20.04.2015

Кирилл-Lotin

Иш столимнинг ёнида диван бор. Компьютерда ишлаб кўз толиқса, чўзилиб ухлаш учун. Ётиб ухлаб қолибман. Ноутбук ўчирилмаган.
Кечқурун уйқу қочиб, кўзимни қия очсам, экранда ер шари айланиб турибди, заставкаси шунақа. Шунда клавиатурадаги лотин ва кирилл ҳарфлари тугмачалардан ажралиб чиқиб  ер шарига жойлаша бошлади. Лотин ҳарфлари - кунботарга, кирилл – шимолга, камдан кам ишлатадиганим – араб ҳарфлари жанубга жойлашди.
Ўзимча, агар иероглифлар бўлганда кунчиқарга жойлашган бўларди, деб ўйладим.
Лотин ҳарфлари ўзига бино қўйган, кирилл ҳарфлари бироз асабий, араб эса сал тушкун кайфиятда эди.
Лотин ёзуви чиқиб мени кўрсатди:
-          Хўш, нега бу ҳали ҳам лотин ҳарфлари турганда, кириллда ёзади?
Кирилл эътироз билдирди:
-          Унга шу қулай. Лотин ёзувини билади. Лотинда матнлари бор.
-          Балки билмас, кириллда ёзволиб, “кирилл-лотин конвертер”дан ўтказганини, макрос ишлатганини биламан.
-          Йўқ, шахсий ишларда ҳар ким хоҳлаган ёзувида ёзиши мумкин, истаса араб ёзувида ёзсин. Омма учун ёзса бу бошқа гап.
-          Худди шундай, - тепароққа  жойлашиб ўтириб олди Лотин. – Давлат ёзуви бу лотин.
Кирилл истеҳзоли кулди:
-          Шафқат қилинг, мистер Лотинус. Ҳали марказий матбуот нашрлари, телевидения, китоблар, ҳужжат юритиш лотинга ўтмаган пайтда бир бечорага осилманг.
Лотинус таассуф билан жиддий гапирди:
-          Лотин ёзувига ўтишга аҳд қилганларига йигирма йил бўлди, афсус, ҳали ҳам депсиниб туришибди.
-          Бу вазият тақозоси, - деди Кирилл ҳарфлари қувлик билан. – Лоп этиб ҳамма нарсани лотин ёзувида ёзилса, томдан тараша тушгандай аҳоли довдираб, тушунмовчиликлар кўпаяди. “Kirmang” деб ёзилган кўчага кириб кетишади.
Лотиннинг афти бужмайиб кетди.
-          Бир нарсани тушунишни истамайдилар. Кирилл - русларга қарамлигимиз рамзидир. Бу - сиёсат. Дунёнинг 30 фоизи лотинни ишлатади, аксарияти ривожланган давлатлар. Биз улар билан интеграциялашишимиз муҳимроқ, лотин эса бунда кўприк ҳисобланади.
-          Агар кирилл русларга қарамлик рамзи бўлса, лотин кимга қарамлик рамзи?  Лотин сиёсат эмасми? Араб-чи?  Интеграциялашиш учун ёзувни алмаштириш шунчалик муҳимми? 10-15 аср давомида миллий ёзувини ўзгартирмаган халқлар кўп, улар жаҳонга интеграциялашмай қолиб кетишдими? – тезлик билан жавобни қўндирди Кирилл.
Чеккада жим ўтирган араб ёзуви инқиллаб ўрнидан турди:
-          Миллий  ёзув дегандай бўлдингиз, мавлонолар, дарҳақиқат, миллий адабиётимиз дурдоналарини мумтоз мутафаккирларимиз эски ёзувимиз - араб ёзувида битишгандур. Ўзлигимизга қайтишлик учун араб ёзувига...
Лотин ва Кирилл унга шундай ўқрайишдики, араб ёзуви:
-          ... ёзувидан хабардор бўлишлигимиз заруриятдур, - деганча қайтиб ўтирди.
Кирилл бир гапга тушиб кетса, агрессив бўлиб қоларкан:
-          Араббой, мумтоз илмий, адабий дурдоналаримиз эски ўзбек ёзувида битилган бўлса, ХХ асрда юзлаб олимларимиз, ижодкорларимиз топишмоқ топиб ўтиришгани йўқ. Ўнлаб нашриётларда, юзлаб ижодкорларнинг минглаб асарлари юз минглаб нусхада босилиб, миллионлаб одамлар уни ўқишган. Кириллда ёзилган илмий, бадиий асарлар, вақтли нашрлар халқнинг маданий бойлигига айланиб, унинг савия-иқтидорини белгилаб берган. Кириллда нашр этилган асарларнинг ўндан бири ҳали лотинда босилгани йўқ. Кириллда ёзилган миллионлаб нусха асарлар ўқилмасдан чиқитга чиқса – катта йўқотиш бўлади.
Лотин бамайлихотир жавоб берди:
-          Лотин – интернетни ўрганишни осонлаштиради. Сайтлар, доменлар – барчаси лотинда.
-          Кириллда ҳам домен яратиш бошланган. Интернетни дунё мамлакатлари ўз тилларига мослашаётибди.
Лотин устунлик ўзи томонда эканига ишонади, шекилли, далиллар келтириб ташлади:
-          Туркия аср бошида ёзувини ислоҳ қилиб кам бўлмади. Индонезия, Малайзия сингари тараққий этган мамлакатлар ҳам лотин ёзувини қабул қилиб ривожланишга эришди. Африка ва Жанубий Осиёда кўплаб мамлакатлар лотин ёзуви аҳамиятини вақтида англаб ўз алфавитларини қайта тузишди. Лотин ёзуви тараққиёт бешиги ҳисобланган Европа ва Америка билан интеграциялашиш учун катта имконият.
Дарҳақиқат, Лотиннинг барча гаплари тўғри эди. Кирилл ҳарфлари эса қайсарланиб кўринишини тириштирди:
-          Жанубий Корея, Япония, Хитой, Ҳиндистон, Таиланд, Исроил, Қувайт, Қатар, Грузия эса ёзувини ўзгартирмади. Тараққиётдан орқада қолиб кетдими? Йўқ. Лотин ёзувига ўтган Сомали мамлакати эса бугун хароб ва оғир ҳолатда.
-          Глобаллашаётган дунёда инглиз тили мавқеи, шубҳасиз, бошқалардан баланддир, - деди унга жавобан Лотин ҳарфлари гапни узоқдан бошлаб. – Нафақат, ёзувни ўзгартириш, балки, мактабларда муайян синфда дарсни тўла инглиз тилида ўтишни жорий қилиш лозим. Лотин ҳарфларини билиш, шубҳасиз, Европа тилларини ўрганишни осонлаштиради.
Араб ва кирилл ҳарфлари унга олайиб қарадилар. Мен ҳам кўзим қия очиқлигини сездирмасдан олайишга уриндим. Нималар деяпти, балки бутунлай инглиз тилида гапиришга ўт, демоқчими?
Қаранг, фикримни уққандай изоҳ берди:
-          Ўтган ойда Қозоғистонлик Нурсултон оға юқори синфларда дарсни тўла инглиз тилида ўтиш таклифи билан чиқди. Бу таклиф бекорга эмас, ривожланган Осиё мамлакатларида аллақачон қўлланаётган таълим усулидир. Лотин ёзуви...
Маърузаси бир зайлда мени аллалаб уйқу элтиб кетди. Уйқу аралаш кўзим чала-ярим очиқ уларнинг баҳсини алоқ-чалоқ тушдай эшитдим, аммо идрок этолмадим. Аллақанча муддат ўтди. Тонг отдими йўқми – билолмадим, деразам пардаси туширилган. Кўзимни очсам, уччаласи тез уришиб, тез ярашадиган пиёниста улфатлардай овсарона қиёфада туришибди.
-          Қорин ҳам очқади.
-          Пиёзнинг пўстидай, нимасини айтасан.
-          Ошга борамиз, - деди Кирилл ҳарфлари. – Хўш, бизни меҳмон қиладиган кимнинг таниши бор?
-          Менинг танишларим, асосан, ёшлар, - деди Лотин. – Афсус, ҳозирча, катталардан танишим йўқ.
Араб ёзуви бўлса, масжид томонга ишора қилди.
Кирилл ёзуви айёрона кулиб қўйди:
-          Бу ерда мени ҳамма танийди. Кетдик, бугунги ош мендан.

Кетишди.
...кўзим қия очиқ ётибман
...қайси бири яхши?.. 

9 комментариев:

  1. Шукуржон, яшанг!
    Кўпчилигимизнинг кўнглимиздаги гапларни, яна юмор билан чиройли ифодалабсиз! Танловда қандай баҳоланишидан қатъи назар, шу блогпостингиз жуда зўр чиқибди.
    Қаламингизга (ёки клавиатурангизгами...) кўз тегмасин!

    ОтветитьУдалить
  2. Энг асосийси, камчилигимизни хажвда чиройли ёритиб берибсиз. Рахмат.

    ОтветитьУдалить
  3. Этот комментарий был удален автором.

    ОтветитьУдалить