайди. Биз ҳам унга мослашганмиз.
                                   *                           *                           * 
Бир куни уч-тўрттамизни хонасига чақирди.
- Хўш, сизларни Тошкентга малака оширишга жўнатсам, нима дейсизлар?
Бунга суюнмай бўладими? Ҳалигача малака оширишга бориб бировнинг малакаси ошмаган бўлса-да, бу - беш-ўн кун ишдан озод бўлиб чиройли шаҳарни айланиш дегани. Хўжайин тажрибали раҳбардай сўради:
-          Борганда нимани ўрганишни биласизларми?
-          Йўқ, билмаймиз,- дедик.
Бирдан у:
-          Ахир, билмасангиз, жўнатишнинг нима кераги бор? – деб ўзича тўнғиллаб қолди. Индамай чиқиб кетдик.
Маслаҳатлашиб, обеддан кейин, яна хонасига кирдик. Кўплашиб, “борсак, нима ўрганишни биламиз”, деб хатони тўғрилаган бўлдик.
-          Демак, нима ўрганишни биласиз?
-          Шундай. Биламиз.
-          Янги техника, электроникани ҳам биласиз?
-          Биламиз.
-          Ишнинг экономик кўрсаткичлари, техника хавфсизлиги..
-          Ҳаммасини биламиз.
Бирдан қўлларини икки томонга ёзиб:
-          Ана холос, ҳамма нарсани биларкансизлар-ку! Билсангиз, сизларни жўнатиб нима қилдим, шундай эмасми? – деб кулиб боқди. Мулзам бўлиб чиқиб кетдик.
Аммо бўш келиб йўқ бизда. Ҳаммамиз бўлмасак, ярмимиз борамиз. Эртаси эрталабдан хонасини тиқирлатдик.
-          Ассалому алайкум, фалончихон ака. Биз ўйлаб қарасак, барибир, малака оширишимиз керак экан. Кечаси билан маслаҳатлашиб келишдик. Иккитамиз биламиз ва иккитамиз ҳали билмас эканмиз.
У столдан бошини ҳам кўтармасдан:
-    Унда биладиганлар билмайдиганларга ўргатиб қўяқолсин, - деб қўйди.
Шу билан бу мавзуга сира қайтмадик. Антиқа инсоннинг қўл остида ишласанг... шу-да!
                                   *                           *                           *
Аста-секинлик билан ишларимиз орқага кета бошлади. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди. Лекин қизиқ жойларини айтиб бераман.
Бошлиқнинг служебний шофёрининг айтишича, кабобхонада ўтиришганда юқоридан телефон бўлиб, “қаердасиз?”- деб сўрашса:
-          Автоколоннани техник назоратдан ўтказяпман, - деркан. Улфатлари билан нарда ўйнаётганда ёки саунада ўтиришганда сўрашса:
-          Қаердасиз, дейсизми? Ҳозир токарь билан машиналарга муҳим деталлар ясаш устида маслаҳатлашаётувдим, - деган жавоб бўларкан.
Бир куни юқоридаги бошқармамиз бошлиғи шаҳримиздан ўтиб қолибди. Машинада кетатуриб қараса, бир машина сира йўл бермасмиш. “Ким бўлдийкан, бу шеф?” деб орқадан яхшилаб қараса, у бизнинг бошлиқчанинг машинаси экан. Қўлига телефон қилибди:
-          Пистончиев, ҳозир қаердасиз?
Бизнинг каттакон доимгидек жавобни қойиллатибди:
-          Менми, акахон. Иш жойимдаман, албатта. Инженер-техник ходимларга хавфсизлик техникаси қоидаларини тушунтириш билан бандман.
-          Агар, ҳақиқатан ҳам шундай бўлса, унда машинани сал ўнгроқққа олинг, биз ўтиб кетайлик, - дебди каттамизнинг каттаси.
Шу воқеадан кейин уни ишдан олиб ташлашди.
Лекин яқинда уни яна бошқа лавозимга ўтирди, деб эшитдим. Ким билади дейсан, яна, кўтарилса-кўтарилгандир...
                                   *                           *                           * 
Мана иссиқ печка ёнида ўтириб, оғайним айтган воқеаларни қоғозга, йўғ-е, блогга туширдим. Ўртоқлар, жиддий нарса ёзаман, деб, билмадим - нималар ёздим.
Ҳарҳолда, сизга маъқул келса “каминанинг блоги бу!” деб талтайишга, мабодо, ёқмаса, “бу бировнинг олди-қочди гаплари эди-да” деб маҳорат билан бошқага тўнкашга  тайёр турибман.
Юқоридагиларни ёзишда халқ оғзаки ижодидан, хусусан, “Афанди латифалари” мотивларидан фойдаланилди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий